21 жумадул аввал 1446
Оила мустаҳкамлигини таъминловчи икки муҳим жиҳат

Оила мустаҳкам ва аҳил бўлиши учун энг муҳим бўлган икки жиҳат бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки жиҳатга эътибор бериш ва уларни инобатга олишни биз умматларига таълим бериб кетган эдилар. Қуйида мана шу икки жиҳатни ёритишга ҳаракат қиламиз.

Биринчи жиҳат:

Аёллар эркакларнинг бир бўлаги

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ҳамиша аёлларни ҳурмат қилиш ва уларни қадрлашга буюрар ва аёллар эркакларнинг бир бўлаги эканини уқтирар эдилар.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ҳақида:

«إِنَّ النِّسَاءَ شَقَائِقُ الرِّجَالِ».

«Аёллар эркакларнинг қардошларидир», дедилар.

Аллоҳ Қуръонда эркак ва аёлларни яратганини ва аёллар ҳам эркакнинг бир қисми эканини баён қилиб шундай дейди:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا  [النساء : 1]

«Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратган Роббингиздан қўрқинглар!». (Нисо: 1)

Бу оятнинг тафсирида баъзи муфассирлар шундай дейишган:

«Аллоҳ Одам алайҳиссаломни яратгач, у кишига жуфт бўладиган аёлни яратишни ихтиёр қилди ва у аёлни бошқа жисмдан эмас, Одам алайҳиссаломнинг қовурғаларидан яратди. Одам алайҳиссалом билан Ҳаво онамиз бирлашганда, Одам алайҳиссаломга ўша қовурғаларидан олинган қисми қайтгандай бўлди гўё. Шундай экан, ким бир аёлга уйланса, ўша аёл унинг етишмай турган бир бўлаги ҳисобланади. Аёлга уйланиш билан у мукаммалашади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини уйланмай ўтишдан қайтарганлар. Аёлини ўзининг бир бўлаги деб билган эркак, ҳеч қачон уни таҳқирламайди ва унга озор бермайди».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини мана шу ҳақиқатни яъни аёл киши эркакнинг бир қисми, бир бўлаги эканини англашга чақирар ва аёлларга яхшилик қилишни эркак умматларига буюрар эдилар.

 Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ وَأَنَا خَيْرُكُمْ لِأَهْلِي...»

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг энг яхшиларингиз, аҳли аёлига яхшилик қиладиганларингиздир. Мен сизларнинг орангизда аҳли аёлига яхшилик қилишда энг яхшингизман», дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гўзал таълимотларини олган саҳобалар, аёлига бепарво бўлиб қолган дўстини кўриб қолса, унга масъулиятини эслатиб:

«إِنَّ لِزَوْجَتِكَ عَلَيْكَ حَقًّا»

«Сени зиммангда аёлингнинг ҳақлари бор», дер эди.

Шу ўринда аёлларнинг қадри нақадар улуғ эканини Мусо алайҳиссаломнинг ҳаётлари орқали баён қилиб ўтсак.

Биламизки, пайғамбарлик энг олий мақом бўлиш билан бирга энг масъулиятли ишдир. Пайғамбарлар ҳар бир лаҳза, сонияларини умматни тўғри йўлга бошлаш учун сарфлашган. Уларнинг ҳаётидаги вақт, бошқа оддий бандаларнинг ҳаётидаги вақтдан катта фарқ қилади. Улар ҳар бир сониясини Аллоҳнинг амрига кўра ўтказишади. Буни қарнгки, Мусо алайҳиссалом мана шундай қимматбаҳо умрларининг ўн йилини битта аёлнинг маҳрига атаганлар. Бебаҳо бўлган пайғамбарлик соатларининг ўн йили бир аёлнинг маҳри учун аталса! Аллоҳ Қасос сурасининг 27-28 оятларида марҳамат қилиб айтади:

