РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ШАКЛУ ШАМОЙИЛЛАРИ
Ташқи кўринишлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломга ўхшайдилар. Узоқдан қараганда ғоят келишган ва кўркам, яқиндан кўрганда ғоят гўзал ва ёқимли. Ҳуснлари: кўркам юзли, ойдек, балки ойдан ҳам чиройли, порлаб турган қуёшдек, гўё қуёш у кишининг юзларида юргандек. Бўйлари: узун ҳам, паст ҳам эмас, балки ўрта бўйдан бир оз баландроқ. Жуссалари: ўртача, хушбичим, қадди-қоматлари келишган. Елкалари: кенг. Ранглари: тиниқ, оққа мойил буғдойранг. Юзлари: ўртача – юм-юмалоқ ҳам эмас, чўзинчоқ ҳам эмас, бир оз юмалоққа мойил, бироқ гўштдор эмас. Чеҳралари: нурли, жиддий ва табассумли. Қовоқ солувчи эмас. Хурсанд бўлсалар, юзлари янада ёришиб кетар, юзларидан нур ёғилар эди. Ғазаблансалар, гўё ёноқларига анор сиқиб қўйилгандек, юзлари қизариб кетар эди. Кўзлари: сурма тортилгандек чиройли, кўз қорачиқлари тим қора, оқи тиниқ оқ, баъзан оқида бир оз қизиллик пайдо бўлар эди. Қошлари: ингичка ва ёйсимон бўлиб, бир-бирига туташмаган эди. Киприклари: узун. Пешоналари: кенг. Ёноқлари: текис. Бурунлари: нозик ва ўртачадан сал узунроқ. Қовоқлари: четлари эгикроқ. Бошлари: ўртачадан каттароқ. Оғизлари: ўртачадан кенг ва каттароқ (араблар бундай сифатни мақташади, буни фасоҳату балоғатга йўйишади). Тишлари: чиройли бўлиб, гапирган пайтларида тишлари орасидан нур таралаётгандек бўларди. Бўйинлари: ўртачадан салгина узун, кумушдек соф. Баданлари: кўкракларидан қоринларигача майин тук билан энсиз ҳолда қопланган. Кўкрак ва қоринларида бошқа жунлари бўлмаган, аммо елка ва билакларида бир оз бўлган. Кўкраклари: кенг. Қоринлари: кўкраклари билан бир текис. Ҳидлари: мушку анбардан ҳам хушбўйроқ, ҳатто бир йўлдан юриб ўтган бўлсалар, кейин шу йўлдан юрган одам хушбўй ҳидларидан у зотнинг бу ердан ўтганларини билиб олган. Сочлари: жингалак ҳам, силлиқ ҳам эмас, балки жингалаклик ва силлиқлик ўртасида бўлиб, қулоқлари ўртасига, баъзан юмшоғига ва баъзан пастига тушиб турган. Сочларининг ранги қоп-қора бўлган, бошларининг ўртасидан фарқ очиб юрганлар. Умрларининг охирида икки чаккаларидаги сочларига бир оз оқ тушган. Соқоллари: бир кафт, яъни бир сиқимдан узунроқ, қалин ва қора. Умрларининг охирида пастки лаблари остидаги соқолларида озгина оқ толалар пайдо бўлган, аммо соч-соқолларидаги оқ туклар сони йигирматага ҳам бормаган. Қўллари: мулойим, кафтлари тўла, гўштдор, яъни у зот билан қўл бериб кўришган одамнинг кафти тўлар эди. Билаклари: кафтга яқин қисми узун, залворли. Оёқлари: оёқ кафтлари ўртача, болдирлари залворли. Юришлари: салобатли, залворли, қияликдан тушиб келаётгандек зарб билан, шаҳдам қадам ташлаб, енгил, илдам ва хотиржам юрардилар. Бўғин суяклари: йўғон, бақувват. Терлари: маржондек. Уйқулари: кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламасди.