3 жумадис сони 1446
Қайтиш

Кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом ортларига қайтиб юра бошладилар, ҳамма ҳам қайтди. Қуроъул Ғамим номли жойга етганларида бир оз тўхтадилар, одамлар у Зотнинг атрофларига шошиб кела бошладилар, кўпчилик тўпланиб бўлганидан сўнг уловлари устида ўтирган ҳолларида «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан...» деб Фатҳ сурасининг аввалини ўқидилар. Шунда саҳобалардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу фатҳми?» деб сўради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Ҳа, менинг нафсим қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, бу фатҳдир», дедилар. Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиз ривоят қилган ҳадислардан бирида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сафарлардан бирида Пайғамбар алайҳиссаломдан бир нарсани уч марта сўрадим, у киши жавоб бермадилар, шунда мен ўзимча, онанг ўлсин Умар, сурбетлик қилдинг, бир нарсани Расулуллоҳдан уч марта сўрадинг, сенга жавоб бермадилар, дедим-да, уловимни миниб ниқтаб илгари юриб кетдим. Менинг ҳақимда оят тушиб қолмасайди, деб қўрқиб борар эдим. Бирдан бир киши: «Эй Умар», деб чақириб қолди. Худди мен ҳақимда бирор оят нозил бўлганга ўхшайди деб орқамга қайтдим. Борсам, Расули акрам соллалоҳу алайҳи васаллам: «Бугун менга бир сура тушдики, у мен учун дунё ва ундаги барча нарсалардан кўра суюклироқдир», деб «Инна фатаҳна лака фатҳан мубийнан»ни ўқиб бердилар. Авваллари мушриклар Пайғамбаримизга ва мусулмонларга қарши муросасиз, шафқатсиз уруш олиб борар эдилар. Аммо Ҳудайбия сулҳидан сўнг улар Ислом давлатини сўзсиз тан олдилар. Мусулмонлар эркинлик билан хоҳлаган тарафларига бориб, кишиларни ўз динларига даъват қилиш ҳуқуқига эга бўлдилар. Аллоҳ таоло Ҳудайбия сулҳини «Фатҳ» деб ҳисоблади. Ҳақиқатдан ҳам, у улкан фатҳ эди. Бу сурада Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг икки дунёда кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсани берди. Аввали, охири ва қилган-қилмаган барча гуноҳларини кечирганини эълон қилди. Ғалаба, нусратнинг ҳақиқийси Аллоҳ томонидан бўлди. Бу сурада Аллоҳ мўминларнинг қалбларига тинчликни солиб қўйганининг хабарини берди. Шу билан бирга, уларни ҳеч нарсадан қўрқмасдан Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга чақирди. Кофирлар билан мўминлар орасида музабзаб бўлиб яшовчи мунофиқлар, агар мўминларга нусрат ёр бўлса, сизлар билан бирга эдик, дейишлари, кофирлар ғолиб келишса, аслида сиз билан эдик, мусулмонларнинг йўлини тўсишда бизнинг ҳам ҳиссамиз бор, дейишлари ҳам шу сурада келтирилган. Мунофиқлар аслида қўрқоқ кишилар бўлиб, ҳар нарсадан чўчийверадилар. Улар Пайғамбар алайҳиссалом билан Маккага боришдан ҳам бош тортишди. Уларнинг ҳаммаси қирилиб кетади, деб гап тарқатишди. Аллоҳ уларнинг гумонларини ўзларига қайтарди. Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар Мадинага фатҳга эришган ҳолларида Аллоҳнинг нусрати ила музаффар бўлиб қайтдилар. Шунда мунофиқлар бормаганликларига афсус-надомат эълон қилишган эди, Аллоҳ уларга яна бошқа урушга қатнашишнинг имкони борлигини билдириб, Фатҳ сурасида оятлар туширди. Мўминлар Аллоҳга берган аҳду паймонларига содиқ қолишган эди, Аллоҳ таоло уларнинг бу садоқатларини муносиб тақдирлади. Расули акрам алайҳиссалом билан Ҳудайбияга бир минг тўрт юз киши фақат қинга солинган қилич билан чиқишди. Лекин вақти келиб, душман хавф солиб, уруш эҳтимоли кучайганида, жангга отланишга даъват қилинганида, ҳаммалари бегона юртда, ноқулай ҳолатда, қуроллари кам бўлишига қарамай, Аллоҳ йўлида жон фидо қилишга тайёр эканликларини билдириб, Расулуллоҳ алайҳиссаломга байъат қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларни ёмонликдан сақлаб олди, Ўзининг улардан розилигини эълон қилди ҳамда мусулмонларга ғалабани ёр қилди. Ҳудайбия сулҳи фатҳи мубийн, улкан зафар бўлди. Ушбу сулҳдан кейин Ислом гуркираб кетди. Тинчлик-омонликда бўлган мусулмонлар кишилар билан бемалол муомала асносида уларга ўз динлари таълимотларини баён қилиш имконига эга бўлдилар.

22:23 / 11.04.2012
Аввалги мақола
Доно маслаҳат
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...