Жажжи қиз
Жуда бошқача эди у. Эндигина тўртга кирган, шунчалик ёқимтой, шунчалик суюмли эдики, бутун аҳли Макка уни танирди. Қизалоқ ўйнаб ўтирганида отаси чақириб қолди. Ўйинни ташлаб, отаси ҳузурида зумда ҳозир бўлган Фотима деди: – Лаббай, отажон. – Белкуракни тез олиб кел! – Хўп бўлади. Югуриб кетди. Чордоқда онасини кўрди – йиғидан кўзлари шишган, қизариб кетган. Нима гап ўзи? – Тез-тез бўлсанг-чи, ҳозир адабингни бераман. – Олиб боряпман, ота! Юракда ваҳима билан чопиб бориб, белкуракни отасига берди. – Қаерга кетяпсан? – Онамнинг олдига, йиғлаяпти. – Йиғлайверсин, сен мен билан кетасан. – Қаерга, отажон? – Борса қайтмасга! – У қанақа жой? – Борсанг, кўрасан, тез бўл! Қўлини қаттиқ сиққанича қизини судраб кетди. Қўрқинчли бир нарса юз бераётганини қизча сезди. Онасининг изтиробли йиғиси, меҳрибон, севимли отасининг бундай кескин ўзгариши, Маккадан ташқарига йўл олганлари остида қандайдир мудҳиш сабаб бор эди. Ўзи қаерга кетишяпти? – Қаерга кетяпмиз, отажон? – Борсанг, кўрасан, дедим-ку. Сувсиз, қақроқ чўл, бири ҳайратга, иккинчиси аламга тўла бир жуфт кўз. Ота ҳамон кимгадир аччиқ қилаётгандай қизчанинг қўлидан судраб кетарди. Қуёш бутун шиддати билан борлиқни қовурар, ота-бола тердан ҳўл бўлиб кетишган эди. Қуёш аёвсиз нурлари тик тушаётган соясиз жойда тўхташди. Отаси атрофни кузатарди. Махфий, қўрқинчли бир ишга қўл ураётган каби ҳаяжонда. Кўзлари эса бежо. Ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилган отаси Фотимани соя жойга ўтқазиб, ўзи чуқур қазий бошлади. Қум каби тупроқни атрофга ота-ота қазиди, белкуракка суяниб чуқурдан чиқди. Бошдан-оёқ чангга беланган ота ҳарсиллаб нафас оларкан, қизига ер остидан айбдорларча назар ташлади. Қизалоқ отасига ачиниб кетди. Ёнига келиб чангларини қоқишга киришди. Чуқурга орқа ўгирганча отасига қараб турарди. Отаси кескин силтаб қизни чуқурга туширди. Бечора қиз чуқурга тушишга ҳам улгурмай қолди. Отаси устига тупроқ торта бошлаганди. – Ота, отажон! Нима қиляпсиз? Қичқирганча ўрнидан туришга интиларди. Аммо устма-уст келиб тушаётган тупроқлар бунга имкон бермасди. – Отажон, бўғилиб кетяпман… Бўлди, бу қанақа ўйин ўзи?.. Менга бу ўйин ёқмади… Отажон, бўғилиб кетяпман… Ота-а, отажо-о-он… О-о… Қимирлашга сўнгги бор уринди. Фақат замбил юк остида қолганди. Тупроқ сочларига аралашиб, бошини беркитган, оғиз-бурни, кўзчаларини тўлдирган эди. Ортиқ овоз чиқара олмасди, нафаси тўхтади… … Эри тижорат ишлари билан кетгани учун Зайнаб яна ота уйига келганди. Уйдагиларини абгор аҳволда кўриб, юраги ортга тортиб кетди. Отасига бирор нарса қилдимикин? Яна Ҳиро – нур тоғига кетганди-да отаси. Ёмон жавоб олишдан чўчиб, сўрай олмай турди. Шунда ҳазрат Хадича юз берган ҳодисани англатди. Қизалоғи (қизалоқ) бошига тушганини сўзларкан, Зайнаб қалбини, тушунчаларини поралаб юборди. Бечора қизча қайси айби учун тупроққа кўмилиши керак? Яна тириклайин?!. Эй Худо! Бу қандай кўргулик, бу қандай ваҳшийлик? Бу ваҳшат тез-тез Маккада бўлиб турарди. Масъум қизалоқлар тириклайин тупроққа кўмиларди ёки бир буюм каби сотиб юбориларди. Бу ваҳшийлик яна қанча давом этиши мумкин? Қизалоқлар 1-2, 3-4 ёшда, баъзиларига ҳатто исм қўйилмасдан ҳам тупроққа кўмишарди. Фотима шуларнинг бири эди. Ким билади, яна қанча қизалоқни бағрига олиб кетган экан ер? Ҳазрат Хадича япроқдай титрарди… Зайнаб, Руқийя, Умму Гулсум, Фотима титрарди. Бешафқат кўзнинг тошдан нима фарқи бор? Ишқ, иймон ва идрок потирламаган кўнгилни қонли кўлмакдан нима айириб туради? Қуёш тепадан аёвсиз қиздирар, чағир тошлар эса оёққа ботиб қийнар эди… Отасидан тез югурса ҳам, отаси етиб олди. Йўлни шунчалар чангитиб юборгандики, энг асов, бебош туялар ҳам шунча натижага эриша олмасди. Она кўрган бу манзара юрагига бориб теккан, ақли бошидан учган эди. … Бечора қизалоқ ўрнидан тура олмасди. Ота чуқурни тўлдирди. Жигарбандининг фарёдларини эшитганча тупроқ торта бошлади. Қизалоқ сукунат денгизига ғарқ бўлди. Яна қанчалари шундай бўлган.. Сотилган қизлар-чи? Бир нур, бир наъра ва илоҳий кўмак! Уларни қутқариш, ўликлар руҳига жон бағишлаш лозим… Бу мазлумларга қачон офтоб кулиб боқаркин?