Барча ҳукамолар ва ақл эгалари гўзал хулқ ва юксак одоблар билан сифатланиш зарурлигига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, унинг жамият ҳаёти ва ислоҳи учун муҳимлигини ҳам таъкидлаганлар. Динимизда чиройли хулқ эгаларига абадий саодат ваъда қилинган. Айрим хулқлар пайғамбарликнинг бир қисми сифатида юксак баҳоланган. Бу ажойиб хислатларни Аллоҳ таоло пайғамбарларига ато этган. Уларга эга бўлганлар пайғамбарларда бор фазилат ва хислатлардан бир қисмига эга бўлган саналади. Бундай хислатлар «ҳусни хулқ» деб аталади.
Ҳусни хулқ нафс қувватлари ва сифатлари мўътадил бўлиши ва бошқа тарафга[1] оғишмаслигидир. Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Аллоҳ таоло у зотни мақтаб: «Албатта, сен буюк хулқ узрасан»[2], – деган.
Оиша розияллоҳу анҳо: «У зотнинг хулқи Қуръон эди. Қуръон нимадан рози бўлса, шунга рози бўлар, у нимадан ғазабланса, ундан ғазабланар эдилар»[3], деганлар.
Имом Аҳмад ва Баззор келтирган ривоятда Расули акрам: «Албатта, мен олий хулқларни тугал қилиш учун юборилдим», дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ривоятда «Гўзал хулқларни мукаммал қилиш учун юборилдим»[4], деган лафз билан келади. Имом Бағавий ўзининг «Шарҳус-сунна» китобида «Аллоҳ таоло мени олий хулқларнинг тамоми ва гўзал ишларнинг камоли учун юборди» деган ривоятни келтиради. Яъни ҳусни хулқ ўзида жамлаган шарафли ҳолатлар ва нафс малакасини етук ҳолга келтириш учун юборилдим.
Бунинг замирида Холиқнинг ва халойиқнинг ҳақларини адо этиш туради. Бу ривоятда пайғамбарлар мақтовли хулқлар ва юксак фазилатлар билан ажралиб туришларига ишора бор. Имом Бухорий ва имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда шундай дейилган: «Расулуллоҳ улуғ Аллоҳнинг: «Албатта, сен буюк хулқ узрасан», деган гувоҳлиги билан инсонларнинг энг хулқи чиройлиси бўлганлар».
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳам у зот ҳақида худди Анас розияллоҳу анҳу айтганига ўхшашини нақл қилган. Муҳаққиқ олимларнинг таъкидлашича, Расулуллоҳ алайҳиссалом асл руҳий хилқати ва жисмоний фитратида гўзал хулққа эга ҳолда яратилган. Яъни у зотдаги улуғ хулқ тарбия, риёзат ва малака туфайли эмас, балки илоҳий инъом ва раббоний хосланиш туфайли юзага келган. Бошқа пайғамбарларнинг ҳолатлари ҳам шундай. Ким пайғамбарларни ёш пайтидан то нубувват ишига танлаб олингунга қадар босиб ўтган ҳаёт йўллари билан танишса, бу сўзнинг тўғрилигига иқрор бўлади. Бу ҳақиқат Мусо, Ийсо, Яҳё, Сулаймон алайҳимуссалом ва бошқа пайғамбарларнинг сийратларидан ҳам маълум.
Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссалом ҳақида: «Унга ҳукмни ёшлигида бердик»[5], дейди. Муфассирлар: «Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга Аллоҳнинг китобини билиш илмини ёш пайтидан билдирди», дейди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан келтирилган ривоятда: «Яҳё икки ёки уч ёшида олим ва ҳаким бўлиб улгурган эди. Болалар унга: «Нима учун ўйнамайсан?» дейишса, у: «Ўйин учун яратилганманми?» – дер эди»[6], дейилган. Айрим муфассирлар «Аллоҳнинг калимасини тасдиқловчи ҳолда»[7] деган Аллоҳ сўзининг тафсирида: «Яҳё алайҳиссалом Ийсо алайҳиссаломни уч ёшида тасдиқлаган ва «Ийсо Аллоҳнинг калимаси ва руҳи», дея гувоҳлик берган», дейдилар. Яҳё алайҳиссалом Ийсо алайҳиссаломга биринчи иймон келтирганлар қаторида туради. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг амри туфайли отасиз дунёга келгани учун «Аллоҳнинг калимаси» деб шарафланган. «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида Исонинг мисоли худди Одамнинг мисолига ўхшайди. Уни тупроқдан яратиб, сўнгра унга «Бўл!» деди, бас, (у) бўлди»[8].
