20 жумадул аввал 1446
Хандақ ғазоти

Бу ғазотнинг Аҳзоб (гуруҳлар) деган номи ҳам бор. У Ибн Исҳоқ, Урва ибн Зубайр, Қатода, Байҳақий ва кўпчилик сийрат уламоларининг иттифоқларига кўра ҳижрий бешинчи йили, Шаввол ойида бўлиб ўтган. Мусо ибн Уқбанинг фикрига кўра эса ҳижратнинг тўртинчи йили бўлган.

Жангнинг сабаби будир: бани Назир қабиласига мансуб яҳудий катталаридан бир қанчаси Маккага келишиб    Қурайш    мушрикларини    Расулуллоҳ соллаллоҳу   алайҳи   васалламга  қарши  уруш қилишга чақиришди ва: «То уни таг-туги билан йўқ қилмагунимизча сизлар билан биргамиз», дейишди. Яна уларга: «Сизларнинг эътиқодингиз Муҳаммаднинг динидан яхшидир», дейишди. Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти ана ўшалар ҳақида нозил бўлган: «Китобдан       насибадор       бўлган кимсаларнинг бут ва санамларга ишониб — сиғинаётганларини   ҳамда    кофир    кимсалар ҳақида:   «Ўшалар    иймон    эгалари    бўлган (мусулмон)лардан   кўра   тўғрироқ   йўлдалар», деяётганларини кўрмадингизми? Улар Аллоҳ лаънатлаган   кимсалардир.   Кимники  Аллоҳ лаънатлар экан, бас, ҳеч қачон унинг учун бирон ёрдамчини топа олмайсиз»(Нисо сураси,51-52-оятлар). Шундай қилиб, улар мусулмонларга қарши жанг қилиш ҳақида Қурайш билан келишиб, бир вақт ва маконни белгилаб, ваъдалашиб олдилар. Яҳудлардан иборат мазкур гуруҳ ғатафонликларнинг  олдига   бориб,   уларни   ҳам Қурайшни  даъват қилган  ишга чақиришди ва  уларнинг розиликларини олишгач, Бани Фазора ҳамда  Бани Мурра қабилалари билан ҳам учрашишди Буларнинг барчалари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши урушиш учун бир вақт ва жойни белгилаб, тил бириктиришди. Мусулмонларнинг жангга тайёргарлиги Душманнинг   Маккадан   чиққанлиги   ҳақидаги хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келгач, у Зот саҳобаларини чақириб, уларга маслаҳат солдилар. Шунда Салмон Форсий розияллоху анҳу хандақ қазиш маслаҳатини берди. Бундан мусулмонлар ажабландилар (чунки араблар хандақнинг жанг воситаларидан эканлигини билмас эдилар). Улар Мадинадан душман томонга юришни бошлаб, Салъ тоғи остига етганларида ўша ерга қўним топдилар. Сўнг барчалари ўзлари билан душман ўртасига хандақ қазишга киришиб кетдилар. Ўшанда мусулмонларнинг адади уч минг; Қурайш, ҳизблар ва ҳар хил қабилалардан ташкил топган душманнинг ададаси эса ўн минг эди. Хандақ қазувдан айрим лавҳалар Бухорий Барро розияллоху анхудан ривоят қилиб айтади: «Хандақ куни Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламни тупроқ ташиётганларини кўрдим. Тупроқ у Зотнинг қоринлари устини қоплаб олган эди (у Зот сертук бўлганлар). Анас розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:«Ансорлар билан муҳожирлар хандақ қазиш, тупроқ ташиш асносида мана бундай хиргойи қилишар эди:
Ислом учун мудом, то абад, Муҳаммадга бердик чин байъат».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларга шундай жавоб қайтарар эдилар:
«Аллоҳим, Ансору Муҳожирга бергин баракот, Чун йўкдир Хайри Охиратдан ўзга хайрият».
