Жумъадан кейин Расулуллоҳ йўлда давом этдилар. Ҳар бир ҳовлидан ўтаётганларида одамлар туянинг жиловига осилишиб, у кишини уйларига таклиф этишарди. Пайғамбар алайҳиссалом жиловни қўйиб юборишларини ўтиниб, туя қаерга чўкса, ўша уйга тушажакларини айтдилар. Туя эса Расулуллоҳнинг қариндошларидан Адий ибн Нажжор маҳалласига етганда Абу Айюб Холид ибн Зайд Ансорийнинг эшиги олдида тўхтаб чўккалади (Холид Муовиянинг халифалик даврида Истанбул муҳосарасида ҳалок бўлиб, шаҳар ташқарисига дафн этилган). Расулуллоҳ туядан туша туриб: «Иншааллоҳ, турар жойимиз шу ер бўлғуси. Раббим, мени муборак ерга туширгин, сен ҳамиша қутлуғ жойни ато этгувчисан», дедилар. Абу Айюб Пайғамбар алайҳиссаломнинг нарсаларини ичкарига олиб кирди, Асъад ибн Зурора эса туяни боқиш учун ўз уйига олиб кетди. Бани Нажжор маҳалласининг қизалоқлари Расулуллоҳни қўшиқ айтиб кутиб олишди. «Мени яхши кўрасизларми?» деб сўрадилар сарвари олам. Қизлар «ҳа» деб жавоб қайтаришди. «Худо ҳақи, мен ҳам сизларни жон-дилимдан яхши кўраман», дедилар у Зоти муборак.
Абу Айюбнинг уйи икки қават бўлиб, Расулуллоҳга иккинчи қаватни муносиб кўрди, бироқ у киши зиёратчилар билан кўришиб, суҳбатлашишнинг қулайлиги учун пастда туришни ихтиёр этдилар. Мезбон келди-кетди кўпайиб, чанг-тўзон, дам-бадам сепилган сувлардан ҳовур кўтарилиб Расулуллоҳ озор чекишларидан ташвишланган эди. Чиндан ҳам кунларнинг бирида сув солинган хум синиб кетди. Эр-хотин Расулуллоҳнинг устларидан чакка ўтмасин деб сувни кўрпага шимдириб олишди. Шундан кейин қўярда-қўймай Расулуллоҳни юқориги қаватга кўчиршди. Ансорларнинг катталаридан Саид ибн Убода, Асъад ибн Зурора, Зайд ибн Собитнинг онаси турли-туман лаззатли таомлар пишириб, у кишини ҳар куни йўқлаб туришди.