Хатна қилиш: الختان
“Хатна” араб тилидаги "خَتَنَ" калимасидан олинган бўлиб, “хатна қилмоқ”, “кесмоқ” деган маънони билдиради.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар:"الختَانُ" калимаси "خَتَنَ" феълининг ўзаги бўлиб “кесиш” деган маънони билдиради. Хатна қилиш махсус аъзодан махсус баъзи қисмини кесишдир”.
Мовардий раҳматуллоҳи алайҳ: “Хатна қилиш закар учини ўраб турган терини кесишдир. Бунда мустаҳаб иш - унинг юқори қисмини ўраб турган тери(қалафа)ни қолдирмай кесишдир” деганлар. Ибн Саббоғ: “Уст қисми очилгунча кесилади...[1]” деганлар.
Хатна қилиш таъкидланган суннатлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: “Хатна қилиш эркакларга суннат, аёлларга икромдир” деганлар. Имом Аҳмад ривояти. Шимолий Африка диёрларида аёлларни ҳам хатна қилинади. Бизнинг уламолармиз қиз болани хатна қилиш иссиқ ўлкаларга хос эканини таъкидлаганлар.
Хатна қилиш учун алоҳида вақт ва ёшни белгиланмаган. Лекин гўдак касалманд, жисмонан заиф бўлмаса, кечиктирмай тезроқ хатна қилиш тавсия этилади.
Хатна қилувчи киши суннатни амалга ошираётганини ҳис қилиб, унга бериладиган ажр-савобдан умид билан бола ҳақига дуо ила бошлаши керак.
Боланинг закари учи букилган бўлса териси остидан ва у аъзоси устидан кам-кам милни суқиб, ичидаги ёпишган терини кўчирилади ва мил устига олиб, най қамишдан бўлган бир қисқич билан тутиб кесилади. Ушбу суннатни бажарувчи кишининг қўли қувватли, ўзи чаққон, эҳтиёткор ва устозидан рухсат олган бўлиши керак. Токи бепарволик қилиб ёш ўғлонларнинг ҳалокатига сабабчи бўлиб қолмасин[2].
Хатна қилишнинг саломатликка таъсири:
Баъзан болалар туғма хатна қилинган бўлиши мумкин. Бундай ҳолда уни хатна қилинмайди. Шундай бўлса-да, уни мутахассисга кўрсатиш фойдадан холи бўлмайди. Чунки баъзи болалар хатна бўлгандек кўринса ҳам, терини кесиш зарурати юзага келади.
Замонавий тиббиёт хатнанинг энг биринчи фойдаси сифатида ўғил бола жинсий аъзоси гигиенасининг яхшиланишини эътироф этади. Хатна ҳилинган бола фимоз – пешобнинг эркин ва равон чиқишига монелик қилувчи касалликдан халос бўлади. Фимозда боланинг бу аъзосидаги чекка кертмак қисми торайиб, пешоб чиқиши қийинлашади, натижада эса бола азоб чекади, йиғлоқи бўлиб ҳолади. Агар ушбу касаллик ўз вақтида даволанмаса, кейинчалик қовуқ ва буйрак фаолиятининг ишдан чиқишига сабаб бўлиши мумкин экан[3]. Албатта, бундай ҳолатда тиббиёт мутахассислари ҳам болани тезроқ хатна қилишни тавсия қиладилар.
Доктор Форис Алвон айтади: “Хатна қилишнинг саломатликка катта фойдаси бор. Унга фақатгина пасткаш, мутаассиб ёки ўта нодон киши шубҳа билан қарайди.
Дарҳақиқат, ғарбликлар аввваллари хатна қилишни танқид қилар эдилар. Сўнги йилларда ушбу суннат амалнинг фойдаларини кашф қилгач, улар ўз хатоларини тушуниб етмоқдалар. Ҳатто баъзилари ёши катта бўлишига қарамай ушбу суннатни ўзларига лозим тутмоқдалар.
Хатна қилмаслик туфайли бавл қилгандан кейин хатна қилиш зарур бўлган қисмда бактериялар кўпаяди, натижада мазкур жой турли касалликлар учун бўшлиққа айланади. Пайдо бўлган жинсий касалликлар сийдик йўли орқали қовуқ ва буйракка ёки мояк, простата бези, уруғ пуфакчаларига ўтади.
Хатна қилиш жинсий аъзода саратон касаллиги пайдо бўлиши олдини олади. Зеро, хатна қилинган кишиларда бу касаллик бўлмайди. Чунки боланинг ёшлигидаёқ хатна қилиш ушбу касалликнинг олдини олиш гарови ҳисобланади.
Баъзан эркакдаги яллиғланиш оилавий муносабатлар орқали аёлга ҳам юқиб, унда жинсий аъзо ёки бачадон бўйинчаси яллиғланиши ва йиринглашига сабаб бўлади. Гоҳида бачадонда яллиғланиш кучайиб кетгач бепуштликка олиб келади”[4]...
1987 йили Британиядаги машҳур (BMG) Британия Тиббиёт Журналида мақола чоп этиб, унда қуйидагиларни келтирилган:
“Мусулмон диёрлари ва яҳудийларда эркаклар жинсий аъзоси саратони деярли учрамайди. Бунинг сабаби, уларнинг ёшлик чоғидаёқ одатга кўра хатна қилинишидир. Тиббий статистик маълумотларга кўра, касаллик дунё бўйича фақат тўққизта яҳудийдагина[5] қайд этилган”[6].
Бир неча асрлардан бери бу амал мусулмонлар каби яҳудийлар орасида ҳам бажариб келинади. Узоқ вақт давомида хатнага бефарқ қараб келган ғарб олами ўтган асрнинг 60-йилларига келиб ўз муносабатини ўзгартирди, энди насронийлар ҳам буддавийлар ва худосизлар ҳам хатна қилдириш учун шифокорлар ҳузурига чопиб қолишди.