Бухорий ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Биз чандақ қазир эканмиз, ердан бир қаттиқ харсанг чиқиб қолди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб хандакда бир катта харсанг кўндаланг турганини айтишди. Шунда у Зот: «Ўзим тушаман», дедилар. Сўнгра ўринларидан турдилар. У Зот очликдан қоринларига тош боғлаб  олган  эдилар. Бизлар уч кун туз тотмаган эдик. Расулуллоҳ   соллаллоху   алайҳи   васаллам чўқморни олиб бир зарба берган эдилар, ҳарсанг майда-майда   бўлиб   кетди.   Кейин   мен:   «Эй Расулуллоҳ, уйга бориб келишимга рухсат беринг», дедим. Уйга келгач, аёлимга: «Мен сабр қилиб юрган ҳолат (очлик) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳам бор экан, ейишга бирор нарсанг борми?» дедим. Аёлим: «Бисотимизда арпа билан бир эчки  бор», деди.  Эчкини сўйиб, гўштини қозонга солдим, арпани янчиб, унидан хамир қориб, Расулуллоҳ   соллаллоҳу   алайҳи   васалламнинг олдиларига бордим ва у Зотга: «Ўзингиз билан бирга бир ёки икки кишини олиб бизникига борсангиз, озгина таом бор эди», дедим. У Зот: «(Таоминг) қанча?» деб сўрадилар. Мен қанчалигини айтдим. У Зот: «Кўп ва хуш экан», дедилар ва: «Аёлингга айтгин, мен боргунимча таомни сузмай, нонни тандирдан узмай турсин», дедилар. Сўнг муҳожир ва ансорларга: «Туринглар (кетдик)», дедилар. Бошқа ривоятда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баланд овозда: «Эй аҳли Хандақ, Жобир таом тайёрлабди, туринглар, борамиз», дедилар. Жобир аёлининг олдига келгач:«Ҳолингга вой, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожир ва ансорларнинг барчаси билан бирга келдилар», деди. Аёли:«Таоминг қанча, деб сўрадиларми?»деди. Жобир:«Ҳа», деди. Шунда у:«Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келгач, саҳобаларига: «Киринглар, бир-бирингизни қисиб қўйманглар», дедилар ва ҳар бир кишига нонни синдириб,  унинг  устига  гўштдан   қўйиб   бера бошладилар.  Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи  васаллам   қозон ва тандир ичида гўшт, нон озгина қолиши   билан   уларнинг   устини   ўраб   қўйиб саҳобаларининг олдига келар, сўнг яна бориб қозон ва тандирнинг оғзини очар эдилар. У Зот нон синдириш,   таом   сузишдан   тинмадилар,   ҳатто одамлар тўйишди, таомлар ортиб қолди. Шунда у Зот   Жобирнинг   аёлига:   «Мана   буларни   еб, ортганини ҳадя қил, чунки одамларга очлик етган», дедилар. Хандақ қазишдаги мунофиқларнинг аҳволи Ибни Ҳишомнинг ривоятига кўра, мунофиқлардан бир нечтаси хандақ қазишда сусткашлик қилишди, ўзларини заиф, кучсиз қилиб кўрсатишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирмасдан ўз аҳли-оилаларига қайтиб кетишди. Мусулмонлар уйларига бориш учун бирон бир зарур эҳтиёж туғилиб қолсагина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан рухсат сўрар, у Зот ҳам уларга изн берар, улар юмушларини бажариб бўлгач, дарҳол ортларига - ўз иш-жойларига қайтар эдилар. Аллоҳ таолонинг ушбу ояти шу ҳақда нозил бўлган: «Албатта,    мўминлар    Аллоҳга    ва    Унинг Пайғамбарига иймон келтирган Зотлардир. Улар (Пайғамбар алайҳиссалом) билан бирон муҳим иш устида   бўлган   вақтларида   то   ундан   изн сўрамагунларича    кетмаслар.    Сиздан    изн сўрайдиган зотлар — ана ўшалар Аллоҳ ва Унинг    Пайғамбарига    иймон    келтирадиган зотлардир. Энди қачон улар Сиздан баъзи бир ишлари учун изн сўрасалар, бас, улардан ўзингиз хоҳлаган кишиларга изн беринг ва Аллоҳдан уларни мағфират қилишини сўранг. Албатта, Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур сураси, 62-оят). Бани Курайза яҳудлари ахдни бузди Ҳуяй ибн Ахтаб Надрий исмли яҳудий Каъб ибн Асад Қаразий номли яҳудий олдига келиб, унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тузган битимини бузишга чақирди. Унга шундай деди: «Эй  Каъб,  мен  сенга қурайшликлар  ва ғатафонликларни ўз аъёну қўмондонлари билан бошлаб   келдим.   