8 жумадис сони 1446
Ҳиро ғори қаршисида (давоми)
Араб шоирлари севикли кишилари қолдирган изларию қолдиқлари олдида туришдан роҳатланишар экан, сен ҳам бу қоялардан ваҳий хабарини сўрасанг-чи! Нафас қисилиб, тинкамиз қуриб, жонимиз ҳалқумга етганда чўққига чиқдик. Қарасак, худди булутга осилиб тургандек бўлиб қолибмиз, ер юзи биздан анча пастда қолиб кетибди. Биз тоғ устидаги кишига ўхшамасдик. Чунки одатда тоғлар тепасида кенг текисликлар бўларди. Биз худди осмонўпар минора томида турган одамга ўхшардик. Тоғ чўққисининг майдони битта хона кенглигича келарди. Ғор бўлса пастимизда, тушиш қийин жойда эди. Унга фақат тоғ қиялигидан сидирилиб тушган одамгина етиши мумкин. Шунда узунлиги икки метр, кенглиги бир метрга ҳам етмайдиган бир ғорча келди. Ҳиро ғори мана шу жой эди. Ичимда: «Биз кўпчилик бўла туриб ҳали чўққига етганимиз йўқ, боз устига йўнилган зинадан кетяпмиз. Шундай бўлса-да, жонимиз ҳалқумимизга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз ўзлари қандай чиққан эканлар, бу тоғларнинг ост-устини кезиб чиқмаган одам тополмайдиган бу ғорни қандай топган эканлар, бир неча кунлаб ўзлари ёлғиз атрофида фақат бу қоп-қора тоғу бу қўрқинчли сукунатдан бошқа ҳеч нарса бўлмаса, қандай яшаган эканлар», деб ҳайрон бўлдим.Атрофга қарадим. Ҳамма нарса салобатли жимликка чўмган, улуғвор бир сукунат қоплаган. На бир шивирлаган овоз, на бир ҳис, на бир ҳаракат бор. Инсонни осмон ҳақида тафаккур юритишдан чалғитадиган бирор нарса йўқ. Байтуллоҳ ушбу ғорнинг оғзидан иборат тош гардиш ўртасида узоқдан кўриниб туради. Ғорда турган киши ўзи дунёдан ташқарида бўлса-да, худди дунёда тургандек ҳис қилади. У фақат Каъбанигина кўради ва у орқали бутун покиза самовий туйғуларга боғланади, ундан бошқа барча нарса ғойиб бўлади ва ердаги барча нопок нарсалардан узилади.Ичимда бир овоз:«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ғорда кечаю кундуз ёлғиз нималарни ўйлаган эканлар?»−  деди, шунда мен:«Барака топгур, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нималарни ўйлаганларини мен билармидим?!» дедим. Мен истаклару тамалар билан хиралашган бу тубан ақлимни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак даражаларига олиб чиқмоқчиманми? Ерда ўрмалаб юрувчи жонзот осмону фалакдаги бургут бўлишни хоҳлайдими? Ўтириб хаёлга чўмдим. Севикли тарих зарварақларини хаёлан мушоҳада қилиб, хабарчи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етти қават осмон устидан Аллоҳга Расул бўлганларининг хабарини келтирган вақтда мана шу юксак назаргоҳда ўзлари ёлғиз бўлганларини кўз олдимга келтирдим. У:« Ўқи »−деди. Дарҳақиқат, Исломнинг илк дастури ҳам «ўқи» амри бўлган, «урушгин» ёки «бой бўл», «босиб ол» буйруғи эмас. Чунки Ислом урушиш, мол тўплаш, босиб олиш дини эмас. У илм, фикр ва тўғри йўл динидир. «Ўқи!»− подшоҳ, амир ёки бирор гуруҳ, халқ номи билан эмас, балки Роббинг номи билан ўқи. «У (барча махлуқотни) яратди». «Қурайшни ёки арабларни яратган», демади, балки «бутун махлуқотни яратган», деди. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари барчага, инсу жинга баробар қаратилгандир. Бу даъват инсоният эришган энг улуғ марҳаматдир. Инсон фарзандларидан бирини Аллоҳ таоло элчи қилиб юборишидан-да каттароқ неъмат борми? Бирор киши подшоҳнинг элчиси этиб тайинланса, у бу билан фахрланиб, бутун умр ғурурланиб ўтади. Энди у бутун оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳнинг элчиси бўлса-чи?... Бу ҳолат энг улуғ икромга лойиқдир. Бироқ эй инсон, бу мақом билан ғурурланиб кибр қилма! Сен асли қуюқ қондан пайдо бўлганингни эсла: «Аллоҳ таоло инсонни қуюқ қондан яратди». Кибриё Аллоҳнинг сифатидир. Ажабо, асли қуюқ қондан яралган инсон ҳаддидан ошиб, ҳатто Худонинг сифатини талаб қилса-я! «Ўқи. Робинг карамли Зотдир. У инсонга билмаганларини қалам билан билдирди». Бу Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни элчи қилиб юборган абадий рисолатнинг бошланиши эди. Унда уруш улуғланмади, қилич ҳам зикр қилинмади, аммо илм улуғланди, қалам зикр қилинди. Муҳаммаднинг шариати фақатгина қилич биландир, деган кибр аҳлининг сўзлари қандай қилиб тўғри бўлиши мумкин? Қилич?! Қилич фақатгина Ислом йўлига тўғаноқ бўлганларга