22 жумадул аввал 1446
Адий ибн Ҳотимнинг Исломга кириши

Адий насроний эди. У ўз қавмида обрў-эътиборли киши эди. Жанглардан тушган ўлжаларнинг тўртдан бирига эгадорлик қилар эди. (Араблар удумига кўра, бундай миқдорни фақат уларнинг катталари, бошлиқлари олади). Адий ибн Ҳотим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларини эшитгач, бу нарса унга ёқмади ва қавмини тарк қилиб, Шом насронийларига қўшилиб кетди.

Адий айтади:«Шомликлар билан бирга туришни уни (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни) ёмон кўришдан ҳам қаттиқроқ ёмон кўрдим. Кейин ўзимга ўзим айтдим: Унинг олдига бораман. Агар подшоҳ ёки ёлғончи бўлса, дарҳол билиб оламан, агар ростгўй бўлса, унга эргашаман». Чиқиб, Мадинага − Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. Масжидда эканлар, кириб салом бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кимсан?» дедилар.«Адий ибн Ҳотимман», дедим. У Зот ўринларидан туриб, мени уйларига бошлаб бордилар. Шу орада бир заифа, ёши катта аёл йўлиқиб, у кишини тўхтатиб, ўзининг муаммолари ҳақида гапириб кетди. Ичимда: «Валлоҳи, бу киши подшоҳ эмас», дедим. Кейин мени уйларига олиб кирдилар. Теридан қилинган тўшакчани менга узатиб: «Шунга ўтиргин», дедилар. Мен: «Йўқ, ўзингиз ўтиринг», дедим. У Зот: «Йўқ, сен ўтир», дедилар. Мен тўшакка ўтирдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ерга ўтирдилар. Яна ичимда: «Аллоҳ номига қасам, подошоҳлар бундай қилмайди», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хўш, Адий ибн Ҳотим, ҳалиям Аллоҳдан ўзга бирон илоҳ бор деб биласанми?» дедилар. Мен: «Йўқ», дедим. «Аллоҳдан каттароқ, буюкроқ бирон нарса бор деб биласанми?»«Йўқ», дедим.«Сен Ракусий (насронийлик билан Собиийлик ўртасидаги дин) динида эмасмидинг?» «Ҳа», дедим.«Қавминг ўлжасидан  тўртдан  бирини  олмасмидинг?» Ҳа, дедим. «Ахир бу сенинг динингда ҳалол эмас эди − ку?» дедилар. «Ҳа, Валлоҳи», дедим, Сўнг яна дедилар: «Эй Адий, эҳтимол, сени бу Динга киришдан тўсаётган нарса унинг аҳлининг камбағаллигидир. Аллоҳ номига қасамки, улар орасида мол-дунё шундай тўлиб тошадики, ҳатто уни олувчи одам топилмай қолади. Яна сени бу (Динга) киришдан тўсиб турган нарса бу Дин аҳлларининг душмани кўплигини ва ўзларининг ададлари озлигини кўраётганингдир. Аллоҳ номига қасамки, яқинда бир аёл ўз туясида Қодисиядан ҳеч қандай хавф-хатарсиз бу Байтни - Уйни зиёрат қилгани келибди, деб эшитасан...». Адий айтади:«Шу сўзлардан кейин Исломни қабул қилдим».
Ибратли нукталар
Адий ибн Ҳотимнинг Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам олдиларига келиши ва Исломга кириши воқеаси у Зотнинг олдига ҳар тарафдан вакиллар кела бошлаган пайтга тўғри келади. Адийнинг келишини ҳам мусулмон бўлганини эълон қилиб келган ўша вакиллар қаторига қўшишимиз мумкин. Леқин биз Адий ҳақида батафсилроқ маълумот беришни маъқул кўрганимизнинг сабаби, унда исломий ақида асосларига тааллуқли муҳим ибратлар борлиги ва яна унда Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам шахсиятининг равшан тасвири борлигидир. Подшоҳликдан, амирликни, обрўни яхши кўришдан, кибрдан холи, тоза бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсияти Адий ибн Ҳотимга жуда аниқ, равшан кўринди ва бу унинг Исломга киришига, ҳидоят топишига асос бўлди. Адий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб бордилар. Йўлда у кишига бир заифа, ёши катта аёл йўлиқиб у кишини тўхтатиб, ўзининг ҳожати ҳақида гапириб кетди. Узоқ туриб қолди. Шунда ичимда: «Валлоҳи, бу киши подшоҳ эмас», дедим. Ҳа, подшоҳликка, дунёвий улуғликка интилган киши мазкур ҳолатга сабр қилиши қийин. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари, табиатлари доим шундай − сабрли, қунтли эди. Мажлисда саҳобаларидан ажралиб олмас эдилар. Турмушларида ҳам фақир, мискинлар даражасидан ўтиб кетмас эдилар. Хонтахтада овқатланганлари тўғрисида биронта ҳам ривоят йўқ. Саҳобалари бирон оғир ишни бошлашса, у Зот ҳам улар билан бирга ўша ишга киришиб кетардилар. У зотнинг бундай сифатлари то Дорул-бақога риҳлат қилгунларича бардавом бўлди. У Зотни бундай ҳолатда ушлаб турган сир Аллоҳ берган пайғамбарлик сиридир. Адий шундай деган эди:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени уйларига олиб киргач, теридан қилинган бир тўшакчани олиб, менга узатиб: «Мана бунга ўтир», дедилар... Мен тўшакчага ўтирдим, ўзлари эса ерга ўтирдилар.. Ичимда: «Валлоҳ, подшоҳлар бунақа қилмайди», дедим. Эҳтимол, Адий (у ўз қавми орасида жуда баланд мартаба эгаси бўлган) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўзида мавжуд бўлган тўкин-сочинликни, ҳашаматни кўраман, деб ўйлагандир. Лекин у бунинг аксига − Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қаршисида қуруқ ерга чордана қуриб ўтиришларига гувоҳ бўлди. Гўёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйи Адийга шундай деяётгандай эди:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даъвати ортидан на подшоҳликни, на бойликни ва на иззат-эътиборни талаб қилаётгани йўқ!» Эсласангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Адийга шундай деган эдилар: «Ҳали мол-дунё мусулмонлар ичида шундай кўпаядики, ҳатто уни оладиган одам топилмай қолади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтган эканлар − Амир Умар ибн Абдулазиз йиғилган закотларни эгаларига− камбағалларга тарқатиб келиш учун Африка томонга ўз одамларини юборганда, улар закот оладиган камбағал топа олмай ортларига қайтиб келишган. Кейин ўша пулларга қуллар сотиб олиб уларни озод қилган. Адий пайғамбарликнинг чин белгиларини у Зотнинг турмуш тарзларида, сўзу каломларида топди. Мана шу нарсалар унинг Исломга киришига ва ўзи шўнғиб кетган дабдабаю асъасалардан воз кечишига сабаб бўлди. Кишида фикр юритувчи ақл бўлса ва ўша тафаккур ёнида эркинлик ҳам етарли миқдорда бўлса, ҳар қанча қийин бўлмасин, ҳақиқатни қабул қилишдан, унга иймон келтиришдан бошқа илож қолмайди. Аммо фикр эркинлиги йўқ бўлса, ақлнинг ҳурмати топталса, унинг ўрнини гина, адоват, ҳавойи-хоҳиш эгалласа, у ҳолда ноҳақликка бўйин эгишдан, жаҳолат ботқоғига ботишдан ўзга қочиб қутиладиган жой қолмайди. Ана шундайларнинг сифатларини бизга баён қилиб берган оламлар Парвардигори нақадар рост сўзлаган:«Улар (Пайғамбар алайҳиссаломга) дедилар: «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам, албатта, (ўз асалларимизни) қилгувчидирмиз» (Фуссилат сураси, 5-оят).
02:44 / 27.06.2020
Сахобалар
Ҳазрати Умарнинг Исломга келишлари
Жоҳилий жамият руҳида ўсган ҳазрати Умар Ислом янги пайдо бўлганида унга қаттиқ қаршилик кўрсатганлардан бири бўлганлар. Лекин у кишидаги соф табиат бир кун келиб ўзини кўрсатиши турган гап эди. Бунин...
15:58 / 23.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Адолатли сиёсат даҳоси
(Саид ибн Омир розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат уммонларидан файз олиб ўсган ва ўша тенги йўқ зотнинг ҳидоят нурларидан насибаланиб, инсониятга йўл кўрсатган юлду...
14:29 / 22.08.2023 Батафсил...
Сахобалар
Фаришталар ювинтирган саҳоба
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида, ҳижрий 3-санада жарчи ҳаммани Уҳуд ғазотига чорлай бошлади. Ҳанзала розияллоҳу анҳу бу нидони эшитиб, дарҳол қурол-аслаҳаларини олиб, урушга тайё...
17:02 / 31.07.2023 Батафсил...
Сахобалар
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу
Абу Закариё Яҳё ибн Муоз Розий розияллоҳу анҳу — бу киши воизлик билан танилган. Ҳусайн воиз Кошифийга ўхшаб. Ҳаким-ўта ҳикматга бой бўлганлар. Ўткир жуда ҳам чуқур гапларни гапирганлар. Аллоҳ т...
16:00 / 27.07.2023 Батафсил...