Қуръони Каримда Ийсо алайҳиссаломнинг бешикда гўдак ҳолида гапиргани шундай келтирилади: «У деди: «Албатта мен Аллоҳнинг бандасиман, У менга Китоб берди ва мени пайғамбар қилди»[9]. «Пайғамбар қилди» деган жумлани Ўзининг азалий қазои қадарида уни пайғамбарликка танлади, деган маънода тушуниш лозим.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида: «Биз Сулаймонга фаҳмлатдик. Уларнинг ҳар бирига ҳукмни ва илмни берган эдик»[10], деб марҳамат қилади. Ибн Жарир Табарийнинг келтиришича, подшоҳлик берилганда Сулаймон алайҳиссалом ҳали ўн икки ёшдаги ўсмир бўлган.
Муфассирлар Аллоҳ таолонинг «Батаҳқиқ, Биз илгари Иброҳимга рушду ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик»[11] деган сўзини: «Уни гўдаклик чоғида ҳидоятга бошладик», деб тафсир қилишган. Аллоҳ таоло комил ҳидоят ва солиҳлик ҳолатини у зотга балоғатга етишидан олдин берган экан. Айтилишича, Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланиб, қаттиқ синовларга йўлиққанда ўн олти ёшда[12], юлдуз, ой ва қуёшга қараб, уларнинг илоҳ эмаслиги тўғрисида хулоса чиқарганда ўн беш ойлик бўлган экан. Исмоил алайҳиссалом эса қурбонлик қилинмоқчи бўлганда бор-йўғи етти ёшда экан.
Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга ёшлигида[13] ваҳий юборганда оға-инилари у зотни қудуққа ташламоқчи бўлишади. Аллоҳ таоло: «Биз унга: «Сен, албатта, уларга бу қилмишларининг хабарини берурсан, ўшанда улар сезмаслар», деб ваҳий қилдик»[14], дея унинг келажак ҳаёти ҳақида хушхабар беради. Ҳақиқатан ҳам, Аллоҳ таоло айтганидек, қадрлари улуғ ва мартабалари баландлигидан Юсуф алайҳиссаломни оға-инилари таний олишмади.
Абу Нуъайм келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёшлигимда менга бут-санамлар ёмон кўрсатилди. Менга шеър ёмон кўрсатилди. Жоҳилиятда қилинадиган ишлардан бирортасини қасд қилмадим. Фақат икки марта, унда ҳам Аллоҳ мени асраган. Шундан кейин ҳеч қачон қайтмадим»[15], деган эканлар.
Хулоса шуки, гўзал хулқ инсонда ё туғма, ё касбий бўлади. Касбий деганда риёзат чекиш ва нафс тарбияси билан жиддий шуғулланиш натижасида эришилган хулқлар назарда тутилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Мўмин киши табиатида ҳар бир хислат бўлса ҳам, лекин хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди»[16], дедилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Жасурлик ва қўрқоқлик кишилардаги табиатлардир. Аллоҳ таоло уларни хоҳлаган жойига қўяди»[17], деган экан.
«Шамоилу мустафо» китобидан
[1] Нафсда учта қувват бор. Улар – нутқий, шаҳвоний ва ғазаб билан боғлиқ қувватлар. Ҳар бирининг иккита – салбий ва мўътадил тарафи бор. Нутқий қувватнинг мўътадиллиги ҳикмат, шаҳвонийники иффат, ғазабники шижоатдир.
[2] Қалам сураси, 4-оят.
[3] Имом Байҳақий ривояти.
[4] Имом Молик ривояти.
[5] Марям сураси, 12-оят.
[6] Имом Аҳмад «Зуҳд»да, Абу Ҳотим «Тафсир»ида, Дайламий Муоз розияллоҳу анҳудан муттасил бўлмаган санад билан, имом Ҳоким «Тарих»ида Ибн Аббосдан ривоят қилган.
[7] Оли Имрон сураси, 39-оят.
[8] Оли Имрон сураси, 59-оят.
[9] Марям сураси, 30-оят.
[10] 79-оят.
[11] Анбиё сураси, 51-оят.
[12] «Айнул маъоний» тафсирида Ибн Журайждан келтирилган ривоятда йигирма олти ёшда дейилган.
[13] Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан келтирилган ривоятда ўн етти ёш дейилган.
[14] Юсуф сураси, 15-оят. Батафсил маълумотга эга бўлиш учун мазкур суранинг тафсирлари билан танишиб чиқиш тавсия қилинади.
[15] Имом Абу Нуъайм «Далоилун-нубувват» китобида келтирган.
[16] Ибн Абу Шайбанинг «Мусаннаф» номли китобида Абу Умома розияллоҳу анҳудан, Ибн Адийнинг «Ал-Комил» номли китобида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган.
[17] Ибн Жарир Табарий, Ибн Абу Ҳотим, Саъид ибн Мансур мавқуф ҳолатда ривоят қилган.