5 рабиъус сони 1446
Пайғамбарлик даврларининг босқичлари

Макка даври уч босқичга бўлинади: 1) Фатратул ваҳий ва махфий даъват босқичи – қарийб 3 йил давом этган (ҳижратдан аввалги 13 йил, нубувватнинг 1 йили Рамазон ойи / мил. 610 йил августдан бошланиб, ҳижратдан аввалги 10 йил, нубувватнинг 4 йили / мил. 613 йилда тугайди); 2) Ислом динига ошкора даъват қилиш босқичи – 6 йилдан кўпроқ давом этган (ҳижратдан аввалги 10 йил, нубувватнинг 4 йили / мил. 613 йилдан бошланиб, ҳижратдан аввалги 4 йил, нубувватнинг 10 йили шаввол ойи / мил. 619 йил май-июнда тугайди); 3) Ислом даъватининг Макка ташқарисига ёйилиш босқичи – 3 йилу 4 ой давом этган (ҳижратдан аввалги 4 йил, нубувватнинг 10 йили шаввол ойи / мил. 619 йил май-июнда бошланиб, нубувватнинг 14 йили сафар ойи охири / мил. 622 йил сентябрда Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилишлари билан тугайди). Мадина даври ҳам уч босқичга бўлинади: 1) Ислом жамиятига асос солиш, уни мустаҳкамлаш ва ҳимоя қилиш босқичи – 5 йилу 9 ой давом этган (ҳижрий биринчи йил 1 рабиъул аввал, душанба тонги / мил. 622 йил 12 сентябрда бошланиб, ҳижрий 6 йил зулқаъда ойи / мил. 628 йил март-апрелда бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи билан тугайди); 2) Қурайш қабиласи билан сулҳга келишиш, подшоҳ ва амирларга даъват мактубларини юбориш ҳамда катта фитналарни бостириш босқичи – бир йилу 10 ой давом этган (ҳижрий 6 йил зулқаъда ойи / мил. 628 йил март-апрелда бўлиб ўтган Ҳудайбийя сулҳи билан бошланиб, ҳижрий 8 йил 17 Рамазон / мил. 630 йил 7 январда бўлиб ўтган Макка фатҳи билан тугайди); 3) Турли ўлка ва қабилаларнинг элчи-вакилларини кутиб олиш, одамларнинг Ислом динига тўп-тўп бўлиб киришлари ва оммавий ҳаж қилиш босқичи – 2 ярим йил давом этган (ҳижрий 8 йил 17 Рамазон / мил. 630 йил 7 январда бўлиб ўтган Макка фатҳи билан бошланиб, 11 йил 12 рабиъул аввал / мил. 632 йил 6 июнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотлари билан тугайди). Исро ва Меърожлари: «Исро» Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кечанинг бир қисмида Маккадаги Масжидул Ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога сайр қилдиришидир. «Меърож» эса Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуддуси шарифдан юқорига, яъни Ўзининг Ҳузурига кўтаришидир. Исро ва Меърож ҳодисасининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларидан кейин, Макка даврида, ҳижратдан бир йил олдин, пайғамбарликнинг 13 йили, рабиъул аввал ойи, душанба куни, 52 ёшга тўлганларида / мил. 621 йилнинг октябрида, Ислом даъвати қувғин билан муваффақият ўртасида турган бир пайтда, уйғоқ ҳолларида, руҳ ва таналари билан, Жаброил фаришта ҳамроҳлигида, Буроқ номли мўъжизавий уловда, кечанинг бир бўлагида, бир марта содир бўлганини жумҳур уламолар айтишган. Маълумки, Меърож мўъжизаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа ҳеч бир Пайғамбарга берилмаган! Ҳижрат қилган ерлари: Мадинаи Мунаввара (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижратлари пайғамбарликнинг 14 йили, рабиъул аввал ойининг бошида, у Зот қамарий ҳисобда роса 53 ёшга тўлганларида / мил. 622 йилнинг сентябрь ўрталарида бўлганига барча уламолар иттифоқ қилишган. Масжидлари: Мадинаи Мунавварадаги Масжидун набавий. Қиблалари: Каъбатуллоҳ. Мўъжизалари: энг буюги ва энг машҳури Қуръони каримдир (уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони каримдан бошқа мўъжизаларининг мингтадан кам эмаслигига иттифоқ қилишган.[1] Ғазотлари:[2] 28 та (Ҳудайбийя сулҳи ва қазо умра сафарларини қўшиб ҳисоблаганда). Ғазотларнинг 9 тасида жанг бўлган, холос. Сарийялари:[3] 38 та (иттифоқ қилинган маълумотга кўра). Муҳр узуклари: подшоҳ ва амирларга юборилган даъват мактублари каби ҳужжатларга босилган. Муҳр узукларига масъул саҳоба: Муъайқиб ибн Абу Фотима Давсий розияллоҳу анҳу (ҳижрий 40 йил / мил. 660-661 йилда вафот этган). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳум даврларида масъул бўлган. Даъват мактублари юборилган подшоҳ ва амирлар: (Ҳижрий 6 йил, зулҳижжа ойининг охири ёки 7 йил, муҳаррам ойининг боши / мил. 628 йил май)

