23 жумадул аввал 1446
Сийратни ўрганайлик...
 Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари барча замонларда у Зотнинг сийратларидан катта фойда олиб, уни жамлаб, келгуси авлодларга бир омонат сифатида ўрганиб келмоқда. Ёш авлод вакиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши танишлари учун ҳозирги асримизда ҳам, олдинги асрларда ҳам талабаларга сийрат дарсларидан таълим-тарбия берилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини энг биринчи бўлиб саҳобалар ўзларидан кейинги тобеъинларга, улар эса ўзларидан кейингиларга ўргатиб, бу омонатни ҳозирги кунимизгача етиб келишига сабабчи бўлдилар. Ислом олимлари, албатта, сийрат илми тарихида бирорта ҳодиса ёки воқеъа унутилиб кетса, инсоният жуда кўп яхшиликлардан маҳрум бўлишини таъкидлаганлар. Сийрат − бу суннат ва ҳадисларнинг жавҳари ва асосидир. Маърифат ва илм саҳифаларида у доимо ҳозиру нозир бўлади. Ҳар бир мусулмон киши у қандай бўлишидан қатъий назар сийратни билиши лозимдир!
Абу Абдуллоҳ Ҳоким Найсабурий (406/1015 йилда вафот этган) ҳадис илмидаги 48-турни зикр қила туриб, шундай деган: «Ҳадис илмининг бу тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотларини билишдир. У Зот юборган сарияларни ва унда қайси саҳобаларни элчи қилиб юборганлари, мушрикларнинг подшоҳларига ёзган мактублари, бу хабарларнинг қайси бири тўғри ва қайси бири шоз ривоят эканлигини билиш лозим. Чунки бунинг натижасида ўқувчи жангларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳар бир саҳоба нима билан синалгани, улардан ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан собит қадам бўлгани, ким урушлардан қўрқоқлик қилиб қочгани, ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғалабалари учун ёрдам бергани, ким мунофиқлик қилгани, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жангда тушган ўлжаларни қандай тақсимлаганлари: кимга кўпроқ бердилар, яна кимга камроқ (масалан, отлиқларга пиёдалардан кўпроқ улиш) бердилар ва яна бир қавм хиёнат қилганда уларга қандай жазо берганларини билиб олади. Юқоридагиларни билиш олим учун зарурдир!» Мусулмон киши сийратни жуда яхши билмоғи лозим. Чунки мусулмон киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўймоғи ва у Зотга эргашмоғи учун у Зотнинг ахлоқлари ва ҳаётлари ҳақида маълумотга эга бўлиши керак. Бундай маълумотларнинг ҳаммасини жамланган ҳолда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларидан топади. Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳуллоҳ ўзининг «Қавоъидул аҳком» китобида қуйдаги сўзларни келтирган: «Билингки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одоблари каби одоб ва у Зотнинг ахлоқлари каби ахлоқ ҳеч кимда йўқ. Аллоҳ таоло кимга у Зотнинг ахлоқлари билан хулқланишни ва у Зотга эргашишни насиб этган бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзи у бандага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланишга ва у Зотга эргашишга ёрдам бериб қўяди. Натижада, у банда сийрат ва суннатни ўзида энг кўп жамлаган кишига айланади. Суннатга эргашган ва у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини суннат қилиб олган, йўлларини тутган, қалби у Зотнинг муҳаббати билан тўлган киши қандай ҳам бахтли инсон!» Аллоҳ таоло: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади» (Оли Имрон сураси 31-оят), «Агар унга бўйсунсангиз, ҳидоят топурсизлар» ( Нур сураси 54-оят) яна бошқа бир оятда «Ким Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ бахтга эришибди»(Аҳзоб сураси 71-оят) деб марҳамат қилади. Қандай ҳам бундай бўлмасин ахир, Ўзининг китобида Аллоҳ таоло «Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам сураси 4-оят) деган-ку! У Зотнинг буюк мақталган хулқлари Қуръонга эргашганларида эди. Қуръон эса у Зот олиб келган китоб бўлиб, суннатга эргашишга далолат қиладиган амрни ўз ичига олади.
Мирҳамидов Акмал
20:09 / 26.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...