Ибн Ҳишом: бизга Абу Убайда Абдулворис ибн Саид ат-Таннурий Юнус ибн Убайддан, у Ҳасан ибн Абул Ҳасандан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан қўрқув вақтида ўқиладиган намоз хусусида сўзлаб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни иккига бўлиб, биринчи гуруҳ билан икки ракат намоз ўқиб, салом бердилар. Иккинчи гуруҳ душман томонда эди, кейин биринчи гуруҳ душман тарафга кетиб, иккинчи гуруҳ келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан кейинги икки ракатни ўқиб, кейин салом бердилар».
Ибн Ҳишом: бизга Абдулворис Айюбдан, у Абу Зубайрдан, у эса Жобирдан ривоят қилиб, деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни икки сафга бўлдилар ва барчамиз билан рукуъ қилдилар, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилдилар ва биринчи саф ҳам сажда қилди. Улар бошларини кўтарганларидан кейин иккинчи сафдагилар ўзлари сажда қилишди. Кейин биринчи сафдагилар орқага ўтишди, иккинчи сафдагилар эса олдинга ўтиб уларнинг жойларини эгаллашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаммалари билан рукуъ қилдилар. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилдилар ва у Зот билан бирга биринчи сафдагилар сажда қилишди. У Зот бошларини кўтарганларидан кейин орқадагилар ўзлари сажда қилишди, кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаммалари билан биргаликда рукуъ қилдилар ва икки сафдагиларнинг ҳар бири ўзлари икки саждани қилишди».
Ибн Ҳишом: бизга Абдулворис ибн ат-Таннурий Айюбдан, у Нофиъдан, у эса ибн Умардан ривоят қилиб, деди: «Имом намозга туради ва бир гуруҳ у билан бирга туради, иккинчи гуруҳ душман тарафида туради. Биринчи гуруҳ имом билан рукуъ ва сажда қилиб, орқага ўтади ва душманга рўбарў туради. Орқадагилар эса олдинга ўтадилар ва имом улар билан бир ракаат ўқиб, улар билан сажда қилади. Сўнг ҳар бир гуруҳ ўзи алоҳида бир ракат ўқийди. Шунда улар имом билан бир ракатдан ўқиган бўладилар ва ўзлари алоҳида яна бир ракатдан ўқийдилар».
Ибн Исҳоқ: менга Амр ибн Убайд ал-Ҳасандан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан сўзлаб, дедики, Бани Муҳориб уруғидан бўлган Ғаврас исмли бир киши Ғатафон ва Муҳорибдан бўлган ўзининг қавмдошларига: «Мен сизлар учун Муҳаммадни ўлдирайми?» – деди. Улар: «Ҳа, лекин қандай қилиб?» – дейишди. У: «Мен унга тўсатдан ҳужум қиламан», – деди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борди. У Зот ўтирган, қиличлари эса қучоқларида эди. У: «Эй Муҳаммад! Қиличингизни олиб кўрсам бўладими?» – деди. Ибн Ҳишомнинг айтишича, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиличлари кумуш билан безатилган эди. У қилични олди, уни қинидан чиқариб ўйната бошлади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳужум қилмоқчи бўлди. Шунда Аллоҳ уни тўхтатди. У: «Эй Муҳаммад! Мендан қўрқмайсизми?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, нега қўрқайин?» – дедилар. У: «Мендан қўрқмайсизми? Ахир менинг қўлимда қилич бор-ку!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, Аллоҳ мени сендан ҳимоя қилади» – дедилар. Сўнг у қилични Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариб берди. Шунда Аллоҳ таоло ояти карима нозил қилди: «Эй иймoн кeлтиргaнлaр! Aллoҳнинг сизлaргa (бeргaн) нeъмaтини эслaнгиз: бир қaвм (кишилaри) сизлaргa қўл кўтaриш (ҳужум қилиш)ни ният қилгaнидa, қўллaрини сизлaрдaн қaйтaргaн эди. Aллoҳдaн қўрқингиз! Мўминлaр фaқaт Aллoҳгa тaвaккул қилсинлaр!»[1]
Ибн Исҳоқ: менга Язид ибн Румоннинг айтиб берганига кўра, мазкур оят Бани Надр уруғидан бўлган Амр ибн Жаҳҳош ва у амалга оширмоқчи бўлган суиқасд хусусида нозил бўлган. Аллоҳ буларнинг қайси бири тўғри эканини билувчироқдир.
