Биринчиларнинг биринчиси
Ислом… Ҳазрат Одам алайҳиссаломдан бери келаётган илоҳий диннинг номи. Яратганнинг яралмишларга юборган тизими. Пайғамбар… Аллоҳнинг амр ва таъқиқларини бандаларига етказувчи элчи. Бу амр ва таъқиқлар асосида яшаб, ўрнак кўрсатган расул, набий, ибрат ва етакчи. Мусулмон… Иймон келтирган, иймон келтирган қарашлари асосида яшаган, Ҳаққа бўйин эккан, Ислом динини танлаб, мусулмон деган шарафли номни олган одам. Ҳар бир одам қутқарувчи, даъватчи ва қутқарилувчи энди… Қизлар тириклайин ерга кўмилмас, нарса каби олиб-сотилмас энди. Лойиқ бўлган шарафли ўринларига эга бўлишади энди. Кўрпаларга ўралган Афандимиз тобора ажойиб оламга кириб борардилар. Бутун зийраклиги, нозик фаҳмлари билан Хадижа онамиз шошиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиётгандай эдилар. Бир нималарни пичирлаб ўқирканлар, ўрниларидан турдилар. – Нега турдингиз, ҳали дам олганингиз йўқ-ку? – Энди дам олиш вақти ўтди, – дея марҳамат қилиб ўқий бошладилар: «Эй (либосларига) бурканиб олган зот, туринг-да, (инсонларни охират азобидан) огоҳлантиринг! Ёлғиз Парвардигорингизни улуғланг! Либосларингизни пок тутинг! Бутлардан йироқ бўлинг!» (Муддассир сураси, 1–5-оятлар). Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларига диққат билан қулоқ тутиб ўтирган ҳазрат Хадижага одамларни Исломга даъват қилиш вазифаси билан мукофотланганларини айтиб дедилар: – Мен бу ҳақиқатни кимга айта оламан? Ким буларни тасдиқлайди? – Эй Аллоҳнинг элчиси! Мен сизни қабул қиламан ва тасдиқлайман… Аллоҳ йўлига мени чақиринг!.. Бу сўзлар Пайғамбаримизни жуда хурсанд қилди, даъватни тугатар-тугатмас Хадижа онамиз дедилар: – Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ!.. Шу тарзда биринчи уммат бўлдилар ҳазрат Хадижа. Биринчиларнинг биринчиси бўлдилар ва бу билан кифояланмай, иймонларига исбот истардилар. Аммо қандай исботлаш кераклигини билмас эдилар. Савол билан афандисига юзландилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрат Жаброил ўргатганлари каби таҳорат қилдирдилар ва илк намозни бирга ўқидилар. Уларнинг дил бирликлари бу намоз воситасида янада мустаҳкамланди. Бу икки муборак банданинг фаришталар ҳавасини келтирувчи манзараси ҳар биримизни ўйлаш, сабоқ олиш, хулоса чиқариш, улардан ўрнак олишга ундайди. Намоз… Эрта тонг ва оқшомда, ўша пайт учун фақат икки ракатгина. Ҳазрат Хадижадан сўнг қизлари ҳам ҳеч иккиланишсиз мусулмон бўлдилар. Исломни қабул қилиш билангина чекланмай, Аллоҳ буйруқларига итоат этишга, Ислом қонунлари билан яшашга, таъқиқларга бўйсунишга интилишди. Ислом тарихи тилга олинганда бу илк тўрт мусулмон нақл этилмайди. Фақат илк мусулмонлардан бўлишганига шубҳа қилинмайди. Атиргулнинг гуллари Ислом булбулларига айланишди… Янги давр бошланаётганди… Тўрт қиз тўрт гул каби очилган… Тенги йўқ гуллар – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гуллари… Ҳаёт ўзгача мазмун касб этган, иймон яшаш мезонига айланган эди. Одамларнинг ҳар бир сўз, ҳар бир ҳаракатларии иймон назоратига ўтди. Зайнаб ҳазрат Зайнаб бўлди… Ҳазрат Зайнаб розийаллоҳу анҳо. Отасини кўргани келиб, неъматларнинг энг юксагига эришди. Борлиғини чулғаган нурдан хўжайинини ҳам воқиф этиш орзусида эди. Фазилатлар соҳиби бўлган Абул Осс иймон келтирармикин? Қайнотасига ишонармикин? Аввал ҳазрат Хадижа… Сўнг ҳазрат Абу Бакр… Ҳазрат Али… Ҳазрат Зайд… Буларнинг барчаси дастлабки мусулмонлар бошида эди. Аёл-эркак, қул, болалардан олдинда, биринчилардан эди. Ва Банотун Набий… Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари… Атиргул ғунчалари!..