  1. Нажоший – Ҳабашистон подшоҳи Адҳама ибн Абжар раҳматуллоҳи алайҳ;
  2. Муқавқис – Миср ва Искандарийя подшоҳи Журайж ибн Мийно Қибтий;
  3. Кисро – Форс подшоҳи Абравез ибн Ҳурмуз ибн Анушервон;
  4. Қайсар – Рум подшоҳи Ҳирақл;
  5. Баҳрайн ҳокими Мунзир ибн Совий;
  6. Ямома ҳокими Ҳавза ибн Али;
  7. Дамашқ ҳокими Ҳорис ибн Абу Шамир Ғассоний;
  8. Умон подшоҳи Жайфар ибн Жуландий ва унинг укаси Абд ибн Жуландий.[4]

Элчи-вакиллар: 70 дан ортиқ турли қабила ва юртлардан элчи-вакиллар, асосан, Макка фатҳидан кейин Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кела бошлашган. Уларнинг кўпчилиги ҳижрий 9 ва 10 йиллар / мил. 630 йил апрель ва 632 йил март орасида, айниқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган охирги ғазот – Табук ғазоти(ҳижрий 9 йил, жумодул аввал ойи / мил. 630 йил август-сентябрь)дан кейин келишган. Вафот этган ерлари: Мадинаи Мунаввара, Масжидун набавийнинг шарқий деворига туташ, Ҳужраи саодат. Вафот этган саналари: ҳижрий 11 йил, 12 рабиъул аввал,[5] душанба куни, зуҳо-чошгоҳ маҳали / мил. 632 йил 6 июнь. Дафн қилинган кунлари: ҳижрий 11 йил, рабиъул аввал ойининг 13 дан 14 га (яъни сешанбадан чоршанбага) ўтар кечаси / мил. 632 йил 7-8 июнь. Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кун – душанба куни пешиндан сешанба тонги-бомдодигача муҳожир ва ансорлар томонидан халифалик (ўринбосарлик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишини давом эттириш) масаласи Мадинаи Мунавварадаги Бани Соъида уруғининг шийпонида ҳал қилинди. Сешанба куни эрталаб Аббос ибн Абдулмутталиб, Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос, Қусам ибн Аббос, Усома ибн Зайд, Авс ибн Хавло ва Шуқрон розияллоҳу анҳумлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини кўйлаклари устидан ювдилар ва пахтадан бўлган учта оппоқ яманий матога қаватма-қават қилиб кафанладилар. Сешанба куни чошгоҳ вақтидан то чоршанбага ўтар кечаси одамлар ҳужрага жамоат-жамоат, ўнта-ўнта бўлиб кириб, ҳар ким ўзи танҳо, имомга эргашмаган ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга жаноза ўқидилар, аввал у Зотнинг аҳли-оила ва қариндош-уруғлари, сўнг муҳожирлар, сўнг ансорлар, сўнг ёш болалар, сўнг аёллар кириб намоз ўқидилар.  Қиёматдаги байроқлари: Ливоул ҳамд (мақтов байроғи). Шафоат қиладиган мақомлари: Мақоми маҳмуд. Охиратдаги ҳаётлари: жаннатга биринчи бўлиб кирадилар. Амакилари:

