Гоҳида таҳажжуд соатларида уйдан чиқиб, қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг уйларига келар, куёвлари Али ва қизлари Фотимани тунгги ибодатга чорлар, эшикни тақиллатиб, уларга салом бергач: «Сиз иккалангиз, туриб намоз ўқимайсизларми?» – дер эдилар. Бир сафар Али розияллоҳу анҳу уйғониб кетиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон бизни уйғотишни хоҳласа, уйғотади», – дедилар. Бу жавобни эшитган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ортга қайтиб кетар эканлар: «Дарҳақиқат, инсон кўп баҳс қилувчидир»,[1] оятини тиловат қилдилар[2].
Ҳаётларининг охирларида тунда Бақиъ қабристонига чиқиб, саҳобалар ҳақига дуо қилишни одатлангандилар.
Бу ҳақида Оиша онамиз шундай дейдилар:
«Мени навбатим келганда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ридоларини ечиб, ковушларини оёқлари томонга суғуриб қўйдилар. Изорларининг бир томонини тўшаклари устига ёйиб, унинг устига ухладилар. Мени ухлади, деб ўйламагунча ўзлари ухламай турдилар. Сўнг мени ухлади, деб ўйлаб секин ридоларини олиб, овоз чиқармай ковушларини кийдилар ва эшикни очиб чиқдилар ва оҳисталик билан уни ёпдилар. Мен ҳам кийимларимни кийиб орқаларидан чиқдим. Бошимга рўмолимни ўраб, изоримни[3] ниқоб қилиб олдим. Бақиъ қабристонига кириб, у ерда узоқ қолдилар. Сўнг қўлларини уч марта кўтардилар ва чиқиб кетдилар. Мен ҳам қайтдим. Мен олдинда эдим. У зот тез-тез юра бошладилар. Мен ҳам тезлашдим. У киши югурдилар. Мен ҳам югардим ва у кишидан олдин уйга кириб олдим. Тўшакка ётишим биланоқ, кириб келдилар. Менга: «Эй Оиш! Нима бўлди? Ҳансираб тез-тез нафас олаяпсан?» – дедилар. «Ҳеч нарса», – дедим. «Ё ўзинг хабар берасан. Ёки Барча нарсадан хабардор бўлган Латиф Зот хабар беради», – дедилар. Мен: «Ота-онам сизга фидо бўлсин!» – деб орқаларидан кузатиб борганимни айтдим. У зот: «Боя олдимда кетаётган қора шарпа сен эдингми?» – дедилар. «Ҳа», – дедим. Кўксимга бир турдилар. Оғригандек бўлди. Сўнг: «Аллоҳ ва Унинг расули сенга зулм қилади деб ўйлаганмидинг?» – дедилар. Мен: «Одамлар қанча яширишмасин, барибир Аллоҳ уларнинг қалбидагини билади. Ҳа(шундай гумонга борган эдим)», – дедим. У зот: «Уйда мени кўрган пайтингда Жаброил келган эди. Сен кийимларингни ечганинг боис уйга кирмади. У ҳеч қачон бундай ҳолда турганингда уйга кирмаган. Сенга билдирмай менга нидо қилди. Мен ҳам сенга унинг келганини билдирмадим. Ухлаб қолдинг, деб уйладим ва уйғотиб безовта қилгим ҳам келмади. Ўзингни ёлғиз ҳис қилиб қўрқишингни ўйлаб хавотирга ҳам тушдим. Жаброил: «Роббинг Бақиъ қабристонига бориб, Бақиъ аҳлига истиғфор сўрашингни буюрмоқда», – деди». «Мен ҳам борсам, уларга қандай (истиғфор) айтаман», – дедим. У зот: «Мўмин ва мусулмонлар диёрининг аҳлига ассалом! Биздан олдин ўтганларни ҳам, кейин ўтганларни ҳам Аллоҳ раҳм қилсин! Иншааллоҳ, биз ҳам албатта ортингиздан борамиз», – дегин», – дедилар. Шундан сўнг у зот ҳар кеча туннинг охирида Бақиъ қабристонига чиқиб: «Ассалому алайкум, мўмин қавмининг макони. Сизларга ваъда қилинган нарса келди. Биз эртага кечиктирилганлар иншааллоҳ сизларга етамиз. Аллоҳим, Бақиъ аҳлини мағфират қил!» – дердилар»[4].
[1] Каҳф сураси, 54-оят
[2] «Саҳиҳ Бухорий», «Муснад Аҳмад», «Саҳиҳ Муслим», «Саҳиҳ Ибн Хузайма» ва «Сунан Байҳақий» китобларига қаралсин.
[3] Изор – тананинг киндикдан пастини тўсиб турадиган, эн (яхлит) матодан иборат кийим. У иссиқ ўлкаларга хос кийим бўлиб, баъзи араб ва Жануби-шарқий Осиё ўлкаларида ҳозирда ҳам кенг тарқалган. Уни эҳромнинг пастки қисми ёки лунгига ўхшатиш мумкин
[4] «Саҳиҳ Муслим», «Муснад Аҳмад», «Муснад Таёлисий» китобларига қаралсин.