21 жумадис сони
1446
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқ-одоблари
Овозлари: бир оз майин, айни вақтда виқорли.
Сўзлашлари: аниқ ва тиниқ, ҳарф ва сўзлари дона-дона, равон, ўта ёқимли ва таъсирли, такаллуфсиз, лўнда ва қисқа, сермазмун ва пурмаъно, ўта фасоҳатли ва балоғатли, бошқаларнинг сўзлашларидан яққол ажраб туради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғизларини яхши очиб гапирардилар, оғиз чеккаси билан гапирмасдилар. У Зот сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сўзлашларининг гўзаллигига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Сўз ва иборалари худди ипга терилган маржондек. Таъблари етук, ҳикматга бой. У Зотга сермазмун ва пурмаъно сўзлаш хусусияти берилган эди. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳли билан уларнинг лаҳжасида сўзлашардилар. У Зотда бадавийларга хос сўзамоллик чиройли гапиришда ҳам, шаҳарликларга хос бўлган аниқ ва равон иборалар қўллашда ҳам ўз ифодасини топган эди. Бу борада, албатта, илоҳий мададга ҳам эга эдилар. Ҳар қандай ўринда керагича сўзлардилар, ортиқчаси бўлмас эди. Кўп сукут сақлардилар. Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у Зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Беҳуда ва миш-миш гаплар, деди-дедиларга яқин келмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошлаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида ҳатто пашша учса билинадиган даражада сукунат ҳукм сурар эди.
Сукутлари: виқорли ва узоқ.
Нигоҳлари: маъноли, ўткир. Ўгирилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан бурилар эдилар.
Ўтиришлари: йиғиштириниб, виқор билан, сокин ўтирардилар. Кўпинча жим ўтирар, зарурат туғилгандагина сўзлардилар, ноўрин гапирган одамдан юз бурардилар.
Кулишлари: кулгилари табассумдан иборат бўлиб, кулганларида тишлари маржондек бўлиб кўринар эди. Баъзан ўта хурсанд бўлиб кулганларида кўзларини юмиб олардилар.
Шижоатлари: беқиёс ва сўнмас эди. У Зот башарият тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар. Рақибини доимо ер тишлатган манаман деган полвонларни ҳам доғда қолдирганлар. Жанг майдонида бошқалар у Зотнинг шижоатларидан қувват олар эди. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар.
Саховатлари: ниҳоятда қўллари очиқ, саховат ва жўмардликда тенгсиз, энг сахий инсон эдилар, фақирликдан қўрқмас эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар, саҳобаларнинг таъбири билан айтганда, саховатда шамолдек бўлиб кетардилар. У Зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ, демаганлар. Топсалар бериб, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар.
Муомалалари: мулойим, ўта самимий, очиқ ва гўзал эди. У Зот энг муомаласи осон киши бўлганлар. У Зотни дастлаб кўрган киши ҳайбатларидан ўзини йўқотиб қўяр, яқиндан танигач, у Зотни яхши кўриб қолар эди. Ҳеч қачон бировни камситмаганлар. Ҳар бир суҳбатдошга алоҳида аҳамият билан қарар эдилар, шунинг учун уларнинг ҳар бири ўзини у Зотга бошқалардан кўра яқинроқ ҳис этар эди. Қўл бериб кўришганларида қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас, суҳбатдошлари гапини тугатиб, ўз ихтиёри билан туриб кетмагунча суҳбатни бўлмасдан, сабр қилиб турар эдилар. Одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг оддий, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилмас, ҳаёсиз сўзларни сўзламас, бозорларда шовқин қилмас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборар эдилар. Ҳаммага бирдек бағрикенглик билан муомала қилар, одамлар учун меҳрибон ота бўлиб қолган эдилар.
Сабрлари: у Зотдек сабр-бардошли инсонни дунё бошқа кўрмаган. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи у Зотга сабрлилик, чидамлилик, ҳалимлик ва кечиримлилик хислатларини инъом этган эди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай азиятни, мусибатни бардош билан қарши олардилар. Озор кучайган сари у Зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борар, жоҳилларнинг жаҳолати кучайган сари у Зотнинг матонатлари ортиб борар эди.