قَالَ إِنِّي أُرِيدُ أَنْ أُنْكِحَكَ إِحْدَى ابْنَتَيَّ هَاتَيْنِ عَلَى أَنْ تَأْجُرَنِي ثَمَانِيَ حِجَجٍ فَإِنْ أَتْمَمْتَ عَشْرًا فَمِنْ عِنْدِكَ وَمَا أُرِيدُ أَنْ أَشُقَّ عَلَيْكَ سَتَجِدُنِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّالِحِينَ (27) قَالَ ذَلِكَ بَيْنِي وَبَيْنَكَ أَيَّمَا الْأَجَلَيْنِ قَضَيْتُ فَلَا عُدْوَانَ عَلَيَّ وَاللَّهُ عَلَى مَا نَقُولُ وَكِيلٌ  [القصص : 27 ، 28]

«У (Шуъайб): «Менга саккиз йил ишлаб беришинг шарти билан шу икки қизимдан бирини сенга никоҳлаб бермоқчиман, агар ўн йилни тамомласанг, бу сенинг ишинг. Мен эса сенга машаққат қилишни истамасман. Иншааллоҳ, менинг солиҳ кишилардан эканимни кўрасан», – деди.

У (Мусо): «Бу сен билан менинг орамиздаги (шартнома)дир. Икки муддатдан қай бирини адо қилсам ҳам, менга тажовуз қилинмас. Айтаётган нарсамизга Аллоҳ вакилдир», – деди».

Мана азизлар аёллар нақадар қадрли. Агар улар қадрли бўлмаганда, Мусо алайҳиссаломдек пайғамбар, энг қимматбаҳо лаҳзаларини унинг маҳрига атамаган бўлардилар. Нафақат Мусо алайҳиссалом, бошқа пайғамбарлар ҳам аёллар эркакнинг бир бўлаги эканини билишар ва уларга яхши муомила қилар эдилар.

Демак, оила мустаҳкамлигини таъминловчи биринчи омил бу – эркак аёлини ўзининг бир бўлаги деб билиши экан!

Иккинчи жиҳат:

Аёлларнинг хилқатидаги заифликни инобатга олиш

Ушбу жиҳат кўпчилик эътибор бериши керак бўлган энг муҳим масала ҳисобланади. Бугунги кундаги кўплаб оилавий келишмовчиликлар айнан мана шу жиҳатни яхши англаб етмаганимиз сабабли бўлаяпти десак, хато бўлмайди. Бу – аёлларга уларнинг табиатидан келиб чиқиб муомила қилиш масаласи.

Аллоҳ таолонинг иродаси ва ҳикматига кўра Ҳаво онамиздан тортиб қиёматга қадар келадиган барча аёлларда заифлик хусусияти бор. Аслида бу иллат эмас. Бу улардаги фазилат. Чунки эркак ва аёл ўзаро аҳил ва иноқ яшаши учун уларнинг бири бақувват, иккинчиси заиф ҳол бўлиши керак эди. Агар оиланинг иккла вакили бир хил бўлса, вақт ўтиши билан улар ҳар бири оиладаги бошлиқликка ҳақдор эканини даъво қилиб, бу оила узоққа бормай таназзулга юз тутарди. Шунингдек, Аллоҳ қувватни эркакларга, нозиклик ва латофатни аёлларга берди. Чунки, келажакда фврзанд туғиб уни тарбиялайдиган оналарга фақатгина латофат ва нозиклик тўғри келар эди. Шунинг учун, Аллоҳ аёлларни нозик, заифа ва латофатли қилиб яратди.

Биз аёлларнинг ушбу жиҳатини англаган ҳолда, уларга ўша хусусиятидан келиб чиқиб муомила қилсак, улардан бир нарсани талаб қилишда заифалигини инобатга олсак, жамиятимиз учун ажрашиш деган сўз бегона бўлиб қоларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак умматларига аёллар билан муомила қилишда энг муҳим нуқтага эътибор бериш кераклигини таъқидлаб шундай деганлар:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الْمَرْأَةَ خُلِقَتْ مِنْ ضِلَعٍ لَنْ تَسْتَقِيمَ لَكَ عَلَى طَرِيقَةٍ فَإِنِ اسْتَمْتَعْتَ بِهَا اسْتَمْتَعْتَ بِهَا وَبِهَا عِوَجٌ وَإِنْ ذَهَبْتَ تُقِيمُهَا كَسَرْتَهَا وَكَسْرُهَا طَلاَقُهَا ». رواه مسلم

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши (эгри) қовурғадан яратилган. У ҳеч қачон тўғри бўлмайди. Ундан шундайлигича; эгрилигича фойдалансанг, фойдаландинг. Уни тўғрилашга уринсанг синдириб қўясан. Уни синдиришинг эса, талоғини беришингдир», дедилар». (Имом Муслим риаояти).

