29 ражаб 1446
Иброҳимнинг вафоти

Иброҳимнинг вафоти

Ҳижратнинг ўнинчи йили бошланганди… Пайғамбар алайҳиссалом кенжа фарзанди Иброҳим ўн олти ойлик бўлганди. Онаси ҳазрат Мория қучоғида шунақа ширин бўлиб ётардики, уни ўпмасдан Пайғамбар алайҳиссалом ухламас эдилар. Бошқа ўғиллари Қосим билан Абдуллоҳ ҳали Маккада эканликларида вафот этишган, қизларининг учтаси эса шу ерда вафот этишган, ҳазрат Фотимагина қолган эди. Иброҳим бу бўшлиқни тўлдирар, кўзларни қувонтириб ўсар эди. Юраклари сиқилса ёки хафа бўлса, Пайғамбар отаси дарҳол унинг ёнига борар, уни севиб қучиб, тасалли топардилар. Аммо болакай бирдан хасталаниб қолди. Аҳволи тез ёмонлаша бошлади. Онаси ҳазрат Мория қўлидан келганини қилар, кечаю кундуз тинмай парваришлар эди. Ўғлини кўргани кирган Пайғамбар алайҳиссалом унинг кўзларида илгариги нур, ҳаракатларида илгариги завқ йўқлигидан қанчалар сиқилсалар ҳам, ҳазрат Морияни бўлажак ҳодисага аста-секин ҳозирлай бошладилар. Бир куни… Иброҳим ўта оғирлашиб қолганлиги хабари берилган Пайғамбар алайҳиссалом кўзлари ёшга тўлганча дедилар: – Аллоҳ тақдирига қарши қўлимиздан нима ҳам келарди, эй Иброҳим! Ғам қаддини букиб қўйган ҳазрат Морияни юпатардилар – Иброҳим малакларга қўшилиб парвоз қиларди. Саҳобалар кўз ёшлари, ичдан келаётган нолаларини куч билан тўхтатиб туришарди. Пайғамбар алайҳиссалом кўзларида ёш кўрган саҳобалар сўрашди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз ҳам йиғлаяпсизми? Ахир бундай йиғлашни ўзингиз ман этмаганмидингиз? – Эй Абдураҳмон! Мен гуноҳ ва аҳмоқликнинг ифодаси бўлган йиғи ва қичқириқларни ман этганман. Сохта бақириқ, юз-кўз тимдалаб йиғлашни таъқиқлаганман… Менинг йиғим эса шафқат белгиси. Ачиниш, марҳамат ифодаси. Марҳамат кўрсатмаганга марҳамат кўрсатилмайди! – Аллоҳ ва Расули яхшироқ билади. – Кўз ёш тўкади, қалб таъсирланади. (Аммо нима бўлса ҳам) биз улуғ Роббимиз рози бўладиган сўздан бошқасини гапирмаймиз. Валлоҳи, эй Иброҳим, сендан айрилиш бизни жуда маҳзун этди. Бироздан сўнг қаршиларидаги тоққа маюс боқиб, яна дедилар: – Эй тоғ! Агар менинг ғамим сенда ҳам бўлганида, бошимдан ўтказганларни сен ҳам кечирганингда дош беролмай йиқилардинг! Аммо биз Аллоҳнинг амрига бўйсунамиз: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» – «Муҳаққақки, биз Аллоҳдан келдик ва яна Унга қайтажакмиз!» Гўдакни ювиб кафанлаб, Бақиъ қабристонига қўйдилар. Жаноза намозини Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари ўқидилар. Қабрга тушириб устига тупроқ тортарканлар, муборак кўзларидан тўкилаётган ёшлар тупроққа қоришиб борарди…

* * * Иброҳим тупроққа топширилган куни қуёш тутилди… Ҳамма буни гўдак ўлимига боғлаб гапиришга тушишди. Бундан хабар топган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: – Эй одамлар! Шуни билингки, қуёш ҳам, ой ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати аломатларидир. Бирор киши вафоти ё туғилиши туфайли тутилмайди. * * * Пайғамбар алайҳиссалом шу вақтгача уч ўғил ва уч қизларини йўқотгандилар. Энди севимли фарзандларидан фақат ҳазрат Фотима қолди… Жангларда эса ҳазрат Ҳамза каби яқинлари, биродарларидан айрилдилар. Ҳар бир айрилиқ ханжар каби тилкалаган юрак Иброҳимнинг вафотига дош беролмайдигандай эди. Аммо одамлар орасида янглиш мишмишлар тарқаганда бутун алам-изтиробларини ичига ютиб, асл моҳиятни очиб бергандилар. Ўлганлар ўлар, аммо ҳаёт давом этаверарди…

03:52 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Пайғамбар чечаги
Кейинги мақола
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари
Қуръони Карим Иброҳим алайҳиссаломнинг шахсларига, қиссаларига алоҳида эътибор қаратганини ўрганиб чиқмоқдамиз. Каломи илоҳийда у зотнинг қиссалари, фаолиятлари ва даъватларидан ташқари, шахсий фазила...
08:05 / 27.06.2020 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Исҳоқнинг ато этилиши
Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Вас-соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна унга солиҳлардан бир Набий (бўлажак) Ис...
16:02 / 09.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмонлари
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил­дан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарни ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Зарият» сурасидаги...
05:41 / 04.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Ҳажнинг бошланиши
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди. Инсони...
20:15 / 26.06.2020 Батафсил...