Солноманинг таснифи
Маккалик мусулмонлар билан мадиналик ансорлар мусулмонлик соясида бирлашишган, Расули акрамга мустаҳкам боғланишган эди. Бироқ мусулмонлик вужудга келтирган бу самимий бирлик қачонлардир бузилиши, бу икки мусулмон синфнинг оралари дарз кетиши мумкин эди.
Бу хавфнинг олдини олиш, ўртадаги самимиятни янада қувватлантириш учун Расули акрам муҳожирлар билан ансорлар ўртасида бир қардошлик вужудга келтиришни ўйладилар. Мадинада мусулмонлар ўртасида «муохот» деб ном олган илк қардошликни қурдилар.
Ҳижратнинг биринчи йилининг еттинчи ойи эди. «Масжиди Набий»номини олган «Пайғамбар жомеъи» иншооти тугашига оз вақт қолган. Расули акрам муҳожирлар билан ансорларни Молик ўғли Анаснинг уйига тўпладилар. Маккалик бир муҳожир ва мадиналик бир ансор тарзида тўпланган мусулмонларни бир-бирига биродар (қардош) тутинтирдилар1. Бир ривоятда 90, бошқа бир ривоятда 300 асҳоб ўртасида «қардошлик аҳдлашуви» бўлиб ўтди. Унга биноан мадиналик мусулмонлар маккалик биродарларини уйларига олиб боришлари, мол-мулкларини улар билан баҳам кўришлари лозим эди2.
Бу дин қардошлиги туғишган қардошликдан-да мустаҳкам эди3. Ансор ҳаётдалик чоғидагина ёрдам бериб қолмасдан4, ўлаётган пайтида ҳам дин қардошига меросидан ҳақ бериши лозим эди5.
Муҳожирлар билан ансор ўртасидаги бу қардошлик Қуръони карим ояти билан янада мустаҳкамланди6. Келажакда янада кенгайиб, бутун дунёга ёйиладиган, Ислом оламида барча мўминларни ўз ичига бирлаштирган буюк Ислом қардошлигининг тамали бўлди. Айни пайтда Ислом маданиятининг ҳам бошланғичи ҳисобланди. Лекин бу қардошликнинг мерос билан боғлиқ ҳукми кўпга чўзилмади. Бадр ғазотидан сўнг ўзгарди (бекор қилинди)7.
Мадинада муҳожир ва ансорлардан ташқари мунофиқлар ва яҳудий тоифалари ҳам бор эди. Мунофиқлар Авс ва Ҳазраж қабилалари орасида тарқалган бўлиб, раислари Убай ибн Салул ўғли Абдуллоҳ эди. Абдуллоҳ Ҳазраж қабиласининг зодагонларидан эди. Ҳижратдан олдин Мадинада қабила раиси бўлиш арафасида эди. Ҳатто тарафдорлари унга махсус ҳашаматли тож ҳам тайёрлаб қўйишганди. Расули акрамнинг Мадинага ташрифлари Абдуллоҳнинг режасини бузди, орзулари хом хаёлга айланди.
Шу сабабли Абдуллоҳ Расули акрамга душман бўлиб қолди ва атрофида тўпланган тарафдорлари билан бирга «мунофиқлар тоифаси»ни ташкил қилишди. Мунофиқлар зоҳиран мусулмонликни қабул қилгандек кўринишса-да, қалбларида эски бутпарастлик эътиқодини сақлаётган эдилар. Мунофиқларнинг мусулмонликка бўлган душманлиги яширинча эди.
Мадинада мунофиқлардан ҳам қўрқинчлироқ бир душман яшардики, булар яҳудийлар эди. Яҳудийлар маккалик мушриклар билан жуда мустаҳкам тижорий алоқа қуришган эди. Расули акрам ҳижратнинг биринчи йили ансор билан муҳожирларни бир-бирига қандай қардош тутинтирган бўлсалар, ансор билан Мадина яҳудийларини ҳам «ватандошлик» («ҳамюртлик») онтлашмаси ила ватандош қилган эдилар.