қарши қўлланган. Ақлларни зулматдан қутқариш эркинлигини ҳимоя қилиш, инсонлардан зулмни бартараф қилиш учун, мана шу Ҳиро ғоридан бутун оламга таралган нур билан зулматда қолган мазлумларни халос қилиш учун қўлланган. Биз фақат ўзимизга қарши урушганлар билан урушдик, бизга ҳужум қилганлардан ҳимояландик. Биз етишган яхшиликларга ҳамма одамлар етишишини истадик, уларга: «Бу яхшиликларда биз билан шерик бўлинглар, биздан бўласизлар, бизга нима фойда бўлса, сизларга ҳам бўлади, нима зиммамизда бўлса, сизларнинг ҳам зиммангизда бўлади», дер эдик. Бизнинг фатҳимизда ғолиб ва мағлуб, ҳоким ва тобеъ, ашроф ва авом, араб ва ажам деган гап бўлмаган. Балки бизнинг наздимизда инсонлар икки тоифага: «иймон келтирганлар» ва «кофир бўлганлар»га ажралади. Мусулмонлар биродарликда баробар, фақат тақводагина бир-бирларидан устундирлар. Аҳли китоблар агар бизнинг еримизда яшаб, бизлардан омонлик сўраб, биз билан тузган аҳдларига хиёнат қилмасалар, уларга омонлик берамиз ва уларга берган аҳдимизга вафо қиламиз. Агар биз билан урушсалар, улар билан урушишдан қўрқмаймиз. Шунинг учун бошқа фатҳ қилувчилар ўзга юртларни фатҳ қилсалар-да, ўз юртларига қайтишга мажбур бўлиши ёки озлигидан ўзи мағлуб қилиб фатҳ этган юрт аҳолиси ичида йўқ бўлиб кетганини кўрасиз. Лекин мусулмонлар эса ундай эмас. Улар фатҳ қилсалар, ўлка аҳолисининг қалбларини эритиб, қиёматгача бир тану бир жонга айланардилар. Улар фатҳларини қилич ва тиғ билан эмас, балки ақида ва иймон билан ҳимоя қилардилар. Ҳатто юрт аҳолиси бу фатҳни бошқасига алмаштирмасдан ўзлари ҳимоя қилиб турардилар. Миср, Шом, Форс ва Мағрибда ўз юртларини фатҳ бўлишидан аввалги ҳолига қайтишини хоҳлайдиган бирор киши бормикин? Чунки бошқа фатҳ қилувчилар қилич билан у юрт аҳолисига қарши жанг қилиб фатҳ қиладилар, биз эса ақида билан уларнинг қалбларини фатҳ этамиз. Ҳатто у ернинг аҳолиси ўзларининг ботил ақидаларига бизлардан-да бегонароқ бўлиб кетадилар. Мана Ява оролларини кўринг. Европа эгаллагандан кейин Ислом у ерга ёлғиз кириб келди. Уни бор-йўғи бир гуруҳ тижоратчилар олиб келдилар. Мустамлака қилиш учун эса ботир кишилар қурол-аслаҳалар билан бостириб келиб, тоғдек мустаҳкам флотларини қурадилар. Ваҳий иккинчи марта қайтиб келган пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам хавф қилдилар. Чунки у Зот ҳам бизлардек инсон эдилар. Пайғамбарлик нима, китоб нима билмас эдилар. Аёлларнинг энг улуғи Хадижа розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига шошилдилар. Титраган холларида: «Ўраб қўйинглар, ўраб қўйинглар», дер эдилар. Шунда у Зотнинг қулоқларига ваҳий эшитилди: «Эй кийимларига ўраниб олган Зот, туринг!»(Сизнинг ҳаётингиз уйқу учун эмас, зиммангизда оғир масъулият бор, олдингизда катта вазифа турибди. Олам хатар ичида). «Туринг-да, (оламни хатардан) огоҳлантиринг!» (Дунё қаршисида ёлғиз туриб тошдан, гўштдан, қондан бўлган бутларни парчаланг. Ерда адолатли, гўзал ва маданиятли бино барпо этинг). Бизлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини кўп ўқиганимиз учун у Зотнинг улуғликларидан хабар беришга одатланмаймиз. Чунки бир киши билан яқин бўлсанг, унинг даражаси қандайлигини унутасан. Бир гўзал шаҳарда яшайдиган киши у жойнинг жилосини бошқа жойдан келган одамдек кўролмайди. Шунинг учун бир мисол келтираман. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динни қандай таклиф қилганлари сизга маълум бўлади. Тасаввур қилинг, қумликлар орасидаги катта саҳро қишлоқларидан бир қишлоқдаги ўқиш-ёзишни билмайдиган бир киши одамларнинг одатини ва ақидаларини ўзгартиришни таклиф қилиб, уларга янги бир дастурни юклаб, у дастур билан ер юзини иккига бўлиб олган Америка ва Россия давлатлари устидан ғолиб келишни, ҳали ўттиз йил ўтмасдан инсонлар учун тили, қонун- қоидаси янги бир оламни яратишни айтса. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишдир. Ўша даврда Форс ва Рум давлатлари бугунги кундаги Америка ва Россия каби эди. Ҳозир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилган ишдан каттароқ ишни топа оласизми?!  

 

Давоми бор.

19:53 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Хиро ғорида
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...