5 рабиъус сони 1446
Унинг қизидан воз кеч!

Унинг қизидан воз кеч!

Абу Лаҳаб ғазабдан ёрилгудай бўлиб уйга қайтди. Аёли Умму Жамил ундан баттар эди. Оёқ остида турган чойдишни олиб улоқтирди. – Болалар қани? – Ҳозир келишади. Болалар уйга кирар-кирмас Абу Лаҳаб қичқирди: – Қаерда юрибсанлар? – Нима гап? – Ўзини пайғамбар деб эълон қилган одамнинг қизларидан воз кечасизлар!.. Акс ҳолда норози бўламан. Утба, Утайба, эшитдиларингми?! – Ота, тўхтанг, бўлмаса, бизни ўлдирасизми? – Керак бўлса, ўлдираман ҳам. Унинг қизидан воз кеч, дедим. – Бўпти, шунга шунча бақириб, ёқа бўғиш шарт эмас-ку! – Ҳозироқ… Унаштириш бекор қилингач, қизлари билан овора бўлиб, кўкдан хабар келяпти, демай қолар. Мен билан тенглашишнинг оқибати қандай бўлишини ҳам билиб қўйсин. – Мен воз кечдим! – деди Утайба. – Мен ҳам, – деди Утба. – Бу кифоя эмас, уйига бориб юзига тупуринглар! – Ҳа, ақлини киритиб қўяман! – отилди Утба. – Унга кўрсатиб қўй, ўғлим! – Жоним билан! Қанақа ишга қўл ураётганини билмасди Утба. Муҳим иш бажараётганига ишониб Пайғамбар алайҳиссаломникига шошиларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда эдилар. Атрофларида хотинлари, суюкли қизлари. Фақат Зайнабгина йўқ, у ҳали бироздан сўнг келадиган эди. Оҳиста сўзлашиб ўтиришганида эшик тарақлаб очилди. Чўчиб кетган қизлар ота-оналари пинжига суқилишди. Ичкарига бостириб кирган Утба Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ўшқирди: – Менга қара, мен сенга ҳам, сенинг динингга ҳам ишонмайман! Сени ёқтирмайман, қизингни ҳам ёқтирмайман ва уйланмайман. Унашув бекор қилинади. Қизинг ўзингга буюрсин! Тфу!.. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларига тупуриб, шарт бурилиб кетди. – Ё Раббим! Унга ваҳший жониворингни йўлиқтир! Утба остонада қотиб қолди. У Зотнинг  бекорга гапирмасликларини, айтганлари ҳамиша юз беришини яхши биларди. Қандай кўчага чиққани, уйига йўлни қандай топганини билмайди. Уйига келгачгина, бироз ҳушини йиғди. – Нима бўлди? Сенга нима қилди?! – Мени дуоибад қилди, – дея амаллаб тушунтирди. – У бекорга гапирмайди, – ҳовлиқди Абу Лаҳаб. – Утбага кўз-қулоқ бўлинглар. Умуман, ёлғиз қолмасин. Тили наштар Умму Жамил Пайғамбаримиз алайҳиссаломни хўп қарғади, лаънатлади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, жуда кучли ҳимоя остида савдогарлар карвонига қўшилиб кетган Утба йўлда арслонга ем бўлди. Ҳеч кимнинг қўлидан ҳеч нарса келмади…

* * * – Отамни кўриб келсам, майлими? – Бу нима деганинг, албатта, бор, Зайнабим. Аммо мени куттириб қўйма. – Узоқ қолмайман. Руқайя ва Умму Кулсумни шундай иймонсиз, одамгарчиликдан йироқ оилага келин бўлиш офатидан қутулганликлари билан табриклаб келаман. Абул Оссга «Сиз қачон иймон келтирасиз?» дегандай боқди. У кўзларини олиб қочди. Зайнаб кўчада кетаркан, бир томондан бундай оиладан қутулган сингиллари учун қувонар, иккинчи томондан ҳамон иймон келтирмаган хўжайини учун қайғурарди. Дили, тутумлари, гап-сўзлари Исломга шунчалар яқин бўлган эри қачон саодатли йўлга кирар экан? Қачон иймон келтириб мусулмон бўлар экан? Хўжайини ҳаққига дуо қилиб