Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр ва дуолардан сўнг масжидда ўтирардилар. Саҳобалар у зотнинг нурафшон юзларига назар ташлашдан баҳраманд бўларди.
Гоҳида йиғилганларга маъруза қилардилар.
عن الْعِرْبَاضُ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى بِنَا رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ذَاتَ يَوْمٍ ثُمَّ أَقْبَلَ عَلَيْنَا فَوَعَظَنَا مَوْعِظَةً بَلِيغَةً ذَرَفَتْ مِنْهَا الْعُيُونُ وَوَجِلَتْ مِنْهَا الْقُلُوبُ فَقَالَ قَائِلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ كَأَنَّ هَذِهِ مَوْعِظَةُ مُوَدِّعٍ فَمَاذَا تَعْهَدُ إِلَيْنَا فَقَالَ « أُوصِيكُمْ بِتَقْوَى اللَّهِ وَالسَّمْعِ وَالطَّاعَةِ وَإِنْ عَبْدًا حَبَشِيًّا فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ بَعْدِى فَسَيَرَى اخْتِلاَفًا كَثِيرًا فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِى وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ». رواه أبو داود
Ирбос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бомдод) намозини ўқиб бердилар. Сўнг бизга юзланиб, ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан (таъсирланиб) кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам: «Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» – деди. У зот: «Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, мендан кейин кўплаб ихтилофларни кўради. Сизлар менинг суннатимни ва тўғри йўлда қоим бўлган хулафои рошидинларнинг суннатини маҳкам ушланг. Уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлаб олинг»,[1] – дедилар.
Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим ҳам маъруза қилмасдилар. Саҳобалар малолланиб қолмаслиги учун уларнинг ҳолатига қарардилар.
Гоҳида эса саҳобалар билан суҳбатлашиб, олдинги умматларда бўлиб ўтган воқеалардан сўзлаб берардилар.
Мана шундай суҳбатлардан бири:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « بَيْنَمَا رَجُلٌ يَسُوقُ بَقَرَةً لَهُ قَدْ حَمَلَ عَلَيْهَا الْتَفَتَتْ إِلَيْهِ الْبَقَرَةُ فَقَالَتْ إِنِّى لَمْ أُخْلَقْ لِهَذَا وَلَكِنِّى إِنَّمَا خُلِقْتُ لِلْحَرْثِ ». فَقَالَ النَّاسُ سُبْحَانَ اللَّهِ. تَعَجُّبًا وَفَزَعًا. أَبَقَرَةٌ تَكَلَّمُ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « فَإِنِّى أُومِنُ بِهِ وَأَبُو بَكْرٍ وَعُمَرُ»
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бир киши сигирининг устига миниб кетаётган эди. Сигир бўйнини кўтариб унга қаради ва: «Мен бунинг учун яратилмаганман. Мен ерни ҳайдаш учун яратилганман», – деди». Саҳобалар ҳайратдан ажабланиб: «Субҳаналлоҳ! Сигир ҳам гапирадими?» – деб сўрашди. У зот: «Мен, Абу Бакр ва Умар бунга ишонамиз!» – дедилар[2].
Гоҳо Бомдод намозини ўқиб бўлгач, саҳобаларга юзланиб: «Ораларингиздан бирор киши касал бўлиб қолмадими? Бориб кўрардик», – дер эдилар. Агар улар: «Йўқ», – дейишса, у зот: «Бирор кишида жаноза йўқми? Бориб иштирок этамиз», – дер эдилар. Саҳобалар: «Йўқ», – дейишса, у зот: «Бирор киши туш кўрдими? Сўзласин, таъбир қилиб бераман», – дер эдилар. Саҳобалар кўрган тушини айтар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга тушининг таъбирини бирма-бир баён қилиб берардилар.
Қуйидаги ривоят бунга далилдир:
عَن عبد الله بن السلام رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «رَأَيْتُ رُؤْيَا عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَصَصْتُهَا عَلَيْهِ، وَرَأَيْتُ كَأَنِّي فِي رَوْضَةٍ - ذَكَرَ مِنْ سَعَتِهَا وَخُضْرَتِهَا - وَسْطَهَا عَمُودٌ مِنْ حَدِيدٍ، أَسْفَلُهُ فِي الْأَرْضِ وَأَعْلَاهُ فِي السَّمَاءِ، فِي أَعْلَاهُ عُرْوَةٌ، فَقِيلَ لَهُ: ارْقَهْ. قُلْتُ: لَا أَسْتَطِيعُ. فَأَتَانِي مِنْصَفٌ فَرَفَعَ ثِيَابِي مِنْ خَلْفِي، فَرَقِيتُ حَتَّى كُنْتُ فِي أَعْلَاهَا، فَأَخَذْتُ بِالْعُرْوَةِ، فَقِيلَ لَهُ: اسْتَمْسِكْ. فَاسْتَيْقَظْتُ وَإِنَّهَا لَفِي يَدِي، فَقَصَصْتُهَا عَلَى النَّبِيِّ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: «تِلْكَ الرَّوْضَةُ الْإِسْلَامُ، وَذَلِكَ الْعَمُودُ عَمُودُ الْإِسْلَامِ، وَتِلْكَ الْعُرْوَةُ عُرْوَةُ الْوُثْقَى، فَأَنْتَ عَلَى الْإِسْلَامِ حَتَّى تَمُوتَ»
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир туш кўриб, уни ҳикоя қилиб бердим. Тушимда бир боғда эканман (унинг бепоёнлиги ва ям-яшиллигини айтди), унинг ўртасида бир темир устун бўлиб, таги ерда, тепаси осмонда экан. Тепасида бир тутқич бор эди. Менга: «Чиқ!» – дейилди. «Чиқолмайман», – дедим. Шунда кимдир келиб, ортимдан туриб кийимимдан кўтариб қўйди. Мен унинг тепасигача чиқиб, ҳалиги тутқични ушладим. «Уни маҳкам тут!» – дейилди. Тутқични ушлаган ҳолда уйғониб кетдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб берган эдим, у зот: «Ўша боғ – Ислом, ҳалиги устун – Ислом устуни, ўша тутқич эса «мустаҳкам тутқич»дир. Сен ўлгунингга қадар Исломда бўласан», – дедилар»[3].
Яна бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайсиларингиз туш кўрган бўлса, уни айтсин, таъбир қилиб бераман», – дедилар. Бир киши: «Бу кеча тушимда сариёғ ва асал томчилаётган бир булутни кўрдим. Одамлар ундан кафтларига олишаётган экан. Кўп олаётгани ҳам, кам олаётгани ҳам бор эди. Қарасам, ердан осмонга туташган бир чилвир. Сизнинг уни ушлаб, кўтарилганингизни кўрдим. Сўнг бошқа бир киши ушлади‑да, кўтарилди. Кейин уни бошқа бир одам ушлади‑да, кўтарилди. Сўнг бошқа бир киши ушлаган эди, у узилиб кетди. Кейин эса яна уланди», – деди. Шунда Абу Бакр: «Эй Аллоҳнинг Расули, отам сизга фидо бўлсин, Аллоҳга қасамки, менга қўйиб берасиз, мен таъбир қиламан», – деб ижозат сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таъбир қилинг‑чи!» – дедилар. «Булут – Ислом, томаётган асал билан сариёғ – Қуръон, унинг ҳаловати томиб турибди. Қуръондан кўп баҳра олаётган ҳам, кам баҳра олаётганлар ҳам бор. Осмондан ерга туташган чилвир эса сиз турган ҳақдир. Сиз уни ушлаб турибсиз, Аллоҳ эса сизни юксалтирмоқда. Сўнг уни сиздан кейин бир киши ушлайди‑да, у билан кўтарилади. Кейин уни бошқа бир киши ҳам ушлайди‑да, у ҳам у билан кўтарилади. Сўнгра уни бошқа бир киши ушлаб, уни узиб юборади. Кейин уни улаб беришади ва у ҳам у билан кўтарилади. Эй Аллоҳнинг Расули, отам сизга фидо бўлсин! Айтинг‑чи, тўғри топдимми ёки хато қилдимми?» – дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Баъзисини тўғри топдингиз, баъзисини хато айтдингиз», – дедилар. «Аллоҳга қасамки, хато айтганимни айтиб берасиз!» – деганларида, у зот: «Қасам ичманг!» – дедилар»[4].
Гоҳида эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари кўрган тушни саҳобаларга айтиб, уни таъбир қилиб берардилар.
Самура ибн Жундаб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлгач, бизга юзланиб: «Сизлардан ким бу кеча туш кўрди?» – дер эдилар. Бирон киши кўрган бўлса, ҳикоя қилиб, Аллоҳ хоҳлаганича айтиб берарди. Бир куни: «Сизлардан бирон киши туш кўрдими?» – деб сўрадилар. «Йўқ», – дедик. У зотнинг ўзлари гап бошладилар: «Лекин бу кеча икки киши олдимга келиб, қўлимдан тутиб, мени Муқаддас заминга олиб чиққанларини кўрдим. Қарасам, бир киши ўтирибди, яна бир киши қўлида темир илгак билан турибди. У илгакни лунжидан то гарданига етиб боргунча тиқар, сўнгра нариги лунжига ҳам худди шундай қилар, бу лунжи(нинг жароҳати) битгач, яна қайтиб худди шундай қиларди. «Бу нима?» – дедим. Иккаласи: «Юринг», – дейишди.
Биз юриб, чалқанча ётган бир кишининг олдига етиб бордик. Унинг бошида бир киши тош билан ёки харсанг билан турар ва у билан унинг бошини ёрар эди. Ҳар урганида тош думалаб кетарди. Уни олгани юриб борар, бунинг олдига қайтгунича, боши(нинг жароҳати) битиб қолар эди. Унинг боши асл ҳолига қайтгач, олдига қайтиб келиб, уни яна урар эди. «Бу ким?» – дедим. Иккаласи: «Юринг», – дейишди.
Биз юриб, тандирга ўхшаш юқориси тор, пасти кенг чуқурнинг олдига бордик. Унинг тагига ўт ёқилар эди. У (олов) яқинлашса, улар (ичидаги одамлар) кўтарилар, ҳатто ундан чиқиб кетай дейишар, сўнганда эса унинг ичига қайтишарди. Унда яланғоч эркак ва аёллар бор эди. «Булар ким?» – дедим. Иккаласи: «Юринг», – дейишди.
Биз юриб, қонли дарёнинг олдига келдик. Дарёнинг ўртасида бир киши турар, (қирғоқдаги) кишининг олдида эса тош турарди. Дарёдаги киши олдинга юриб келар, энди чиқмоқчи бўлса, нариги киши унинг оғзига тош отиб, турган жойига қайтариб юборарди. Ҳар сафар чиқаман деб келганида, унинг оғзига тош отар ва у олдинги ҳолатига қайтиб кетарди. «Бу нима?» – дедим. Иккаласи: «Юринг», – дейишди.
Биз юриб, ям-яшил боққа етиб келдик. Унда бир улкан дарахт бўлиб, тагида бир қария ва болалар бор эди. Қарасам, дарахтнинг яқинида бир киши олов ёқиб турибди. Ҳалиги иккаласи мени дарахтга олиб чиқишди ва мени бир ҳовлига олиб киришди. Бундан чиройлисини кўрмаганман. Унинг ичида эркаклар, кексалар, йигитлар, аёллар ва болалар бор эди. Сўнгра иккаласи мени у ердан чиқариб, дарахтга олиб чиқишди-да, янада гўзалроқ ва афзалроқ бир ҳовлига олиб киришди. Унда ҳам кексалар ва йигитлар бор эди.
«Бу кеча мени сайр қилдирдинглар. Энди кўрган нарсаларим ҳақида айтиб беринглар», – дедим. Улар: «Сиз кўрган лунжи ёрилаётган (киши) каззобдир. У ёлғон сўзлайди ва (ёлғонини) ундан олиб, барча ўлкаларга етказиб борилади. Унга қиёмат кунигача шундай қилинади. Сиз кўрган боши ёрилаётган (киши) – Аллоҳ Қуръонни ўргатган, у эса тунда ғофил бўлиб ухлаган, кундузи эса унга амал қилмаган кишидир. Унга қиёмат кунигача шундай қилинади. Чуқурда кўрганларингиз зинокорлардир. Дарёда кўрганингиз эса судхўрлар. Дарахтнинг тагида кўрган қариянгиз Иброҳим алайҳиссаломдир, атрофидаги болалар – инсонларнинг зурриётларидир. Олов ёқиб турган эса жаҳаннам қўриқчиси Моликдир. Сиз кирган биринчи уй барча мўминларнинг уйидир, мана бу уй эса шаҳидларнинг уйидир. Мен Жаброилман, бу эса Микоил. Энди бошингизни кўтаринг», – дейишди. Бошимни кўтариб қарасам, тепамда худди булутга ўхшаган нарса турибди. «Ана шу сизнинг манзилингиз», дейишди. «Мени ўтказиб юборинглар, манзилимга кирай», – дедим. «Сизнинг ҳали тугатмаган умрингиз қолган, тугатганингизда манзилингизга келасиз», – дейишди»[5].
Гоҳида эса саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўзаро суҳбатлашиб ўтиришар, у Зот баъзан тинглаб, баъзан қўшилиб ҳам турардилар. Улар гоҳида жоҳилият даврини эслашар ва баъзи ишларини қоралашар, Ислом келгач азиз бўлганларини тилга олиб ҳамдлар айтишарди. Жоҳилият давридаги кулгили ҳолатни эслашганда кулишар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уларга қўшилиб табассум қилардилар. У зотнинг одатий кулгилари табассум эди. Бу суҳбат айрим вақтларда қуёш чиққунча давом этарди[6].
Гоҳида эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозини ўқиб бўлгач, қуёш чиққунча намозгоҳларида ўтириб зикр қилардилар.
Намоздан кейин одатда ўнг томондан, гоҳида эса чап томондан чиқиб кетардилар. Саҳобаларга рўпарў келганда, у зотдан эшитадиган биринчи гаплари:
« رَبِّ قِنِى عَذَابَكَ يَوْمَ تَبْعَثُ عِبَادَكَ »
«Робби қини ъазабака явма табъасу ибадака»[7].
«Бандаларингни тирилтирадиган кунда мени азобингдан поҳингда асрагин», деган муборак дуолари бўларди[8].
Ҳужраларига кираётганда қуйидаги дуони айтардилар:
اللَّهُمَّ إِنِّى أَسْأَلُكَ خَيْرَ الْمَوْلِجِ وَخَيْرَ الْمَخْرَجِ بِسْمِ اللَّهِ وَلَجْنَا وَبِسْمِ اللَّهِ خَرَجْنَا وَعَلَى اللَّهِ رَبِّنَا تَوَكَّلْنَا
«Аллоҳумма инни ас-алука хойрол мавлажи, ва хойрол махраж. Бисмиллаҳи, валажна. Ва Бисмиллаҳи хоражна. Ва ъала Роббина таваккална»[9].
Маъноси: «Аллоҳим, Сендан кириш ва чиқишнинг яхшилигини сўрайман. Аллоҳнинг номи билан кирдик, Аллоҳнинг номи билан чиқдик. Роббимиз Аллоҳга таваккал қилдик».
Уйга кирганларида биринчи қиладиган ишлари мисвок ишлатиш бўларди. Гарчи оғизлари мудом хушбўй бўлса-да, умматларига таълим бўлиши учун мисвок ишлатардилар.
Сўнг аҳлларига салом берар ва: «Эй аҳли байт, қандайсизлар?» – деб ҳол-аҳвол сўрардилар. Ҳар бир онамизнинг ҳужраларига кириб, алоҳида-алоҳида салом бериб чиқар ва уларнинг ҳақларига дуо қилардилар. Бирларининг ҳузурида узоқ қолиб кетмасдилар[10].
Баъзи оналаримизни намоз ўқиётган ёки зикр билан машғул ҳолда топар ва уларни безовта қилмасдилар.
Баъзан уйга кирганда оналаримиздан «Овқат борми?», – деб сўрардилар. Овқат бўлса, олиб келишарди. Кўпинча хурмо, ҳайс[11], пишлоқ, сут ва шунга ўхшаш енгил таом келтириларди.
Агар таом бўлмаса, у зот: «Ундай бўлса, мен бугун рўзадорман», – деб нафл рўза тутардилар.[12]
[1] Абу Довуд ривояти
[2] «Муснад Ҳумайдий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Бухорий» ва «Саҳиҳ Муслим» китобларига қаралсин.
[3] «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад» ва «Тарихи Димашқ» китобларига қаралсин.
[4] «Саҳиҳ Бухорий», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад» ва «Мустадрак Ҳоким» китобларига қаралсин
[5] «Саҳиҳ Бухорий», «Сунан Байҳақий», «Муснад Аҳмад» ва «Саҳиҳ Ибн Ҳиббон» китобларига қаралсин
[6] «Муснад Ибн Жаъд», «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Абу Авона» ва «Далоилун нубувват» китобларига қаралсин
[7] «Саҳиҳ Муслим» китобига қаралсин.
[8] Ушбу дуони ётиш олдидан ҳам айтардилар.
[9] «Сунан Абу Довуд», «Мўъжамул кабир Табароний» ва «Жомеъул усул Суютий» китобларига қаралсин.
[10] «Муснад Аҳмад», «Ал-адаб ал-Муфрад», «Саҳиҳ Муслим», «Сунан Абу Довуд» ва «Сунан Насоий» китобларига қаралсин.
[11] Қуриган хурмо, ёғ ва пишлоқ аралаштириб тайёрланган таом
[12] Саҳардан кейин ҳеч нарса емаган киши катта чошгоҳга қадар рўзани ният қилса бўлади