Пайғамбар алайҳиссаломнинг динга даъват этишлари диллари такаббурлик ва манманлик иллати билан қорайган Қурайш мушриклари томонидан қаттиқ қаршиликка учради. Расулуллоҳ араб қабилаларининг мавсумий савдо-сотиқ ва фахрланиш мусобақаларини ўтказиш йиғинларида улардан Ислом динини тарқатиш учун ҳимоясига олишларини сўрардилар. Баъзи қабилалар назокат билан, баъзилари зса қўполлик билан рад этишар, лекин ҳеч ким каззоб Мусайлима*нинг бани Ҳанифа жамоасидек қабиҳлик қилган эмас. Омир жамоаси Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтиришни, лекин у кишидан кейин ўзлари ҳаммага бош бўлишни талаб қилишарди. Расулуллоҳ бу Аллоҳнинг измидаги иш эканини, ким етакчи бўлишини унинг ўзи истаган кишига насиб этажагини ётиғи билан тушунтирдилар.
Макка билан Шом орасидаги Ясриб (Мадина) халқи Байтуллоҳни тавоф этгани келиб туришарди. Ясриблик Авс ва Хазраж уруғлари қариндош бўлишса-да, ўрталарида аҳиллик йўқ, муттасил ёвлашиб, уруш-жанжал чиққани-чиққан эди. Улар билан бани Қайнуқо, бани Қурайза, бани Назир каби яҳудий қабилалари бирга яшашарди. Араблар улар билан урушиб, ғалаба қозонишганда мағлубиятга учраган яҳудийлар яқин орада дунёга келадиган Пайғамбар ҳақида сўзлашиб, уларни қўрқитишарди. Арабларнинг орасида ихтилоф туғилиб, аҳиллик йўқолгач, душманлари бўлган яҳудийлар билан иттифоқ тузишди. Авс қабиласи билан бани Қурайза, Хазраж билан бани Назир ҳамда бани Қайнуқо ўрталарида дўстлик шартномалари имзоланди. Буос уруши Авс қабиласи билан Хазраж қабиласи ўртасидаги сўнгги қирғин бўлиб, бу жангу жадалда иккала томон оқсоқолларининг кўпи қирилиб кетди. Хазраж бошлиқларидан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул, Авсдан Роҳиб ибн Омиргина тирик қолишди. Оиша разияллоҳу анҳунинг фикрича, Аллоҳ бу урушни Муҳаммад алайҳиссалом учун келтириб чиқарган. Авс қабиласидагиларнинг кўнглида Хазражга қарши курашда қурайшлар билан бирлашиш фикри туғилди. Улар Иёз ибн Муоз, Абул Ҳайсар Анас ибн Рофиъ билан бирга бир гуруҳ одамни элчи қилиб юборишди. Элчилар Маккага етиб келишганда Расулуллоҳ: «Сизлар ўтиниб келган ишдан кўра фойдалироқ нарсани қабул қилсангиз, ёлғиз Аллоҳга ишонсангиз, унга ширк келтирмасангиз бўлмайдими? Мен Аллоҳ томонидан барча халқларга юборилган Пайғамбарман», дедилар ва Қуръон оятларидан ўқиб бердилар. Иёз ибн Муоз ҳамроҳларига: «Худо ҳақи, чиндан ҳам бу биз истаб келган ишдан кўра яхшироқ экан-ку», деди. Абул Ҳайсар унга тош отиб: «Овозингни ўчир, биз бу ерга Муҳаммаднинг гапини эшитгани эмас, бутунлай бошқа иш билан келганмиз», деди. Иёзнинг дами ичига тушиб кетди, бошқалардан ҳам чурқ этган садо чиқмади.
______________
*Каззоб Мусайлима — дастлаб Исломга кирган, кейин муртад бўлиб пайғамбарлик даъвосини қилган ямомалик кимса.