кетиб борар экан, ортида нелар бўлаётганидан бехабар эди… Макканинг кўзга кўринган одамлари Абул Оссникига келишган эди. Улар орасида Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл, Валид ибн Муғийра, Осс ибн Воил, ҳатто Умму Жамил ҳам бор эди. Абул Осс ҳовлида дарахт соясида ўтирарди. У келган меҳмонларни хушламаса ҳамки, ичкарига таклиф қилди. Абу Лаҳаб ва Умму Жамил сўз бошлашди: – Менга қара, Абул Осс. Сен ақлли одамсан. Оталарининг динидан қайтмайдиган даражада диёнатлисан. Муҳаммадул-Аминга сен ҳам бизлар каби ишонмадинг. Аммо хотининг динимизни тарк этиб, мусулмон бўлди. Сен эса ҳамон у билан никоҳдасан, ажрашганинг йўқ. Бу қанақаси? Отасини Пайғамбар, деган қиз билан қандай яшайсан? Унинг қизи билан ажраш, дарҳол! – Йўқ, – деди Абул Осс. – У билан ажрашмайман. Ажраша олмайман. – Нега? – Сизга сабабини айтмайман, айтсам ҳам, тушунмайсиз. Зайнабдан ажрашмайман. – Қўрқма, Зайнаб сенга зиён етказа олмайди. – Мени бу қўрқитаётгани йўқ. – Отасидан чўчияпсанми? – Мени у ҳам қўрқитмайди. – Бўлмаса нима, ахир?! Ажраш, вассалом. – Йўқ! Мен Зайнаб билан ажрашмайман. – Қариндошлигинг учунми? Зайнаб холангнинг қизи бўлгани учунми? Агар гап шунда бўлса, мен Муҳаммаднинг амакиси бўламан, бу эса янгаси. Аммо иш бошида биз турибмиз, айнан биз. – Гапим шу – Зайнаб билан ажрашмайман! – Бунақа кескин жавоб бермагин-да. Аввал ўйлаб кўр. Агар ажрашсанг, Макканинг энг гўзал қизларидан истаганингни олиб берамиз. – Зайнабдан бошқаси керакмас! – Бу қиз сени жодулаб олганми? – Сизлар менга яхшилик қилмоқчимисиз ёки ёмонлик? – Бошқа одам таклифимизни катта хурсандчилик билан аллақачон қабул қилган бўларди. Сен бўлсанг… Менга қара, агар ажрашсанг, истаган қизингни олиб бериш билан бирга ўзимизга бош этиб ҳам сайлаймиз. – Йўқ! – Бўпти, Макканинг энг бой одамидан ҳам бадавлатроқ бўласан. – Буларнинг ҳеч бири менга керакмас! – Бўлмаса нима керак? – Зайнаб керак, мени ундан ажратманглар, ажрата олмайсизлар ҳам. – Бу қиз сени жодулаб қўйибди. У ҳам отаси каби афсунгар экан-да. – Йўқ, туҳмат қилманг! Ишонмасангиз ишонманг, аммо туҳмат қилишга ҳаққингиз йўқ. Зайнаб ҳам, унинг отаси ҳам афсунгар эмас. Улар фақат рост гапиришади. – Унга ишонгандан гапиряпсан. Ажраш-ей шу қиздан! Нима десанг, қиламан, ажраш! – Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман. Бекорга оғзингизни оғритманг. – Шўринг қурсин сенинг. Бир қиз учун бизни хафа қиляпсан. – Бир қиз деганингиз менинг умр йўлдошимдир. – Бошқа олиб берамиз, дедик-ку сенга, хоҳлаганингча яна! – Бошқа қиз топа оласиз. Аммо менга бошқа рафиқа, бошқа Зайнаб топа олмайсиз. Кўз очиб кўрганим Зайнаб билан кўз юмишни ҳам хоҳлайман. Энди мени ўз ҳолимга қўйинглар. Уйимдан кетинглар. – Тушунарли, сен ё бутлар ғазабига учрагансан, ё Зайнаб сени иссиқ-совуқ қилган. Қандай бостириб келишган бўлса, шундай такаллуфсиз чиқиб кетишди. Фақат ғазаблари янада ортган эди. Зайнаб тиккага келган офтобнинг қайноқ нурлари остида уйга келиб-кетаётган эди. Иссиқдан ҳаво жимирлар, ҳатто баъзан эсаётган шамол ҳам юзини куйдирарди… – Зайнаб, Зайнаб! Бирор нарса эшитадиган