Мана Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда биз умматларига буюк ҳақиқитни айтмоқдалар. Демак, аёллар хилқатида заиф бўлар экан. Улар билан муомила қилганда, улардан бир нарса кутганда эгри қовурғадан яратилганини ҳисобга олиш керак экан.

Минг афсуски, кўп оилалар мана шу ҳақиқатни яхши англамагани учун ажрашишлар учраб турибди. Агар юқоридаги ҳадисни диққат билан ўқийдиган бўлсак, гўёки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга: «Эй эркак умматларим, аёлларингиздан содир бўладиган баъзи камчиликларга рози бўлиб яшанг. Чунки улар чап қовурғадан яратилган. Тузулиши эгри бўлган қовурға суягини текисламоқчи бўлган киши уни синдириб қўяди. Худди шунингдек, аёлларнинг барча хато качилигини тузатаман, деган одам уни синдириб қўяди яъни ундан ажрашиб кетади. Агар уйланмоқчи бўлса, яна ўшанақа аёлга яъни қовурғадан яратилган аёлга уйланади. Уни ҳам тўғрилашга урунса, у билан ҳам ажрашишга тўғри келади ва бу занжир умрининг охиригача давом этиши мумкин», демоқдалар.

Шуни унутмаслик керакки, аёлларни эгри қовурғадан яратилганини юзига солиб, уларни камситиш ёки уларга озор бериш мумкин эмас. Чунки, уларнинг бундай нозик хилқат қилиб яратилишлари ортида буюк ҳикмат ётибди. Агар улар нозик, латофатли эмас, бизлардек қўпол, дағал қилиб яратилганда оналик масъулиятига ярамай қоларди.

Ҳулоса қилиб айтганда, оиланинг аҳиллигини таминлайдиган энг муҳим бўлган иккинчи тушунча бу аёлларнинг хилқатидаги заифликни ҳисобга олиш, улардан содир бўлган камчиликларни ҳиссиётга берилиб эмас, босиқлик билан муолажа қилиш керак экан.

 

19:04 / 29.06.2018
Аввалги мақола
Шаввол ойининг 9-куни
Шамоил
«Ким мени тушида кўрса, ҳақиқатдан мени кўрибди»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ مَهْدِيٍّ، قَالَ: حَدَّثَنَا سُفْيَانُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ أَبِي الأَحْوَصِ، عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ، عَن...
12:03 / 06.09.2023 Батафсил...
Шамоил
«Биз мерос қолдирмаймиз»
حَدَّثَنَا أَحْمَدُ بْنُ مَنِيعٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا حُسَيْنُ بْنُ مُحَمَّدٍ، قَالَ: حَدَّثَنَا إِسْرَائِيلُ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ، عَنْ عَمْرِو بْنِ الْحَارِثِ، أَخِي جُوَيْرِيَةَ لَهُ صُحْبَةٌ، قَالَ...
14:44 / 28.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Мени ўзим ҳам умматимга фаратман»
حَدَّثَنَا نَصْرُ بْنُ عَلِيٍّ الْجَهْضَمِيُّ، قَالَ: حَدَّثَنَا عَبْدُ اللهِ بْنُ دَاوُدَ، قَالَ: حَدَّثَنَا سَلَمَةُ بْنُ نُبَيْطٍ، عَنْ نُعَيْمِ بْنِ أَبِي هِنْدَ، عَنْ نُبَيْطِ بْنِ شَرِيطٍ، عَنْ...
15:13 / 23.08.2023 Батафсил...
Шамоил
«Расулуллоҳ соллaллоҳу алайҳи васаллам душанба куни вафот этдилар»
حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ بَشَّارٍ، وعياش العنبرى , وسوار بن عبد الله , وغير واحد , قالوا: أخبرنا يحيي بن سعيد , عن سفيان الثورى , عن موسى بن أبي عائشة , عن عبيد الله , عن ابن عباس وعائشة: أن أبا بكر...
17:31 / 21.08.2023 Батафсил...