23 шаввол
1446

Зотур-риқоъ ғазоти
Аксар сийрат уламоларининг иттифоқига кўра, бу ғазот бани Назир воқеасидан тақрибан бир ярим ойдан сўнг, ҳижрий тўртинчи йилда бўлиб ўтган. Имом Бухорий ва яна бошқа муҳаддис уламолар эса Хайбар ғазотидан кейин бўлганини таъкидлайдилар.
Ғазотнинг сабаби Нажд қабилалари томонидан мусулмонларга нисбатан қилинган хиёнатдир. Бу хиёнат Аллоҳга даъват қилиш учун чиққан етмиш саҳобанинг ўлимига сабаб бўлди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муҳориб ва бани Саълаба қабилалари устига юриш бошладилар. Мадинага Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуни бошлиқ қилиб қолдирдилар. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Ғатафон еридаги Нажднинг Наҳл номли водийсига аскаргоҳ қурдилар. Лекин Аллоҳ таоло мазкур қабилаларнинг қалбларига қўрқув солиб қўйди, натижада улар тарқалиб, қочиб кетишди. Ҳеч қандай жанг содир бўлмади. Ушбу ғазот қиссасидаги эътиборга молик манзаралардан айримларини келтириб ўтсак: Икки саҳиҳ ҳадислар тўпламида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анхудан ривоят қилинади. У айтди: « Биз бу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам билан бирга чиқдик... (Пиёда бўлганимиз сабаб) оёқларимиз шилиниб, кесилиб кетди. Менинг ҳам оёқларим шилиниб, тирноқларим тушиб кетди. Оёқларимизга (оёқ кийим йўқлигидан) латта боғлаб олдик. Шунинг учун ҳам бу ғазот Ямоқли ғазот деб номланган... Имом Бухорий билан Муслим ривоят қиладилар:«Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Зотур-риқоъ ғазотида хавф намозини ўқиганлар. Мусулмонлардан бир тоифаси у Зот билан намозга сафланса, яна бир гуруҳи душман қаршисида қолган. У Зот ўзи билан бирга турганлар билан икки ракаатли намознинг бир ракаатини имом бўлиб ўқиб, тик ҳолатда қолдилар, орқадагилар қолган иккинчи ракаатни имомсиз, ўзлари ўқиб душман томонга кетдилар. Сўнг иккинчи гуруҳ келди. Тик ҳолатда кутиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи гуруҳ билан намознинг иккинчи ракаатини (имомлик қилиб) ўқидилар. Қаъдага ўтиргач, салом бермай кутиб ўтирдилар ва муқтадийлар қолиб кетган биринчи ракаатни ўқиб олганларидан сўнг у Зот билан бирга салом бердилар». Имом Бухорий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар билан бирга ғазотдан қайтаётиб, туш пайтида сердарахт бир водийга дам олиш учун тўхтадилар. Одамлар ўзларини сояга уриб, дарахтлар остига тарқалиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир дарахт остига келиб, унинг шохига қиличларини илиб қўйдилар, − Жобир сўзида давом этади, − бироз ухладик, баногоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни чақириб қолдилар, борсак, у Зотнинг олдиларида бир бадавий араб ўтирган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бу (кимса) мен ухлаётганимда қиличимни олибди, уйғониб қарасам, (устимда) қилични яланғочлаб туриб, менга шундай деди: «Сени мендан ким ҳимоя қила олади?» Мен унга: «Аллоҳ! − дедим... −Мана, энди у ўтирибди...».Кейин Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам уни жазоламадилар.
Ибратли нукталар
Юқорида айтиб ўтганимиздек, сийрат ва ғазот уламолари Зотир-риқоъ ғазоти Хайбар ғазотидан аввал бўлганига иттифоқ қилганлар. Яна уларнинг кўпчилиги ҳижрий тўртинчи йилда бўлганини исботлашса, ибн Саъд, ибн Ҳиббон каби баъзилари бешинчи йилда бўлганини таъкидлашади. Бу ғазотда мусулмонлар бирон мушрик билан юзма-юз жанг қилмадилар. Бу воқеадан қуйидаги ибрат ва далолатларни олишимиз мумкин: Юқорида Имом Бухорий билан Муслим Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари динни етказишда, унинг йўлидаги жиҳодда қандай қийинчиликларни бошларидан ўтказганларини тасвирлаб беради. Ҳадиснинг далолатича, мусулмонлар ўша пайтда ўта фақир бўлишган, жиҳодга миниб чиқадиган етарли уловлари бўлмаган. Олти-етти киши узоқ масофани босиб ўтиш учун бир туяни навбатлашиб минишган. Лекин фақирлик уларни Рисолатни адо қилишдан, Аллоҳга даъват қилишдан тўса олмади. Унинг йўлида ҳар қандай қийинчиликларни кўтардилар -тошли, ўнқир-чўнқир йўлларда узоқ юрганларидан оёқлари шилиниб, кесилиб, тирноқлари тўкилиб кетди. Кийиш учун пойабзал топа олмаганларидан оёкларини латта бўлаклари билан боғлаб олар эдилар. Лекин шунга қарамай, мусулмон бўлган кунларидан бошлаб елкаларига юкланган Илоҳий масъулиятнинг буюклиги олдида чекинмадилар, заифлашмадилар. Улар ўзларида Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини гавдалантирар эдилар: «Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди — улар Аллоҳ Йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам ахдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз! Мана шу, ҳақиқатан, буюк саодатдир» (Тавба сураси, 111-оят).
19:51 / 26.06.2020
4016
Аввалги мақола
Бани Назир воқеаси
Ғазотлар
3168
Кейинги мақола
Набий ва Расул бўлган зотга салавот
7936
Саловотлар
Ғазотлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киргач, масжиддан бошладилар. У ерда икки ракаат намоз ўқиб, сўнг одамларга қараб ўтирдилар. Шу пайт жиҳоддан қолган кишилар бирин-кетин келишиб узрларин...
19:51 / 26.06.2020
Ғазотлар
Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг қўл остида бўлган Луҳам ва Жузом қабилаларидан иборат насроний...
20:34 / 26.06.2020
Ғазотлар
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронага қайтдилар. У ерда юқорида айтганимиздек, Ҳунайн ғазотида Ҳавозин қабиласидан олинган асирлар ва ўлжалар бор эди. Асирларни ўша ерда тақсимладилар. Сўнг...
22:42 / 26.06.2020
Ғазотлар
Ҳижрий саккизинчи йил Шаввол ойида бўлиб ўтган.
Сабаби: Аллоҳ таоло Ўз Расулига Маккани фатҳ қилиб бергач, зулм ва душманликлардан кейин Қурайш у Зотнинг пайғамбарликларини тасдиқла...
19:50 / 26.06.2020
ٍКўп кўрилганлар