Қасос олишлари: ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳнинг шариати поймол этилгандагина керакли чораларни кўрганлар.
Ғазаблари: у Зот табиатан ғазабдан йироқ, розиликка мойил эдилар. Ғазаблансалар, фақат Аллоҳ учун ғазабланар, розиликлари ҳам Аллоҳнинг розилигига тобе эди. Ноҳақликка қарши шундай қаттиқ ғазаб қилардиларки, то ҳақ қоим бўлмагунича ғазаблари тушмас эди. Ғазабланганлари юзларидан билинар эди, баъзан қўлларини силтаб қўяр эдилар.
Ҳаёлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта ҳаёли эдилар. Ҳаёлари парданишин қизлардан ҳам кучли эди. Бировга тик боқмас, тикилиб турмас эдилар. Бирон нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинарди. Ҳаё қилганларидан, ҳеч кимга у ёқтирмайдиган сўз билан мурожаат қилмасдилар. Бирортасини танқид қилишга тўғри келиб қолса, унинг номини айтмасдан: «Одамларга нима бўлдики, бундай қилишяпти?!» дердилар.
Омонатдорликлари: у Зот ёшликлариданоқ «Амин» (омонатли, ишончли) деб ном олгандилар. Пайғамбар бўлганларидан кейин буни душманлари ҳам эътироф этишга мажбур бўлган.
Адолатлари: қиличдан ҳам кескир ва тўғри эди. Адолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий хислатларидан бири эди. Бу ҳақиқатни у Зотнинг душманлари ҳам тан олишар, ҳатто баъзан у Зотни ўз ўрталарида ҳакамликка танлашар эди. У Зот асҳобларини бирдек яқин олар, уларни ажратмас эдилар. Ҳақдан бошқа тарафга қилча ҳам бурилмасдилар.
Тавозеълари: у Зот ғоят тавозеъли, кибрдан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларнинг ўринларидан туришларини ёқтирмас, асҳобларини бундан қайтарар эдилар. Фақиру мискинларнинг ҳолидан хабар олар, меҳмонга чақиришса, таклифни қабул қилар эдилар. Ўзларини эл қатори тутардилар. Илк бор кўрган киши у Зотни асҳобларидан ажрата олмас эди. Ўзларига хизмат қилган кишига хизмат қилар, ходимларига ҳеч қачон «уфф» демас ва бирон ноўрин ишни қилгани ёки керакли ишни қилмагани учун койиб, уришмас эдилар. Мискинларни яхши кўрар, улар билан суҳбатлашиб ўтирар, жанозаларида иштирок этар эдилар. Камбағални камбағаллиги учун камситмас эдилар. Асҳобларини йўқлаб, одамларнинг аҳволини сўраб-суриштириб турардилар. Айрим ҳолларда пойабзалларини ўзлари ямар, кийимларининг йиртилган-сўкилган жойини ўзлари тикар, ўзлари тозалар, қўй-эчкиларини соғар, ўз юмушларини ўзлари бажарар эдилар.
Вафодорликлари: у Зот энг вафодор, яхшилик қилган кишига ортиғи билан яхшилигини қайтарувчи инсон эдилар. Умрлари давомида бирор марта бўлса ҳам аҳдга вафо қилмаганлари ёки ваъдага хилоф қилганлари маълум эмас.
Шукрлари: озгина неъматни ҳам кўп санардилар, бирон нарсани камситмас, таомни айбламас эдилар.
Ҳушёрликлари: у Зот дўстнинг дўстона муносабатини ҳам, душманнинг режасини ҳам дарҳол пайқар ва керакли жавобни ҳозирлар эдилар. Яхшиликни яхши санар ва унга рағбатлантирар, ёмонликни ёмон санаб, унинг пайини қирқишга ҳаракат қилар эдилар. Ишлари мўътадил, ихтилофдан узоқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушишидан ёки малолланиб қолишидан ташвиш қилиб, доим ҳушёр турардилар. Ҳар қандай ҳолат учун тайёргарликлари бор эди.
