22 жумадул аввал 1446
Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?

Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?

Биринчилар ортидан бошқалар ҳам иймон келтира бошладилар. Аёллардан ҳазрат Хадича ва унинг қизларидан сўнг ҳазрат Сумайя, ҳазрат Уммул Фазл, ҳазрат Асмо, ҳазрат Умарнинг синглиси ҳазрат Фотима ва бошқалар… Эркаклардан ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Али ва ҳазрат Зайддан сўнг ҳазрат Усмон, ҳазрат Абдуллоҳ ибн Масъуд, ҳазрат Зубайр, ҳазрат Абу Зарр, ҳазрат Аммор, ҳазрат Ёсир… Бу сара инсонларда маъно илмининг калити ниҳон эди. Асрор пардасини булар излаяжак эди.

* * * Маккага кириб келган карвонни доимгидай одамлар ўраб олди. Ҳаммаси одатдагидай кечаётганди. Фақат янги хабар тарқалгунча: «Абдуллоҳнинг етими Муҳаммадул-Амин пайғамбар бўлди-и!» Одамлар бир зум қотиб қолдилар. Сўнг дарҳол уйларига шошилдилар. * * * Абул Оссни Зайнаб ҳовлида кутиб олди, аввалгидек қизаринқираб «Хуш келибсиз!» деди-да, қўлидагиларни олиб «Ичкарига марҳамат!» деди. Абул Осс кайфи чоғ бўлиб уйга кирди. Тўйларидан бери шунақа: яхши кийимлар кийиб, хушбўйлар суриб, ширин сўзлар билан кутиб олади Зайнаб. Зотан, буни ота-онаси орасидаги муносабатлардан ўрганган. Ҳазрат Ҳадича каби йўл тутган эди. Шу билан бирга Зайнабда ўзгариш сезди Абул Осс. Маккада нелар бўлганини сўради. «Аввал эгнингизни алмаштириб, дам олинг», дея Зайнаб сочиқ келтирди. Ювиниб, кийимларини ўзгартирган Абул Осс овқатга ўтирди. Бир пас у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиргач, Абул Осс сўради: – Отанг Пайғамбар бўлганмиш? – Аллоҳ унга охирги пайғамбар вазифасини юклади. Аёлига диққат билан тикилиб, кўнглидагини уқиб олмоқчи бўлган Абул Осс ундаги ўзгариш нимадан иборатлигини топди. Зайнабнинг юзлари ички нурдан ёришиб, кўзлари порлаб турарди. Отасининг пайғамбар бўлгани, илк ваҳий келгани, онаси ва сингиллари Исломни қабул қилганларини бирма-бир ҳикоя қилиб, охирида секин деди: – Мен ҳам мусулмон бўлдим!.. – Мусулмон бўлдинг? – Ҳа. – !.. – Ўзингиз ҳам биласиз, отам жуда тўғрисўз, ишончли одам. Бекорга гапирмайди. У ростгўйлигини бутун Макка аҳли билади. Онам, сингилларим, Абу Бакр, Али, Зайдлар мусулмон бўлишди. Қариндошларингиздан Усмон ва Зубайрлар ҳам. Мен сизни ҳам Исломга олдин кирганлардан бири бўлишингизни истайман. Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?.. Абул Осс бир он нима дейишни билмай, аёлига боқди. Нурли юзидаги порлоқ кўзлари икки йўл каби «кўнглимга киринг, ичкарига» деяётгандек эди. Бундай даъватга қарши туриб бўлармиди? «Мен ишондим, сиз ҳам ишонасизми?» Ишониш!.. Бу қанақа туйғу экан ўзи? Хотиржам нигоҳ билан Зайнабга боқди. Унинг «Албатта ишонаман! Сенинг отангга ишонмай бўладими?» дейишини кутаётган аёл кўзларига ғарқ бўлди. Кутилаётган жавобни бера олмаганидан ўнғайсизланиб, бошини эгди. Зайнаб ғалати бўлиб кетди. Кўнглидаги ғалаён бўронга айланиб, кўзларидан ёш томчилай бошлади. Абул Осс бундан яна-да ўнғайсизланди. Зайнабни ҳеч қачон хафа қилмаган, қилмоқчи ҳам эмасди. Эзгин, маъюс ҳолда ташқарига чиқиб кетди. * * * Турли хаёллар оғушида қолган Зайнаб эшик очилишидан ўзига келди. Эри уйга қайтганди. – Каъбада отангни кўрдим. Мени ҳам Исломга даъват этди, – дея жим қолди-да, бошини хам қилди. Зайнаб хўжайинининг ичкарига кириши, бирор нарса дейишини кутиб турди. Шундай интиқ бўлдики, ҳаяжондан тиззалари тиззаларига тегиб титради. Умид билан боқди… * * * Севиш… Севилиш… Севгига лойиқ бўлиш… Севган севгилисининг йўлидан юради. Унинг севганларини ҳам севади. Бу ёлғон дунёда севгидан – ишқдан кучлироқ нима бор? Тушунганлар ва севганлар учун ишқ энг буюк қувватдир. Ишқ-муҳаббат енга олмайдиган бирор нарса борми? Абул Осс деди: – Худо ҳаққи, отангни ёмон ҳисобламайман. У бекорга «Муҳаммадул-Амин» деб аталмайди-ку. Бемалол ишониш мумкин бўлган одам. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапирмайди Зайнабим, сен билан ҳамфикр эканлигимни, барча яхши нарсаларни сен билан баҳам кўришимни биласан. Зайнаб эри «Мусулмон бўламан!» деяётгандек қувониб кетди. «Сен билан ҳамфикрман», дегани шунга ишора эмасми, ахир? «Иймон келтираман», деса бўлди-да. – Лекин мен «Хотини учунгина қавмини тарк этиб, оталарининг динини инкор этди», дейишларини истамайман! Эшикнинг олдигача келган одам ичкарига кирмай, остонадан қайтди. Ранжиган Зайнаб «Яратгандан сизга ҳидоят тилайман!» дея унинг юзига маҳзун боқди. – Сен тўғри иш қиляпсан, Зайнаб. Сен унинг қизисан. Мени тушун, кечир… Гул атрофида парвона булбул каби эди Абул Осс. Гулининг синиши, сарғайиб-сўлишига тоқат қила олмасди. Аммо ота динидан ҳам қайтолмасди. Бу динга ишқ билан кириларди. Ҳамма гап асл севгини топиш, севиш ва севилишда эди. Шундан сўнг одам тўғри йўлга тушарди. Жон берарди у учун…
02:15 / 27.06.2020
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...