23 жумадул аввал 1446
Янги жамият асослари

Биринчи асос (масжид қуриш)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинага ҳижрат қилишлари Ер юзида илк Ислом диёри пайдо бўлишидан дарак берарди. Шунинг учун у Зоти бобаракот Мадинаи мунавварага бориб амалга оширган биринчи ишлари ана шу давлатнинг асосий тамал тошини - пойдеворини барпо қилиш бўлди. У пойдевор қуйидаги уч амалда ўз аксини топган:1 Масжид қуриш                           2. Омматан, мусулмонларни, хоссатан, муҳожирлар билан ансорларни бир-бирлари билан биродарлаштириш. 3. Мусулмонлар ҳаёт низомини белгилаб берувчи ва омматан, бошқалар билан, хоссатан эса яҳудлар билан бирга бўладиган алоқаларини аниқлаб берувчи дастур битиш. Демак, сўзимизни, аввало, масжид биносидан бошлаймиз: Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг туяси ансорлардан бўлган икки етим ғуломга тегишли майдонга чўкканини айтиб ўтган эдик (Асъад ибн Зурора Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин ана ўша жойни намозгоҳ қилиб олиб, дўстлари билан у жойда намоз ўқир эди). Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом мазкур жойга масжид қуришга амр қилдилар. (Асъад ибн Зуроранинг) қўл остидаги ҳалиги икки ғуломни чақириб, жойнинг нархини сўрадилар. У иккови: «Сотмаймиз, балки уни Сизга ҳадя қиламиз, эй Расулуллоҳ», дейишди. У Зот эса бунга кўнмадилар ва ўн динорга сотиб олдилар. У ерда хурмо дарахтлари ва мушрикларнинг эски қабрлари бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайхи васалламнинг буйруқлари билан қабрлар кўчирилди, дарахтлар кесилиб, қибла томонга териб қўйилди Масжид майдонининг узунлиги қибла томондан охиригача юз газ, икки ёни ҳам шунча ёки сал камроқ бўлди. Деворлари ғишт билан кўтарилди. Расулуллоҳ соллаллҳу алайҳи васаллам қурилишда ўзлари ҳам қатнашдилар - саҳобалар билан бирга тош-ғиштларни ташиб туриб, шундай дер эдилар: «Аллоҳим, фақат Охират яхшилиги яхшидир. Муҳожир ва ансорга нусрат бергин». Масжиднинг қибласи Байтул-Мақдис томон бўлди. Устунлари хурмо танасидан, шифти эса унинг шохларидан қилинди. Ери қум ва майда тошлар тўшалган ҳолатида қолдирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига Абу Бакр розияллоху анҳунинг халифалик даврларигача ҳеч қандай ўзгартириш ёки қўшимча киритилмади. Умар розияллоҳу анҳу ўзининг халифалик даврида унга айрим безак ва ўзгартиришларни киритди. Усмон розияллоҳу анҳу эса жуда катта ўзгартиришлар киритиб, масжиднинг деворини нақшли тош ва қусса (гипс) билан кўтарди.

