22 жумадул аввал 1446
Муъта ғазоти


Шу йилнинг жумодиул аввал ойида пайғамбар алайҳис-салом Бусро ҳокими томонидан ўлдирилган Ҳорис ибн Умайр Аздийнинг қасосини олиш учун қўшин юборишга қарор қилдилар. Қўшинга Зайд ибн Ҳориса бош бўлди. Расулуллоҳ: "Агар у шаҳид кетса, Жаъфар ибн Абу Толиб, агар у ҳам шаҳид кетса, қўшинга Абдуллоҳ ибн Равоҳа бош бўлсин", деб тайинладилар. Уч минг кишилик қўшин йўлга чиқиши олдидан пайғамбар алайҳис-салом: "Оллоҳнинг ёрдамига таяниб Шомдаги душманлар билан ғазот қилинглар, лекин черковларда ибодат билан машғул кишиларга озор берманглар, аёлларни, болаларни, қари-қартангларни ўлдирманглар, дов-дарахтларни кесманглар, уй-жойларни бузманглар", деб тайинладилар.

Қўшин Ҳорис ибн Умайр шаҳид кетган Муъта деган жойга етиб келганда бу ерда румликлар билан насроний динидаги араблардан катта қўшин тўплангани маълум бўлди. Мусулмонлар кўп сонли ғаним билан жанг қилавериш керакми ёки пайғамбар алайҳис-саломга одам юбориб, ёрдам келишини кутиш зарурми, деган маънода маслаҳатлашишди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа: «Эй халойиқ, ғазот учун отланиб, шаҳид бўлишни талаб қилиб йўлга чиқдинглар. Биз куч-қудратимизга ёки одам сонига суяниб эмас, фақат Оллоҳ азизу мукаррам қилган Ислом динига суяниб жангга кирамиз. Биз урушиб ғолиб ёки шаҳид бўлишдек икки шарафнинг бирига эришамиз. Бас, шундай экан, нега талвасага тушишимиз керак". Одамлар Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг гапини маъқуллаб, сон-саноқсиз қўшинга қарши жангга кирди. Зайд ибн Ҳориса шаҳид бўлди. Аъламни қўлига олган Жаъфар ибн Абу Толиб:

Жаннат ажиб юксакдир, насиб этган инсонга,

Шароби жон роҳати болдек ширин маконга.

Ирқи ўзга румликлар шум ниятли ёмонга

Дўзах қаъри ланг очиқ, динни инкор этганга.

Мард бўлсанг гар биз тайёр, тушгин қани майдонга,

деди-да, шиддат билан душман сафига ўзини уриб, мардларча жанг қилди. Жаъфар шаҳид бўлгач, аъламни қўлга олган Абдуллоҳ ибн Равоҳа бир оз тараддудланди. Кейин ўзига хитоб қилиб, бундай деди:

Қасамким, эй нафсим, бу урушга сен,

Хоҳлабми, хоҳламай кирарсан албат.

Одамлар турганда боғлаб белларин,

нечун талпинмайсан? Жойинг-ку жаннат.

Аслингни суриштир, сен ўзи кимсан?

Бир томчи ҳаром сув эрурсан фақат!

Шундан кейин у от суриб ўзини душман сафига урди, ғанимлар билан узоқ олишиб, шаҳид бўлди. Мусулмонлар сафида парокандалик бошланиб, чекина бошлашган эди, Уқба ибн Омир: "Биродарлар, орқага чекиниб ўлгандан олға интилиб ўлган афзал!" дея уларни қайтарди. Мусулмонлар маслаҳатлашиб жасур Холид ибн Валидни ўзларига лашкарбоши этиб сайлашди. Улар Холиднинг тадбиркорлиги туфайли душман билан мардона олишиб ҳалокатдан сақланиб қолишди. Агар саркарда моҳир ва закий бўлмаса, уч минг кишилик мусулмонлар қўшини юз эллик минг кишилик ғанимга бас келиши сира мумкин эмасди. Дастлабки куни Холид байроқни маҳкам тутганча жанг қилди. Эртасига у қўшиннинг сафини ўзгартириб, олдиндагиларни орқага, орқадагиларни олдинга, чап томондагиларни ўнгга, ўнг томондагиларни эса чапга ўтказди. Бу ўзгаришдан бехабар румликлар мусулмонларга ёрдамга келибди, дея юракларига ғулғула тушди. Холид пайтдан фойдаланиб қўшинни Муътага чекинтирди ва етти кунгача душман билан жанг қилиб турди. Ғаним мусулмонлар билан урушишдан воз кечиб орқага қайтди. Улар мусулмонларни таъқиб этиб, чўлнинг ичкарисига кириб қолишдан, жазирама иссиқда сувсизликдан ҳалок бўлишдан қўрқишди. Шу зайил Холид ибн Валиднинг моҳирона қўллаган тадбирлари туфайли уруш ўз-ўзидан барҳам топди. Бу хабар ҳали етиб бормай туриб, пайғамбар алайҳис-салом суюкли саҳобалари шаҳид бўлганини одамларга айтдилар: "Дастлаб Зайд аъламбардор эди, ў шаҳид бўлгач, туғни Жаъфар олди, ундан кейин Абдуллоҳ ибн Равоҳа байроқдор бўлди, афсуски, улар шаҳид бўлишди, — дея кўзларидан шашқатор ёш тўкдилар.

— Шундан кейин аъламни Оллоҳнинг қиличларидан бири (Холиднинг сифати шундай эди) ўз қўлига олди. Оллоҳ уларга ғалаба ато этди". Шу пайт бир одам келиб: "Жаъфарнинг оиласидаги аёллар овоз чиқариб йиғлашяпти", деди. Расулуллоҳ уларни йиғидан қайтаришни буюрдилар. Хабарчи: "Уриниб кўрдим, лекин фойдаси бўлмади", деди. Расулуллоҳ иккинчи марта уларга сабр тилаб, йиғидан қайтаришни тайинладилар. Бироқ, хабарчи уринишидан ҳеч қавдай наф чиқмаганини айтиб келди. Шунда расулуллоҳ "Агар йиғидан тўхташмаса, оғизларига тупроқ тиқ", дедилар.

Қўшин етиб келганда кутиб олгани чиққан саҳобалар уларни қочоқликда айблашди, лекин пайғамбар алайҳис-салом бу фикрни рад этиб, жангчиларни ғолиблар деб мақтадилар. Мадинада қолганлар қўшиннинг ўз жонини сақлаб чекинганини мағлубият деб ҳисоблашди, бироқ расулуллоҳ бу жангда ишлатиладиган ҳарбий усул деб, Холиднинг тадбиркорлигига офарин айтдилар.

11:23 / 13.04.2012
Аввалги мақола
Қўшин юбориш
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...