30 рабиъус сони 1446
Абдуллоҳ ибн Умар

Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ал-Адавий розияллоҳу анҳу  машҳур саҳобалардан, хулафои рошидиндан иккинчи халифа Умар ибн Хаттобнинг ўғли эди. Ҳижратдан олдин туғилган, болаликдаёқ Маккада Исломга кирган. Асҳоби киромнинг энг улуғ олим ва мужтаҳидларидан бўлиб етишди.  Абдуллоҳ Ҳижоз фиқҳининг тамал тошини қўйди ва олтмиш йил фатво берди. Бадр, Уҳуд ва бошқа барча маъракаларда қатнашган эди. Отаси Ҳазрати Умар билан Мадинага ҳижрат қилган, Африқо юртларига икки марта фатҳга борган. Ҳазрати Усмон вафотларидан сўнг халифалик таклиф этилганида бош тортган. Пайғамбаримизалайҳиссаломдан 2630 та ҳадис ривоят қилиб, бу борада фақат Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳудан кейин туради. Шундан 170 тасини Имом Бухорий ва Муслим муштарак келтиришган, 81 тасини ёлғиз Бухорий, 31 тасини Муслим келтирган. 2348 таси бошқа китобларда зикр этилган. Умри охирида кўзи ожиз бўлиб қолган. Ҳижрий 73 (милодий 692) йили саксон тўрт ёшда Маккада ҳаж пайтида вафот этган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар бўлганларига уч йил тўлган эди. Макканинг кўзга кўринган одамларидан бири Умар ибн Хаттобнинг хотини Зайнаб бинти Мазъун ўғил кўрди. Ҳа, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош акалари, машҳур саҳобий Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг сингиллари Зайнаб бинти Мазъун ўғил кўрди. Эр-хотин янги меҳмонга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар. Бу фарзанд мусулмон оилада мусулмон бўлиб вояга етди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз отасининг Ислом учун олиб борган тинимсиз курашининг жонли гувоҳи бўлиб ўсиб борар эди. Ота-онаси билан ҳижрат қилганида у ўн ёшда эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзининг буюк отасидан кўп нарса ўрганди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшиликларнинг ҳаммасини битта қолдирмай ўрганди. У кичиклигиданоқ ҳар бир ишни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганларидек қилиши, тақвоси билан ном чиқарди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу жуда ёш бўлишига қарамай, ўзидан катта мусулмонлар нима қилсалар, ўшани қилишга жазм этар ва буни уддалар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар Бадр жангига тайёргарлик бошлаганларида ўн икки ёшли Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам урушда қатнашиш истагини билдирди. Ибн Асокир Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ўзларидан ривоят қилади: «Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга рўпара қилиндим. У Зот мени кичик санаб қабул қилмадилар. Мен учун ўша кечасидек бедорлик, маҳзунлик ва йиғи кечаси бўлмаган. Чунки ўшанда мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилмаган эдилар». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида ҳам ёши кичиклиги учун қатнаша олмади. Фақатгина Хандақ урушида энг ёш саҳобийлардан бўлиб, жангда қатнашиш бахтига муяссар бўлди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳуд куни мени урушга олиш учун кўрикдан ўтказдилар. Ўшанда ўн тўрт ёшли бола эдим. Шунда менга ижозат бермадилар. Хандақ куни яна кўрикдан ўтказдилар. Ўшанда ўн беш ёшли бола эдим. Шунда менга ижозат бердилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қолган барча жангларида иштирок этишга мушарраф бўлдилар ва ўша ёш пайтларидаёқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икромларига сазовор бўлдилар.  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг оталари Умар ибн Хаттоб халифа бўлганларида у киши учун ўзларидаги зоҳидлик, тақводорлик ва бошқа энг яхши сифатларни сайқаллаш даври бўлди, десак, хато қилмаган бўламиз. Чунки барча нарсада ўта талабчан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз фарзандларига нисбатан яна ҳам талабчанроқ эдилар. Бошқаларга рухсат берган нарсаларида ҳам ўз оила аъзоларига, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга рухсат бермас эдилар. Имом Байҳақий, Саъид ибн Мансур ва Ибн Абу Шайбалар Ибн Умардан ривоят қиладилар: «Туялар сотиб олдим. Уларни қўриқхонада боқтирдим. Семирганида бозорга олиб келдим. Умар бозорга кириб қолди. У семиз