Ибн Исҳоқ: менга Ваҳб ибн Эҳсон Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилиб, деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Нахлдаги Зотур-Риқоъ ғазотига чиққанман. Минган туям заиф эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга тушганларидан кейин мен дўстларимдан орқада қола бошладим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг олдимга келиб: «Эй Жобир, сенга нима бўлди?» – деб сўрадилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, мен мана бу туям сабабли орқада қоляпман», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Туянгни чўктир», – дедилар. Мен туямни чўктирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам туяларини чўктирдилар. Кейин у Зот: «Қўлингдаги мана бу таёқни бер ёки дарахтдан шохча кес», – дедилар. Мен шундай қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шохчани олиб, у билан туяни бир неча бор туртиб қўйдилар. Сўнг: «Мин», – дедилар. Туяни миниб йўлга тушдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, у Пайғамбарнинг туяси билан мусобақалаша бошлади. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашдим. У Зот менга: «Туянгни менга сотмайсанми?» – дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ! туямни сизга ҳадя қиламан!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йўқ, сен туянгни менга сотгин», – дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси! Ундай бўлса, унга нарх қўйинг», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен туянгни бир дирҳамга олдим», – дедилар. Мен: «Йўқ! Эй Аллоҳнинг элчиси! Сиз мени хафа қиляпсиз», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки дирҳам», – дедилар. Мен: «Йўқ», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туямнинг нархини бир уқияга (ўн икки дирҳамга) кўтардилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! розимисиз?!» – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа», – дедилар. Мен: «Туя сизники», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олдим», – дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Жобир! Уйланганмисан?» – дедилар. Мен: «Ҳа, эй Аллоҳнинг элчиси», – дедим. У Зот: «Жувонгами ёки бокирагами?» – деб сўрадилар. Мен: «Жувонга», – дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бокирага уйланмадингми, у сен билан, сен у билан вақтни чоғ ўтказар эдингиз!» – дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Менинг Уҳудда ўлдирилган отамдан етти нафар сингилларим қолган. Мен уларнинг бошини бирлаштирсин, тарбияласин, деб жувонга уйландим», – дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иншааллоҳ, сен тўғри қилдинг», – дедилар. Кейин у Зот: «Биз Сурорга[2] етиб келганимизда бир туяни сўйишга буюрамиз ва уни еб кунимизни ўша ерда ўтказамиз. Бизни ўша ерга келганимизни билиб, ёстиқларни қоқадилар», – дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизнинг ёстиғимиз йўқ», – дедим. У Зот: «Бўлади, агар сен ақлли бир иш қилсанг», – дедилар. Биз Сурорга етиб келганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туяни сўйишга буюрдилар ва у ерда кунимизни ўтказдик. Кеч тушганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларига ва биз уйимизга кетдик. Мен аёлимга бўлган воқеани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга айтган сўзларни айтиб бердим. Аёлим: «Мана, бош устига» – деди. Эрталаб туянинг бошидан ушлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларининг эшиги олдига чўккалатиб қолдириб, масжидда у Зотга яқин ерда ўтирдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқдилар ва туяни кўриб: «Бу нима?» – дедилар. У Зотга: «Бу туяни Жобир олиб келди», – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жобир қаерда?» – деб сўрадилар. Мени чақиришди. У Зот: «Эй биродаримнинг ўғли! Туянгни ол, у сеники!» – дедилар ва Билолни чақириб, унга: «Жобир билан бориб, унга бир уқия бериб юбор», – дедилар. Мен Билол билан бордим, у менга бир уқия бериб, устига бироз қўшиб ҳам қўйди. Аллоҳга қасамки, бу туя менинг роҳат-фароғатим эди. У ал-Ҳарра[3] жанги бўлган кун ўлдирилгунига қадар бизда қолди ва унинг уйимизда ўзига хос ўрни бор эди».
Ибн Исҳоқ: Менга амаким Садақа ибн Ясор ақил ибн Жобирдан, у Жобир ибн Абдуллоҳ ал-Ансорийдан ривоят қилиб, деди: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Зотур-Риқоъ ғазотига чиқиб, Нахл деган жойга етиб келганимизда, бир киши мушриклардан бирининг аёлини ўлдириб қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўшинлари жўнаб кетганидан сўнг унинг эри етиб келди. Унга бўлган ишни айтиб беришганида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг қонини оқизмагунча тўхтамасликка қасам ичиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан таъқиб қила бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойга келиб тушиб: «Ким бизни шу кеча ҳимоя қилади?» – дедилар. Муҳожир ва ансорлардан биттадан киши истак билдириб: «Биз, Эй Аллоҳнинг Расули!» – дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Даранинг оғзида бўлинглар!» – дедилар». Ибн Ҳишомнинг айтишича, улар Аммор ибн Ёсир ва Аббод ибн Бишр эдилар.
Ибн Исҳоқ: Икки киши даранинг оғзига чиқишгач, ансорий муҳожирга: «Кечанинг қайси қисмида навбатчилик қилай? Бошидами ёки охиридами?» – деди. Муҳожир: «Бошида», – деб ёнбошлаганича ётиб, ухлаб қолди. Ансорий намоз ўқий бошлади. мушрик келиб, унинг соқчи эканини билди. ансорийга ўқ отиб, уни яралади. Ансорий ўқни суғуриб, жойида тик қолди. Сўнг мушрик яна унга ўқ узди, ўқ яна тегди. Ансорий ўқни суғуриб ёнига қўйди, сўнг мушрик учинчи бор шундай қилди, ансорий эса ўқни суғуриб, ёнига қўйди. Сўнг рукуъ ва саждани бажариб, шеригини уйғотди: «Сен ўтир, мен қаттиқ яраландим», – деди. У сакраб турди. Мушрик уларни кўргач, ўзини сезиб қолишганини билиб, қочди. Муҳожир ансорийдаги қонни кўрганида: «Субҳаналлоҳ! Биринчи бор ўқ узганида мени уйғотмадингми?» – деди. У: «Мен бир сурани ўқиётган эдим, уни охирига қадар етказмай, ярмидан бўлгим келмади. У қайтадан отавергач, сени туртдим. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя қилишга буюрган шу дара оғзи очилиб қолмаганида, мени бурдалаб ташласа ҳам, сурани охиригача ўқирдим», – деди.
Ибн Исҳоқ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зотур-Риқоъ ғазотидан Мадинага қайтгач, у ерда жумодул-аввал ойининг қолган қисми, жумодул-охир ва ражаб ойлари давомида қолдилар.