8 жумадис сони 1446
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёларининг комиллиги [20]

Ҳаё, бу – қабоҳатдан четланишга ундайдиган, ҳақ эгасининг ҳаққида камчиликка йўл қўйишдан тўсадиган гўзал хулқдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», деб айтганларида, саҳобалар: «Албатта, биз Аллоҳдан ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ!» дедилар. У Зот: «Бунинг ўзи эмас! Лекин Аллоҳдан бўлган ҳаё бу бошингни ва у ўз ичига олган нарсаларни (яъни: кўз, қулоқ, ақл, тилни), қорнингни ва у ўраб олган нарсаларни (яъни: қалб, оёқ, қўл, фаржни Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан) сақлашингдир» деб айтдилар. Бу ҳадиси шарифдан ҳаё ўз соҳибини комиллик ишларини қилишга ундаши ва нуқсондан қайтариши маълум бўляпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна: «Ҳаё фақат яхшилик келтиради», деб айтганлар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари инсонлар ичида ҳаёси энг кучлиси эдилар. Бунинг боиси ул Зот инсонлар ичида иймони энг бақуввати бўлганларидадир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам бу борада: «Ҳаё иймондандир», деб марҳамат қилганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг икки саҳиҳ китобларида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари ўз чимилдиғи ичидаги бокира қизнинг ҳаёсидан-да кучлироқ эди». Бухорийнинг ривоятида: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинар эди». Маълумки, ўз гўшангасига беркиниб ўтирган бокира қизнинг ҳаёси жуда кучли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёлари уникидан-да кучлироқ эди. Ҳаёларининг кучлилиги шу даражада эдики, бирор кишига у ёқтирмаган нарса билан юзланмасдилар, балки ундан юз бурар эдилар. Ёки бирор саҳобага камчилик содир қилган кишига айбини билдириб қўйишни буюрар эдилар. Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишига у ёқтирмайдиган нарса билан юзланмасдилар. Бир куни олдиларига  бир киши кирди. Кийимида сариқ доғлари бор эди. Кейин чиқиб кетгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Агар унга сариқ доғларни ювиб олишини айтсангизлар (яхши бўлар эди)», дедилар. Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор киши ҳақида бирор (ёмон) хабар етиб келса: «Фалончига нима бўлди?» деб айтмасдилар. Лекин: «Қавмларга нима бўлганки, шунақа, шунақа, деб айтмоқдалар деб айтар эдилар. Мана шундай ҳаёларидан яна бир кўриниш – бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида бир қанча кишилар кўп ўтириб қолдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга оят нозил бўлгунча, «Кетинглар», деб айтишдан ҳаё қилдилар. «Саҳиҳи Бухорий»да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳшга уйланган эдилар. Менга Умму Сулайм: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир ҳадя бермаймизми?» деди. Мен унга: «Шундай қилинг», деб айтдим. У хурмо, ёғ ва пишлоқни олиб, улардан бир идишда «ҳайса» (Ҳайса – ёғ ва пишлоққа аралаштирилган хурмодан тайёрланадиган овқат) тайёрлади. Сўнг уни мен орқали жўнатиб юборди. Мен у Зотнинг ҳузурларига келдим. Расулуллоҳ: «Уни қўй», деб айтдилар. Сўнг менга: «Фалончи-фалончиларни ва йўлингда учраган кишиларни чақиргин», дедилар. Мен у Зот айтганларидек қилдим. Қайтиб келсам, уйда одам тўла экан. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини ўша ҳайсага қўйиб Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни гапираётган эканлар. Кейин «ҳайса»дан ейдиган кишиларни ўнта-ўнта қилиб чақира бошладилар ва:«Аллоҳнинг исмини зикр қилинглар ва ҳар бирингиз ўз олдидан есин», деб айтдилар. Бундан уларнинг барчалари тўйдилар. Муслимнинг ривоятида қуйидагилар келади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли ҳаёли эдилар. Яъни меҳмонларга «Кетинглар», деб айтишдан иймандилар. Сўнг ҳужраларнинг бирига кирдилар, мен ҳам ортларидан кирдим ва: «Улар кетдилар», деб айтдим. Шундан сўнг у Зот қайтдилар ва уйга кириб пардани туширдилар. Мен ҳалиги ҳужранинг ичида эдим. У Зот: «Эй иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига фақат сизларни бирор таомга чақирсагина киринглар. (Ўшанда ҳам) унга эришишга кўз тутиб турмангизлар, балки чақирилганингизда кирингиз ва таомдан сўнг гапга берилиб кетмай, тарқалингиз! Зеро бу Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан ийманар. Аллоҳ ҳақ (гап)дан тортинмас» (Аҳзоб. 