2 жумадис сони 1446
Курашга шайланиш

 

Иброҳим алайҳиссалом ширк ва мушрикларга қарши тавҳид ақийдасини тарқатиш учун тинимсиз даъват қилади. Шунинг учун ўша замон ва унинг муҳитида ўзлари дуч келишлари муқаррар бўлган баъзи саволларга Аллоҳ таолонинг Ўзидан жавоб олиш, баъзи нарсаларни тажрибадан ўтказиб олиш мақсадида Роббил оламинга қуйидаги нидони қилдилар:

«Иброҳим: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У Зот: «Ишонмадингми?» – деганини эсла. У: «Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, уларни олдингга тўплаб, кесиб майдала, сўнгра ҳар бир тоққа улардан бир бўлакни қўйгин. Кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар. Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир»,– деди» («Бақара» сураси, 260-оят).

Бу оятда Аллоҳ таолонинг энг улуғ Пай-ғамбарларидан бири – Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббидан ўликларни қандай қилиб тирилтиришни кўрсатишини сўрамоқдалар.

«Иброҳим: «Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда…»

Бу савол мўмин банданинг ўз Роббининг қудратини кўриб, қувониши, иймонига иймон қўшилиши учун берилган саволдир. Ваҳоланки, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

«Ишонмадингми?» деб сўраганида:

«У: «Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», – деди».

У зот дилда ишонган нарсани кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қойил қолиб, кўнгиллар хотиржам бўлиши учун ҳам шундай жавоб қилдилар.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларидаги бу шавқни қондириш учун саволга амалий жавоб беришни ирода қилди ва бу тажрибада савол берувчининг ўзини ҳам иштирок эттирди.

«Қушдан тўртта олгин-да, уларни олдингга тўплаб, кесиб майдала, сўнгра ҳар бир тоққа улардан бир бўлакни қўйгин»,

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга тўртта қуш олишни ва уларни майдалаб ташлашни буюрди. Ва яна «У қушларни ўзингга торт», деди. Яъни уларга яқиндан қараб, яхшилаб кўриб, таниб олишни амр этди. Қайси қуш қанақа, ранги, қаноти, думи ва бошқа аломатлари қандай? Буларни таниб олишдан мақсад шуки, кесиб, майдалаб ташланган қушлар қайта тирилтирилганда уларнинг аломатлари аввалги ҳолатларига мос келишини кўришдир.

Сўнгра кесиб, майдаланган қушларнинг бўлакларини атрофдаги тоғларга сочиб юборишга, аралаштириб, ҳар жойларга тарқатишга амр қилди.

«Кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», деди.

Шундай қилса, қушларнинг майдалаб ташланган бўлаклари қайтадан бирлашиб, асл ҳолига қайтиб, тирилган ҳолида келишларини айтди.

Шу тариқа Иброҳим алайҳиссалом ўз тажрибаларида Аллоҳ таоло ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрдилар.

«Ва билгинки, албатта, Аллоҳ Азийз ва Ҳакиймдир», – деди.

У азиз бўлгани учун хоҳлаган ишини қилади, Унга ҳеч бир зот тўсиқ бўла олмайди. У ҳаким бўлгани учун ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Унинг беҳикмат иши йўқ.

«Ҳадис ва Ҳаёт. 20-жуз. Анбиёлар қиссаси» китобидан

23:40 / 26.06.2020
Аввалги мақола
Зулҳижжа ойининг 4-куни
Кейинги мақола
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари
Қуръони Карим Иброҳим алайҳиссаломнинг шахсларига, қиссаларига алоҳида эътибор қаратганини ўрганиб чиқмоқдамиз. Каломи илоҳийда у зотнинг қиссалари, фаолиятлари ва даъватларидан ташқари, шахсий фазила...
08:05 / 27.06.2020 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Исҳоқнинг ато этилиши
Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди. Бу маънони «Вас-соффаат» сураси очиқ-ойдин баён қилади: «Яна унга солиҳлардан бир Набий (бўлажак) Ис...
16:02 / 09.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмонлари
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмоил­дан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарни ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди. Бу ҳолни бизга «Зарият» сурасидаги...
05:41 / 04.11.2017 Батафсил...
Иброҳим алайҳиссалом
Ҳажнинг бошланиши
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди. Инсони...
20:15 / 26.06.2020 Батафсил...