  1. Ҳорис ибн Абдулмутталиб (онаси Сафийя бинти Жундуб);
  2. Зубайр ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
  3. Абу Толиб (исми Абдуманоф) ибн Абдулмутталиб (онаси Фотима бинти Амр);
  4. Абу Лаҳаб (исми Абдулуззо) ибн Абдулмутталиб (онаси Лубно бинти Ҳожир);
  5. Ғайдоқ (ёки Ҳажл) ибн Абдулмутталиб (онаси Муманнаъа бинти Амр);
  6. Муқаввим (ёки Абдулкаъба) ибн Абдулмутталиб (онаси Ҳола бинти Вуҳайб);
  7. Зирор ибн Абдулмутталиб (онаси Нутайла бинти Жаноб);
  8. Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Ҳола бинти Вуҳайб);
  9. Аббос[6] ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (онаси Нутайла бинти Жаноб).

Изоҳ: Барча уламолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг тўққизтасига иттифоқ бўлган ҳолларида, баъзилари: «Ўнта бўлган, ўнинчиси Қусамдир», деса, айримлари: «Ўн иккита бўлган, ўн биринчиси Абдулкаъба ва ўн иккинчиси Ҳажлдир», дейишади. Лекин муҳаққиқ уламолар: «Абдулкаъба билан Муқаввим битта одам, Ҳажл билан Ғайдоқ ҳам бир одамдир ва Қусам исмли амакиларининг бўлгани собит эмас», дейдилар.[7] Дарвоқе, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қусам исмли амакиваччалари бўлган – Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳумо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларидан фақат тўрт нафари – Абу Толиб, Абу Лаҳаб, Ҳамза розияллоҳу анҳу ва Аббос розияллоҳу анҳулар Ислом келган даврда яшашган ва икки нафари – Ҳамза билан Аббос розияллоҳу анҳумо мусулмон бўлишган, холос. [1] Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ 1200 та деган (Саҳиҳи Муслим шарҳининг муқаддимаси), Аҳмад ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ 3000 та деган қавлни ҳам зикр қилган (Фатҳул Борий, 6/583). [2] Ғазот – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кибор саҳобалардан бирини ўринбосар қилиб қолдирганларидан сўнг ўзлари ҳарбий қўшинга бош бўлиб, бирор ерга бир мақсад билан боришлари (унда жанг бўлган‑бўлмаганлигидан қатъи назар). [3] Сарийя – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор мақсадни кўзлаб, бир саҳоба бошчилигида юборган махфий жанговар гуруҳ (унда жанг бўлган‑бўлмаганлигидан қатъи назар). [4] Уммон подшоҳига мактуб Макка фатҳидан кейин юборилган, деган мулоҳаза ҳам бор. [5] Жумҳур уламоларнинг қавлларига кўра. [6] Аббосий халифаларнинг катта боболари. [7] Ибн Ҳишом, «Ас-сийратун набавийя» (1/108); Ҳофиз Қасталоний, «Ал-мавоҳибул ладунийя бил-минаҳил Муҳаммадийя» (1/513); Муҳаммад ибн Юсуф Солиҳий Шомий, «Субулул ҳудо вар-рашод фи сийрати хойрил ибод» (11/82); Ибн Асийр Жазарий, «Жомиъул усул фи аҳодийсир Расул» (12/109); Сафийюрраҳмон Муборакфурий, «Ар-раҳийқул махтум» (58); «Фатовош шабакатил исломийя» (№ 28608); Ҳусайн ибн Муҳаммад Диёрбакрий, «Тарихул хамийс фи аҳволи анфасин нафийс»; Абдулмалик ибн Ҳусайн Исомий Маккий, «Симтун нужумил аволий фи анбоил авоили ват-таволий».

05:21 / 27.06.2020
Кейинги мақола
Бағишлов
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...