20 жумадул аввал
1446
Ҳунайн ғазоти
Ҳижрий саккизинчи йил Шаввол ойида бўлиб ўтган.
Сабаби: Аллоҳ таоло Ўз Расулига Маккани фатҳ қилиб бергач, зулм ва душманликлардан кейин Қурайш у Зотнинг пайғамбарликларини тасдиқлаб мусулмон бўлгандан кейин Ҳавозин ва Сақиф қабилаларининг катталари Аллоҳ таоло Ўз Расулига ва мўминларга берган нусратдан қалблари ғазабга тўлган ҳолда бир-бирлари билан учрашдилар ва жуда катта лашкар тўпладилар. Ҳавозин қабиласининг бошлиғи уларга бош бўлиб, моллари ва оилалари билан юришни бошлашга буюрди. Улар (Макка билан Тоиф) оралиғидаги Автос номли жойга қўндилар. Уларни бундай ҳолатда чиқишга буюришнинг сабаби аҳли-оила, мол-дунёни ҳимоя қилиш учун жангдан қочиб кетишлар бўлишини олдини олиш эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Шаввол ойининг олтинчисида ўн икки минг мусулмон билан улар томон йўлга чиқдилар. Уларнинг ўн минги Мадина аҳлидан, икки минги Макка аҳлидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрад Асламийни мушриклар лашкари орасига кириб олиб, маълумот олиб қайтишга буюрдилар. Абдуллоҳ бориб уларнинг орасига кириб олди ва аскаргоҳда айланиб маълумот олиб қайтди. Аввалроқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафвон ибн Умайя ҳузурида совутлар, қурол-аслаҳалар борлиги билдирилган эди. У Зот Сафвонга одам юбориб ундан ўша совут ва қуролларни талаб қилдилар. (Сафвон ўша пайтда мушрик эди). Сафвон айтди: «Бу зўравонликми, эй Муҳаммад?» У зот: «Йўқ, қарзга олмоқчимиз, кейин яна ўзингга топширамиз», дедилар. Шундан кейин у юзта совутни етарли қуроллар билан қўшиб берди. Молик ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлга чиққанларини эшитиб ўз лашкарини Ҳунайн водийсининг ҳар тарафига яширинишларини ва мусулмонлар келганларида уларга бир ҳамла билан ҳужум қилишларини буюрди. Мусулмонлар Ҳунайн водийсига тонг ғира-ширасида етиб келдилар. Водийнинг ҳар тарафидан чиқиб, тўсатдан ҳамла қилган душман пистирмаси мусулмонларни қўрқитиб юборди. Мусулмонлар саросимада ҳеч нарсага қарамай ортга чекина бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг томонга четлашиб сўнг одамларга нидо қилдилар: «Менинг ёнимга келинглар, эй Аллоҳнинг бандалари, мен чин Пайғамбарман, мен Абдулмутталибнинг фарзандиман», дедилар. Имом Муслим Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Мен Ҳунайн куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлдим. Мен ва Абу Суфён ибн Ҳорис ибн Абдулмутталиб иккимиз у Зотдан ажрамадик. У Зот оқ ҳачирларига миниб олган эдилар. Мусулмонлар билан кофирлар тўқнашган пайтда мусулмонлар орқага қоча бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳачирларини кофирлар томон тезлата бошладилар. (Аббос айтади:) Мен у Зотнинг ҳачирларининг юганидан тутиб, тезлаб кетмаслиги учун тортиб турар эдим, Абу Суфён эса ҳачирнинг белбоғидан тортиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (Аббосга): «Эй дарахт асҳоблари, деб нидо қил», дедилар. (У овоздор киши эди. У айтади:)«Овозимнинг борича: Эй дарахт эгалари», деб қичқирдим. (Дарахтдан мурод Ҳудайбия йили Ризвон байъати ана шу дарахт олдида бўлган эди). Мусулмонлар лаббай, лаббай, деб жангга қайта бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар олиб бораётган жангга қараб туриб шундай дедилар: «Ана энди жанг қизиди». Сўнг ердан майда тошлар олиб уларни кофирларнинг юзларига отдилар ва: «Муҳаммаднинг Парвардигорига қасам, мағлуб бўлдилар», дедилар. Аллоҳ таоло мушрикларнинг қалбига қўрқув солди. Ҳеч кимга қарамай тум-тарақай бўлиб кетдилар. Мусулмонлар эса жанг қилишни, асир олишни давом эттирар эдилар. Бу ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай эълон қилдилар: «Ким ўзи ўлдирган мушрикни далил билан исботласа, ўша мушрикнинг ўлжаси