Қурайшликлар   Румадаги   сел тўпланадиган  жойга,  ғатафонликлар   эса  Уҳуд яқинига қўндилар. Улар менга Муҳаммад ва унинг асҳобларини   таг-томирлари   билан   йўқ   қилиб юбормагунимизча жойларидан жилмасликка аҳд бердилар», деди. Шунда Каъб Ҳуяйга: «Худо ҳаққи, менга    бир  умрлик  хорликни    келтирибсан, умрингдан барака топгур, мени ўз ҳолимга қўй, чунки Муҳаммаддан фақат садоқат ва вафони кўрдим», деди. Ҳуяй эса ниятидан қайтмасдан Каъбни гиж-гижлашда давом этди ва натижада уни хиёнатга, ахдни бузишга кўндирди. Хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келгач, буни аниқлаб келиш учун Саъд ибн Муозни юбордилар ва унга агар хабар рост бўлса, мусулмонларни қўрқитиб, заифлаштирмаслик учун фақат у Зотнинг ўзларигагина ишора билан тушунтиришга буюрдилар. Агар ёлғон бўлса, уни бемалол овоз чиқариб одамларга билдиришни айтдилар. Саъд хабарни ўрганиб, унинг ростлигини билгач: «Азл ва Қорат», деди. Яъни шу қабилаларнинг хиёнатлари каби хиёнат қилишибди деган маънода шундай деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Буюкдир, хушхабар, эй мусулмонлар жамоаси», дедилар. Мусулмонларга Бани Қурайза аҳдни бузганлиги ҳақидаги хабар етди. Душман уларнинг устларидан ҳам, остларидан ҳам келган эди. Мадинадаги мунофиқлар қалтирай бошладилар. Улардан бири: «Муҳаммад бизга Кисро ва Қайсар хазиналарини ваъда қилар эди. Бугун эса баъзи бирларимиз ҳожатга ҳам хотиржам бора олмаяпмиз», деди. Вазият оғирлашганини, мусулмонларга бало қаттиқлашаётганини кўргач, саҳобалардан Саъд ибн Муоз билан Саъд ибн Убодани чақириб, улардан Ғатафон қабиласига мусулмонлар билан урушмасдан қайтиб кетишлари эвазига Мадина хурмоларининг учдан бирини бериш билан сулҳ тузмоқчи эканликлари ҳақида маслаҳат сўрадилар. Иккала Саъд ҳам: «Эй Расулуллоҳ, бу ишни қилишни Сиз ўзингиз хоҳлаяпсизми ёки Аллоҳ таоло буюрдими ёки бўлмаса бизни ўйлаб қиляпсизми?» дейишди. У Зот: «Сизларни ўйлаб, сизларнинг устингиздаги уларнинг шавкатини синдириш учун шундай қилмоқчиман», дедилар. Шунда Саъд ибн Муоз айтдики: «Худо ҳаққи, бизнинг бунга эҳтиёжимиз йўқ, Аллоҳ таоло биз билан уларнинг орасида бир ҳукм чиқармагунча уларга қиличдан бошқа нарсани бермаймиз», деди. Бу гапдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ёришиб кетди ва: «Сен айтганча бўлсин», дедилар. Мушриклар учун хандақ кутилмаган воқеа бўлди. Улар: «Бу арабларнинг тажрибасида бўлмаган ҳийла-ку!» дейишди. Кейин улар мусулмонларни қамалга олиш учун хандақ атрофига жойлашишди. Баъзи енгил олишувларни ҳисобга олмаганда деярли жанг бўлмади. Мушрикларнинг жангсиз енгилишлари Аллоҳ   таоло   мўминларни   жанг   қилишдан қутқарди. У Зот мушрикларни икки восита билан мағлуб қилди. Биринчиси, Нуъайм ибн Масъуд исмли мушриклардан бўлган бир киши Исломни қабул қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам истаган ҳар қандай ишни бажариш ниятида эканини билдирди. Шунда у Зот унга: «Сен бир киши экансан, (яъни ёлғиз экансан) лекин агар имконинг бўлса, душманни биздан узоқлатгин. Чунки жанг ҳийладир», дедилар. Шундан кейин Нуайм бани Қурайза яҳудларининг олдига келиб, (улар Нуаймни ҳали ҳам мушрик деб ўйлашар эди) уларни Қурайш билан бирга то улардан бир неча кишини гаровга олмагунча уруш бошламасликка   чақирди.   