Ибратли нукталар

Мазкур мавзудан бир неча муҳим далолатларни оламиз. Уларни қуйида қисқача келтириб ўтамиз: 1. Исломий жамиятда масжиднцнг аҳамияти. Расулуллоҳ   соллаллоҳу   алайҳи   ва саллам Мадинаи мунавварага етиб боришлари биланоқ мустаҳкам   исломий   жамият   барпо   қилишга киришдилар. У жамият Мадина жамлаган муҳожир ва ансорлардан иборат мусулмонлардан ташкил топган эди. Бу йўлда биринчи қилган ишлари масжид бино қилиш бўлди. Табиийки, Исломий жамият барпо қилишда масжиднинг аҳамияти жуда каттадир. Чунки мусулмон жамият ўзаро бирдамликни, мустаҳкам жипсликни Ислом қонунлари, эътиқоди ва одобларидан ўрганади. Буларнинг барчаси масжид иқлимида ўз ривожини топади. Дўстлик, биродарлик муносабатларини кенгайтириш Исломнинг қонун ва одобларидандир. Бундай муносабатларни мустаҳкамлаш эса фақат масжидда амалга ошади. Чунки мусулмонлар ҳар куни бир неча марта Аллоҳнинг уйларидан бошқа  бирор уйда мол-дунё ва обрў-мансабларини масжиддан ташқарига ташлаган ҳолда бир-бирлари билан кўришиб турмас эканлар,бошқа жойда масжиддагидек ўрталарида оға-инилик, биродарлик руҳи пайдо бўлиши мумкин эмас экан. 2. Балоғатга етмаган гўдак ва етим болалар билан савдо қилиш ҳукми. Баъзи фақиҳ олимлар мазкур ҳадисдан балоғатга етмаганлар билан олди-сотти қилиш дурустлигига далил оладилар. Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хурмо ҳосили йиғиладиган шийпонни икки етим боладан баҳолашиб сотиб олдилар. Агар бундай қилиш мумкин бўлмаганида улардан сотиб олмаган бўлар эдилар, деб важ-сабаб айтадилар. Балоғатга етмаганлар билан тасарруф қилиш мумкин эмас деган фикрдаги олимлар эса (улар аксари уламоларни ташкил қилади) Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилиб келтирадилар. «Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз! Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Сўзлаганингизда (гувоҳлик берганингизда) гарчи қариндошингиз(га қарши) бўлса ҳам, адолат қилингиз! аллоҳга берган ахдингизга вафо қилингиз! Шояд эслатма (насиҳат) олурсизлар, деб (аллоҳ) сизларни мана шу нарсага буюрди» (Анъом сураси, 152-оят). Майдонни сотиб олиш ҳадиси ҳақида эса икки хил жавоб айтадилар: Биринчиси: Ибн Уяйнанинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-салом ўшанда мазкур икки етим болани ўз оталиғига, қарамоғига олган амакилари билан гаплашган ва майдонни ўша киши воситаси билан сотиб олганлар. Иккинчиси: Бу каби ишлар тўғрисида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламда волийлик -раҳбарлик хусусиятлари бўлиб, мазкур ерни у икки боладан оддий фуқаро сифатида эмас, балки бутун мусулмонларга раҳбарлик сифати, ҳукуқи билан сотиб олдилар. 3. Эски қабрларни қазиб олишнинг ва ўша жойга тозаланиб, покиза қилингандаи сўнг масжид бино қилишнинг дурустлиги. Имом Нававий мазкур ҳадисни шарҳлар экан, шундай дейди: Бу ҳадисда қабрларни қазиб олишга ва тупроғи майитларнинг қон ва йирингларидан тозалангандан кейин у ерда намоз ўқиш дурустлигига далолат бордир. Бундан ташқари, ҳадисда майит дафн қилинган ерни агар вақф қилинмаган бўлса, сотиш мумкинлига ишора бор. Сийрат уламолари мазкур икки боланинг майдонидаги қабрлар эски ва текисланиб кетганлигини таъкидлаганлар ва шу билан бирга, қабрдаги майит жисмлари қазиб олиниб, тупроғи покланганини айтадилар. 