Робиъул-аввал ойининг 25-куни
- Ҳижрий 13-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 634-йил 30-май) мусулмонлар Шомнинг Бусро шаҳрини Холид ибн Валид қўмондонлигида фатҳ қилдилар ва бу Ислом тарихидаги Шомга бўлган биринчи фатҳ ҳисобланади.
- Ҳижрий 306-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 918-йил 5-сентябр) Шофеъий мазҳабининг катта фақиҳи Аҳмад ибн Умар ибн Сурайж вафот этди. У зот Шофеъий мазҳабини тарқалишида ўзининг катта ҳисссасини қўшган олимлардан бири ҳисобланади.
- Ҳижрий 1329-йил 25-робиъул-аввал куни (милодий 1911-йил 5-апрел) шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий таваллуд топди. Бу зот 20-аср Ислом оламининг кўзга кўринган забардаст олимларидан бўлган.

Абдуллоҳ ибн ас-Сомир Нажронга кириб, унда бирон-бир дардга мубтало бўлган одамни учратса унга: «Сен Аллоҳнинг бирлигига иймон келтирасанми? Агар шундай қилсанг, мен сенинг ҳақингга Аллоҳга дуо қиламан, сўнг Аллоҳ сени дардингдан ҳалос этади», дер эди. Шунда у банда Аллоҳга иймон келтириб, ҳақ динни қабул қилар эди. Абдуллоҳ эса беморнинг ҳақига дуо қилар ва у шифо топар эди. Иш бир муддат шу тарзда давом этди. Нажронда бирорта ҳам бемор қолмай унинг ҳузурига келиб, динига эргашди ва ўз дардидан шифо топди. Бу гаплар Нажрон подшосига етиб боргач, подшоҳ уни ҳузурига чорлаб: «Сен менинг халқимни буздинг. Мен ва ота-боболарим динига қарши бординг. Энди сенинг оёқ-қўлларингни кестираман», деди. Шунда Абдуллоҳ: «Сен бундай қила олмайсан», деди. Подшоҳ: «Уни баланд тоғ тепасига олиб чиқиб, боши билан ерга ташлансин!» деб буюрди. Аммо Абдуллоҳ тоғ тепасидан ерга ҳеч нарса бўлмагандек тушди. Шунда подшоҳ уни ҳар нарсани ҳалок қиладиган денгизга чўктиришга буюрди, Абдуллоҳ ундан ҳам ҳеч қандай зиён етмаган ҳолда чиқди. Шунда Абдуллоҳ подшоҳга: «Сен Аллоҳни бир демагунингча ва мен иймон келтирган динга иймон келтирмагунингча, мени ўлдира олмайсан», деди. Шундан сўнг подшоҳ уни ўлдириш мақсадида, Аллоҳни бир деб, Абдуллоҳ ибн ас-Сомирдек шаҳодат келтирди. Сўнгра қўлидаги таёқ билан бир зарба урган эди, унинг боши ёрилиб, ҳалок бўлди. Сўнг подшоҳ ҳам ўша жойнинг ўзида ҳалок бўлди. Бу ҳолни кўрган нажронликлар барчаси Абдуллоҳ ибн ас-Сомирнинг динига кирдилар ва Исо ибн Марям алайҳиссалом келтирган Инжил ҳамда унинг ҳукмларига амал қила бошладилар. Сўнг бу қавмга ҳам ўзгаларга етгани каби турли синов ва имтиҳонлар етди. Нажронда насронийлик шу тариқа тарқала бошланган. Яна ҳақиқатни Аллоҳнинг ўзи билгувчироқдир.
Ибн Исҳоқ: Ушбу юқоридаги гаплар Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ва нажронликлардан бирининг Абдуллоҳ ибн ас-Сомир ҳақида айтганлари эди. Аслида қандай бўлганини Аллоҳнинг ўзи билувчироқдир.