Чунки   агар   гаровга олмасалар, қурайшликлар иложи қолмаганда орқага қочиб қолишлари, натижада яҳудлар Мадинада Муҳаммад ва унинг асҳобларига қарши туришда ёрдамсиз, ёлғиз қолишлари мумкинлигини уқтирди. Улар бу гапларни эшитиб: «Тўғри фикр», дейишди. Сўнг Нуайм уларнинг ёнидан чиқиб Қурайшнинг олдига бориб, уларга бани Курайза ахдни бузганига пушаймон қилиб, Расулуллоҳ билан хуфёна иттифоқ тузиб   олишди   ва  унга  Қурайза   ва   Ғатафон катталаридан бир неча ададни мусулмонларнинг қўлига ўлдириш учун топширишларини шарт қилиб қўйишди. «Агар яҳудлар сизлардан гаровга одам талаб қилиб келишса, зинҳор уларга бир кишини ҳам  бера   кўрманглар»,  деди.  Сўнг ғатафонликларнинг   олдига   бориб   уларга   ҳам қурайшликларга айтган гапларини айтди. Шундай қилиб, уларнинг ўртасида бир-бирларига бўлган ишонч йўқолди ва ҳар икки томон бир-бирларини хиёнаткорликда айблай бошлади. Икинчиси, Аллоҳ таоло мушриклар устига совуқ, қоронғу кечада қўрқинчли ва бўронли шамолни юборди. У шамол уларнинг қозонларини ағдарди, чодирларини бузиб юборди. Бу воқеа мушриклар мусулмонларни қамалга олган кундан бир неча ўн кун ўтгандан сўнг содир бўлди. Имом Муслим Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан   ривоят   қилади: «Аҳзоб   кечаларининг бирида устимизга қаттиқ ва узоқ муддатли шамол турди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Ҳузайфа, тур, бориб душманнинг аҳволини   билиб   кел,   уларга   буни   сездириб қўймагин», дедилар. Мен у Зотнинг олдиларидан чиқиб, ўзимни худди ҳожатга кетаётган кишидек кўрсатиб юрдим ва уларнинг олдига етиб бордим. У ерда Абу Суфёнга кўзим тушиши билан камонимни ўқладим. Энди   отмоқчи   бўлиб   турганимда   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уларга сездириб қўймагин», деган сўзлари ёдимга тушиб қолди. Агар отганимда аниқ унга тегар эди. Ортимга қайтиб душман     қавмининг     аҳволи - ахборини етказганимдан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам    ўзларининг    устларидаги    намоз ўқиганларида      киядиган      чопонга      ўхшаш кийимларини менинг устимга ташлаб кийдириб қўйдилар. Шу кўйи тонг отгунча ухлаб қолибман. Шунда у Зот: «Тур, эй уйқучи», дедилар. Эртасига тонгда мушрикларнинг барчаси ортларига қайтиб кетишгандан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан Мадинага қайтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунлару тунларда Аллоҳ таолодан мусулмонларга ғалаба беришини тилаб дуо-илтижолар қилишдан тўхтамадилар. У Зотнинг дуолари орасида жумладан шу сўзлар бор эди: «Қуръонни нозил қилган, ҳисоб-китоби тез бўлган Аллоҳим, аҳзобларни - мушрик тўдаларни Ўзинг мағлуб эт ва уларни бўлиб -тарқатиб юборгин». Мана шу ғазотда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом бир намозни ўз вақтида ўқий олмай, қазо қилиб ўқидилар. Икки саҳиҳ тўпламда ворид бўлган: Умар ибн Хаттоб Хандақ куни қуёш ботгандан сўнг келиб Қурайш кофирларини сўка бошлади ва: «Эй Расулуллоҳ, қуёш ботиб қолгани учун аср намозини ўқий олмадим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Худо ҳаққи, мен ҳам ўқий олмадим», дедилар. «Бас, Батхон водийсига тушиб, у Зот ҳам, биз ҳам таҳорат олдик ва қуёш ботгандан сўнг аввал асрнинг қазосини, кейин шомни ўқидик». Имом Муслим ушбу ҳадисга қуйидагиларни қўшиб ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни: «Улар бизни ўрта намоз - аср намозидан машғул қилдилар, Аллоҳ уларнинг уйларини ҳам, қабрларини ҳам оловга тўлдирсин», дедилар, сўнг асрни шом билан хуфтоннинг орасида ўқидилар.