51), ўқир эдилар. У зот олийжаноблик ҳаёси ила ҳузурларида ўтирганларга «Кетинглар», дейишдан ҳаё қилдилар. Аллоҳ таоло эса эргашиш вожиб бўлган ҳақни баён қилишдан уялмайди. Бу нарса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзининг Робблик мақомига лойиқ бўлган олийлик ҳаёси билан сифатланишига зид келмайди. Бу борада у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:«Сизнинг Роббингиз ҳаёли, карим Зот, бандаси дуода қўлини кўтариб турса, қўлини қуруқ қайтаришдан (яъни бўш қайтаришдан) ҳаё қилади». (Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган). Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида кўп ўтириб қолганларида, уларга очиқ-ойдин кетишга буюришларидан ҳаё қилганлари у Зотнинг олийжаноб Зот эканларидандир. Лекин ўша маҳал ҳақни баён қилиш, шак-шубҳасиз, лозим эди. Қуръони карим Молик, Дайён Зотдан бўлган бу борадаги баённи олиб келди. У Зотнинг ҳаё қилган ишларидан бири у Зот қазойи ҳожат қилмоқчи бўлсалар, инсонлардан узоқроқ жойни қасд қилар эдилар. (Буни Ибн Можа Билол ибн Ҳарсдан ривоят қилган ва унинг саҳиҳлигига «Жомеъус соғир»да ишора қилган). У Зотнинг ҳаё қилган ишларидан яна бири қачонки, ҳожатда бўлсалар, ерга яқинроқ бўлмагунларича кийимларини кўтармас эдилар. (Буни Имом Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган). У Зотнинг ҳаё қилган ишларидан бири ҳожатга кирмоқчи бўлсалар, оёқ кийимларини кияр ва бошларини бирор нарса билан ёпардилар. (Буни Ибн Саъд ривоят қилган). У Зотнинг ҳаё қилган ишларидан яна бири Имом Термизий «Шамойил»да Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади, У киши: «Мен ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авратларига қарамаганман», деб айтганлар. Бошқа бир ривоятда: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авратларини ҳеч қачон кўрмаганман», деб айтдилар. Мана бу нарсаларнинг барчаси у Зотнинг ҳаёлари жуда кучли, виқорлари комил бўлганидан ва ўзларини тўла-тўкис сатр қилганликларидан даракдир. Шайх Али Қорий ва Шайх Муҳаммад ибн Қосим Жасуснинг «Шамойил»га ёзган шарҳларида Абу Солиҳнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривояти қуйидагича келтирилади: «Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг бирортасига бошларини ёпмасдан, кийимларини устиларидан ташлаб олмасдан кирмас эдилар. Мен Расулуллоҳ билан бир-биримизнинг авратимизни кўрган эмасмиз». Баззор ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. У киши: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужранинг орқасида ғусл қилар эдилар. Бирор киши у Зотнинг авратларини кўрмаган», деб айтган. (Алиюл Қори «Шамойил»нинг шарҳида, бу ҳадиснинг иснодини саҳиҳ, деб айтган).

10:31 / 26.10.2015
Аввалги мақола
САБР ВА ШИЖОАТ
Кейинги мақола
Сийрат
«Жонли нарсани нишон қилманглар»
99. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитдим: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳру...
01:08 / 06-май Батафсил...
Сийрат
«Раҳмлиларга Роҳман раҳм қилади»
  91. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мушрикларнинг зиддига дуо қилинг», дедим. «Албатта, мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Албатта,...
01:17 / 03-май Батафсил...
Сийрат
«Ким мени тушда кўрса, ҳақиқатан мени кўрган бўлади»
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон масжидда ўтирсалар, тиззаларини қучоқлаб ўтирар эдилар». Абу Довуд ривоят қилган. * * *...
20:07 / 26-апрел Батафсил...
Сийрат
«Бир соат ундай, бир соат бундай»
Ҳанзала ибн Робийъ Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди: «Абу Бакр мени учратиб қолиб: «Қалайсан, эй Ҳанзала?&raq...
02:59 / 27-февраль Батафсил...