Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам, Жаброил алайҳиссалом ва бир фаришта ўртасида бўлиб ўтган воқеа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ўтирганларида осмонга қарасалар, бир фаришта тушиб келаётган эди. Жаброил алайҳиссалом:«Бу фаришта яратилганидан бери ҳали eрга тушмаган», дедилар. Тушгандан сўнг:«Эй Муҳаммад, Роббинг мени сенга элчи қилиб юборди, сени Пайғамбар фаришта қилибми ёки Рaсул банда қилиб қўяйми?» − деди. Жаброил алайҳиссалом:«Эй Муҳаммад, Роббингизга тавозуъ қилинг», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:«Балки Рaсул банда қилгин», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда:«Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суянган ҳолда таомланмас эдилар, «Қуллар овқатланганидек овқатланаман, қуллар ўтирганидек ўтираман», дер эдилар», деган қўшимча ҳам бор. Имом Аҳмад ривояти.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг уйда қиладиган ишлари борасида Оиша розияллоҳу анҳонинг сўзлари Асваддан ривоят қилинади: Оиша розияллоҳу анҳодан « Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйга кирсалар, нима қилар эдилар», деб сўрадим. Оиша розияллоҳу анҳо:«Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уйда ўз аҳлларининг хизматида бўлар эдилар, намоз вақти бўлганда, намозга чиқар эдилар», деб айтдилар. Имом Аҳмад ривояти.
Раҳматуллоҳ Аҳмаджон ўғли