Ҳозирги кунда хато қилган кишини уришиб, жеркиш каби хатони муолажа қилишдаги нотўғри танланган услубни кўрамиз. Унинг жеркиши ва сўкиб уришиб беришидан ҳалиги хато қилган одамда бир неча салбий ҳолатлар кузатилади. Мисол учун, хатосида бардавом бўлиш, насиҳатни ёмон кўриш, хатосини айтган одамдан кўнгли қолиш ва ҳоказолар. Ҳозирги кундаги психолог олимларнинг таькидлашича, бировдаги бир айбни ёки қилиб қўйган камчилигини олдини олиш учун уни ижтимоий келиб чиқишини ўрганмай туриб уришиб, жеркилса, бу ҳаракат тескари натижа кўрсатиб, ҳалиги хато қилган одам яна ўша хато ва камчилигини қилишда бардавом бўлади.Юзта инсонда шу текширув олиб борилганида, 87 тасида салбий натижага эришилган, қолган 13 тасида ижобий ҳолат рўй берган. Аслида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсонларнинг муаммо ва камчиликларини тузатишдаги тутган йўлларига қарайдиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада буюк, ҳаммага гўзал намуна бўладиган комил муаллим эканларини кўрамиз. Имом Муслим ўзларининг «Саҳиҳ» китобларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида содир бўлган бир воқеани зикр қилган. Ўша воқеа қуйидагича бўлган: «Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Биз масжидда Расулуллоҳ билан ўтирган эдик. Бир саҳролик аъробий киши келиб, масжидда пешоб қила бошлади. Биз: «Ҳой, тўхта, тўхта!», деб уни тўхтатмоқчи бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Индаманглар, охиригача қилиб олсин», дедилар. Охиригача ишини битиргач, Пайғамбаримиз унга: «Бу масжиддир, бу ерда Аллоҳнинг зикри ва Қурьон ўқилади. Пешоб қилиш ёки шунга ўхшаган нопок нарсалар масжидда бўлмайди», дедилар-да, сўнг бир кишига бир челак сув олиб келиб, ҳалиги жойни тозалашга буюрдилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларини кўринг. Ҳалиги одамни бу хатосини тузатишда унинг ижтимоий келиб чиқишини, маданиятдан узоқ бўлганини, саҳродан келганини ва бунақа ишлар уларда оддий саналишини мулоҳаза қилиб, уни уришмадилар, сўкмадилар, ҳатто бояги ишини охиригача қилишига имкон яратиб бердилар, сўнг бу иши нотўғри эканини мулойимлик билан тушунтирдилар. Муаррихлар ўша саҳролик саҳобий Пайғамбаримизнинг унга кўрсатган муомалаларидан хурсанд бўлиб, кейинчалик умри давомида бунга ўхшаш хатоларни қилмаган, дейишади. Бу ишлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ердаги саҳоба ва кейин келадиган барча умматларига намуна бўлдилар. Биз ҳам жамиятимиздаги камчилик ва хатоларни тузатишда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна олсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Аллоҳ барчамизга Пайғамбаримизга эргашиш ва у Зотнинг суннатларидан намуна олишни насиб айласин, омин.
Абу Абдуллоҳ Бухорий