Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бошқа бир уриниш қилиб кўрдилар. Улар у Зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан ўз ишларидан қайтармоқчи бўлдилар. Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Каъаб ал-Қаразийдан қуйидагиларни ривоят қилади: «Утба ибн Рабиъа Қурайш бошлиқларидан бири эди. Бир куни у Қурайшнинг мажлисхонасида ўтирарди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам эса масжидда ёлғиз ўзлари ўтирар эдилар. Утба: «Эй Қурайш жамоаси, бориб Муҳаммад билан бир гаплашайми? Унга бир неча ишларни таклиф қилиб кўраман, шояд баъзисини қабул қилиб қолса, нимани хоҳласа, берар эдик, сўнгра биздан четланарди», деди. Ўша пайт Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга кирган ва Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кўпайиб бораётгани кўриниб турган пайт эди. Қурайшликлар: «Тўғри, Эй Абул Валид, унинг олдига бор. У билан гаплашиб кўр», дедилар. Утба туриб Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига борди ва гап бошлади: «Эй биродаримнинг ўғли, сен ичимизда ўзингдек кучли қабиладансан, насабинг ҳам маълум ва машҳур. Сен қавмингга улуғ бир ишни олиб келдинг, у билан ораларига тафриқа солдинг. Ақлларини паст дединг. Худоларини ва динларини айбладинг. Уларнинг ўтган боболарини кофир дединг. Менга қулоқ сол, сенга бир неча ишларни таклиф қиламан, уларга назар солиб кўр. Шояд, улардан баъзисини қабул қилсанг», деди. «Эй Абул Валид, айт, эшитаман», дедилар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам. «Эй биродаримнинг ўғли, — деди Утба, — агар ўзинг келтирган ушбу иш билан молу дунёни хоҳлаётган бўлсанг, сенга молу дунёмиздан жамлаб берайлик, токи ичимизда энг кўп молу мулкли бўлгин. Агар у билан шону шарафни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга бошлиқ қилиб олайлик, сенинг изнингсиз бирор иш қилмайлик. Агар у билан подшоҳликни хоҳлаётган бўлсанг, сени ўзимизга подшоҳ қилиб олайлик. Агар сенга келаётган бу нарса бирор жин ёки шарпа бўлса, уни қайтара олмаётган бўлсанг, табибларни олиб келайлик. Токи тузалиб кетгунингча, молу дунёмизни сарф қилайлик. Кўпинча одамга шундай нарса келса, даволанса, тузалиб кетади». Утба гапини тамом қилгунча қулоқ солиб турган Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абул Валид, гапириб бўлдингми?» дедилар. «Ҳа», деди Утба. «Энди мендан эшитгин», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. «Қулоғим сенда», деди Утба. Шунда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа-а. Мийм», деб Фуссилат сурасини тиловат қилиб кетдилар. Сажда оятини ўқиб, сажда қилдилар. Сўнгра: «Эй Абул Валид, эшитган нарсангни эшитдинг. Энди ўзинг биласан», дедилар. Утба ўрнидан туриб шериклари томон юрди. Улар бир-бирларига: «Аллоҳга қасамки, Абул Валид олдимиздан кетгандаги юзидан бошқа юз билан келмоқда», дедилар. У олдиларига келиб ўтиргач: «Эй Абул Валид, нима гап олиб келдинг?» дедилар. «Аллоҳга қасамки, мен ундан ҳеч эшитмаган гапни эшитдим. Аллоҳга қасамки, у сеҳр эмас, шеър ҳам эмас, фолбинлик ҳам эмас. Эй Қурайш жамоаси, менга итоат қилинглар. У одамни ўз иши билан қўйиб қўйинглар. Ундан четланинглар. Аллоҳга қасамки, унинг мен эшитган сўзига қараганда улуғ хабари бўлади. Агар бошқа араблар уни даф қилсалар, бошқалар сизни қутқарган бўлади. Агар у араблардан устун келса, унинг мулки сизнинг мулкингиз бўлади. Унинг иззати сизнинг иззатингиз бўлади. Энг саодатли одамлар бўласиз», деди. Улар: «Эй Абул Валид, сени у ўз тили билан сеҳрлаб қўйибди», дедилар. Утба: «Бу менинг фикрим, ўзингиз билганингизни қилинг», деди. Кофирлар яна мусулмонларга қарши ўз душманликларини авж олдиришга ружу қўйдилар.