аҳволда эмасди. Руқайя ва Умму Кулсумлар қутулганидан севинса-да, эрини куттириб қўймаслик учун тушки жазирамага ҳам қарамай йўлга чиққанди. – Ҳой Зайнаб. – Мени чақиряпсизми? – деб овоз чиққан ёққа қаради. – Мунча хомушсан? Сени кўрган одам чўлда туясини йўқотган йўловчига ўхшатади. Бу иссиқда юриб нима зарур? Ундан кўра сояга кел, у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирамиз. – Онамникидан қайтаётгандим. Кечикиб қолдим, уйга шошяпман, бошқа сафар гаплашамиз, иншааллоҳ. – Нега шошасан, эринг қочиб кетармиди? – Куттиргим келмаяпти, узр. – Тўхта, сенда гапимиз бор эди. – Нима гап? – қизиқди Зайнаб. – Эрингни нима қилдинг? – Тушунмадим. – Эрингни нима қилганингни сўрадик, бунинг нимаси тушунарсиз? – Нима қилибман? – Пайғамбарнинг қизи бўлсанг, нима қилганинг аниқмас. Ё эрингни сеҳрладингми? – Нима демоқчисиз, очиқ гапиринг?! – Сен кетганингдан кейин нималар бўлганини биласанми? Макканинг манаман деган одамлари уйингга келишди. Эрингга нималар дейишганини билсанг эди! – Билсанг эди, дегунча айтинг. – Қизиқиб қолдинг-а?! Қўрқма, ёмонлик бўлмади. Эрингга сен билан ажраш, деб зуғум қилишди. Бир дунё нарсалар таклиф қилишди, аммо у қулоқ солмади. Сен билан ажрашса, Макканинг энг гўзал қизларини олиб беришлари, бунинг устига ўзларига бош этиб сайлашлари, Макканинг энг бой кишисига айлантиришлари мумкин эди. Биласанми, эринг нима деди? – Нима?! – «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деди. Хўш, қандай қилиб эрингни бунчалик боғлаб олгансан ўзингга? Бизникиларга шу таклифнинг мингдан бири қилинса ҳам, бизни дарров кўчага ҳайдашади. Бир нарса қилгансанки, эринг сенга шунчалик боғланиб қолган. Бизга ҳам ўргатсанг-чи! Зайнаб ортиқ уларни эшитмасди. «Менга бутун дунёни берсангиз ҳам, Зайнабдан ажрашмайман!» деган жумла қулоғида жарангларкан, Яратганга шукрлар қилди… Уйига қушдай учиб келди. У Абул Оссдан ўта миннатдор, бутун қалби билан севарди. У томондан ҳам ҳурмат кўрар, севиларди. Мусулмон бўлса эди эри, оҳ, мусулмон бўлса эди! Дуо елканида учди Зайнаб… Жаҳон тупроғида бошоқ етиштирган гўзал!.. Кўнгил водийсига инжу ёмғири ёғдирган малак!.. Шарафли атиргулнинг ғунчаси… Энг ёрқин нурнинг зиёси… Нур бор ерда, қоронғулик ҳукм сура олмайди… Бизларни ҳам нурлантир, нурингдан баҳраманд бўлишни истаймиз. Бутун ҳаётинг билан «Севги талаб этилмайди, у қозонилади», дединг. Қанчалар бахтлисан… Сени севганлар қанчалар бахтли!..
06:03 / 09.05.2012
Аввалги мақола
Кейинги мақола
Бағишлов
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...
Мақолалар
Сиз эмасми, ё Расулуллоҳ?
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулуллоҳ! Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг!”, (Аъроф сураси, 15...
03:13 / 20.10.2022 Батафсил...
Мақолалар
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг хурмо ейишлари
 حَدَّثَنَا هَارُونُ بْنُ إِسْحَاقَ الْهَمْدَانِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدَةُ بْنُ سُلَيْمَانَ، عَنْ هِشَامِ بْنِ عُرْوَةَ، عَنِ ابْنٍ لِكَعْبِ بْنِ مَالِكٍ، عَنْ أَبِيهِ، قَالَ: كَانَ رَسُولُ...
00:59 / 27.06.2020 Батафсил...