Биринчи Ақоба байъатидан кейин икки йил ўтгач, ҳаж ибодатига ясрибликлардан жуда кўп одам келди. Уларнинг орасида мушриклари ҳам бор эди. Расулуллоҳ ясрибликларнинг вакиллари билан кўришиб, кечаси Ақобада учрашишга келишдилар; ваъдалашилган пайтда ухлаётганларни уйғотмасликни, вақтида етиб келмаганларни кутмасликни тайинладилар, чунки бу ишлар қурайшлардан пинҳон олиб борилар, агар улар сезиб қолишса, ҳалал беришга, ғалва чиқаришга уринишлари турган гап эди.
Ансорлар ҳаж ибодатини тугатгач, ярим кечаси ўз ораларидаги мушриклардан яширинча ваъдалашилган жойга келишди. Улар етмиш уч киши бўлиб, олтмиш иккитаси Хазраж, ўн бири Авс қабиласидан эди. Буларнинг орасида икки аёл киши — Нажжор жамоасидан Каъбнинг қизи Нусайба, Салама жамоасидан Амрнинг қизи Асмо ҳам бор эди. Расулуллоҳ ансорлар билан айтилган вақтда шартлашилган жойда учрашдилар. У киши билан ҳали мусулмон бўлмаган амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб бирга келди. У расулуллоҳ билан ясрибликлар ўртасидаги аҳду паймонни мустаҳкамлаш учун қариндош-уруғлари пайғамбар алайҳис-саломни ҳимоя қилажакларини, ғанимлари у кишига бирон шикаст этказишга йўл қўймасликларини, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликка тайёр эканликларини билдириб қўйгани келган эди. "Агар сизлар пайғамбарга берган ваъдангларда туриб душманлардан ҳимоя қилолсанглар, юртингизга борсин, агар бу ишнинг уддасидан чиқолмасанглар ўз уруғ-аймоғи билан яшайвергани тузук", деди Аббос. Ансорларнинг бошлиғи Баро ибн Маърур ҳамманинг номидан: "Худо ҳаққи, ваъдамизга вафо қиламиз, расулуллоҳ учун жонимиз фидо", дея ваъда берди. Ясрибликлар расулуллоҳдан: "Роббинг учун, ўзинг учун қўядиган қандай шартларинг бор?" деб сўрашди. "Роббим учун қўядиган шартим шуки, шерик келтирмай ёлғиз Оллоҳга ибодат қиласизлар, — дедилар пайғамбар алайҳис-салом. — Ўзим учун қўядиган шартим шуки, сизлар томонга борганимда мени худди ўз аёлингиз ва болаларингиздек ҳимоя қиласизлар". Абул Ҳайсан ибн Тайҳон ўрнидан туриб: «Эй расулуллоҳ, биз яҳудийлар билан шартномаларимизни бузиб сен томонга ўтамиз. Қўлинг баланд келиб ғалабага эришсанг дарров бизни ташлаб, Маккадаги қавм-қариндошинг енига кетиб қолмайсанми?" деб сўради. "Қонга қон, жонга жон", дедилар расулуллоҳ кулимсираб. Шундан кейин қасамёд бошланди. Бу тарихан иккинчи Ақоба байъати деб аталади.
Одамлар пайғамбар алайҳис-саломнинг талабларига биноан бир-бирлаб қасамёд қилишди. Бу шарафли ишни биринчи бўлиб Асъад ибн Зурора адо этди. Шундан сўнг ўн икки киши — Хазраж қабиласидан тўққиз, Авс қабиласидан уч киши — уларга бошлиқ этиб сайланди. Булар Абул Ҳайсан ибн Тайҳон, Асъад ибн Зурора, Усайид ибн Хузайир, Баро ибн Маърур, Рофиъ ибн Молик, Саъд ибн Аби Хайсама, Саъд ибн Робиъ, ибн Убода, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Амр, Убода ибн Сомит, Мунзир ибн Амр эдилар. Расулуллоҳ уларга: "Исонинг ёрдамчилари унга кафил бўлишгандек сизлар ҳам ўз қавмингларга, мен ҳам қавмимга кафилман", дедилар. Мушриклар бу байъатдан хабар топиб, ясрибликлар тушган жойга келиб: "Муҳаммадни Маккаддан олиб кетмоқчимисизлар? У билан шартнома тузиб, биз билан урушмоқчимисизлар?" дейишди. Ясрибликлар бу гапни рад этишди. Байъатдан бехабар мушриклар ҳам кечаси ҳеч қандай ҳодиса юз бермаганини тасдиқлашди. Мушриклар кўзлаган мақсадига эришолмай ноилож изига қайтишга мажбур бўлишди.