21 жумадул аввал 1446
Оламларга раҳмат Пайғамбар

   Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», деган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин.

   Ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси биз учун ибрат манбаи бўлган ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга батамом мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

   Пайғамбаримизнинг улкан ва ибратли ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини диққат билан ўрганиб, келажак авлодларга ўта аниқлик ила ривоят қилиб қолдириб кетган саҳобаи киромларга Аллоҳ таолонинг розилиги бўлсин.

   Тунларни кунларга улаб омонат ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт йўллари–сийратлари ҳақида тайёр китоблар қолдириб кетган сийрат илми уламоларига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

   Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, ушбу Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ.

   Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши.

   Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

   Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.

   Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни Роббил оламийн билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.

   Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқелигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир.

   Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти экани диққатга моликдир.

   Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

   Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

   Ана шундоқ — васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

   Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди − табаъа тобеъинларга қолдирганлар.

    Аста-секин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганадиган илм ва бу илмнинг кўзга кўринган уламоси юзага чиқа бошлаган.

  «Сийрат» сўзини арабчадан таржима қиладиган бўлсак, «таржимаи ҳол» иборасига тўғри келади. Бинобарин, истилоҳда, «Сийрат» – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таржимаи ҳоллари, дея оламиз.

   Бу борада сўз юритар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари бу дунёда ўтган барча пайғамбар алайҳиссаломларнинг сийратларига нисбатан энг тўғриси, энг мукаммали ва энг ишончлисидир. Инсоният тарихидаги ҳеч бир пайғамбарнинг ҳаёти илоҳий китобда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларичалик ёритилмаган. Ҳеч бир пайғамбар ҳақида у зотнинг ҳаётлари ҳақида саҳобалар қилган ривоятларчалик узлуксиз ривоятлар келмаган. Бошқа пайғамбарларнинг сийратларида аниқланмаган, узилиб қолган ҳалқалар жуда кўп.

  Аллоҳ таолонинг инояти ва ёрдами билан мусулмон уммати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини катта аниқлик ва эҳтимом билан ўрганиб, авлоддан авлодга нақл қилиб келди. Муҳаддис уламоларимиз бу ривоятларни аниқ илмий йўл билан тадқиқ қилиб китобларга битдилар.

    Сийрат илмида энг аввалгилардан бўлиб номлари чиққан зотлардан тўрт киши алоҳида зикр қилинади:

1. Урва ибн Зубайр (93-ҳижрий санада вафот этган). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғли.

   Бу зот кўп илмларни чуқур эгаллаган, аксар ғазотларда иштирок этган. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг сийрат борасидаги китоблари бизгача етиб келмаган.

2. Абон ибн Усмон ибн Аффон (105-ҳижрий санада вафот этган). Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўғли.

   Бу киши ҳам кўзга кўринган олимлардан бўлган. Ўзига етиб келган хабарлардан сийрат китоби битган. Аммо Абон розияллоҳу анҳунинг китоблари ҳам бизгача етиб келмаган.

3. Ваҳб ибн Мунаббиҳ (114-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу киши тарихчи ва ўтганларнинг хабарларини пухта биладиган зот эдилар. Тадқиқотчилар Ваҳб ибн Мунаббиҳ исроилиёт қиссаларини кўп ривоят қилганини эслатадилар.

4. Шурҳабийл ибн Саъд ал-Хутомий ал-Маданий (123-ҳижрий санада вафот этган). Бу киши ғазовотларни яхши биладиган олимлардан ва бадрийлардан эдилар.

   Мазкурлардан кейин умавий халифалар даврида сийрат уламоларининг иккинчи табақаси зоҳир бўлди. Бу даврда набавий сийрат бўйича китоб ёзганлар ичида қуйидагилар алоҳида эътиборга сазовор саналадилар:

1. Осим ибн Умар ибн Қатода (120-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу киши илмли, ғазовот ва сийратни ривоят қиладиган зот эди. Халифа Умар ибн Абдулазизнинг амрига биноан, Дамашқ масжидида одамларга ғазовот ва саҳобаларнинг маноқибларидан дарс айтар эди. Ибн Исҳоқ ва ал-Воқидийлар Осим ибн Умар ибн Қатоданинг китобларидан фойдаланган.

2. Муҳаммад ибн Шиҳоб Зуҳрий (124-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу киши катта олим ва муҳаддис эди. Айниқса, ғазовот ва сийрат илмида ўткир бўлган. Биринчи бўлиб, ҳадис китоби тасниф қилган. Баъзи уламолар сийрат борасида тўлақонли китобни биринчи бўлиб ёзган олим ҳам Ибн Шиҳоб Зуҳрий эканлиги ҳақида маълумот берадилар. У кишининг сийрат китоби энг афзал ва ишончли китоб ҳисобланади. Ибн Исҳоқ ўз китобида асосан Ибн Шиҳобнинг китобидан фойдаланган.

3. Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ибн Ҳазм Ансорий (125-ҳижрий санада вафот этган).

    Бу киши олим ва муҳаддис эди. Ундан жуда кўп ривоятлар қилинган. Ибн Исҳоқ, Ибн Саъд ва Табарийлар унинг ривоятларидан кенг фойдаланганлар.

   Сўнгра аббосий халифалар даврининг сийратчилари етишиб чиқди. Уларнинг ичида қуйидаги зотлар шуҳрат топдилар:

1. Мусо ибн Уқба (141-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу киши ғазовот китоби ёзган.

2. Муҳаммад ибн Исҳоқ ал-Матлабий (151-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу киши халифа Мансурнинг талабига биноан «ал-Мағозий» китобини ёзган. Унда Одам Атодан то ўзи яшаётган замонгача бўлган тарихни баён этган. Халифа уни мухтасар қилишни амр қилган. Ибн Исҳоқнинг китоби бизгача етиб келган биринчи сийрат китобидир.

3. Маъмар ибн Рошид (150-ҳижрий санада вафот этган).

   Бу кишининг китоби бизгача етиб келмаган.

4. Муҳаммад ибн Умар ал-Воқидий (207-ҳижрий санада вафот этган).

   Ал-Воқидийнинг «ал-Мағозий» китоби ўзидан кейинги кўплаб сийратчиларнинг китобларига асос бўлган.

  Сўнгра сийрат уламоларининг янги бир авлоди зоҳир бўлди. Уларнинг ичида алоҳида шуҳрат топганларидан бири Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Ҳишомдир (218-ҳижрий санада вафот этган).

   Ибн Ҳишом аслида Ибн Исҳоқнинг китобини тартибга солган ва устозидан ҳам кўп шуҳрат топган. Ҳозиргача ким сийрат илмига мурожаат қилса, албатта, Ибн Ҳишомга йўлиқади.

   Ҳозирда энг машҳур сийрат уламолари ҳақида сўз кетар экан, Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом раҳматуллоҳи алайҳиларнинг номлари тилга олинади.

   Кейин келган сийрат уламоларининг деярли барчалари ушбу икки зотнинг келтирган маълумотларидан фойдаланганлар десак, муболаға қилмаган бўламиз.

   Сийрат уламолари ўз фаолиятларида муҳаддисларнинг услубларидан фойдаландилар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига тегишли маълумотларни уларни кўрган, эшитган саҳобалардан ривоят қилган ровийлар силсиласига суянган ҳолда тўплаганлар. Дастлабки сийрат китобларида ҳар бир маълумотнинг ровийлари санади ҳам келтирилган.

   Авваллари сийрат бобидаги маълумотларни иложи борича тўлиқ тўплашга ҳаракат қилинган. Ҳаттоки, сийрат китобларига шарҳлар ҳам ёзилган.

   Кейинчалик, ривоятларнинг қуввати ва ҳоли маълум бўлгандан сўнг, ўқувчиларга осонликни кўзлаб, ровийлар силсиласини тўлиқ зикр қилишдан четланилди. Ровийлар силсиласидаги саҳобийни зикр қилиш билан кифояланилди.

   Вақт ўтиши билан баъзи кишиларнинг машғулотлари кўпайиб муфассал китобларни ўқиб-ўрганиш имконлари камайганини ҳисобга олиб, мухтасар сийратлар — мавлид деб аталган асарлар пайдо бўлди. Аксари ҳолда мавлидлар назм йўли ила ёзилар эди. Мақсад, қандоқ қилиб бўлса ҳам, мўмин-мусулмонларга уларнинг маҳбуб пайғамбарлари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибратли ҳаётлари ҳақида маълумот бериш эди.

   Ҳар асрнинг, ҳар бир мусулмон ўлканинг ўзининг сийратчилари ва Набавий сийрат ҳақидаги асарлари пайдо бўлди. Ҳозирда ҳам сийрат борасида янгидан-янги асарлар битилмоқда. Бир неча бор сийрат ҳақидаги энг яхши асарлар кўриги ҳам ўтказилди.

   Бу борада қувонч билан таъкидлайдиган нарсалардан бири, ҳамаср уламоларимиз набавий сийрат бобида «Фиқҳус сийра» номи остидаги янги йўналишга асос солдилар. Бундоқ асарларда сийратга тегишли маълумотларни чуқур таҳлил қилиб, улардан келиб чиқадиган ҳукмлар ва ҳикматларга алоҳида эътибор берилади.

  Мусулмонларнинг сийрат илми борасидаги ихлосли ва соф илмий изланишлари билан бир қаторда, душманларнинг ғаразли ва нопок фаолиятлари ҳам мавжуд.

   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида мушрик, кофир ва мунофиқлар у зотнинг гап-сўзлари, ишлари ва шахсларидан нуқсон топишга ҳаракат қилганлари ҳаммага маълум. У зотга нисбатан бўҳтон ва иғволар уюштирганлари ҳам, бу нопок тасарруфлари оқибатида шарманда бўлганлари ҳам очиқ ҳақиқат.

   Кейинчалик ҳам турли тоифалар, шахслар, муассасалар томонидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига футур етказиш учун қанчадан-қанча ғаразгўй ҳаракатлар содир этилгани, уларнинг барчаси мағлуб бўлгани ҳам инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

    Шунингдек, душманлар ичидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўргана бориб, Исломга келган, у зотнинг сийратларини инсоф ила тўғри ёритган ва ниҳоят, у зотни инсоният тарихидаги энг кўп манфаат келтирган шахс, деб таъкидлаганлар ҳам борлиги айни ҳақиқат.

    Исломий илмлар кони бўлмиш юртимиз Мовароуннаҳрнинг илмий тарихига назар соладиган бўлсак, негадир, сийрат бобида алоҳида салмоқли асарларни илғамаймиз.

   Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳининг машҳур «Шамоили Набавия» асарлари сийратнинг бир бўлагига бағишланган. Мирхонд ва Хондамирларнинг «Равзатус Сафо» ва «Ҳабибус сияр» асарларида сийратга оид маълумотлар бўлса ҳам, улар умумий тарих китобларига киради. Шу билан бирга, бу китоблардан замоннинг зайли ила кишиларнинг фойдаланишлари мумкин бўлмай келмоқда.

    Каминанинг сийрат илмига бўлган алоқаси ҳақида икки оғиз сўз. Бошқа илмлар қатори сийрат илмининг дастлабки сабоқларини падари бузурукворимиздан олдим. У киши менга «Нурул яқийн» китобидан дарс бердилар. Бухорои шарифдаги «Мир Араб» мадрасасида ҳам айни шу китобдан дарс олдим.

    Чет элдаги дорилфунунда ўқиш даври сийрат ила яқиндан ва ҳақиқий танишиш, изланиш йиллари бўлди. Сийрат ҳақида кўплаб китоблар, жумладан, Ибн Ҳишомнинг «ас-Сийра ан-Набавия»лари, Шайх Муҳаммад Ғаззолий ва Доктор Муҳаммад Саъид Рамазон Бутийнинг «Фиқҳус сийра»лари, Ибн Қаййим ал-Жавзиянинг «Зодул маъод»лари, Қози Иёзнинг «Шифо»лари, имом Термизийнинг «Шамоил»ларига мулла Али Қори ёзган шарҳ ва бошқа кўпгина асарларни ўқиб чиқдим.

   Агар ўша китобларнинг баҳс этган мавзулари, ҳаттоки, сарлавҳалари бир хил бўлса ҳам, ҳар ўқиганда кишида янгидан-янги маълумотлар, фикрлар ва хулосалар пайдо бўлар эди. Чунки бундоқ ўқишлар сийрати набавий уммонидан баъзи бир ҳўпламлар эди.

   Кейинчалик ҳам бу соҳага оид ҳар бир мақола ёки китобни ўқиб фойда олишга ҳаракат қилиб юрдим. Уламоларнинг «ас-Сийра ан-Набавия»га катта эътибор беришлари, барча жойларда мусулмонларга бу илмни етказиш ҳақидаги тавсиялари таъсирида бизда ҳам бу соҳада алоҳида китоб бўлиши лозим, деган фикр доимо эсда турар эди.

   Худди шу фикр замонамизнинг кўзга кўринган алломаси Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи билан бўлган учрашувларимда яна бир бор янгиланар эди. У зот бу соҳада кўзга кўринган ва эътироф этилган аллома бўлиб, «Ас-Сийра ан-Набавия» номли китоблари учун халқаро мукофот олган эдилар. Устоз суҳбатларимизнинг бирида: «Менинг китобларимнинг барчаси сенга мулк, хоҳласанг таржима қил, хоҳласанг чоп қил», дедилар. Шогирдларим таржима қилган ва чоп этилган «Сийрати хотимин набиййин» номли китобларини ўзларига тақдим этганимда аллома Абул Ҳасан ан-Надавий раҳматуллоҳи алайҳи ўринларидан туриб: «Шу менинг китобимми? Имом Бухорийнинг юртдошларининг тилидами?» дедилар-да, мухлис шогирдлари Аббос Надавийдан қалам олиб керакли маълумотларни китобга ёзиб қўйдилар. Ана ўшанда ҳам менинг сийрат бобида китоб ёзиш истагим яна бир карра янгиланди.

   Ҳарами Шарифда истиқомат қилган пайтимда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаган, юрган жойларни бориб кўрар, китоб ёзадиган бўлсам, бу ерларни қандай васф қилиш ҳақида ўйлар эдим.

   Ҳар сафар Ҳарами Шарифнинг шарқий тарафидаги «мавлидиннабий» номли минтақадан ўтар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нур бўлиб дунёга келишлари, кейин боболари Абдулмуттолиб у зотни қучоғига олиб Каъбаи Муъаззама тарафга шошилиши кўз ўнгимдан ўтар эди.

   Маккаи Мукарраманинг оз қолган тор кўчаларидан юрар эканман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг болалик чоғлари ёдимга келар эди.

    Маккаи Мукарраманинг ташқарисидаги кенг сайҳонларни кўрганда у зотнинг қўй боқиб юрганлари кўз олдимдан ўтарди.

     Ҳиро ғори.

   Мана шу ғорда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳаннус ибодатини қилганлар. Мана шу ғор оғзида Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўлган.

    Савр ғори.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Макка мушрикларидан беркиниб, шу ғорда жон сақлаганлар.

   Ҳижрат йўли.

   Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва йўл бошловчи ила куннинг иссиғида шу йўлларни босиб ўтиб ҳижрат қилганлар.

    Қубо.

   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага киришдан олдин шу ерда тўхтаб, тақвога асосланган биринчи масжидга асос солдилар.

   Мадина.

   Бу шаҳар аҳли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни шодонлик ила кутиб олганлар.

   Уҳуд.

   Мушриклар билан мусулмонлар орасида ҳаёт-мамот жанги ўтган.

    Арафот.

  Расули Акрам видолашув ҳажини қилмоқдалар. Ана, у зот туяларини миниб, Жабали Раҳмат томон бормоқдалар.

   Ҳарами Набавий.

  Саҳобалар кўзларида ёш, қалбларида чексиз дард ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни дафн қилмоқдалар...

  «Тафсири Ҳилол»ни ёзиш жараёнида ҳам сийратга оид оятларни тафсир қилиш пайтида «бу маълумотлар, иншааллоҳ, сийрат китобида керак бўлади» деган фикр ўтарди.

   «Ҳадис ва ҳаёт»нинг олдинги йигирма жузини ёзиш, ҳадисларни шарҳ қилиш жараёнида ҳам шу каби фикрлар ўтди.

  «Ҳадис ва ҳаёт»нинг «Нубувват ва рисолат китоби» яқинлашганда ушбу китобдаги маълумотларга сийратни ҳам қўшиб яхлит бир китоб қилиш истаги туғилди. Бунда муҳаддислар билан сийратчилар услуби жамланган бўларди. Бу жамланишдан ўзига хос бир асар чиқар, деган фикр туғилди. Ниҳоят, Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда, ушбу фикрни юзага чиқаришга ҳаракат қилдим.

   «Нубувват ва рисолат китоби»да келган оят ва ҳадисларни «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг олдинги бобларига ўхшатиб, арабча матнидан сўнг таржима ва шарҳ қилиб бориш давом этди ва ўрни келганда сийрат ҳақидаги маълумотлар бериб борилди.

   Иложи борича аниқ ва кўпчилик сийратчилар иттифоқ қилган маълумотларга суянилди. Одатдагидек, ўқувчининг эътиборини чалғитмаслик учун иқтибосларга алоҳида белги билан ишора қилинмади.

   «Нубувват ва рисолат китоби»нинг севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли қисмига сийрат ҳам қўшилганини эътиборга олиб, китобга «Оламларга раҳмат Пайғамбар» деган ном ихтиёр қилинди.

   Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссаломга тегишли маълумотларни озми-кўпми ўрганган ҳар бир инсофли ва ақлли инсон У зотнинг барча оламларга раҳмат этиб юборилганларини англайди.

   Муҳтарам китобхон! Камина учун ушбу сатрларни қоғозга тушириш даври буюк саодат даври бўлди. Чунки ушбу маълумотлар Аллоҳнинг энг афзал халқи бўлмиш, бу дунёда ҳидоятчимиз, у дунёда шафоатчимиз бўлмиш зотга тегишлидир. Муҳаммад алайҳиссалом ҳақларидаги ҳар бир маълумот эса бошқа маълумотлардан у Зотнинг ўзлари бошқа кишилардан қанчалик устун турсалар, шунчалик устун туради.

     Бинобарин, сиз муҳтарамлар ҳам ушбу сатрларни ўқир экансиз, нима қилаётганингизнинг қадрига етинг. Сиз одатдаги оддий ўқиш билан машғул эмассиз. Сиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларини ўқимоқдасиз. Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратларининг ўқувчиси ўқиганини уқмоғи, уққанидан ибрат олмоғи ва унга амал қилмоғи лозимлигини зинҳор унутманг.

  Аллоҳ таолонинг Ўзидан ушбу камтарона хизматни фойдали қилишини сўраб дуолар қиламан. Камчиликлари учун узр сўрайман.

«Ҳадис ва Ҳаёт» 19-жузидан

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

08:18 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Арабистон ярим ороли
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...