8 жумадис сони 1446
Поклик - иймондандир

   Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг жисмонан ва руҳан покланишлари ва икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган барча жиҳатларни баён қилганлар. У зот Ғарбликлар “шахсий гигиена”ни кашф қилиб бонг уришидан 1400 йил аввал мукаммал поклик намунасини кўрсатиб, умматларини ҳам покликка ундаганлар ва зарур тавсияларни берганлар. Бу борада саломатликка, тозаликка зарар етказадиган бирор жиҳат четда қолмаган. Ҳадисларда келган фитрат суннатлари бунинг ёрқин мисолидир. 

        Қуйида фитрат суннатларидан иккитаси ҳақида маълумот берилади:

         Қўлтиқ ости тукларини юлиш: نطف الآباط

        Қўлтиқ ости тукларини юлиш барча фуқаҳолар иттифоқига кўра, эркак учун ҳам аёлга ҳам суннатдир. Тукларни кетказишда энг афзал иш юлиш ҳисобланади. Ҳадисда ҳам айнан “юлиш” сўзи ишлатилган. Оғриққа чидолмаган киши қириши ёки терига зарар етказмайдиган бирор восита билан тўкиб юбориши жоиз.

       Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўнг томондан бошлаш суннат. Юлганда оғриқ сезилса, қириш билан ҳам суннатнинг асли адо этилган бўлаверади” деганлар.

       Ибн Абу Ҳотим Юнус ибн Абдул Аълодан келтириб айтадилар: “Мен Имом Шофеъийнинг ҳузурларига кирган эдим. Бир киши у зотнинг қўлтиқ ости тукларини қириб қўяётган экан. Шунда у зот: “Мен қўлтиқ ости тукларини юлишлик суннатлигини биламан. Лекин оғриққа чидолмайман” дедилар.

        Имом Ғаззолий айтадилар: “Юлишда дастлаб оғриқ сезилади. Аммо у доимий одатланган киши учун осон кечади. Қириб олинса ҳам кифоя қилади. Чунки бундан мақсад покланишдир. Бундан келиб чиқадики, тукларни юлишдаги ҳикмат бу – қўлтиқ ости ёмон ҳид чиқадиган жой ва уни кетказишдир”.

         Тук ўсган сари унинг остида терлаш туфайли кирлик кўпайиб, ёмон ҳид кучаяди. Ҳадисда айтилганидек, юлиш билан тук борган сари заифлашиб, камайиб боради. Қирилганда эса, аксинча, туклар қувватлироқ бўлиб кўпаяди. Шунинг учун юлиш афзалроқдир.

         Ибн Дақиқул Ийд: “Ҳадис лафзига назар солган киши тукларни юлиш билан чегараланади. Аммо ким маънога эътибор қилса, унга ҳар қандай кетказувчи воситаларни ишлатиш жоиз. Лекин маъно жиҳатидан ҳам юлиш мақсадга мувофиқроқдир” деганлар.

         Тукларни кетказишда ўнг қўлдан бошлаш мустаҳабдир. Бунда чап қўл бармоқлари билан ўнг томонини, сўнгра, агар уддалай олса, чап қўл билан чап қўлтиқдагини олади. Уддалай олмаса, ўнг қўл бармоқлари билан юлади[1].

         Доктор Абдурраззоқ Кайлоний айтади: “Киши балоғатга етаётганда қўлтиқ ости туклари чиқа бошлайди. Айнан шу вақтда қўлтиқ остида тер ва ўзига хос ёғ безлари ривожланиб, ҳидли модда чиқаради... Мазкур модда тўпланмаслиги учун тукларни юлиш суннат қилинган. Мен баъзи олимлардан юлиш оғриқ бериши ҳақида сўраганимда улар: “Агар киши ўсмирлигиданоқ юлишга одатланса, ҳеч қандай оғриқни сезмайди. Балки, юлиб бўлгач ўзида роҳатни ҳис қилади” дедилар”[2].    

        Доктор Ғиёс Ҳасан Аҳмад айтади: “Қўлтиқ ости тукларини юлиш ёки қириш ва ғусл пайтида бўғимларни яхшилаб ювишга эътибор бериш туфайли турли касалликлар олди олинади.

         Қўлтиқ остини тоза тутмаслик сабабли қуйидаги касалликлар келиб чиқади:

        1. Фолликулит (Follikulit-сизлоғич) – тук(соч) халтачаси оғзи (фолликула) нинг йирингли яллиғланиши. Терининг тукли қисмида: юз, бўйин, билак, қўлтиқ, сон ва бошқа соҳаларда учрайди.

