Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташқи кўринишларига мукаммал эътибор беришлари
1. Баданларига эътибор беришлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баданларининг тозалигига эътибор берардилар ва тоза тутишга буюрардилар.
1. Ҳар ҳафтада бир ғусл олардилар.
2. Доимо таомдан олдин ва ундан кейин қўлларини ювишга риоя қилардилар.
3. Барча ҳолатларида мисвок ишлатишга интилардилар.
4. Доимо баданларининг барча жойини тозалаш, ундаги кир-чирларни кетказишга риоя қилардилар. Масалан: мўйловни, тирноқларни қисқартириш, қўлтиқ тукларини юлиш, қов супачасидаги тукларни олиш каби.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло яхшидир, яхшиликни ёқтиради. Покдир, покизаликни ёқтиради. Саховатлидир, саховатни яхши кўради. Сахийдир, сахийликни ёқтиради,[1] деб ва яна «Ўзларингизни қодир бўлганингизча пок тутинглар. Чунки Аллоҳ таоло Исломни покизалик устига барпо қилди. Жаннатга ҳам фақат покизалар киради»,[2] дея покизаликка буюрар ва қизиқтирардилар, ҳамда ифлосликдан қайтарардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак терларининг ҳамда мушку анбардан ҳам ширинроқ ҳидларининг ҳушбўй бўлгани баданларининг доимий покиза бўлганига энг катта далилдир. Айниқса, ҳидларининг ҳушбўйлиги шу қадар эдики, бирор кўчадан ўтиб кетсалар, ҳушбўй ҳидлари ўша кўчага ўтиб қоларди. Қолаверса, бундай нарсалар Расулуллоҳнинг хусусиятларидан бўлганига ҳеч ким шак-шубҳа қилмайди.
2. Сочларига эътибор беришлари
Пайғамбар алайҳиссалом сочларини покиза тутиш, тараш ҳамда ёғлаб юриш билан парваришлардилар. Анас разияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини кўп ёғлардилар, соқолларини тарардилар ва кўпинча бошларига (ёғ суртганларидан кейин саллага тегмасин, деб) ёпинчиқ ўрардилар».
3. Кўзларига эътибор беришлари
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг сурмадонлари бор эди. Ҳар куни кечаси ундан бир кўзларига уч марта, яна бошқа кўзларига уч марта суртардилар».
4. Тишларига эътибор беришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам овқатланиб бўлганларидан кейин тишларини хилол қилишга эътибор берардилар ва «Умматимнинг хилол қилувчилари нақадар яхшидирлар», деб айтардилар. Бир куни саҳобалар «Хилол қилувчилар кимлар, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Ул Зот: «Улар таҳорат олишда ва таом тановул қилишда хилол қилувчилардир. Таҳоратда хилол қилиш бу оғизни чайқаш, бурунни ювиш ҳамда бармоқлар орасини тозалашдир. Аммо таомдаги хилол қилиш эса оғизни таомнинг қолдиғидан тозалашдир. Чунки икки фариштага ўз соҳибининг намозда қоим бўлиб турган ҳолатида тишлари орасида таом қолдиғини кўришларидан кўра уларга оғир келадиган нарса йўқдир», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳолатларда; намоздан олдин, таҳорат пайтида, ухлашдан олдин, ухлаб тургандан кейин, уйга киришда, уйдан чиқишда мисвок ишлатишга доимий риоя қилишлари ул Зотнинг тишларига эътибор беришлари ҳамда шарафли оғизлари ҳидининг ҳушбўйлиги гаровидир.
У Зот шундай тоза тутишга буюриб қизиқтирардилар ва «Мисвок оғизни тозаловчи, Аллоҳ таолони рози қилувчидир»ва яна «Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда эди, уларни барча намозда мисвок ишлатишларига буюрган бўлардим», дер эдилар. Баззор ва Табаронийларнинг ривоятида:«Умматимга машаққат қилиб қўймаганимда эди, уларга таҳорат қилишни қандай буюрган бўлсам, барча намоздан олдин ҳам мисвок ишлатишга буюрган бўлардим», деб айтганлар.
5. Кийимлари ва кўринишларига эътибор беришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Албатта қиёфанинг кўркам, кўринишнинг гўзал бўлиши пайғамбарларнинг шамоиллари ва аслий хислатларидандир», деб баён қилганлар[3]. Ваҳоланки, Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбарларнинг саййиди бўлсалар, шунинг учун ҳам у Зот Аллоҳ яратган махлуқотлари ичида бадани, кийими, уйи ҳамда мажлиси жиҳатидан энг покизаси эдилар.
