9 рабиъус сони 1446
Ҳазрати Умарнинг Исломга кириши

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар қилиб юборилишларининг олтинчи йили эди. Мусулмонларга қарши кофирларнинг зулми авжига чиқиб борар эди. Мушриклар мусулмонларга озор беришда, Исломга душманлик қилишда бир-бирлари билан мусобақалашар эдилар. Янги динга ва унга кирган одамларга қилинган душманлик савиясига қараб кофир кишининг обрўси ўлчанар эди. Шунинг учун ҳам кофирлар мусулмонларга қарши бировнинг етти ухлаб тушига кирмаган анвойи азоблар ва озорларни ўйлаб топишар эдилар. Кофирларнинг ичида бу ишда ўзига яраша ном чиқариб, шуҳрат топганлари ҳам бор эди. Ана ўша «қаҳрамонлар»нинг энг кўзга кўринганларидан бири Умар ибн Хаттоб номли мушрик эди. У ўзининг турли шаддодликлари, мусулмонларга ва Исломга қарши қилган душманликлари билан эл ичида танилди. У ўзининг ҳар бир нобакорлигидан кейин кофирларнинг олқишига сазовор бўлар ва уларнинг ичида обрўси янада ошар эди. Бу ҳол унинг Исломга ва мусулмонларга қарши душманлик ишида кучига куч, ғайратига ғайрат қўшар эди. Умар бундоқ ҳолатлардан кейин ҳовлиқиб янада ашаддийлашиб кетар эди. Охир-оқибат  у Расулуллоҳни ўлдиришга ҳам қасд қилди. Бир куни Умар ибн Хаттоб қиличини яланғочлаб, Расулуллоҳни ўлдирмоқни қасд қилиб, у Зотни излаб топиш учун отланди. Ибн Саъд, Абу Яъло, ал-Ҳоким ва Байҳақийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бир куни Умар қиличини яланғочлаб чиқди. Унга йўлда бани Зуҳралик бир киши учраб қолди. У: «Қаерга кетаяпсан, Эй Умар?» деб сўради. «Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман», деди Умар. «Муҳаммадни ўлдирсанг, бани Ҳошим ва бани Зуҳрадан қандоқ эмин бўласан?» деди ҳалиги одам. «Сен ҳам диндан чиққанга ўхшайсан!» деди Умар. «Сенга ажиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!» Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаббоб ибн Арт бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уй ичига беркиниб олди. Умар кирди ва: «Бу висир-висир нима?!» деди. Улар, «Тоҳо»ни қироат қилаётган эдилар. Иккиси: «Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ», дедилар. «Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?!» деди у. Шунда куёви унга, «Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса», дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, босиб олиб ура бошлади. Синглиси уни ўз эридан нари қилиш учун келди. У синглисини уриб юзини қонга белади. Ғазабланган сингил: «Агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса, мен: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу!» дейман», деди. Шунда Умар: «Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи», деди. У ўқишни билар эди. Синглиси: «Сен нажассан. Буни фақат покланганларгина ушлайдилар. Тур, ғусл ёки таҳорат қилиб кел», деди. У туриб таҳорат қилиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У Тоҳо сурасини: «Албатта, Мен Ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт»гача ўқиди ва: «Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар», деди. Умарнинг гапини эшитиб Хаббоб беркинган жойидан чиқиб: «Эй Умар, хурсанд бўл, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайшанба кечаси «Эй бор Худоё! Исломни Умар ибн Хаттоб ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин» деб қилган дуолари сенинг хақингда бўлишини орзу қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига юриб борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Толҳа ва бошқалар туришган эди. Ҳамза: «Ана Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади», деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. У Зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У Зот чиқиб Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқаси ва қиличбоғидан тортиб туриб: «Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!» дедилар. Умар: «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака Абдуллоҳи ва Расулуҳу!» деди». Ана шу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозларининг борича «Аллоҳу акбар!» деб бутун Маккани бошларига кўтариб такбир айтдилар. Умар: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?» деди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳақдамиз», дедилар. «Ундоқ бўлса, нимага беркинамиз?!» деди Умар. Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб очиқчасига Байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошлаб борар эди. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб ичларидан зил кетар эдилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга «Форуқ» лақабини бердилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига олтинчи йил, Зулҳижжа ойи эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшлари эса йигирма олтида эди. Бундан уч кун аввал Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломга келган эдилар. Ибн Исҳоқ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар розияллоҳу анҳу Исломга келганида: «Қурайшда ким энг кўп гап ташувчи?» деди. Унга: «Жамил ибн Муъаммар ал-Жаҳмий», дейилди. У эрталаб унинг олдига борди. Мен ҳам, нима қилар экан, кўраман, деб изидан эргашиб бордим. Кўрганимни эслаб қоладиган болача эдим. Умар унинг олдига бориб: «Эй Жамил, билдингми, мен мусулмон бўлдим! Муҳаммаднинг динига кирдим!» деди. Аллоҳга қасамки, у индамасдан туриб кийимини судраб юриб кетди. Умар унинг ортидан эргашди. Мен унинг ортидан эргашдим. У масжиднинг эшигида туриб баланд овоз ила: «Эй Қурайш жамоаси! (Улар Каъба атрофидаги мажлисларида ўтиришган эди) Огоҳ бўлинглар! Ибн Хаттоб диндан чиқибди!» деди. Умар унинг ортидан: «Ёлғон айтди! Мен мусулмон бўлдим! Лаа илаҳа илаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳи, деб шаҳодат келтирдим!» деди. Шу кундан бошлаб, мусулмонларга бўлаётган азоб, уқубатлар сезиларли даражада камайди. Толҳа ибн Убайдуллоҳ айтадилар: «Умар Исломга кирганидан кейин мушрикларнинг зулмидан анча холос бўлдик». Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Умар ибн Хаттобнинг Исломга киришлари ғалаба бўлса, ҳижрат қилишлари ёрдам, халифа бўлишлари эса раҳмат эди».

01:51 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...