Қани айтгин -чи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида боболари вафот этгандан сўнг қаерда тарбия топганликларини биласанми?
У Зот саккиз ёшларида амакилари Абу Толиб ўйига кўчиб ўтадилар. Сен амакилари Абу Толибнинг болаларидан бирортасини биласанми?
Али – Ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг эрлари
Жаъфар – Амакиларининг ўғли ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг парвоз этувчи шаҳид саҳобаси.
Лекин қачон шаҳид бўлди ва ва нима учун Тайёр (парвоз қилувчи) деб номланди?
Жаъфар ибн Абу Толиб Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган биринчи мусулмонлардан. Шунингдек, икки ҳижрат соҳибларидандир. Дарҳақиқат, у Хабашистонга хижрат қилиб узоқ муддат у ерда туриб, мусулмонлардан бўлган бир жамоат билан яшаб, сўнгра Хайбар фатҳида Хабашистондан Мадинага қайтиб келади.
Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам подшоҳ ва ҳокимларни Исломга даъват қилиб, уларга саҳобалардан бирини хат билан элчи қилиб юборардилар. Подшоҳлардан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал маданиятли услубларидан ҳайратланиб тавозеъ кўрсатади, лекин мусулмон бўлишдан бош тортади.
Подшоҳлардан: «Бизнинг ҳузуримизга сенинг динингни кўпроқ биладиган бир кишини жўнатгин. Шояд, бизлар унга эргашсак», деганлари ҳам бўлди.
Яна улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номаларини эҳтиёт қилиб, сандиқда сақлаб қўйганлари ҳам бўлди. Шунингдек, улардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиларини олқиш билан қабул қилиб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳадялар билан қайтарганлари ҳам бўлди.
Лекин бу ерда бир амир борки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан шафқатсизларча муомала қилибгина қолмай, уларни боғлаб ўлдириб юборади. Албатта, бунда мусулмонлар учун таҳқирлаш бордир. Агарда мусулмонлар бу ҳолга индамай, қўл қовуштириб қараб турганларида эди, барча подшоҳлару ҳокимлар мусулмонларни таҳқирлар ва бундан сўнг уларга бўлган муомалаларини янада ёмонлаштирар эди.
Бу ҳолни тўхтатиш, керак бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир мусулмонни саҳобалар наздида ва Аллоҳнинг наздида қадрли экани, шунингдек мусулмонлар мусулмонларнинг ўлдирилишларига бефарқ эмасликларини билдириб қўйиш учун Бусро амири билан жанг қилишлари лозим эди.
Қўшиннинг қўмондонларидан бири Жаъфар ибн Абу Толиб эди. Ҳар бир қўшинни қўмондони ёки бошқа бир шахс кўтарадиган байроғи бўлиши қўшинларнинг одатларидан эди. Байроқнинг йиқилиши эса бу қўшинннинг енгилгани маъносини англатарди. Байроқнинг йиқилиши кўп машаққатларни келтириб чиқарарди. Жаъфар ибн Абу Толиб байроқни бир қўлида кўтариб, бошқа бир қўли билан урушарди. Лекин Рум қўшинидан бўлган бир кофир киши унинг олдига келиб, байроқ кўтариб турган қўлини чопиб ташлайди. Сўнгра Жаъфар иккинчи қўли билан байроқни кўтариб олади. Ўша лаънати унинг иккинчи қўлини ҳам чопиб ташлайди. Шунда Жаъфар икки билаги билан байроқни бағрига босиб олади ва ўзини мудофаа қилиш учун қиличини ушлай олмайди. Бу фурсатдан фойдаланган кофир уни ўлдиради ва Жаъфар шаҳид бўлиб йиқилади. Жаъфар ўлдирилгач, байроқни Абдуллоҳ ибни Равоҳа олди. Келинг, Шаҳид Жаъфаррозияллоҳу анҳунинг аламлари (оғриқлари) ва мукофотлари ҳақида тўхталайлик. Аллоҳ уни мукофотсиз ташлаб қўярмикан? Дарҳақиқат, Аллоҳ уни шундай тақдирладики, барчанинг қалбини Жаъфарнинг ўрнида бўлиш орзуси ўртайдиган бўлди. Аллоҳ уни жаннатга киритди. Лекин у жаннатга икки қўлсиз кирадими? Сизлар нима деб ўйлайсизлар? Аллоҳ унга қўлларини қайтарармикан?