        2. Эритразма (юнон. Еrytrasma-қизартираман) – терининг замбуруғ касаллиги. Асосан катталарда, кўпроқ экакларда учрайди. Касалликка кўп терлаш, ҳавонинг жуда иссиқ ва нам бўлиши, шахсий гигиена ва терининг тўғри парвариш қилиш қоидаларининг бузилиши сабаб бўлиши мумкин[3].   

        3. Гидраденит (юнон. Нidros- тер, aden-без) – тер безларининг йирингли яллиғланиши.  Қўлтиқда кўпроқ, қов соҳасида камроқ учрайди. Ўрта яшар, тўла ва кўп терлайдиган кишиларда кўпроқ кузатилади. Гидраденитга организмнинг қувватсизланиши, қўлтиқдаги тукларни қирганда арзимаган чақаланиш (бу ҳам ҳадисда юлишга буюрилгани нечоғли тўғри эканини кўрсатади), шахсий гигиенага риоя қилмаслик, тер бези йўлларига йирингли инфекция тушиши ва бошқалар сабаб бўлади.  Касаллик анчага чўзилади, бот-бот қайталанади[4].

        4.Фурункул (Furuncle) чипқон – соч халтачаси (фолликула) ва атрофидаги ёғ бези ҳамда тўқималарнинг ўткир йирингли некротик яллиғланиши. Терида ёғ ва тер ажралишининг кучайиши, авитаминоз, моддалари алмашинувининг бузилиши, тозаликка ва шахсий гигиенага риоя қилмаслик туфайли келиб чиқади.

        5. (Тrichomy cosis Axillaris) ва бошқа касалликлар пайдо бўлиши мумкин.

 

Устара ишлатиш, Қовуқни қириш: الإستحداد

         Ҳадисда фитрат суннатларларини санаб ўтиб “истиҳдод” яъни, устара(писка) ишлатиш дейилган. Устара қовуқни қиришда ишлатилгани учун  у билан бажариладиган ишга ишора тарзида келтирилган. Барча фуқаҳолар иттифоқига кўра, эркакга ҳам, аёлга ҳам белдан пастки авратлари атрофидаги тукларни кетказиш таъкидланган суннатдир.

       Ибн  Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ: “Устара ишлатиш бу – бадандаги махсус жойлардаги тукларни қиришдир” деганлар.

       Имом Нававий ва бошқалар: “Эркакка ҳам аёлга ҳам устара билан қовуқ тукларини қириш суннат... Лекин тукни кетказувчи бошқа воситаларни ишлатилса ҳам суннат бажарилган бўлаверади” деганлар[5].

       Кўпинча тукни қириб кетказилгани учун ҳадисда “қириш” сўзи ишлатилган. Айнан қириш шарт эмас, тукни юлиш, соғликка зарар етказмаса турли воситалар орқали тўкиб юбориш ва бошқа услублар билан кетказиш жоиздир. Устара ишлатиш ноқулай бўлса, унинг ўрнига тукларни юлиб, тўкиб ва қайчилаб кетказилади. Ҳар қандай тарзда кеткизилса, суннат бажарилган бўлаверади. Аёлларга қирмай, бошқа йўл билан кетказиш тавсия этилади.

        Киндик ости ва қўлтиқ тукларни олиб юришнинг энг узоқ муддати қирқ кундан ошмаслиги белгилаб қўйилган.

        Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтадилар: “Бизга мўйловни қисқатириш, тирноқларни олиш, қўлтиқ ости тукларин юлиш ва қовуқни қиришни қирқ кундан ортиқ тарк қилмаслик вақти белгилаб берилди”.

        Имом Нававий: “Қирқ кундан ортиқ тарк қилмаслик” бу - қирқинчи кунгача қолдиравериш, дегани эмас” деганлар.

        Ибн Ҳажар Имом Қуртубийдан нақл қилиб айтадилар: “Қирқ кун” деб муддатнинг энг кўпи белгилаб берилган. Бунда ҳар жумада ва зарур бўлганда озроқ муддатда олишни ман этилмайди” [6].

        Ушбу фитрий суннатга эътибор берган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом динини олиб келган пайтларида тозаланиш учун махсус асбоблар бўлмаган бир даврда қанчалик зарур буйруқ ва одоб бўлганини англайди. Чунки, мазкур аъзоларда инсон ҳаётига хавфли бўлган касалликлар тарқалиши мумкин. Ушбу набавий кўрсатманинг инсон саломатлигига катта фойдаси бор.