Ҳадисда бир саҳобий айтадилар: «Мен бу кишига (Расулуллоҳ) ўхшашини ва ундан кўра юзи чиройлироқ, кийими покизароқ бирор кишини кўрмадим»[4]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли, кўркам бўлиб олардилар ва чиройли бўлишга ундаб: «Аллоҳ таоло гўзалдир. Гўзалликни ёқтиради», дер эдилар[5].
Ҳар қандай ҳолат ва муносабатларга риоя қилардилар. Агар бирон бир гуруҳ одамлар ул Зотнинг ҳузурларига ташриф буюриб келишса, уларни кутиб олишларида у Зотнинг ўзгача ҳолатлари бўларди, яъни бирор кийимларини ёки жубба[6]ларини ёки келадиган меҳмонга қараб ҳузурларидаги бирор кийимларини кийиб чиройли бўлиб олардилар. Агар ҳайит кунлари келса, шу кунга хос либосларини киярдилар. Жума куни учун ҳам худди шундай қилардилар. Ва доимо шундай қилишга буюриб: «Либосларингизни гўзал қилинглар, уловларингизни (чиройли, покиза қилиш билан) яхшиланглар, ҳатто инсонлар ичида (кўзга ташланадиган) холи[7] бўлинглар», дер эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таоло қачон бирор бандасига неъмат берадиган бўлса, бандасида ана шу неъматининг нишонаси кўринишини истайди» ва яна «Мўмин банданинг кийимини тоза тутиши ва озчилликка рози бўлиши Роббисига нисбатан кўрсатган ҳурматидандир», деб айтардилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кийимларни ердаги ифлос нарсаларга тегишидан қайтариб, ердан юқорироқ қилиб юришга буюрардилар ва:«Изорингни юқорироқ кўтар. Шундай қилишинг ҳам тозароқ бўлишига, ҳам кўпга чидашига сабаб бўлади», дер эдилар.
6. Уй ва масжиднинг тозалигига эътибор беришлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларининг тозалигига эътибор берар ва уй доимо тоза, покиза бўлишини ёқтирардилар ҳамда инсонларни ҳам бу нарсага ундаб: «Уйларингиз, ҳовлиларингизни тозаланглар», дер эдилар.
Масжиднинг тозалигига ҳам эътибор бериб, бу нарсага аҳамият берардилар. Бу муҳим вазифани бажарадиганлардан хурсанд бўлардилар. Шунинг учун ҳам масжидни супуриб юрадиган аёл вафот этганида, бунинг хабарини саҳобалар аёлни дафн этганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказганларида, «Олдинроқ хабарини берсаларингиз бўлмасмиди?» деб ҳафа бўлган эканлар ва дарҳол ўша аёл қабри устига бориб, жаноза ўқиганлар. Масжидда яна масжидни ҳушбўй, муаттар нарсалар билан тутатиб турадиган бир киши бор эди. Унинг номи Нуъайм Мужаммар[8] эди.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай эътибор беришлари фақатгина масжидларга хос эмасди. Балки бундай нарсаларга умумий тарзда буюрардилар.
Ҳадисда ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳовлиларимизда масжидлар қуриш ва уларни доимо тоза, покиза тутишга буюрардилар. Бошқа бир ривоятда эса «тоза, покиза тутишга» сўзининг ўрнига «ҳушбўйлаб туришимизга», деб келган.
Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар масжидларни кир қилмасликлари учун ҳожатхоналарни масжид эшикларининг олди томонида қурилишига буюрардилар. Одамларни масжидда тупуришларидан қайтарардилар ва «Масжидни хатто бир ҳас чўпдан бўлса-да тозалашда улкан ажр бор», деб айтардилар.
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил» (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам−комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.
[1] Имом Термизий ривояти.
[2] Хофажий «Шифо» номли китобнинг шарҳида: «Бу ҳадис ўзи заъиф эди, бошқа йўллар билан қувватланиб, ҳасан даражасига кўтарилган. Маъноси эса Саҳиҳдир», деб айтганлар.
[3] Имом Термизий ривояти. Имом Моликнинг ривояти ҳам худди шундай бўлган.
[4] Абу Қурсофа ривояти. Имом Табароний ўзининг (Мажмаъ)сида келтириб ўтган.
[5] Ибн Синний ривояти.
[6] Узун енгли устки кийим, чопон.
[7] Инсон танасида қора хол. Одатда инсонларнинг кўзи биринчи бўлиб ўша холга тушади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларни бошқалардан фарқли, кўзга ташланадиган кўркам бўлишларига буюриб, холга ташбеҳ қиляптилар.
[8] Мужаммар деб тутатқилар билан шуғулланадиган кишига нисбатан айтиларди.