4. Масжидни мустаҳкам қуриш ва унга нақшу зийнат беришнинг ҳукми. Уламолар масжидни мустаҳкам, кўп йилларга чидамли қилиб қуришни дуруст ва яхши деб билганлар. Улар бунга Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумолар     Пайғамбар     алайҳис-салоту     вас-саломнинг масжидларини қайта қурганликларини ҳамда қуйидаги оятни далил қилиб кўрсатадилар: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз   Аллоҳдангина   кўрқадиган   зотларгина обод қилурлар» (Тавба сураси. 18-оят). Обод қилиш эса мустаҳкам, пухта қилиб қуриш, унга эътиборни кучайтириш билан бўлади. Масжидга нақшу зийнатлар беришга келсак, уламолар уни макруҳ санаганлар. Чунки ҳар қандай нақшу нигор масжидга кирган намозхонларнинг қалбидан хушуъни, тадаббур-тафаккурни кетказишга ва дунё гўзалликларига маҳлиё бўлишга сабаб бўлади. Ваҳоланки, масжидга киришдан мақсад дунёвий тасаввурлардан қочиш, кўнгилни унинг зебу зийнатларга қизиқишдан бўшатишдир. Имом Бухорий ўзининг «Саҳиҳи»да Умар розияллоҳу анҳудан қилган ривоят ҳам фикримизни тасдиқлайди. Умар розияллоҳу анҳу масжид қуришга буюриб шундай дедилар: «Одамларни ёмғирдан пана қилгин−у, аммо қизил-сариқ қилиб юборма, акс ҳолда инсонларни фитнага солиб қўясан». Уламолар ўртасида масжиднинг қибла томонига Қуръон оятлари ёзилиши дурустлиги ҳақида ихтилоф бор. Айтганларимиздан сизга бугунги кунда кўпчилик масжид бино қилишга алоқадор сохадаги кишилар йўл қўяётган хатолар аён бўлади. Яъни улар бор куч ва эътиборларини масжидни зийнатлашга, уни нақшу нигорлар билан безашга қаратмоқдалар. Ҳатто масжидга кирган одам Аллоҳ азза ва жаллага қуллик қилиш хокисорлигини туйиш ўрнига гўё кирганларга меъморий санъат эришган тараққиётдан ифтихор билан сўзлаётган нақш ва безакларга эътибори машғул бўлади. Яна бунинг энг ёмон натижаларидан бири, фақир-камбағаллар дунёвий орзу-ҳаваслардан қочгани жой топа    олмаётган     пайтда    улар     ўзларининг камбағалликларига масжидларда тасалли оладилар, дунё ҳавосидан чиқиб Охират иқлими ва у жойдаги фаровон ҳаётга кўтарилгандай бўлиб юпанадилар. Мана бундай масжидлардаги зебу зарлар эса уларга фақирликлари сабабли маҳрум бўлган нарсаларини камбағалликнинг тушкунликларини яна уларга эслатиб қийнаши аниқ. Афсуски, мусулмонлар Исломнинг ҳақиқатидан айрилиб, сохта, ёлғон ишларга машғул бўлиб кетишдики, ундай ишларнинг зоҳири динга ўхшаса-да, ботини дунё ва унинг ҳою ҳавасларидир.

05:11 / 09.05.2012
Аввалги мақола
Ислом тарихи
Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар
    Рабиъул аввал ойларида юз берган тарихий воқеалар Ҳижратдан аввалги 53 йил, рабиъул аввал ойининг 8, 9, 10, 12 кунлардан бири (мил. 571 йил 19–23 апрель – Расулул...
06:40 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Жоҳилиятда Каъбани христианлар ҳам зиёрат қилишганми?
Савол: Ислом дини туширилишидан олдин ҳам Каъба бўлган ва уни  христиан динидагилар ҳам зиёрат қилишган. Ислом туширилганидан кейин эса улар Каъбани тарк қилишганининг сабабини билишни истардим.....
10:22 / 19.02.2013 Батафсил...
Ислом тарихи
Араб вакилларининг кетма-кет келиши ва Aллоҳнинг Динига кириши
Ибн Исҳоқ айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилиб, Табукдан фориғ бўлиб, Сақиф ҳам Исломни қабул қилиб, байъат қилгач, у Зотнинг олдига ҳар тарафдан араб вакиллари, элчи...
03:38 / 27.06.2020 Батафсил...
Ислом тарихи
Сақиф элчилари ва уларнинг Исломга кириши
Ибн Исҳоқ ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотидан Мадинага Рамазон ойида қайтдилар ва шу ойнинг ўзида у Зотнинг олдиларига Тоиф аҳолиси бўлмиш Сақиф қабиласидан вакиллар к...
22:37 / 26.06.2020 Батафсил...