Ҳазрати Ийсо ибн Марямдан сўнг
Пайғамбар юборилмаган давр узоқ давом этди. Оламни зулмат қоплади, илм ва нур ғойиб бўлди. Пайғамбарларнинг ўз даврларида соф тавҳиди ва ҳақиқий динга хитоблари узоқлашиб, жоҳил ва сохтакорларнинг оғизларидан чиққан билимсизлик ва телбакорона хайқириқлари орасида йўқ бўлиб кетган эди! Аллоҳнинг пайғамбарлари тарафидан ёқилган қандиллар, вақти-вақти билан қўзғолган шиддатли тўфонлар таъсиридан сўнган эди.
ҚАДИМИЙ ДИНЛАР
Буюк динларнинг барчаси ва ҳатто охирида ҳазрати Ийсо алайҳиссалом келтирган соф ва ҳақиқий дин ҳам бир гуруҳ жоҳилларнинг қўлида ўйинчоқ бўлиб, динларни бузиб, аслларидан узоқлаштирганларнинг ва иккиюзламачиларнинг истаганлари каби ўчириб-қўшилган бир ҳолга келди. Охир-оқибат руҳини ва аслиятини йўқотди. Шояд, бу динларни Аллоҳдан келтирган пайғамбарлар билан, бу динларга илк тобе бўлган кишилар тирилиб дунёга келсалар эди, ҳеч шубҳсиз, бу динларни таний олмас ва «Бу дин бизнинг келтирган динимиз эмас»− дейишарди! Яҳудийлик руҳсиз ва жонсиз бир йиғим ҳолга келган эди. Бир он бу ҳолатга назар ташласак, яҳудийлик бир сулола дини эди. Бани Исроилга хос дин эди, ҳозир ҳам ана шундай! Оламга берадиган бир рисолати, миллатларга тақдим этадиган даъвати йўқ эди. Ёки инсонларга келтирадиган бир раҳмат ҳам топилмасди. Насронийликка келсак,бу дин ҳам аввалидан эътиборан жоҳилларнинг тавиллари ила ҳаддан ошувчиларнинг таҳрифларига учраганди. Кейинроқ буларнинг барчаси аралашиб ва ҳазрати Ийсонинг ғоят содда бўлган таълимоти, бу таҳриф остида қолиб, тавҳид нури ва ибодатнинг ихлоси бу булутларнинг ортида кўздан ғойиб бўлганди! Мажусийларга келсак, улар ўтга топинишарди. Олов учун баланд бинолар, қурбонликларни сўйиш учун ҳозирланган ерлар ва ибодатхоналар бино қилишда давом этишарди! Ибодатхоналаридан ташқарида ҳур эдилар. Орзулари ортидан хоҳлаганларидай кетишар, истаганларини қилишарди. Амал ва ахлоқ борасида ҳеч бир динга ишонмаган бир кимса ила бир мажусий орасида фарқ қолмаганди!... Ҳиндистон ва Ўрта Осиёда ёйилган буддизмга келсак, бу дин тўла маънода бутпарастликка айланганди. Қаерга борсалар, бутларини ўзлари билан олиб боришарди, Будданинг ҳайкалларини ясашарди. Брахманизм эса Ҳиндистоннинг энг асл дини эди. Миллионларга етган маъбуд ва тангрилари билан машҳур эдилар. Иқтисодий синфлар орасида золимларча тафриқа қилиш ва инсонларни табақаларга бўлиш билан машҳур эдилар. Арабларга келсак, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пайғамбар қилиб юборилишларидан аввал—бутпараст брахманизмнинг тарқалган жойи Ҳиндистондан ташқариси — дунёнинг ҳеч бир минтақасида бўлмаган бир бутпарастлик хасталигига дучор бўлишганди. Бутпарастликда илгари кетишиб, Аллоҳдан бошқа тангрилар ясаб олишганди. Халқ бутпарастлик ботқоғига ботганди ва бутларга қабиҳ бир шаклда топинарди. Ҳар қабиланинг, ҳар шаҳарнинг, ҳар қишлоқнинг ўзига хос бути бор эди. Шу даражага етган эдики, ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом томонидан Аллоҳга ибодат қилиш учун бино қилинган Каъбанинг ичида ва атрофида уч юз олтмишта бут қўйилганди.