21 жумадул аввал
1446
У Зотнинг пайғамбарликлари ҳақида роҳибнинг олдиндан хабар бериши
Шу ўринда тарихчиларимиз, муҳаддислар ва сийратчиларимиз Буҳайро исмли роҳиб билан Абу Толиб бошлиқ тижорат карвони аъзолари орасидаги учрашув ҳақидаги қиссани келтирадилар. Бу қиссанинг Имом Термизий келтирган матнини бошқа кучли ривоятлар қувватлаб келган. Шунинг учун Имом Термизий ривоятини мухтасар ҳолда келтирамиз.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Толиб Шом томон чиқди. У билан Қурайш шайхлари ичида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бор эдилар. Роҳиб масканига яқинлашганларида тўхтадилар. Юкларини туширдилар. Роҳиб уларнинг ҳузурига чиқди. Бундан олдин ҳам унинг олдидан ўтар эдилар. Аммо у уларнинг ҳузурига чиқмас , илтифот ҳам қилмас эди. Улар юкларини тушираётганларида роҳиб келиб ораларида айланиб юра бошлади. Охири келиб, Набий алайҳиссаломнинг қўлларидан тутди ва: «Бу оламларнинг саййидидир! Бу Роббул оламийннинг Расулидир! Уни Аллоҳ оламларга раҳмат қилиб юборадир!» деди. Қурайш шайхлари унга қараб: «Буни сен қаердан биласан?» дедилар. «Сизлар довондан ўтиб кела бошлаганларингизда бирорта ҳам дарахту тош қолмай барчаси унга таъзим қилди. Улар набийдан бошқага таъзим қилмаслар. Мен уни курак суяги пастидаги олмага ўхшаш нубуввати муҳридан биламан», деди у. Сўнгра қайтиб бориб, уларга таом тайёрлаб келтирди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туялар томон кетган эдилар. «Уни чақириб келинглар», деди у. У Зот келаётганларида устларидан бир булут соя солиб келди. У Зот қавм олдига яқинлашганларида, улар соя жойларни эгаллаб олишган эдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирганларида, дарахт устиларига мойил бўлди. «Назар солинглар! Дарахт унинг устига мойил бўлди!» деди роҳиб. У ўша ерда туриб, уни Рум тарафга олиб борманглар. Агар улар уни кўрсалар, сифатидан таниб қолиб ўлдиришади, деб ёлборар эди. Қараса, Рум томондан етти киши келмоқда. У уларни кутиб олди ва: «Йўл бўлсин?» деб сўради. «Анави набий шу ойда бу томон чиқар эмиш, деб келдик. Ҳеч бир йўл қолмай ҳаммасига одам юборилди. Бизга унинг хабари келди. Бизни сенинг йўлингга юбордилар», дейишди. «Ортингизда сиздан кўра яхшироқлар борми?» деб сўради у. «Яхшилигимиз учун сенинг йўлингга танлашди бизларни», дейишди. «Айтинглар-чи, Аллоҳ қилишни ирода қилган ишни биров қайтара оладими?» деди. «Йўқ», дедилар. Бас, байъат қилдилар ва бирга турдилар. Сўнгра роҳиб қурайшликларга: «Илтимос, кимингиз унинг валийсисиз?» деди. Улар: «Абу Толиб», дейишди. Унинг тинмай қилган ёлборишларидан кейин Абу Толиб у Зотни қайтариб юборди». Термизий ривоят қилган. Бу ҳодиса у Зот ўн икки ёшга тўлганларида бўлиб ўтди. Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилади: «Карвондагилар Бусро номли жойга етганларида Буҳайро исмли роҳибнинг олдидан ўтдилар. У Инжилни жуда яхши билар ва насронийликдан хабардор эди. Шунда Буҳайро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолиб, синчиклаб қаради ва сўзлашиб кўрди. Сўнгра Абу Толибга: «Бу бола киминг бўлади?» деди. «Ўғлим», деди у. Буҳайро унга: «Бу ўғлинг эмас. Бу боланинг отаси тирик бўлиши мумкин эмас», деди. «У укамнинг ўғли», деди. «Отасига нима бўлган?» деди Буҳайро. «Онаси бунга ҳомиладорлигида ўлган», деди. «Тўғри айтдинг. Буни юртига қайтариб олиб кет. Буни яҳудийлардан эҳтиёт қил. Аллоҳга қасамки, улар буни бу ерда кўрсалар, албатта, ёмонлик етказадилар. Шубҳасиз, бу жиянингни шаъни улуғ бўлур», деди Буҳайро. Абу Толиб у кишини олиб, тезда Маккага қайтди». Худди шунга ўхшаш маълумотлар жуда ҳам кўп. Бунга Салмони Форсий розияллоҳу анҳунинг қиссалари ҳам мисол бўла олади. Лекин биз юқоридаги ривоят ила кифояланамиз.
19:12 / 11.04.2012
2394
Аввалги мақола
Нубувват муҳри
Мақолалар
4386
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар