Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман, Ийсо ибн Марямнинг башоратиман ва онамнинг тушиман», деганлар.[1]
Пайғамбаримизнинг «Мен бобом Иброҳимнинг дуосиман» деганларидан мурод, Иброҳим алайҳиссалом Исмоил алайҳиссалом билан биргаликда Каъбани қурар эканлар, дуо қилганлар: «Эй Раббимиз, уларга ўзларидан бўлган, уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикмат (Қуръон ва Ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбарни юбор! Албатта, Сен Ўзинг Азиз ва Ҳакимсан»[2].
Пайғамбаримизнинг «Ийсо ибн Марямнинг башоратиман» деганларидан мурод – «Ийсо ибн Марям: «Эй Исроил авлоди, албатта, мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) Пайғамбариман. (Мен) ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган Аҳмад исмли Пайғамбар ҳақида башорат берувчиман», деган эди»[3].
Пайғамбаримизнинг «онамнинг тушиман» деганлари эса: «Онам ўзларидан нур чиққанини кўрганлар ва бу нур туфайли Шом қасрлари ёришиб кетган».
«Омина онамиз тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни туғаётганларида икки оёқлари орасидан бир нур чиқади ва унинг ёруғлигидан Шом ўлкасидаги қасрлар ёришиб кетади».
Мазкур ривоятни Имом Бухорий «Ат-тарихул кабир» ва «Ат-тарихус сағир»да, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абу Бакр Баззор, Абу Яъло Мувсилий ва Ибн Роҳавайҳлар ўзларининг «Муснад»ларида, Ибн Ҳиббон «Ас-сиқот»да, Доримий «Сунан»да, Табароний «Ал-муъжамул кабир»да, Байҳақий «Шуъабул иймон», «Далоилун нубувваҳ»да, Абу Нуайм «Ал-ҳулия»да, Бағавий «Шарҳус сунна»да, Ибн Адий «Ал-комил»да, имом Табризий «Мишкотул масобиҳ»да, Ибн Саъд «Ат-табақотул кубро»да, Ибн Исҳоқ, Ибн Ҳишом ва Ибн Асокирлар «Ас-сийратун набавия» китобларида ҳамда Абдуллоҳ ибн Муборак ва Абу Бакр ибн Мардавайҳлар ривоят қилишган.
Ҳоким «Ал-мустадрак ъалас саҳиҳайн» китобида: «Имом Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган.
Имом Заҳабий «Ат-талхис»да ва Ибн Ҳажар Асқалоний «Фатҳул Борий»да: «Саҳиҳ», дейишган.
Шуайб Арнаут «Муснади Аҳмад» ва «Саҳиҳи ибн Ҳиббон» тахрижида: «Саҳиҳун ли ғойриҳ», дейди.
Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамий «Мажмаъуз завоид»да ва Аҳмад ибн Абу Бакр Бусойрий «Итҳофул хияратил маҳара» китобида: «Исноди ҳасан», дейишган.
Ҳофиз Зайниддин ибн Абдураҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Димашқий[4]: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида бу муборак нурнинг чиқиши инсониятни тўғри йўлга бошлаган ва ширк зулматини йўқ қилган ҳидоят нурига ишорадир», деган[5].
Аллома Ибн Касир: «Бу муборак нур чиқиб, Шом диёридаги қасрларни ёритиб юборгани ислом динининг Шом диёрига ўрнашиб, мустаҳкам бўлишига ишора. Шунинг учун ҳам, охирзамонда Шом диёри ислом дини ва мусулмонлар учун мустаҳкам қалъага айланади. Ийсо алайҳиссалом Шом диёрига, аниқроғи, Дамашқнинг шарқий оқ минораси жойлашган ерга тушадилар», деган.[6]
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврида биринчи бўлиб Шом ўлкаси сулҳ ила фатҳ қилинган.
Абдул Азим ЗИЁУДДИН.