Мусулмонлар Маккада Қурайш мушрикларининг зулмига учраган бўлишса, Мадинада душманлик кайфиятидаги Бани Қайнуқоъ, Қурайза, Назир қабилаларига дуч келишди. Яҳудийлар Ислом динининг ҳақ дин эканини била туриб, уни рад этишди. Муҳаммад алайҳиссалом келишларидан бурун араб мушриклари билан урушган пайтларида улар худо томонидан юборилажак Пайғамбарнинг номи билан Аллоҳдан мадад сўрашарди. Расулуллоҳ дунёга келганларидан кейин пайғамбарлик шарафи араб миллатига мансуб кишига берилганидан ранжиган яҳудий оқсоқоллари Ислом динини ҳам, уни оламга тарқатувчисини ҳам тан олишмади. Аллоҳнинг элчиси аввалги пайғамбарларга юборилган китобларни эътироф этувчи, уларнинг яширин маъноларини ойдинлаштирувчи эканини била туриб, ўзларини овсарликка солган ҳолда Қуръондан юз ўгиришди. Улар Ислом динини гўё дастлаб айтган ҳукмларини кейин бекор этаверадиган бетайин дин дея айблашди. Ислом нимага муҳтожлигини унинг ўзидан кўра яратган эгаси яхшироқ билишини англаб етишмади.
Инсон табиати такомилга мойил. Пайғамбар алайҳиссалом бутунлай куфрона эътиқод билан яшаган оми араблар орасида вояга етдилар. Шариат аҳкомлари уларнинг орасида босқичма-босқич шакллана бориши керак эди. Агар Парвардигори олам ичкиликбозлик, судхўрлик каби иллатларни бирданига тақиқлаб, намоз ўқишга, закот беришга ундаганида фикри-ёди дунёвий ҳою ҳаваслар билан банд, турли алдам-қалдам нопок ишларга муккасидан кетган одамларнинг биронтаси ҳам унинг амру фармонига итоат этмасди. Расулуллоҳ уларга диний аҳкомларни бирма-бир ўргатиб, қалбларини Аллоҳнинг буйруғига аста-секин рози қилдилар. Ҳақ таоло ўз амру фармони нозил бўлишини тақозо этадиган воқеа юз берганидан кейингина диний қонун-қоидаларини жорий этди. Яҳудийлар яратганнинг қудратини ўз хоҳишларига мослашга уринишарди. Яҳудийлар ўзларининг ҳақиқатидан йироқ эканликларини яхши билардилар. Буни Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 94-оятида баён этади: «Уларга, Аллоҳ охират юртини бошқаларга эмас, фақат сизларгагина атаган бўлса, сизлар чиндан ҳам шундай эътиқод билан яшасангиз, ўлимни орзу қилиб кўринглар-чи, дегин». Улар бунга журъат этолмаслигини Аллоҳ кейинги оятда таъкидлайди: «Улар ёмон амаллари туфайли сира ҳам ўлимни орзу қилишмайди. Аллоҳ золимларни жуда яхши билади». Яҳудийлар ўзларини ҳақ деб билганларида эди, бундай осон талабни дарҳол қабул қилган бўлардилар. Ахир улар ҳақ пайғамбарни жон-жаҳдлари билан ёлғонга чиқаришга уринишди. Улардан биронтаси тил учида бўлса-да, ўлимни орзу қилган эмас. Бани Қайнуқоъ қабиласининг оқсоқолларидан бири Абдуллоҳ ибн Салом Қуръон оятларини эшитиб Исломнинг ҳақ дин эканини англаб етди ва ғурурини енгиб мусулмон бўлди. Абдуллоҳни ўзларининг доно йўлбошчиси деб биладиган яҳудийлар энди уни «аҳмоқ», дея ҳақоратлай бошлашди. Улар ўзларининг тутган йўли нечоғли ёмонлигини билишса-да, диллари залолат билан қорайиб кетгани учун бу кимсалар Ислом динини йўқотишга астойдил ҳаракат қилишарди. «Гарчанд мушриклар ёмон кўришса-да, Аллоҳ Ислом динини ҳамма динлардан музаффар қилди».