       Доктор Форис Алвон айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу амалга эътибор қаратишларида улкан ҳикмат бор. Чунки, баъзан инсонлар киндик ости яширин бўлгани, бошқалар назари тушмагани учун кам аҳамият берадилар. Икки ҳожат йўллари атрофидан саломатлик учун хавфли касалликлар тарқалишини билиш лозим. Ундаги тук ва кир остида турли касалликлар ва зарарли бактериялар тез ривожланади. Бу жойда тери безлари жойлашган бўлиб, терлаш натижасида нохуш ҳид пайдо бўлади.

        Шунингдек, қовуқ атрофини тозалашга бепарво бўлиш туфайли сийдик йўли, тери, таносил касалликлари ва аёлларда ўзларига хос касалликлар келиб чиқади”[7]. Танадан ажраган барча аъзоларни хусусан, тукларни ҳам турли жойга ташламай кўмиб қўйиш даркор. 

          Демак, юқорида баён қилинган суннатга амал қилиш билан аввало улкан савобга эришилади. Касалликлар пайдо бўлиши, кўпайишининг олди олинади. Жисмоний, ижтимоий саломатлик ва тетиклик таъминланади.

          Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яна бир ҳадисларини зикр қилиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

         Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Биз бир ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Мадинага келгач, (уйларимизга) киришга жўнадик. Шунда у зот: “Муҳлат беринглар! (Хотинлар) тўзиган сочларини тараб, яширин жойларни қириб олсинлар, кечки пайт (оқшомда) кирамиз” дедилар[8]. Имом Муслим ривояти.

           Мазкур ҳадисда Набий алайҳиссалом сафардан қайтаётган эркаклар уйларига тўсатдан кириб бормай, балки уйга қайтаётганларини олдиндан аёлларига билдириб келишлари лозимлигини таъкидламоқдалар. Ушбу ҳадисдаги ҳикматлардан бири, аёллар кўпинча уй ишлари билан машғул бўлиб, ўзларига кам эътибор қиладилар. Шундай пайтда ҳадисга амал қилган киши токи уйга боргунича аҳли-аёли ўзига эътибор бериб, покиза бўлиб олиши ва ноқулайликларни бартараф этилишига сабаб бўлади.

          Ҳадиси шарифда “Поклик иймонга чақиради. Иймон эса ўз эгаси билан жаннатда биргадир” дейилган. Аллоҳ таоло доимо қалбимизни ва жисмимизни пок қилиб жаннатига эриштирсин!

    

 

 



[1] Фатҳул Борий. 15/392.

[2] Алҳақоиқут тиббияти фил ислам. Доктор Абдурраззоқ Кайлоний. Дарул Қалам. –Дамашқ.: Б 219.

[3] Н.Ҳ. Абдуллаев ва бошқалар. Саломатлик Энциклопедияси. -Т.: 1985 й. Б 475.  

[4] Н.Ҳ. Абдуллаев ва бошқалар. Саломатлик Энциклопедияси. -Т.: 1985 й. Б 97.

[5] Фатҳул Борий. 10/391-391.

[6] Фатҳул Борий. 10/394

[7] Доктор Форис Алвон. Фис солати сиҳҳатун ва виқоятун, силсилату сиҳҳатика ва ибадатика. Даруссалом. 1989 й. 1/78.

[8] Абу Исо ат-Термизий. Сунану Термизий. Дару иҳёит туросил арабий. - Байрут.:

 3/1527. 715-рақамли ҳадис.

Муҳаммад Зариф

00:24 / 27.06.2020
Аввалги мақола
Робиъул ахор ойининг 6-куни
Кейинги мақола
Тадқиқот
Суннат ва саломатлик (Хатна)
Хатна қилиш: الختان  “Хатна” араб тилидаги  "خَتَنَ" калимасидан олинган бўлиб, “хатна қилмоқ”, “кесмоқ” деган маънони билдиради. Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи...
06:34 / 27.06.2020 Батафсил...
Тадқиқот
Суннат ва саломатлик
Бурунга сув олиб ювиш; استنشاق الماء Бурунга сув олиб ювиш фитрат суннатлари ҳақидаги ҳадисда ва бошқа ҳадисларда ҳам кўп таъкидланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллалло...
23:39 / 25.12.2017 Батафсил...
Тадқиқот
Поклик - иймондандир
   Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг жисмонан ва руҳан покланишлари ва икки дунё саодатига эришишларига сабаб бўладиган барча жиҳатларни баён қилганлар. У зот Ғарбликлар “...
00:24 / 27.06.2020 Батафсил...
Тадқиқот
Омина онамизнинг дояси
  Пайғамбаримизга бўлган муҳаббат туфайли у зотнинг атрофларида турган ҳар бир кишини билгимиз, танигимиз келади. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилаётганларида Омина онамизга ким...
08:05 / 13.11.2017 Батафсил...