Айниқса, АҚШ президенти Жон Кеннедининг омма олдида хатнани тарғиб қилиб айтган гаплари ва шахсий намунаси кучли таъсир кўрсатди. Табиийки, президентга ушбу амалнинг инсон саломатлигига ижобий таъсири жуда маъқул бўлган эди[7].
Доктор Ғиёс Ҳасан хатна қилишнинг замонавий тиббиётда аниқланган бир неча фойдаларини келтириб, қуйидаги касалликлар олди олинишини қайд этган:
1. Уретрит (Urethritis) – сийдик йўлининг яллиғланиши. Гонококк (Gonococus) – сўзак касаллигини ғўзғатадиган микроб ушбу яллиғланишларни келтириб чиқаради.
2. Сийдик тутилиши.
3. Трихомоноз (Tricomonas) – сийдик-таносил аъзоларининг яллиғланиши; одамларга асосан жинсий муносабат орқали юқади; сийдик-таносил йўли турли қисмларининг яллиғланиши билан кечади.
4. Хатна қилишлик туфайли эр-хотинларда саратон касаллиги пайдо бўлиши эҳтимоли йўқолади.
Нью-йорк шаҳридаги Моuntsinal шифохонасида ўтказилган тажриба натижасида аниқланишича, мусулмонлар каби хатна қилинган яҳудий эркаклар аёлларида (Сarcinoma of the Cervix) - бачадон бўйинчаси саратони касаллиги тўққиз баробар кам учрар экан.
Бу каби яна бир тадқиқотда мусулмон аёлларда бошқаларга нисбатан ушбу касаллик жуда ҳам кам учраши қайд этилган[8].
Демак, динимизнинг шиорларидан ҳисобланган ушбу хатна қилиш туфайли катта ажрга эга бўлиш билан бирга, нафақат инсоннинг ўзи балки жамиятдаги турли касалликларнинг олди олинади.
Соқолни узайтириш; إعفاء اللحية
Фитрат суннатларидан бўлмиш соқол қўйиш борасида жумҳур уламолар ўрталарида ихтилоф йўқ. Фақат унинг узунлиги қандай бўлиши ҳақида баъзи ҳанбалий мазҳабидагилар билан ихтилоф мавжуд. Яъни, бу масалада ашаддийлар соқолга умуман тиғ теккизмай ўстириш керак дейдилар. Жумҳур уламолар, жумладан, ҳанафий, моликий ва шофеъий мазҳаби уламолари эса соқолни ҳар одамнинг ўз тутамида бир тутам бўлиши суннат экани, ундан ортиғи қисқартирилишини айтиб ўтганлар. Уламоларимиз соқолни ҳаддан ташқари узайтириб юбориш суннатга хилофдир, деганлар.[9]
Бу борадаги масалаларни Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ батафсил[10] баён қилганлар.
Соқол ва мўйловнинг саломатликка таъсири:
Британия тиббиёт мутахассислари соқолнинг инсон саломатлигига таъсири борасида тадқиқот ўтказиб, кўплаб янгиликларни кашф қилдилар. Уларнинг эътироф эътишича, соқол астма касаллигининг олдини олувчи табиий восита экан. Ҳозирда астма[11] дунёда кўп тарқалган касалликлардан бири бўлиб, Британиянинг ўзида 4,5 миллион киши мазкур дардга чалинган. Тадқиқотчилар соқол ва мўйлов юз терисининг эрта қариши ва ҳуснбузарлар тошишининг олдини олиши, қуёшнинг зарарли нурлари таъсири туфайли пайдо бўладиган саратон касаллиги хавфини камайтиришини таъкидладилар. Доктор Руб Ҳайкс айтади: “Соқол инсон саломатлигига зарарли бўлган қуёш нурларининг 90 – 95 фоизидан ҳимоя қилади”. Яна бир тадқиқотчи аёл Карла Вукернинг айтишича, соқол сўлакнинг меъёрда ажралиши, юз ва бўйин ҳароратини иссиқда ҳам совуқда ҳам мўътадил ҳолатда бўлишини таъминлайди. Кўкйўталдан ҳимоя қилади.
Дадамирзаев Муҳаммад Зариф тайёрлади.
[1] Фатҳул Борий би шарҳи саҳиҳил Бухорий. Ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар Асқалоний. Алмужалладул арабий. 2000 й. 10/387.
[2] Нашрга тайёрловчилар: Шерали Авезметов, Жасурбек Махмудов. Туркий табобат илмлари(дардли инсонларга фойдалар). –Т.: Наврўз. 2015. -Б 59.
[3] Andrology.uz.
[4] Ва фис сола ти сиҳҳатун ва виқоятун. Форис Алвон. Дарус салом. 1979. 1409 ҳ.й. –Б 22-23.
[5] Ўз динига амал қилувчи яҳудийларда мусулмонлар каби хатна қилишлик бор.
[6] Ҳассон Шамсий Пошо. Қубсотун мин аттиббин набавий вал адиллатил илмийятил ҳадисия. – Дамашқ.: Дарул Қалам. –Б 212-213.
[7] Аndrology.uz
[8] Доктор Ғиёс Ҳасан Аҳмад. Аттибу набавий фи зовъил илмил ҳадис. 1/47-48.
[9] Ихтиёр литаълийлил Мухтор. 4/ 430.
[10]islom.uz порталида эълон қилинган фитрат суннатлари ҳақидаги мақолаларида http://old.islom.uz/content/view/313/137/13.03.2007 й
[11] (юнон. Asthma – ҳаллослаш, бўғилиб қолиш) бронхлар тешигининг тўсатдан торайиб қолиши.