Абу Жандал ва Абу Басир розияллоҳу анҳум қиссалари

1 ўн йил аввал 3019 siyrat.uz

Ҳижрийнинг 6-йилида Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлари билан Умра (кичик ҳаж) қилиш учун Маккага жўнадилар. Қурайшликлар бундан хабар топишиб, Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг Маккага оддий зиёратчи сифатида киришларига ҳам йўл қўймасликка ҳаракат қилишди, натижада у киши Худайбияда қўноқ бўлиб туришга мажбур бўлдилар. 1400 та садоқатли саҳобалар қурайшликлар ҳатто ўққа тутган тақдирда ҳам Маккага киришга аҳд қилдилар, аммо Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам бу ишни ўзгача йўл билан ҳал қилдилар ва саҳобаларнинг жанг қилишга ошиққанларига қарамай, қурайшликлар билан сулҳ тузишга қарор қилиб, уларнинг шартларини тўла қабул қилдилар.

Бу саҳобалар учун бир тарафлама ва юзаки қараганда нохуш кўринган сулҳ бўлса-да, уларнинг Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалламга бўлган садоқати сулҳга қаршилик билдиришларига йўл қўймади. Ҳаттоки, энг жасур киши бўлган Умар розиаллоҳу анҳунинг ҳам Пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи васаллам қарорига бўйсунмасдан иложи йўқ эди. Сулҳнинг бир моддасига биноан сулҳ даври мобайнида Исломга янги кирганлар қурайшликларга қайтарилиши керак эди, аммо бу модда мусулмонлардан қурайшликларга ўтган қочоқларга тааллуқли эмас эди. Абу Жандал розиаллоҳу анҳу исмли бир мусулмон Маккада қурайшликлар қўлида қаттиқ тайзиқ остида бўлиб, азоб чекарди. Улар уни доимо занжирда сақлардилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Худайбияга келганларини эшитиб, у бир илож қилиб қочиб қутулади ва сулҳга қўл қўйилмайди деб турилганда, мусулмонлар қўноғига етиб келишга муваффақ бўлади. Унинг отаси Суҳайл ўша пайтгача мусулмон бўлмаган қурайшлар томонидан сулҳ тузиш учун юборилган вакил эди. У ўз ўғли Абу Жандал розиаллоҳу анҳуни тарсаки билан уради ва Маккага қайтариб олиб кетиш талабида туриб олади. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам сулҳ шартлари ҳали битилмаганлиги учун сулҳни Абу Жандал розиаллоҳу анҳуга тааллуқли эмаслигини тушунтирдилар. Аммо Суҳайл ҳеч қандай далилга қулоқ солишни хохламасди ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан қилган илтимосига қарамай ўз ўғлини мусулмонлар билан қолишига рози бўлмади, ҳатто бу талаб амалга ошмаса, сулҳ тузишдан бош тортиши мумкинлигини ҳам айтди. Абу Жандал розиаллоҳу анҳу ўзининг қурайшликлар қўлида тортган азоб-уқубатларини кўз ўнгидан ўтказиб, жон-жаҳди билан эътироз билдиришига  қарамай, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг Маккага қайтиб кетишига рози бўлдилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам унга сабр-қаноат тилаб дедилар: «Эй Абу Жандал, қайғурманг, Аллоҳ сизга тез кунда нажот беради». Сулҳга қўл қўйилиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага қайтганларидан сўнг, маккалик Абу Басир розиаллоҳу анҳу исмли бошқа бир мусулмон киши Мадинага қочиб келиб, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан ҳимоя сўради. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам унинг ўтиниб қилган илтимосига рад жавобини бериб, сулҳ шартларига амал қилган ҳолда уни қайтариб олиб кетиш учун қурайшликларнинг икки вакилига топширдилар. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уни ҳам худди Абу Жандал розиаллоҳу анҳуга айтилган гаплар билан юпатдилар ва сабр-қаноатли бўлишга, Аллоҳнинг мададига умид боғлашга чақирдилар. Абу Басир розиаллоҳу анҳу ва уни қўриқлаб бораётган қурайшликлар Маккага кетаётганларида Абу Басир розиаллоҳу анху улардан бирига деди: «Биродар, қиличингиз жуда ажойиб эканми-а?!» Мақтовдан талтайиб кетган қўриқчи қиличини қинидан чиқариб, деди: «Ҳа. Бу ҳақиқатан ҳам жуда ажойиб қилич. Мен бу қилич билан жуда кўпчиликнинг бошини олганман. Мана! Бир кўринг-а!» Ҳеч ўйлаб-нетмай, у қиличини Абу Басир розиаллоҳу анҳуга тутқазиб қўйди ва Абу  Басир розиаллоҳу анҳу қилични ўз эгасига «ишлатиб», уни ўлдирди. Иккинчи киши бир амаллаб қочиб қутулди ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга арз қилиш учун Мадинага келди. Шу заҳоти Абу Басир розиаллоҳу анҳу ҳам етиб келди. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга деди: «Ё Расулуллоҳ! Сулҳ шартларига амал қилиб, сиз мени бир марта қайтариб юборган эдингиз. Мени амал қиладиган ваъдам бўлмаганлиги учун улар эътиқодимдан воз кечишимга мажбур қилишади, деб қўрққанлигимдан шу ҳийлани ишлатиб қочиб қутулмоқчи бўлдим». Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уни койидилар: «Сиз уруш қўзғовчи экансиз. Сизнинг сабр-қаноатли бўлишингизни истардим». Абу Басир розиаллоҳу анҳу бу гапдан қурайшликлар талаб қилган пайтда улар қўлига қайтиб кетавериши кераклигини тушуниб етди. Шунинг учун у Мадинадан кетди ва денгиз қирғоғидаги бир саҳрога бориб жон сақлади. Абу Жандал розиаллоҳу анҳу ҳам бир амаллаб қочиб келиб унга қўшилди. Макканинг кўплаб мусуомонлари булар орқасидан келдилар ва қисқа муддатда саҳрода қочоқларнинг бир гуруҳи ҳосил бўлди. Саҳрода на турар жой, на бирон бир ўсимлик бўлмаганлиги сабабли, уларга сўз билан тасвирлаб бўлмайдиган даражада азоб-уқубатларни бошларидан кечиришларига тўғри келди. Шунга қарамай, ўзларини ҳеч қандай сулҳга боғлиқ эмас деб билганликларидан қурайшликларнинг ўша йўлдан ўтган карвонларига бир неча бор катта талофат етказдилар. Бу ҳолат қурайшликларни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга арз қилиб келишга мажбур қилди ва у кишидан ўртага тушиб, қочоқларни Мадинага чақириб олишни ҳамда карвонларнинг йўлдан хотиржам ўта олишлари учун шароит яратишни, сулҳ шартларига амал қилишни талаб қилдилар. Айтишларича, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Басир розиаллоҳу анҳуга Мадинага қайтиб келишга берган рухсатномалари етиб борганида, у ўлим тўшагида экан. У Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг хатларини қўлида ушлаган ҳолда жон берди. Кимнинг эътиқоди кучли ва мустаҳкам бўлса, ер юзидаги ҳеч қандай куч уни ўз эътиқодидан воз кечишга мажбур қила олмайди. Қолаверса, Аллоҳ таоло чин мусулмон бўлган кишиларгагина мадад бағишлайди.

 

МУҲАММАД ЗАКАРИЁ.  «САҲОБАЛАР ТАРИХИ» китобидан




Мавзуга оид мақолалар
Тарихда бугун
Робиъул-аввал ойининг 17-куни
  • Ҳижрий 950-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1543-йил 20-июн) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Барбароса қўмондонлигида Ситсилия ва Италиянинг баъзи қирғоқларини ва Типпер дарёсида жойлашган Остия портини қўлга киритади.
  • Ҳижрий 1110-йил 17-робиъул-аввал куни (милодий 1697-йил 25-май) Усмонлилар ҳарбий денгиз флоти Ўрта ер денгизидаги Медела оролининг жанубида бўлган жангда Винеция ҳарбий денгиз флотини мағлуб этди. Бу жангда 2500га яқин винециялик ҳарбийлар ҳалок бўлди.
 


Китоблар
ИСЛОМ.УЗ ПОРТАЛИНИНГ САЙТЛАРИ