уникидир». Ибн Исҳоқ ва бошқалар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Ҳунайн куни Абу Толҳа ўзи ўлдирган йигирма кишининг ўлжасига эга бўлди. Ибн Исҳоқнинг яна бир саҳиҳ ривоятида: Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам Умму Сулайм бинти Милҳонни кўриб қолдилар. У эри Абу Толҳа билан бирга эди. Унга Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам: «Умму Сулайммисан», дедилар. У: «Ҳа, ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Расулуллоҳ, Сиз билан жанг қилганларни ўлдирганингиздек, Сиздан қочганларни мен ҳам ўлдиряпман», деди. Унинг қўлида ҳанжар бор эди. Уни эри кўриб:«Ҳанжарни нима қиласан», деди. У:«Агар мушриклардан биронтаси менга яқинлашса, мана шу ҳанжар билан сўйиб ташлайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид ўлдирган бир аёлнинг олдидан ўтиб қолдилар. Одамлар унинг атрофида тўпланиб олишган эди. У Зот: «Нима бу?» дедилар. Холид ибн Валид ўлдирган аёл, дейишди. У«Зот саҳобаларидан бирига: «Холиднинг олдига бориб унга: «Расулуллоҳ сизни ёш болани, аёл кишини ва кулни ўлдиришдан қайтарадилар, деб айтгин», дедилар. Мушриклар бошлиғи Молик ибн Авф ўз қавмидан бир неча кишилар билан қочиб Тоифга етиб бориб у ердаги қўрғонга яшириниб олди. Ортида эса жуда кўп ўлжаларни қолдириб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлжаларни Жаърона номли жойда йиғиб, сақлашни буюрдилар ва унга Масъуд ибн Амр Ғифорийни масъул этиб тайинладилар. Ўзлари эса мусулмонлар билан бирга Тоифга йўл олиб, уни қамал қилдилар. Сақифликлар қўрғон ичидан туриб мусулмонларга камондан ўқ ёғдирдилар. Бундан бир қанча мусулмон ҳалок бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Тоифни ўн кундан ортиқ, баъзи ривоятларда йигирма кундан ортиқ қамал қилиб турдилар. Кейин ортга қайтишни маъқул кўрдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Ортга қайтамиз, иншааллоҳ», деб эълон қилдилар. Айрим саҳобалар:«Фатҳ қилмасдан қайтамизми?» дейишди. У Зот: «Агар хоҳласангиз, бориб жанг қилаверинг», дедилар. Улар жангни бошлаган эдилар, уларга қаттиқ жароҳатлар етди. Шунда у Зот уларга: «Эртага қайтамиз», дедилар. Саҳобалар бу гапдан хурсанд бўлдилар. Буни кўриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У Зот қайтиб келгач, саҳобаларига: «(Бизлар) қайтгувчилар, тавба қилгувчилар, ибодат қилгувчилар, Роббимизга ҳамд айтгувчилармиз», дедилар. Саҳобаларнинг баъзилари: «Эй Расулуллоҳ, Сақифга қарши Аллоҳга дуоибад қилинг», дейишди. У Зот: «Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қилгин ва уларни (бизнинг ҳузуримизга) келтиргин», деб дуо қилдилар. Ҳеч қанча вақт ўтмай, Аллоҳ таоло Сақифга ҳидоят берди. Уларнинг вакиллари Мадинага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб Исломни қабул қилганликларини эълон қилдилар.
19:50 / 26.06.2020
3941
Аввалги мақола
Макка фатҳи
Ғазотлар
7885
Кейинги мақола
Ғазотлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киргач, масжиддан бошладилар. У ерда икки ракаат намоз ўқиб, сўнг одамларга қараб ўтирдилар. Шу пайт жиҳоддан қолган кишилар бирин-кетин келишиб узрларин...
19:51 / 26.06.2020
Ғазотлар
Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг қўл остида бўлган Луҳам ва Жузом қабилаларидан иборат насроний...
20:34 / 26.06.2020
Ғазотлар
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронага қайтдилар. У ерда юқорида айтганимиздек, Ҳунайн ғазотида Ҳавозин қабиласидан олинган асирлар ва ўлжалар бор эди. Асирларни ўша ерда тақсимладилар. Сўнг...
22:42 / 26.06.2020
Ғазотлар
Ҳижрий саккизинчи йил Шаввол ойида бўлиб ўтган.
Сабаби: Аллоҳ таоло Ўз Расулига Маккани фатҳ қилиб бергач, зулм ва душманликлардан кейин Қурайш у Зотнинг пайғамбарликларини тасдиқла...
19:50 / 26.06.2020
ٍКўп кўрилганлар