5 рабиъус сони 1446
Қамал

Сийрат илми олимлари таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишганлар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у Зотнинг уруғлари: бани Ҳошим ва бани Муттолибдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни рози бўлган ҳолда ўзларига топширишни талаб қилганлар. Бани Ҳошим ва бани Муттолиб бу талабга рад жавоб берганлар. Ана шундан кейин мушриклар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга ҳамда бани Ҳошим ва бани Муттолибга тазйиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилганлар. Улар билан олди-сотди қилмаслик, сулҳ тузмаслик, қиз олиб-қиз бермаслик, улар билан бирор алоқа қилмасликка аҳдлашганлар. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни ёзма равишда қилишган ва ёзувни Каъбаи Муаззаманинг ичига осиб қўйишган. Бу ишнинг бошланиши пайғамбарликнинг еттинчи йили Муҳаррам ойида бўлган. Қурайш қамал ва алоқа узишни шу тариқа эълон қилганидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам, мусулмонлар ҳамда бани Ҳошим ва бани Муттолиб уруғлари аъзолари бани Муттолиб дарасида қамалда қолганлар. Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлдилар. Маккага савдо карвони келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун қути лаа ямут олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга бирор нарса сотмас эди. Абу Жаҳл ва унга ўхшашлар савдогарларга, баҳони оширинглар, мусулмонлар бирор нарса сотиб олмасинлар, дер эдилар. Қамалдагилар дарахтларнинг илдизи ва баргини ейишга мажбур бўлар эдилар. Шу тариқа кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтиб бораверди. Қамалдагиларнинг аҳволи борган сари оғирлашарди. Қурайшликларнинг эса тазйиқи ортиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар Исломга даъватни кучайтирар эдилар. Мана, қамал ўзининг учинчи йилига кирди. Аҳвол ўша-ўша. Ҳеч бир енгилликнинг дараги йўқ. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга Қурайшнинг аҳдномаси зулм ва жабрдан иборат бўлгани учун Аллоҳ таоло уни қуртга егизиб юборгани хабарини бердилар. Шунда Абу Толиб у Зотга қараб: «Бунинг хабарини сенга Роббинг бердими?» деди. «Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу гапни эшитгандан сўнг Абу Толиб қавмидан бир гуруҳ одамларни олиб қурайшликлар олдига борди. Уларга ўзини худди шартларга рози бўлгандек қилиб кўрсатиб аҳдномани олиб келишларини сўради. Улар аҳдномани Каъбаи муаззаманинг ичидан олиб келишди. Аҳднома ўроғлик ҳолида турар эди. Абу Толиб тўпланганларга қараб: «Менинг жияним хабар бердики, у менга ҳеч ёлғон гапирган эмас, Аллоҳ таоло сизларнинг саҳифангизга қуртни мусаллат қилибди. У аҳдномадаги жавр ва қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги барча нарсани еб битирибди. Агар гап у айтаётгандек бўлса, кўзингизни очинглар ва ёмон ниятингиздан қайтинглар. Аллоҳга қасамки, биз ҳаммамиз ўлиб кетсак ҳам, уни сизларга топширмаймиз. Агар айтаётгани ботил бўлса, биз ўз соҳибимизни сизга топширамиз, уни нима қилсангиз, ўзингизнинг ишингиз», деди. «Сен айтган гапга розимиз», дедилар улар. Аҳдномани очдилар. Унда «Бисмикаллоҳумма» дегандан бошқа нарса қолмай қурт еб қўйган эди. Содиқул масдуқ бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидек чиқди. Аммо қурайшликлар Абу Толибга бу жиянингнинг сеҳри, дедилар-да, душманликларини яна ҳам зиёда қилдилар. Кофирларнинг ичида ҳам баъзи инсофлилар ўзларича бу ноҳақликни ёмон кўра бошладилар. Биринчи бўлиб Ҳишом ибн Амр ибн Робиъа қамални қоралаб гапира бошлади. У ўз қавмида обрўга эга одам эди. Аста-секин баъзи бир мурувватли, инсофли кишиларга бўлаётган ишнинг адолатсиз эканлигини, одамгарчиликка тўғри келмаслигини тушунтира бошлади. Унинг фикрига Зуҳайр ибн Умайя, ал-Мутъам ибн Адий, Абул Бухтирий ибн Ҳишом ва Замъа ибн ал-Асвадлар бирин-кетин қўшилдилар. Улар беш киши бўлганларидан кейин ўзаро келишиб, шартномани бузишга аҳдлашдилар. Бу ишни биринчи бўлиб очиқ эълон қилган одам Зуҳайр ибн Умайя бўлди. У ўзаро аҳдномани бузишга келишилган куннинг эртасига одамлар тўпланиб турган жойга борди-да: «Эй Макка аҳли! Бани Ҳошимлар ҳалокатга учраб турсалар ҳам, ўзимиз еб-ичиб, кийим кийиб юраверамизми!? Уларга бир нарса сотилмай, улардан бир нарса сотиб олинмай турилаверадими!? Аллоҳга қасамки, ушбу золимона аҳднома йиртиб ташланмагунча ўтирмайман!» деди. Абу Жаҳл гапга аралашган эди, фойда бермади. Шунда Мутъам ибн Адий ўрнидан туриб бориб аҳдномани олди ва йиртиб ташлади. Шу билан уч йил давом этган золим қамал охирига етди. Уламоларимиз қамал ҳодисаси, Ҳабашистон ҳижрати, ҳазрати Умарнинг Исломга киришлари каби ишларнинг қайси бири олдин бўлгани ҳақида кўпгина баҳслар юритганлар.

19:38 / 11.04.2012
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...