22 жумадул аввал
1446
ҲАЙВОНЛАРГА ШАФҚАТЛИ БЎЛГАН ЗОТ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларга шафқатли бўлиб, уларга шафқат қилишга буюрардилар. Ҳайвон эгаларини уларга азият бериш, оғир юкларни юклаш, тоқати кўтара олмайдиган ишлар билан қийнашдан қайтарардилар.
Пайғамбар алайҳиссалом қорни бели билан бирлашиб кетай деган, яъни очликдан озиб кетган бир туя олдидан ўтаётиб: «Бу гапира олмайдиган чорвалар борасида Аллоҳ таолодан қўрқинглар. (Яъни уларга гўзал муносабатда бўлиш, зарар етказмаслик, ҳақини риоя қилиш, муҳтож бўладиган нарсасини бериш ва азият бермаслик борасида). Уларни (минмоқчи бўлсангизлар) минишга ярайдиган, юришга қуввати етадиган ҳолида мининглар, агар емоқчи бўлсангизлар, семиз, соғ ҳолида енглар», дедилар. (Абу Довуд ва Ибн Хузайма ўз саҳиҳ китобларида ривоят қилганлар).
Бир куни у Зот бир ансорийнинг боғига кирганларида, туяга кўзлари тушади. Туя ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан икки кўзи ёшланган ҳолида келди, Расулуллоҳ унинг икки қулоғидан силаб қўйдилар. Туя тинчланди. Ул Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу туянинг эгаси ким? Бу туя кимга қарашли?» дедилар. Ансорий бир йигит келди. Унга: «Аллоҳ таоло сенга мулк қилиб берган мана бу ҳайвон хусусида Аллоҳдан қўрқ! У менга оғир, тоқати етмайдиган юкларни юклаб азият бераётганингдан шикоят қилди», дедилар.(Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилган ҳамда Имом Ҳоким ўзларининг «Ал-Мустадрак»ларида ҳам ривоят қилган).
Пайғамбар алайҳиссалом заруратсиз ҳайвонларни тўхтатиб олиб, устида узоқ туриб азият беришдан қайтарганлар. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг олдидан ўтсалар, улар ўз уловлари устида ўтирган эдилар. Шунда у Зот: «Уловларингизга саломат ҳолида мининглар, саломат ҳолида тарк қилинглар. Уловларни йўлларда, бозорларда гурунглашиб туришингиз учун ўтирадиган жой (курси) қилиб олманглар. Зеро айрим уловлар эгасидан кўра яхшироқ ва Аллоҳ таолони кўпроқ зикр қилувчи бўлади», дедилар.(Имом Аҳмад, Абу Яъло ва Табаронийлар ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбақани ўлдиришдан қайтариб: «Унинг қуриллаши тасбеҳ айтишидир», деб айтганлар. (Насоий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир мушукни боғлаб қўйиб, унга на таом ва сув берган ва на ердаги қурт-қумурсқалардан озуқаланиб ейишига йўл қўйган аёл жаҳаннамга киради», деб айтганлар. (Бухорий ва бошқа ровийлар ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топиб, унга тушиб сув ичди. Кейин қайтиб чиқиб, чанқоқлигидан тупроқни ялаётган итни кўрди. Ҳалиги одам: «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди. Қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди ва оғзига тишлаб қайтиб чиқди. Итга сув берди. Аллоҳ таоло уни тақдирлаб мағфират қилди», дедилар. Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ажр борми», дейишди. «Ҳа! Ҳар бир ҳўл жигарлида (тирик жонда) ажр бор», дедилар». (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганида бир бурга чақди. У киши бургани лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бургани лаънатламанглар, чунки у пайғамбарлардан бирини намозга уйғотган», дедилар». (Имом Табароний ривояти. Тилларда машҳур бўлганида «Бургани сўкманглар…» дейилган. Умуман, бурга ҳақидаги ривоятни баъзилар заъиф деганлар).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни бир-бирига гижгижлатиб уриштиришдан қайтарганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларнинг боласига бирор зарар беришдан ҳам қайтарардилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ул Зот ҳожатга кетдилар. Биз Ҳумаррани (кичик қуш) иккита полапони билан кўриб қолдик, кейин уларни олдик. Шунда Ҳумарра (безовталанганидан) атрофимизда уча бошлади. Расулуллоҳ уни кўриб: «Қай бирингиз бунинг боласига тегди?! Унинг боласини қайтаринглар!» дедилар. Яна у Зот алайҳиссалом чумолининг уясини куйдириб юборганимизни ҳам кўриб қолдилар ва: «Буни ким куйдирди?!» дедилар. «Биз», дедик. «Албатта, оловнинг Роббисидан бошқа ҳеч кимнинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ», дедилар». (Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қушларни ейиш мақсадида эмас, балки бекорга ўлдиришдан қайтариб шундай дер эдилар: «Ким бирор қушни ўлдирса, ўша қуш Қиёмат куни Аллоҳ таолога: «Эй роббим, фалончи мени бекордан-бекорга ўлдирди, бирор бир манфаатни кўзлаб ўлдирмади», деб шикоят қилади». (Насоий ривояти).
Шунингдек, у Зот алайҳиссалом ҳайвонларни сўйишда раҳм-шафқатли, юмшоқ муносабатда бўлишни уқтирардилар. Қўйни ётқизиб, устида пичоғини ўткирлаб турган кишига: «Сен нима уни икки марталаб ўлдирмоқчисан? Уни ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмасмиди?» деб танбеҳ берганлар. (Табароний ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни ва жониворларни (ўқ отишга) мўлжал қилинадиган нишон қилиб олишдан ҳам қайтарардилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
10:07 / 26.03.2016
3126
Аввалги мақола
НАБАВИЙ НАСИҲАТЛАР
Мақолалар
3395
Кейинги мақола
Мақолалар
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь
Мақолалар
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг
шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни
билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман».
Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь
Мақолалар
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан
тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди,
мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди!
Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023
ٍКўп кўрилганлар