Ибратли нукталар
Бу ғазот ҳам яҳуддарнинг макру ҳийлалари асосига қурилди. Чунки мушрикларни гижгижлаган ҳам, турли қабила ва жамоаларни жамлаган ҳам ана ўшалар эди. Бу иш Мадинадан чиқариб юборилган бани Назир яҳудларигагина чекланиб қолмай, балки уларга мусулмонлар билан аҳдлашган ва улар томонидан аҳдларини бузишга сабаб бўладиган бирон ёмонлик кўрмаган бани Курайза яҳудлари ҳам шерик бўлишди. Биз бу ўринда уларнинг қилмишларидан ибратлар, дарслар чиқариб ўрганишга эҳтиёжимиз йўқ. Чунки уларнинг ишларига тарих гувоҳ бўлган, барча замон одамларига маълум бўлган ишлардир. Шунинг учун бу ғазотнинг бошқа томонларидан ибрат ва ҳикматлар қидириб кўрсак: Биринчи: Мусулмонлар бу ғазотда қўллаган ҳарбий воситалардан бири хандақ қазиш бўлди. Аҳзоб ғазоти араб ҳамда Ислом тарихида хандақ қазиш усули қўлланган биринчи ғазот ҳисобланади. Чунки у фақат ажамларнинг тажрибасида бўлган иш эди. Маълумки, буни − хандақ қазиш таклифини ҳам араб бўлмаган саҳоба − Салмон Форсий киритди. Бу ҳарбий восита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга маъкул келди ва дарҳол асҳоблари билан уни амалга оширишга киришдилар. Бу − «Ҳикмат мўминнинг йўқотган нарсасидир, уни қаердан топса, олади, балки бошқалардан кўра унга ҳақлироқ бўлади», деган ҳадиснинг далилларидан биридир. Шариати Исломия мусулмонлар бошқаларга кўр-кўрона эргашишларини, тақлид қилишларини қанчалик ёмон кўрса, улар барча яхшиликларни, фойдали асосларни қаердан топсалар ҳам, дарҳол ўзларига олишларини шунчалик яхши кўради. Иккинчи: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобаларнинг хандақ қазишларидаги манзарада жуда катта ва етук ибрат борки, у сиз билан бизга исломий жамият ўз шахслари ўртасида ўрнатган тенглик ҳақиқатини яққол кўрсатиб беради. Яна у адолат ва баробарлик Ислом эътиборида жамиятнинг ташқи суратини безаб турадиган қуруқ шиорлар эмас, балки адолат ва тенглик исломий асослардан келиб чиқадиган воқелик эканлигини кашф қилиб беради. Билиб ўтганимиздек, Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам хандақ қазишга мусулмонларни буюриб қўйиб, ўзлари баланд қасрларда истироҳат қилиб, кузатиб ўтирмадилар ёки уларнинг олдига дабдабаю асъасалар билан келиб улардан биринииг чўқморини қўлининг учида ушлаб, ишнинг бошланганини эълон қилиш учун ва бу ишда уларга шерик бўлганини билдириш учун ерга бир уриб қўйиб, сўнг чўқморни ташлаб, уларга орқа ўгириб, либосига ёпишган чанг зарраларини чертиб, қоқиб кетганлари йўқ. Балки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан баробар ишга киришиб кетдилар, уст-бошларини тупроқ қоплади. Оддий ишчидан ажратиб бўлмасди у кишини. Саҳобалар бир-бирларини ғайратлантириш учун шеърлар ўқишса, у Зот ҳам улар билан бирга ўқир эдилар, уларнинг ичида энг оч қолгани ва қийналгани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Шариати исломия ҳоким билан халқнинг, бой билан камбағалнинг ўртасида ўрнатган тенгликнинг манзараси шудир. Сиз бунда Шариатнинг барча аркону аҳкомларини мана шу асос устига қурилганини топасиз.Бу адолат ва тенгликнинг манбайи Аллоҳ таолога бўлган қулликдир. Бу сифат барча инсониятни макону мартаба жиҳатидан бир сафга қўяди. Учинчи: Бу ғазотда мусулмонлар қандай восита билан ғалаба қозондилар ва мушриклар қандай восита билан мағлуб бўлдилар? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотида тутган воситанинг ўзини Хандақ ғазотида қам қўлладилар. У - Аллоҳ таолога илтижо қилиш, мадад сўраб дуо қилиш воситаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душманга йўлиққанда, жиҳодга чиққанда бу воситани доим қўллар эдилар. Энди    мушрикларнинг    ададлари    кўплигига қарамасдан мағлуб бўлганларига келсак, бу ҳакда Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида маълум қилган: 9.«Эй   мўминлар,   Аллоҳнинг   сизларга   берган неъматини — сизларга (қарши турли ҳизблардан иборат) кўшинлар келган пайтда Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни фаришталарни) юборганимизни эсланглар! Аллоҳ    қилаётган     амалларингизни     Кўриб тургувчи   бўлган   Зотдир.   10.   Ўшанда   улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда   кўзлар   тиниб,   юраклар   бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар аллоҳ ҳақида (турли ёмон) гумонлар қила бошлаган эдингиз. 11. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар. 12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни эътиқодлари заиф бўлган) кимсалар:   «Аллоҳ   ва    Унинг   Пайғамбари бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар. 13. Ўшанда улардан (мунофиқлардан) бир тоифаси деди: «Эй Ясриб (яъни Мадина) аҳли, сизлар учун (бу қадар кўп сонли ёвга қарши) туриш (имкони) йўқдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан (мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди)», деб  Пайғамбардан   изн  сўрардилар.  Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар. 14. Агар уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли)   томонларидан   (бостириб)   кирилса-да, сўнгра улардан фитна (яъни мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинса, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар. 15. Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Аллоҳга аҳду паймон берган,   Аллоҳга   берилган   ахду   паймон   эса (Қиёмат Кунида) сўралгувчи эди. 16. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга бирон фойда бермас, (яъни фақат ажалларингиз битгунича ўлимдан қочишларингиз мумкин) демак, сизлар  жуда  оз  (яъни   ажалларингиз  етгунча) фойдаланурсизлар,  холос.   17.  Айтинг:   «Агар Аллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни Ундан асрай олур ёки у Зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким Уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Аллохдан ўзга бирон дўст, бирон ёрдамчи топа олмаслар. 18-19. Аллоҳ сизларнинг   орангиздаги   (жиҳодга)   тўсқинлик қиладиган   ва   ўз   дўстларига:   «Биз   томонга ўтинглар (Муҳаммадни тарк қилинглар, жиҳодга борманглар)», дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, фақат сизларга (яъни сизларнинг    ғалаба    қозониб,    ўлжаларга    эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келса, Сиз уларни ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби   кўзлари   ола-кула   бўлиб   Сиз   томонга караётганларини  кўрурсиз.  Энди  қачон  хавф кетса,  улар  яхшилик (яъни  ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар.     Улар     (сидқидилдан)     иймон келтирмаганлар,    бас,    (шу    сабабли)    Аллоҳ уларнинг   амалларини   беҳуда   кетказди.   Бу Аллоҳга осон бўлган (ишдир). 20. Улар (яъни мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли ҳизблар Мадина атрофидан тарқаб  кетганларидан  кейин  ҳам)  улар ҳизбларни кетмаган, деб ўйлайдилар ва агар у ҳизблар   яна   қайтиб   қолсалар ,  (мунофиқлар шаҳарда —  сизларнинг  ичингизда  эмас,  балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасида бўлиб, сизларнинг ҳоли-хабарларингиз  ҳақида  сўраб-билиб туришни дўст тутадилар. Агар улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар. И з о ҳ: Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижратнинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом тарихида «Хандақ жанги» деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди. Муфассирларнинг ёзишларича, воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина атрофларидаги ҳар турли ҳизблар мусулмонларни йўқ қилиб юбориш учун тил бириктиришиб ўн икки мингдан ортиқ қўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш қиладилар. Бу шум хабардан воқиф бўлган Пайғамбар алайҳиссалом уч минг чоғли аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг маслаҳатларига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига хандақ кавлайдилар ва ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли ҳизбларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул — хандақ тўсади ва улар  Мадинани  тўрт томонидан  қуршаб  қамал қиладилар, аммо шаҳар ичига кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўмин ким-у, мунофиқ кимлиги ажралиб қолади: Мўминлар Аллоҳ таолонинг нусратига кўз тикиб, Пайғамбар     алайҳиссалом    теварагига     янада жипслашадилар,     мунофиқлар     эса     бутунлай ноумидликка тушиб, ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар. Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг бир куни тўсатдан ҳаво совиб, қаттиқ бўрон туради ва мусулмонларни қамал қилиб, ҳар тарафдан ўраб олган ҳизбларнинг ёққан ўт-оловларини    ўчириб,   тиккан    чодир-ўтовларини учириб   кетади   ва   улар   Мадинага   киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа олмай қоладилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло    ушбу    оғир    дамларда    мўминларнинг иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирган, лекин дилларида мараз-нифоқ   бўлган   мунофиқларнинг   кирдикорларини фош этади. Ушбу воқеа, айтиб ўтганимиздек, бундан ўн тўрт аср илгари рўй берган бўлса-да, ўша ҳизбларнинг думлари бугунги кунда ҳам мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак, ҳар замон мана шундай ҳизблар турли ялтироқ шиорлар билан мусулмонлар орасига  кириб,  уларни  бўлиб  юборишга,   бир-бирларига душман қилиб қўйишга уринганларида ҳақиқий иймонли мусулмонлар ўз атрофларига пайғамбар алайҳиссаломдан мерос бўлиб қолган маънавий хандақ қазиб олишлари, яъни Қуръони карим ва ҳадиси шариф маъноларидан яхши хабардор бўлиб, улардаги илоҳий кўрсатмаларга изчил амал қилишлари натижасида ундай шайтоний ҳизбларни ўзларига яқинлаштирмасликлари лозим бўлади. Шунда у бадкирдор ҳизблар мусулмонларга бирон зиён етказа олмай, йўқ бўлиб кетадилар. Аммо Исломдан бехабар билимсиз кимсалар ва мунофиқлар эса қандай қилиб ҳизбнинг ноғорасига ўйнаб юрганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир. 21. (Эй мўминлар,) албатта, сизлар учун — Аллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни   кўп   ёд   қилган   кишилар  учун  — Аллоҳнинг  Пайғамбарида   (у   Зотнинг  иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир. 22. Мўминлар у ҳизбларнинг кўрган вақтларида: «Бу Аллоҳ ва Пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир    (яъни    имтиҳондир).    Аллоҳ ва Пайғамбарининг   сўзи   ростдир»,  дедилар   ва (устларига бостириб келаётган ҳизбларнинг сон-саноқсизлиги  мўминларни  қўрқитмади,  аксинча) уларнинг (Аллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос. 23. Мўминлар орасида ўзлари Аллоҳга берган (у Зотнинг Йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган кишилар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни шаҳид бўлди),  улардан  (айрим)  кишилар  эса (шаҳид бўлишта) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Аллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ. 24. Аллоҳ (ўз ахду паймонларига) содиқ бўлган кишиларни ростгуйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа (мунофиқ ҳолларида ўлдириб) азобга гирифтор этиш ёки (улар иймон келтириб, тавба қилсалар), тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Албатта, Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир. 25. Аллоҳ кофирларни (яъни ҳизбларни) хафа ҳолларида қайтарди. Улар бирон яхшилик-фойдага эришмадилар. Аллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Аллоҳ Кучли, Қудратли бўлган Зотдир» (Аҳзоб сураси, 9-25-оятлар).
04:49 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Бўҳтон
Ғазотлар
Жиҳоддан қолганлар иши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага киргач, масжиддан бошладилар. У ерда икки ракаат намоз ўқиб, сўнг одамларга қараб ўтирдилар. Шу пайт жиҳоддан қолган кишилар бирин-кетин келишиб узрларин...
19:51 / 26.06.2020 Батафсил...
Ғазотлар
Табук ғазоти
Унинг сабаби, Ибн Саъд ва бошқаларнинг ривоятига кўра, мусулмонларга савдогарлар орқали румликлар катта қўшин тўплагани ва уларга румнинг қўл остида бўлган Луҳам ва Жузом қабилаларидан иборат насроний...
20:34 / 26.06.2020 Батафсил...
Ғазотлар
Ўлжаларни тақсимлаш
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъронага қайтдилар. У ерда юқорида айтганимиздек, Ҳунайн ғазотида Ҳавозин қабиласидан олинган асирлар ва ўлжалар бор эди. Асирларни ўша ерда тақсимладилар. Сўнг...
22:42 / 26.06.2020 Батафсил...
Ғазотлар
Ҳунайн ғазоти
Ҳижрий саккизинчи йил Шаввол ойида бўлиб ўтган. Сабаби: Аллоҳ таоло Ўз Расулига Маккани фатҳ қилиб бергач, зулм ва душманликлардан кейин Қурайш  у  Зотнинг пайғамбарликларини  тасдиқла...
19:50 / 26.06.2020 Батафсил...