Аллоҳ таоло инсониятга инъом этган бу табиатимизда инсоният учун ҳам фойдали, ҳам зарарли махлуқотлар мавжуд. Бу фоний борлиқни, тирик организмлар (ҳайвонот) ва ноорганик (жамодот) моддалар ташкил этади. Инсоният олдида эса бу турларни фойдали ва зарарлисини ажратиб олиш қолди, холос. Бу борада ҳадиси шарифга мурожаат этайлик-чи, қандай ажойиботлар юзага келар экан? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг барча жабҳаларида ўз умматларига гўзал намуна бўлганларидек, айнан табобат соҳасида ҳам салмоқли тавсиялар бериб қуйдагича марҳамат қиладилар: 1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Безгак (бир ривоятда безгакнинг шиддати, деб келган) жаҳаннам учқунларидандир, уни сув ила совутинглар»,- дея марҳамат қилганлар. 2. «Агар сизлардан бирортангизни безгак тутса, унинг устидан уч кун саҳар вақтида совуқ сув қуйинглар», - дея муолажа усулини тавсия қилган эдилар. 3. Агар у Зотни безгак тутса, мешда сув келтириб, муборак бошларига қуйиб, ювиниб олар эдилар . 4. Бир сафар у Зот алайҳиссаломнинг олдиларида безгак ҳақида гап очилиб қолди, (мажлисдаги) кишилардан бирлари, безгакни ёмонлади. Шунда Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ёмонламанглар, чунки у олов темирчи босқонини емирганидек гуноҳларни ўчиради». (Соҳиҳ Ибн Ҳиббон) 5. Бир киши Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, «Акам қорнидан шикоят қиляпти» (бир ривоятда, «ошқозони безовта қилмоқда»), деди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом : «Унга асал ичиринглар», дедилар. Асални ноҳорги оч қоринга сув билан ичилар эди. 6. Мадинага келган бир қавм ички – қорн касаллигига чалиндилар. Набий алайҳиссалом: «Садақа қилинган туялар (боқиладиган жой)га боринглар, уларнинг сутини бавлига қўшиб ичинглар», дедилар. Шундоқ ҳам қилдилар ва шифо топдилар. Қавм йўлиққан касаллик уларнинг қорнининг шишиши эди. 7. Агар бирор кишига жароҳат етса, Фотима розияллоҳу анҳо бўйранинг бир бўлагини олиб куйдирар эдилар. Кулга айлангач, жароҳатга қўяр эдилар ва қон тўхтар эди. 8. Бир сафар Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга табиб юборилган эди. Табиб у кишининг томирларини кесиб куйдирган эди. Пайғамбариз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсада шифо бор: асал истеъмол қилишда; меҳжам (қон оладиган восита) солишда (санчишда); қиздирилган нарсани босишда ва умматимни нарса куйдириб босишдан қайтараман , – деганлар. – Куйдиришни истамайман», - деган едилар. Бундан англашиладики, зарурат тақозоси билан ундан фойдаланишни кечка сурганлар. Негаки бунинг оқибатида қаттиқ оғриқ юзага келади. 9. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қон олдириб қон олгувчига ҳақ ҳам тўлаган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлар қон олдирадиган кунларнинг энг яхшиси, (ойнинг) ўн еттинчи, ўн тўқизинчи ва йигирма биринчи кунларидир»,- деганлар. 10. Яна бир ҳадисларида:«Сизлар даво сифатида қўллайдигна энг яхши нарса қон олдиришдир» деганлар ва ўзлари ҳам муборак бошлари оғриганлиги боис муҳрим (ҳаж, ёки умра учун эҳром кийган) ҳолларида қон олдирдилар. Бир сафар сон пайлари чўзилганида ҳам қон олдиргандилар. 11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч маротаба қон олдирган эдилар: бирини елкаларидан, қолган иккитасини бўйинларидаги икки томирдан (яъни вена томирларидан) олдирган эдилар. 12. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам заҳарланган қўйнинг гўштини еганларида уч марта елкаларидан қон олдирдилар ва асҳобларини ҳам қон олдиришга буюрдилар. 13. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор киши бошида оғриқ борлигидан шикоят қилса, унга «Қон олдир», дер эдилар. Агар оёғида безовталик борлигидан шикоят қилиб қолса, «ҳина бойла», дер эдилар (Имом Абу Довуд саҳиҳларида ривоят қилганлар). 14. Имом Термизийнинг сунанларида Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматкорлари Салмо Умму Рофеъдан ривоят қилинади: Умми Рофеъ: «У Зотнинг бирор ерларига жароҳат етса ёки бирор тиғ тегса, ўша жойга ҳино қўяр эдилар» деганлар.(Саҳиҳ Ибн Можжа) 15. «Қуймучдаги оғриқнинг давоси қўйнинг думба ёғидирки, уни наҳорги очқоринга ҳар куни оз-оздан истеъмол қилингай», «Сурмаларингизнинг энг яхшиси «Исмид»дир, кўзни равшанлатиб, киприкни ўстиради», деганлар. Ҳадиси шарифдаги «Исмид» дан мурод «Қора сурма»дир. 16. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрта тонгда етти дона нави яхши хурмо танаввул қилса, ўша куни унга заҳар ҳам, сеҳр ҳам таъсир этмайди», деганлар. 17. У Зот алайҳиссалом: «Касалларингизни таом ейишга ва ичимлик ичишга зўрламанглар, уларни Аллоҳнинг ўзи едриб ичириб қўйгай», дея марҳамат қилганлар. Суҳайб розияллоҳуни тамр (қуруқ хурмо)нинг безгаги тутди, шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига тамр емасликни тайинладилар. Бир сафар Алий розияллоҳу анҳуни ҳўл хурмо безгаги тутди, у Зот ўшанда офталмия (яъни иситма орқали тузаладиган кўз касаллиги)га чалинган эдилар. (Саҳиҳ Термизий) 18. Расулулоҳ соллаллоҳу лайҳи васаллам : «Агар бирортангзининг идишига пашша тушиб қолса, уни тўлиқ бўктирсин, чунки унинг бир қанотида касаллик (бактерияси), бошқасида (ўша касаллигига қарши) шифо бордир», «Шўрва бемор қалбига далда ва ҳам баъзи ҳафагарчилигини кетказади» дея марҳамат қилгналар. Ҳадиси шарифдаги «Шўрва» дан мурод арпанинг кепагидан қилинган таомдир. 19. «Бу қора донни ҳамроҳ билинг, унда ўлимдан ўзга касалликларга шифо бордир». «Қора дон» – бундан мурод қора седана. 20. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Моховдан шердан қочгандек қоч», дея марҳамат қилгналар. 21. Сақиф қабиласидан келган элчилар ичида мохов касалига чaлинган бир киши бор эди. У кишига Расулоллоҳ соллаллаҳу алайҳи васаллам «Қайтавер, байъатингни қабул қилдик»деб элчи юборган эдилар.
Салоҳиддин Муҳаммад таржимаси