туяларни кўриб: «Бу туялар кимники?» деди. «Абдуллоҳ ибн Умарники», дейишди. «Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Оҳ! Оҳ! Мўминлар амирининг ўғли!» дея бошлади. Югургилаб, олдига бордим-да: «Сизга нима бўлди, эй мўминларнинг амири?» дедим. «Булар қандай туялар?!» деди. «Мен сотиб олган туялар. Уларни қўриқхонага юбориб, мусулмонлар истаган нарсани мен ҳам истадим», дедим. «Мўминлар амири ўғлининг туяларини боқинглар! Мўминлар амири ўғлининг туяларини суғоринглар! Эй Абдуллоҳ ибн Умар! Ўз сармоянгни олгин-да, ортганини Байтулмолга қўй!» деди». Ушбу ҳодисадан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўз оталаридан яқин одамининг номини сотиб, ўзига фойда орттириш фазилатли иш эмаслигини, ундан кўра жамоат мулкини муҳофаза қилиш зарурроқ эканини билиб олдилар. Ибн Можа Ибн Умардан ривоят қилади: «У дастурхонда ўтирса, олдига Умар кириб қолибди. У унга жой бўшатибди. У «Бисмиллаҳ» деб қўл чўзиб, бир луқма ебди-да, ортидан яна бир луқма олиб туриб: «Таом ёғли бўлибдими? Аммо ёғи гўштнинг ёғига ўхшамайди», дебди. Абдуллоҳ: «Эй мўминларнинг амири! Бозорга чиқиб, семизроғидан олмоқчи бўлган эдим, қиммат экан. Бир дирҳамга озғинини сотиб олдим. Яна бир дирҳамга ёғ сотиб олиб қўшдим», деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бу иккиси жам бўлса, бирини еб, иккинчисини садақа қилар эдилар», деди у. «Эй мўминларнинг амири, олинг. Бундан кейин бу иккиси менинг ҳузуримда жам бўлса, албатта, мен ҳам ўшандай қиламан», деди Абдуллоҳ». Учинчи рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврларига келиб, ўзларидан катта саҳобалар жуда кўп бўлишига қарамай, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу илм ва мартаба борасида Ислом оламида салмоқли ўринга эга бир шахсга айланган эдилар. Шунинг учун ҳам халифа у кишига жамиятнинг бош қозиси бўлишни таклиф қилдилар. Имом Тобароний Абдуллоҳ ибн Мавҳибдан ривоят қилади: «Усмон Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: «Бориб, одамлар ўртасида қозилик қил», деди. «Мени афв қилсангиз, эй мўминларнинг амири», деди у. «Йўқ! Мен қатъий қарор қилдим. Сен, албатта, қозилик қилмоғинг керак», деди халифа. «Шошилманг! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ-ла паноҳланса, ҳақиқий паноҳ топур», деганларини эшитганман», деди у. «Тўғри», деди халифа. «Албатта, мен қози бўлишдан Аллоҳдан паноҳ сўраганман», деди у. «Сени бундан нима тўсмоқда? Ахир отанг қозилик қиларди-ку?!» деди халифа. «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким қози бўлса-ю, жоҳиллик ила ҳукм чиқарса, дўзах аҳлидан бўлур. Ким илмли қози бўлса-ю, ҳақ ила ёки адолат ила ҳукм чиқарса, Аллоҳга зўрға қайтур», деганларини эшитганман», деди у». Умуман олганда, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўпгина ҳолатларда эҳтиёткорлик тарафини қаттиқ ушлар эдилар. Илмлари тубсиз денгиздек кўринса ҳам, билмаган нарсаларини «билмайман» дейишдан фахрланар эдилар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу амалдорликдан бош тортган бўлсалар ҳам, жон диллари билан мужоҳидлик қилдилар. У киши кўпгина фатҳ ишларида фаол иштирок этдилар. Ўша вақтда лашкарбошилардан бири Саъид ибн Осс розияллоҳу анҳу Тобаристонни фатҳ қилди. У киши билан бирга бу ишда ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг икки ўғиллари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнлар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳум ва бошқа кўпгина катта саҳобалар қатнашдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тўртинчи рошид халифа – Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг даврларидаги энг муҳим ҳодисада, яъни у кишининг Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу билан бўлган қуролли можароларида мутлақо иштирок этмадилар. У киши орадаги келишмовчиликни ҳал қилишда куч ва қурол ишлатишга қарши бўлганликлари учун бу масалада бетараф турдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу қуролли фитна ҳақида сўз очилганида: «Ким «Ҳайя алас-солаҳ», яъни «Намозга кел», деса, «Хўп», дейман. Ким «Ҳайя алал-фалаҳ», яъни «Нажотга кел», деса, «Хўп», дейман. Ким «Мусулмон биродарингни ўлдиришга кел», деса, «Йўқ», дейман», дер эдилар». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу мусулмонлар бир-бирларининг қонларини тўкишларига қарши эдилар. У киши, умуман, мусулмон бандага озор етказишни хоҳламас эдилар. Шунинг учун ҳам мазкур қуролли можарога ўз ҳиссаларини қўшишни истамадилар. Аслида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг кўнгиллари ҳазрати Али розияллоҳу анҳуда эди. У киши кейинроқ «Бу дунёда ўзим қилмаган нарсалардан фақат Али билан бирга жанг қилмаганимга афсус қиламан, холос», деганлар. Тақдирнинг тақозоси билан можароли ишлар Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг халифа бўлиши билан якунланди. У кишининг забардаст жамият бошлиғи бўлганлиги ҳаммага маълум. Аммо бу забардастлик Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ўтмас эди. У киши Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуни ҳеч тап тортмай танқид қилар, айблари бўлса, фош қилар эдилар. У кишини бу йўлдан жамият бошлиғининг дўқ-пўписалари ҳам, таҳдидлари ҳам қайтара олмас эди. Умавийларнинг ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ва золимлиги билан донг таратган машҳур қўмондони Ҳажжож бир куни ўз нутқида: «Абдуллоҳ ибн Зубайр Аллоҳнинг Китобини ўзгартирди», деди. Бу гапни эшитишлари билан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Ёлғон айтдинг! Ёлғон айтдинг! Ёлғон айтдинг!» дедилар. Ҳажжож ҳайратдан қотиб қолди. У ўзига қарши бунчалик журъат бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган эди. У Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг жасоратлари олдида лол қолди. Бир оздан сўнг ўзига келгач, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга қаттиқ жазо бериш ҳақида таҳдид қила кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бўлсалар унга қарата қўлларини пахса қилиб: «Сен айтаётган дўқларингни амалга оширишинг ҳеч гап эмас! Бундан ажабланмаса ҳам бўлади. Чунки сен эси паст, аҳмоқсан!» дедилар. Одамларнинг хушлари бошларидан учиб, анграйиб қолган эдилар. Орадан йиллар ўтди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳудан сўнг ўғли Язид жамиятни бошқара бошлади. Унинг ўғли Муовия иккинчи эса ўз ихтиёри билан халифаликдан воз кечди. Ўшанда умавийларнинг бошлиғи Марвон ибн Ҳакам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб: «Қўлингни узат! Сенга байъат қиламиз! Сен арабларнинг саййидисан! Сен арабларнинг саййидининг ўғлисан!» деди. «Аҳли машриқни нима қиламиз?» дедилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу. «Уларни уриб, байъат қилдирамиз», деди Марвон. «Аллоҳга қасамки, мен етмишга кирганимда менинг сабабимдан бирор кишининг ўлдирилишини хоҳламайман», дедилар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг катта олим эканларини ўз замондошлари ҳам тан олган эдилар. Ибн Саъд Амр ибн Динордан ривоят қилади: «Ибн Умар катта фақиҳлардан ҳисобланар эди». Ибн Абдул Барр ўз китобида ёзишича, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Илм уч нарсадир: нотиқ китоб, ўтувчи суннат ва «билмайман» дейиш. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда илмнинг ушбу уч тури ҳам етарлича бор эди. У киши Аллоҳ таолонинг Китобини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини жуда яхши билар эдилар. Шу билан бирга, билмаган нарсаларини дарҳол тан олар ва ўз жойида «билмайман» дейиш билан фахрланар эди. Бир куни бир одам келиб, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга савол берди. У киши «Билмайман» деб жавоб бердилар. Сўровчи орқасига қайтиб кетди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дарҳол қўлларини бир-бирига ишқаб, хурсанд бўлган ҳолларида: «Абдуллоҳ ибн Умардан у билмайдиган нарсаси сўралган эди, у «Билмайман», деди!» деб айтдилар. Ибн Абдул Барр «Жомиъул илм» китобида Уқба ибн Муслимдан ривоят қилади: «Ибн Умарга ўттиз тўрт ой ҳамсуҳбат бўлдим. Ундан савол сўралганда кўпинча «Билмайман», дер эди-да, сўнгра менга қараб: «Анавилар нимани исташини билдингми? Улар бизнинг елкамизни жаҳаннамга кўприк қилишмоқчи», дер эди». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган каттаю кичик барча ишларига ўта дақиқлик ила эргашишлари билан шуҳрат қозонган саҳобийдирлар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани кўрган ёки эшитган бўлсалар, худди ўзидек қилишга қаттиқ тиришар эдилар. Имом Баззор яхши иснод билан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кундузи Макка билан Мадина орасидаги бир дарахт олдига келиб, унинг остида ухлар эди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай қилганликлари ҳақида хабар берар эди». Ибн Асокир Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқи¬ган жойларидаги асарларини ахтариб, шунга эргашар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт тагида дам олган эдилар. Ибн Умар ўша дарахтнинг олдига тез-тез бориб турар ва қуриб қолмасин деб, остига сув қуйиб турар эди». Имом Аҳмад ва Баззорлар Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан бирга сафарда эдик. У киши бир жойдан ўтаётиб, бурилиб кетди. У кишидан: «Нега бундай қилдингиз?» деб сўралди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ қилганларини кўрган эдим», деди». Имом Бухорий ва Аҳмад ривоят қиладилар: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон Каъбанинг ичига кирса, эшикка орқасини қилиб юриб борар, токи ўзи билан деворнинг орасида уч аршинча қолганда тўхтар ва Билол унга хабар берганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиган маконда намоз ўқир эди ва: «Бир киши Байтнинг қайси тарафида намоз ўқиса, бўлаверади», дер эди. Албатта, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бу ишларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган нарсаларни худди ўзларига ўхшатиб такрорлаш ила савобга сазовор бўлиш ниятида қилганлар. У киши бу ишни саҳобалар ичидан бир ўзлари қилганлар. Бошқа саҳобалар Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаб, каттаю кичик ҳар бир ишда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилганларини айнан такрорлашга ҳаракат қилишмаган.   Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ижтиҳодлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари эса у кишини юқорида баъзи намуналари келтирилган амалларни қилишга чорлаган. Ана шу муҳаббат Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ёш бўлишларига қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобийлар рўйхатидан иккинчи ўринни эгаллашларига сабаб бўлди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган пайтда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг эндигина йигирма бир ёшга кирганларига эътибор берадиган бўлсак, бу ишнинг нақадар улуғвор иш эканини яна ҳам яхшироқ ҳис этамиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 2630 та ҳадис тўплаганлар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейинги ўринни эгаллаганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқа хислатлар бўйича шогирд тушганлари каби зоҳидлик бўйича ҳам у Зотга шогирд тушган эдилар. У киши зоҳидликнинг алифбосидан тортиб, нозик жойларигача – барчасини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган эдилар. Дунёнинг барча матоҳларига эришиш имкони бўла туриб, Аллоҳнинг ишқида улардан ўз ихтиёри билан воз кечишдек ажойиб хислат, яъни зоҳидлик хислати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда ёшлик вақтларидаёқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан олган дарсларидан ҳосил бўлган эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло жуда кўп мол-дунё ато қилар эди. У киши омонатдор ва иши юришган тожир эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу тижорат вақти келса, урушга тенг бўлишини айтганлар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу «Урушдан кейинги менга энг афзал ўлим савдо моллари ичида ўлишдир», деганлар. Аммо мол-дунё гўё у кишининг қўлларидаги ходимлари эди. Улар у кишининг измида эдилар. У киши молу дунёнинг измига тушиб қолмаган эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу катта тожир ва молдор одам бўлсалар ҳам, ўзларининг зоҳидликлари билан ном чиқарган эдилар. Юқоридаги зикр этиб ўтилган халифалик ва қозилик каби олий мансаблардан ўз ихтиёрлари билан бош тортишлари ҳам шуни кўрсатади. Ҳа, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақиқий маънодаги зоҳид эдилар. У киши имконлари бўла туриб, бу дунёнинг ҳою ҳавасига ўзларини урмас эдилар. Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Ибн Умар розияллоҳу анҳу тушлик ёки кечки овқат қилсалар, атрофларига етимларни тўплаб олар эдилар. Бир куни тушлик қилаётиб, бир етимга одам юборсалар, у жойида йўқ экан. Ибн Умарнинг таом кетидан ичадиган ширин ичимлиги бор эди. У киши тушликни тамомлаб, ширин ичимликни ичмоқчи бўлиб турган эдилар, ҳалиги етим келиб қолди. Ибн Умар ичимликни унга бериб: «Ол буни, менимча, зарар тортмадинг (овқатсиз қолмадинг)», дедилар. Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» китобида Саъид ибн Абу Ҳилолдан ривоят қилади: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Жуҳфага келиб тушди. У бетоб эди, «Балиқ егим келмоқда», деди. Зўрға бир дона балиқ топиб келишди. Хотини София бинти Абу Убайда уни пишириб, таом тайёрлади ва олдига қўйди. Худди шу пайт бир мискин келиб, унинг олдида тўхтади. Ибн Умар унга: «Буни сен ол», деди. Аҳли унга: «Субҳаналлоҳ! Ахир шу балиқ учун бизни қанча қийнадинг! Бизда бошқа таом бор. Бу мискинга ўшани берамиз», дедилар. «Абдуллоҳ ўзининг айтгани бўлишини хоҳлайди», деди у». Абу Саъид ибн Аъробий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Қайси биримиз дунёни топган бўлсак, албатта, унга мойил бўлдик. Фақат Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бундан мустасно», дедилар». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг замонларида сахийликда у кишига тенг келадиган кишини топиш қийин эди. У киши қўлларидаги мол-дунёга Аллоҳ таолонинг розилигини топишнинг воситаларидан бири, деб қарар эдилар. Шунинг учун ҳам ўзларига мол келиши билан тезроқ хайр-эҳсон қилиш пайидан бўлар эдилар. У кишига молларидан қай бири ёқиб қолса, бериб юборар эди. Бир мажлиснинг ўзида ўттиз минг садақа қилиб юборган вақти ҳам бўлган. Ибн Омир унга икки марта ўттиз мингдан берди. Шунда у киши: «Эй Нофеъ! Мени Ибн Омирнинг дирҳамлари фитнага солишидан қўрқаман. Боравер, сен ҳурсан!» деди. Айюб ибн Воил ар-Росибий ҳикоя қилади: «Мадинага келсам, Ибн Умарнинг қўшниси «Ибн Умарга Муовиядан тўрт минг, бошқа бир одамдан тўрт минг, учинчи бир кишидан икки мингу бир чопон келди», деди. Эртасига қарасам, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу бозорда ҳайвонларига насияга бир дирҳамли ем олмоқда. Мен бориб, унинг уйидагилардан: «Мен бир нарсани сўрайман ва тўғри жавоб беришингизни истайман. Кеча Абу Абдурраҳмонга Муовиядан тўрт минг, бошқа бир одамдан тўрт минг, учинчи бир кишидан икки мингу бир чопон келмаганмиди?!» деб сўрадим. «Келган эди», дейишди. «Мен бугун бозорда унинг ҳайвонларига насияга бир дирҳамли ем олаётганини кўрдим?» дедим. «У кеча ухлашидан олдин ҳамма пулларни тарқатиб бўлган эди. Кейин чопонни елкасига ташлаб чиқиб кетди. Қайтиб келганида, чопон йўқ эди. Сўрасак, бир фақирга берганини айтди», дейишди. Сўнгра бозорга кириб, баланд жойга чиқиб олиб: «Эй тожирлар жамоаси! Дунёни нима қиласизлар? Мана, Ибн Умарни кўринглар! Унга минглаб дирҳамлар келди. Ҳаммасини тарқатиб юборди! Энди ҳайвонларига насияга ем олмоқда!» дедим». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўп вақтларини нафл намоз, Қуръон тиловати ва Аллоҳ таолонинг зикри билан ўтказар эдилар. У киши Қуръони Карим тиловатидан мислсиз ҳузур топар эдилар. Ўзлари ўқисалар ҳам, бошқалардан эшитсалар ҳам, бирдек таъсирланар ва йиғлаб, соқоллари ҳўл бўлиб кетар эди. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етук обид сифатида нафл намоз, хусусан, таҳажжуд намозига ҳам алоҳида эътибор берар эдилар. Абу Нуъайм «Ҳулятул Авлиё» номли китобларида Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечасини намоз ўқиб ўтказар эди ва: «Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» деб сўрар эди. У: «Йўқ», дер эди. У киши яна намоз ўқишда давом этар эди. Сўнгра яна: «Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» деб сўрар эди. У: «Ҳа», дер эди. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўтириб олиб, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эди». Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етмиш учинчи ҳижрий санада, саксон уч ёшларида Маккаи Мукаррамада вафот этдилар. Аллоҳ таоло у кишидан рози бўлсин, омин!

08:11 / 16.06.2013
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...