Мажлислари: у Зот учун ҳамма одам ҳақ олдида баробар бўлиб, фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал бўла оларди. Мажлислари тақво, ҳилм, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси бўлиб, унда овозлар кўтарилмас, ҳеч ким камситилмас, саҳобалар бир-бирларига меҳр кўрсатишар, каттани ҳурмат қилиб, кичикка раҳм этишар, ҳожатмандга кўмак қўлини чўзишар, ғарибнинг кўнглини овлашар эди.
Хулқ-атворлари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ чеҳра, хушфеъл ва хушмуомала эдилар. Қўпол, тошбағир, бақироқ, оғзи шалоқ, таънакор ва маддоҳ эмасдилар. Кўнгиллари истамаган нарсага рағбат билдирмасдилар. Риёдан, бойликдан ва кераксиз нарсани сўзлашдан холи эдилар. Бировни мазаммат қилмас, уялтирмас, айбини қидирмас эдилар. Фақат савобидан умидвор бўладиган ўринлардагина гапирардилар. Агар сўзласалар, суҳбатдошлари худди бошларига қуш қўниб тургандек қимирламай қулоқ солишарди, у Зот сукут қилиб турганларидагина гапиришар эди. У Зотнинг ҳузурларида низолашмасдилар, бир киши гапириб бўлгунича бошқалари жим қулоқ солишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳоблари кулган нарсадан кулардилар, улар ажабланган нарсадан ажабланардилар, бегона одамнинг қўпол гапларига сабр қилардилар.
Хулоса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон зотида бўлиши мумкин бўлган барча гўзал ва камолот сифатлари билан зийнатланган эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у Зотга одоб берган ва одобларини гўзал қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у Зотни дилларга яқин, қалбларга суюмли инсонга, кўнгиллар талпинадиган йўлбошчига, душманларни дўстга айлантирган, одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришларига сабаб бўлган эди.
Хуллас, у Зотдек инсонни ҳеч ким аввал ҳам, кейин ҳам кўрмаган!
Динлари: Ислом (барча пайғамбарларнинг динлари Исломдир).
Шариатлари: Муҳаммадийя.
Йўллари: сиротул мустақим.
Пайғамбар бўлган саналари: ҳижратдан аввалги 13 йил, Рамазон ойи / мил. 610 йил, август.
Пайғамбар бўлган жойлари: Маккаи Мукаррама, Нур тоғи, Ҳиро ғорчаси.
Нубувватлари: биринчи ваҳий – Алақ (Иқро) сурасининг илк беш ояти нозил бўлганида Набий бўлдилар.
Фатратул ваҳий (биринчи ва иккинчи ваҳий орасидаги узилиш муддати): бир ой атрофида.
Рисолатлари: иккинчи ваҳий – Муддассир сурасининг илк етти ояти нозил бўлганида Расул (Пайғамбар) бўлдилар.
Китоблари: Муқаддас Қуръони карим.
Пайғамбарлик даврлари:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари икки даврга бўлинади:
1) Макка даври – 12 ярим йил давом этган (ҳижратдан аввалги 13 йил, нубувватнинг 1 йили Рамазон ойи / мил. 610 йил августдан бошланиб, нубувватнинг 14 йили сафар ойи охири / мил. 622 йил сентябрида тугаган);
2) Мадина даври – тўлиқ 10 йил давом этган (ҳижрий биринчи йил 1 рабиъул аввал, душанба тонги / мил. 622 йил 12 сентябрдан бошланиб, ҳижрий 11 йил 12 рабиъул аввал / мил. 632 йил 6 июнда тугаган).
19:03 / 03.05.2015
3596
Аввалги мақола
Шаклу шамойиллари
Шамоил
3208
Кейинги мақола
Набий ва Расул бўлган зотга салавот
740
Саловотлар
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар