3 жумадис сони 1446
ПАЙFАМБАРЛАРНИНГ ВАЗИФАСИ
Аллоҳ таоло, нима учун одамлар ичига набийларни юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади: «Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди» (213-оят). Аслида, инсоният Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эди. Аста-секин кўпайиб бордилар. Уларнинг кўпайишлари билан бирга, фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимнинг ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб фикр баён қилади. Ҳар кимнинг фитратидаги хусусияти бор. Чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлганида эди, ер юзи обод бўлмасди... Демак, одамлар ўртасида хилоф, келишмовчилик чиқди. Ҳар ким ўзини ҳақ деб билмоқда. Бундай вазиятда ким ҳақ эканлигини қаердан биламиз? Одамларнинг ўзларига қўйсак, ҳар ким ўзиникини маъқуллайди. Оқибатда ихтилоф яна ҳам кучаяди. Агар улардан бир гуруҳларини танлаб олиб, ўша танланганларга топширсак, улар ҳам одам. Ҳар қанча ақлли бўлсалар-да, барибир, уларда ҳам бошқа одамлардаги заифликлар бор. Бир кунмас-бир кун адашади. Заифлиги тутиб, бир тарафга ён босади. Ёки ҳамма нарсани қамраб олувчи илмга эга бўлмайди. Нафси заифлик қилиб, пора олиши мумкин. Ўз қавми чегарасидан чиқа олмай қолиши мумкин ва ҳоказо минглаб сабаблар борки, улар бу йўлда тўсиқ бўлиб, ишни бузиши аниқ. Демак, «Бундай ихтилофнинг қайсиси тўғри, қайси чегарагача ихтилоф қилса бўлади?» каби саволларга жавоб бериш учун, ихтилоф қилаётганлардан устун турувчи, инсондаги бор заифликдан таъсирланмайдиган, ҳамма нарсани қамраб олувчи илм эгаси, ҳеч нарсага ҳожати тушмайдиган, беками кўст, тамаъдан холи, нуқсонсиз, баркамоллик сифатига эга бир зот керак бўлади. Ана ўша Зот Аллоҳ таолонинг Ўзи! У ҳамма нарсани билувчи Зот, шунинг учун ҳам Ўзи яратган бандалари ихтилоф қилган ва қилаётган масалалар ҳақида қандай ҳукм чиқаришни Ўзи билади. «Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди». Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг биринчи вазифаси мўминларга хушхабарларни ва кофиру осийларга огоҳлантиришни етказишдир. Улар мўминларга савоб, ажр ва жаннатнинг хушхабарини етказадилар. Кофирларга эса азоб, уқубат ва жаҳаннамнинг хабарини бериб, огоҳлантирадилар. Шу билан бирга, энг муҳими–одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳақ китоб билан ҳукм қилиб, ҳақни ҳаққа, ботилни ботилга ажратадилар. Адолатли ҳукм чиқарадилар. Ҳақ китобнинг ҳукми ҳақ бўлади. Бошқа ҳеч қандай нарса, ҳеч кимнинг ҳукми ҳақ бўла олмайди. Ҳамма пайғамбарлар бир дин билан, ҳақ китоб билан келганлар. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига, ўз даврига мос шариат билан келган. Пайғамбар  алайҳиссаломларнинг асосий вазифаларидан бири Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилишга даъват қилишдир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасида бу борада қуйидагиларни айтади: «Сендан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга: «Албатта, Мендан ўзга ибодатга сазовор илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қилинг», деб ваҳий қилганмиз» (25-оят). Ибодатга сазовор Зот– ягона Аллоҳ таоло эканини англатиш, Унга иймон келтиришга даъват қилиш ва фақат Унга сиғинишга чақириш барча илоҳий диёнатлар ва пайғамбарларнинг иши бўлган. Тавҳид ақийдаси ҳеч қачон ўзгармаган. Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг, деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса залолат ҳақ бўлди» (36-оят). Ҳеч шубҳа йўқки, Биз ҳар бир умматга Пайғамбар ҳам юбордик. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз умматига айтадиган гапи: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», дейишдан иборат бўлди. Яъни бу дунёда фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси ила яшанг, Унинг айтганини қилинг, қайтарганидан қайтинг, фақат Унгагина сиғининг. Шу билан бирга, тоғутдан четланинг. Унга ибодат қилманг. «Тоғут» сўзи араб тилида Аллоҳдан бошқа ибодат қилинган нарсани ифода этади. У шайтон, фолбин, буту санам, турли тузумлар ёки шахслар, табиатдаги махлуқотлар ёки ҳайвонлар бўлиши мумкин. Демак, Аллоҳ таолодан ўзганинг айтганини қилиб яшаш, ўшанинг таълимотларига амал қилиш, унга сиғиниш тоғутга ибодат қилиш бўлади. Аллоҳ таоло эса бандалари фақат Ўзига ибодат қилиб, тоғутдан четланишини истайди. Ушбу хоҳиш-иродани У Зот одамларга пайғамбарлари орқали етказди. Аммо одамлар ўзларини турлича тутдилар. «Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса залолат ҳақ бўлди». Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди. Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ таоло мажбурлагани йўқ. Улар ўз ихтиёрлари билан тасарруф қилдилар. Шунингдек, икки тараф ҳам Аллоҳ таолонинг шомил ихтиёридан чиққанлари йўқ. Чунки дунёдаги ҳар бир нарса фақат У Зотнинг иродаси, жорий қилган қонун-қоидаси билан бўлади. Аллоҳ таоло ҳидоятни танлаб, шу йўлда юраётган кишиларнинг ҳидоятга кетишини ихтиёр этган ва жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Шунингдек, залолатни танлаб, шу йўлга интилаётган кишиларга залолат ҳақ бўлишини ихтиёр қилган ҳамда жорий қонун-қоидаларга айлантирган. Ана шу қонун-қоидаларга биноан ҳар бир инсоннинг ҳидоят ёки залолатга кетиб, яхшилик ёки ёмонлик қилиши Аллоҳнинг хоҳишига мувофиқ бўлади, дейилади. Пайғамбар  алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийларини бандаларга етказишдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ҳақда Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади: «Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган, Ундангина қўрқадиган, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан қўрқмайдиган зотлардир. Аллоҳнинг Ўзи ҳисоб қилгувчиликка кифоядир» (39-оят). Аллоҳнинг йўлига ҳеч қандай тангликсиз эргашиб юрган Зотлар, набийлар қуйидаги сифатларга эга бўлганлар: «Улар Аллоҳнинг элчилигини етказадиган» зотлардир. Аллоҳ таоло уларни ўз элчиси–Пайғамбари қилиб юборган. Улар–Пайғамбар, одамларга Аллоҳнинг хабарларини етказувчилар. Албатта, Аллоҳ таолонинг рисоласида У Зотнинг Ўз бандаларига йўллаган амрлари ва наҳийлари бўлади. Пайғамбарлар ана ўшаларни ўз умматларига етказадилар. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб қуйидагиларни марҳамат қилади: «Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ. Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан сақлар. Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас» (67-оят). Бу ояти карима Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло у кишига ҳар қандай шароитда, одамларнинг қабул қилиш-қилмаслигига қарамай, даъват қилавериш, Аллоҳ таолонинг амрлари ва наҳийларини етказавериш лозимлигини буюрмоқда: «Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ». Зотан, пайғамбарлик вазифаси ўзи шундан иборат. Бошқа оятларда одамларга Аллоҳдан нозил қилинган нарсани қандай етказишнинг таълими ҳам берилган. Жумладан, ҳикмат ва яхши мавъизалар билан етказиш таълими. Демак, нима қилиб бўлса ҳам, Аллоҳ таолодан нозил қилинган нарсани етказиш вазифаси мавжуд. «Агар шундай қилмасанг, Унинг элчилигини етказмаган бўласан». Яъни агар Роббингдан нозил қилинган нарсани етказмасанг, Аллоҳнинг пайғамбарлиги вазифасини адо этмаган бўласан. «Аллоҳ сени одамлардан сақлар». Уларнинг ёмонликларидан асрайди. «Албатта, Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас». Пайғамбар  алайҳиссаломларнинг вазифаларидан яна бири одамларга яхши ўрнак бўлишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида қуйидагиларни айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун: Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (21-оят). Аллоҳ таоло яна Мумтаҳина сурасида марҳамат қилади: «Ҳақиқатда, сизларга Иброҳим ва у билан бирга бўлганларда яхши ўрнак бор» (4-оят).  

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди.

09:10 / 03.09.2015
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...