Бунинг ўзигина эмас. Аллоҳ уни Ўзининг дини ғалабаси йўлида жонини фидо қилганини кўрди. Бунинг эвазига жаннатда хоҳлаганича учиб юриши учун икки қанот ато этди. Энди у жаннатнинг бепаён фазосида жаннат ва унинг неъматларидан баҳра олган ҳолда учиб юра олади. Шунинг учун ҳам у шаҳидут-Тайёр (парвоз қилувчи шаҳид) деб аталди. Лекин Жаъфарнинг ёшгина хотини бор эди. Жаъфар ўттиз уч ёшларида шаҳид бўлди. Шунингдек, Жаъфарнинг ёш болалари бўлиб, улар етим қолишди.
Аллоҳ улардан бу мусибатларни узоқлаштиришни ва уларни бунга сабр қилишларини истади. Шунинг учун Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) башорат бериб, Жаъфарнинг шаҳид бўлганини билдирди ва унга берган ажрини, жаннатда хоҳлаганича парвоз этадиган икки қанотни берганини хабар қилди.
Лекин ким бу ҳақида Жаъфарнинг хотини ва болаларига етказишни ўз зиммасига олади? Албатта, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан ўзлари Жаъфарнинг уйига бордилар. У ерда аёли Асмо бинти Умайсни уйини тартибга келтириб, болаларини ювинтириб, уларга хушбўйликлар сепган ҳолида учратдилар. Шунда у Зот алайҳиссалом Асмога қараб йиғлаган, кўз ёшлари эса соқолларига оққан ва кичкина етим Абдуллоҳ ибн Жаъфарни қўлларида ушлаб, бошини силаган ҳолда: «Албатта,Жаъфар энг яхши савобга эришди», дедилар.
Сўнгра сўзларида давом этиб:«Эй Асмо, сенга хушхабар берайинми?Албатта, Аллоҳ Жаъфарга жаннатда у билан учадиган икки қанотни берди», дедилар. Шунда Асмо: «Отам-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, одамларни бу ҳақда хабардор этсангиз», деди.
Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга Аллоҳ Жаъфарни мушарраф қилган улуғ ажрни етказишни, шунингдек, Жаъфарнинг болаларини руҳлантиришни истадилар. У Зот Жаъфарнинг болаларини оналарининг олдида йиғлаб туришларини ва одамларнинг ҳам Жаъфарга аза тутишларини истамадилар. Шунинг учун уларнинг оналарига енгил қилиш (ёрдам қилиш) мақсадида катта ўғлини ўзлари билан олиб кетдилар. Абдуллоҳ у Зот билан масжидга келиб, минбаргача кўтарилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқдилар. Абдуллоҳни саҳобаларга отасининг шаҳид бўлгани ҳақидаги хабари қандай таъсир этишини кўриш учун минбарнинг пастки қисмига ўтказдилар.
Аблуллоҳ ибн Жаъфар Сарвари Коинот билан бирга ўтирганида нималарни ҳис қилган экан. Ваҳоланки, барча ҳозир бўлганлар отаси ҳақида унинг кўз ўнгида хабардор бўладилар.
Қани, сен, қизалоғим ва ўғлим, бир ўйлаб кўринглар− чи, саҳобалар бу ҳақда билганларидан сўнг нима дер эканлар? «Машааллоҳ, Жаъфар жаннатда учиб юради. Албатта, болалари ҳам жаннатга кирадилар. Чунки шаҳид ўз оиласидан бўлган етмиш кишини шафоат қилади ва албатта, улар жаннатга кирадилар». Аслида, Абдуллоҳ отасининг эришган мукофоти билан жуда бахтли.
Энди−чи, ширингина қизалоқларим, энди нима деб ўйлайсизлар? Бола онасига қайтарилиб, отасининг ишларини давом эттириш учун унинг изидан борармикан? Ёки саҳобаларидан бирига болани уйига олиб бориб, таомлантириб, тинчлантиришга амр қиладиларми? Йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундай қилмадилар.
Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун йўл бўйи Абдуллоҳни кичик қўлларидан тутганча, ўзлари билан ўйларига олиб бордилар. Сўнгра таом ҳозирлаб ва шу таомни Жаъфарнинг уйига олиб боришни ва кимдир уларникига қайтиб бориб Абдуллоҳнинг кичик укаси Муҳаммадни олиб келишини буюрдилар. Абдуллоҳнинг укаси келгач, Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан ўтириб, уларни овқатлантирдилар ва ўзлари билан уйларида олиб қолдилар. Улар билан суҳбатлашиб, руҳларини кўтардилар ва овқатланиб бўлишгач, оналарининг уйига олиб бориб қўйдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу билан кифояланиб қолмасдан, оталарининг ўлимидан уч кун ўтгандан сўнг: «Бошқа йиғламанглар ва менга биродаримнинг болаларини чақиринглар», дедилар. Улар келишгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энди менга сартарошни чақиринглар», дедилар. Сартарошни чақириб келдилар. У болаларнинг сочларини олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламболалар билан хазиллашиб, ўйнаб кетдилар.
Мана бу Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг шахсан ўзи ривоят қилган нарсасидир. Бу воқеалардан жуда қаттиқ таъсирлангани учун бу манзараларни унутмаганди.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар айтадилар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамнинг олдига кириб, унга отамнинг ўлими ҳақида хабар берган пайтларини эслайман. Мен у кишига боқиб турардим. Улар эса бошимни силаб турар ва кўзлари жиққа ёш бўлиб, соқолларига шашқатор оқарди. Сўнгра у Зот: «Албатта, Жаъфар энг яхши савобга эришди. Аллоҳим солиҳ бандаларинг ортидан яхши зурриётлар қолдирганинг каби унинг ҳам ортидан яхши зурриётлар қолдиргин», деб дуо қилдилар
Сўнгра сўзларида давом этиб: «Эй Асмо, сенга бир хушхабар айтайинми?» дедилар.
Онам: «Отам-онам сизга фидо бўлсин ,эй Алллоҳнинг Расули, хабар беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Жаъфарга жаннатда учиб юриши учун икки қанот берди», дедилар. Шунда онам: «Отам-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ, бу ҳақда одамларга билдирсангиз», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, менинг қўлимдан тутдилар ва хатто минбарга кўтарилдилар. Мени эса олдиларига, пастроққа ўтқаздилар. Улардаги ғамгинлик кўриниб турарди.
Сўнгра сўзладилар ва:«Киши кўпинча акаси ёки амакисининг ўғли билан бўлади. Дарҳақиқат, Жаъфар шаҳид бўлди ва Аллоҳ унга жаннатда учиб юриши учун икки қанот берди», дедилар. Сўнгра пастга тушиб, уйларига мени ҳам олиб кириб кетдилар.
Таом тайёрлашга буюрдилар. Оилам учун таом пиширилди. Акамга ҳам одам юбордилар. Улар ҳам келгач, бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёқимли баракотли таом танаввул қилдик.
Бизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уч кун қолдик ва ҳар сафар аёлларининг уйларига борганларида улар билан айланиб юрардик. Сўнг биз уйимизга қайтдик.
Сартарош келгач сочларимизни олди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳазил қилиб , Муҳаммад амакимиз Абу Толибга ўхшайди. Абдуллоҳ эса хулқи ҳам, кўриниши ҳам менга ўхшайди, дедилар. Сўнгра қўлимдан олдилар ва маҳкам ушладилар ҳамда: Аллоҳим, Жаъфарнинг аҳлига ўринбосар қолдиргин Абдуллоҳнинг қўлига (савдосига) барака бер, деб дуо қилдилар. Бу дуони уч маротаба такрорладилар.
Келинглар энди, эй болажонларим,
Бу қиссани ўқиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай сифатлайсиз?
Бугунги асримиздаги шаҳидларни биласизларми? Ким улар?
Етимларни биласизларми? Уларга нима ҳадя қилдингиз?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нимани ўргандинг?
* Жаъфарга етган мусибат уни атрофидагиларга ғамхўрлик қилишдан тўсмади.
* Зайд ибн Хориса ва Жаъфар ибн Абу Толибнинг ўлимларига қарамасдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Асмо ва унинг болалари хусусида ғамхўрлик қилдилар ва бу муҳим ишни бажаришни бошқа ҳеч бир кишига юкламадилар. Ваҳоланки, улар иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ўғил ва биродардек эдилар.
* У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим ўзлари хусусларида эмас, балки бошқаларнинг ихтиёжлари ҳақида қайғурар эдилар.