Расули акрамнинг илк қурдирган жомеълари Қубо масжиди эди. Иккинчиси эса Мадинадаги Масжиди Набий (Пайғамбар масжиди) бўлди.
Дастлабки йиллар Мадинада бирорта масжид йўқ эди. Пайғамбаримиз намоз вақти кирганда қаерда бўлсалар, ўша ерда намоз ўқир, асҳобга ҳам имомлик қилар эдилар8.
Ҳижрат асносида Мадинага кирарканлар, туялари чўккан жойда бир майдон бўлиб, Зайд ўғли Холиднинг (Абу Айюб Ансорий) уйлари қаршисида эди. Бу жой эгаларидан пули тўланиб сотиб олинди. Масжиди Набий шу майдонда қурилди.
У майдонда ёввойи хурмолар ўсарди, мушрикларга қарашли қабрлар ҳам бор эди. Дарахтлар кесилди. Қабрлар кўчирилди. Тупроқ текисланди. Масжиднинг қурилишида Расули акрам шахсан ўзлари ишчи каби ишладилар. Табиийки, муҳожирлар ва ансорлар у кишига ёрдам бердилар.
Масжиднинг тамали тошдан, деворлари ғиштдан қилинди. Устунлари хурмо дарахтидан эди. Томи эса хурмо шохлари ва япроқлари билан ёпилди. Ерига чақир тошлар ётқизилди. Пайғамбар масжидининг бу илк шакли жудда содда кўринишда эди. Бинобарин, у Ислом динининг нақадар содда ва оддийлигини гўзал тамсил этарди. Масжиднинг бир меҳроби ва уч эшиги бор эди. Эшиклардан бири «Жумла эшиги» бўлиб, жамоат ўша ердан кирарди. Қолган икки эшигидан бири «Жибрийл эшиги», бошқаси «Раҳмат эшиги» дейиларди. Расули акрам ҳужраларига шу раҳмат эшигидан ўтардилар.
Масжиднинг қибласи Қуддусга йўналган эди. Қибла ўзгаргач, меҳроб ва жумла эшигининг жойлари ҳам ўзгартирилди. Меҳроб жумла эшигининг, жумла эшиги эса меҳробнинг ўрнини олди.
Масжид иншооти етти ой давом этди. Бу етти ой ичида Расули акрам Холид ибн Зайднинг уйида қолдилар. Масжид иншооти битгач, Пайғамбаримиз учун жомеъга қўшилган хоналар (ҳужралар) қурилди. Бу ҳужраларнинг сони кейинчалик тўққизтага етказилди. Бир хона ҳазрат Оишага берилди9.
Қубо масжидида бўлмагани каби Пайғамбар масжидида ҳам минбар йўқ эди. Расули акрам хутбани тик туриб ўқирдилар. Асҳоб бу ҳолга бефарқ қарамади. Хутба ўқилаётган жойга бир хурмо дарахти тўнкаси ўрнатилганди. Хутба ўқирканлар, ҳазрат Пайғамбар шу тўнкага суянадиган бўлдилар. Уч пиллапояли илк минбар эса ҳижратнинг саккизинчи йилига келибгина ясалди10. Масжиди Набий тўққиз йил шу вазиятда қолди11.
Масжиднинг ҳовлисида, унинг бир бурчагига бирлашган жойда «Софа суффа» деб аталувчи жой тайёрланди. «Софа суффа» − усти хурмо толлари билан ёпилган бир чордоқ, соя жой эди. Уйи, оиласи бўлмаган асҳобнинг фақирларига берилгани учун бу ерда ётиб қоладиганлар «асҳоби суффа» деб атала бошландилар. Асҳоби суффа жуда фақир эди. Абу Ҳурайранинг ривоятига кўра, софа асҳоби етмишдан ортиқ кишини ташкил этарди. Бирортасининг ҳатто ридоси (белдан юқорини беркитувчи кийими) йўқ эди. Кечқурун ейишга ҳеч нарса тополмасди. Расули акрам ҳар оқшом буларнинг бир қисмини уйларига олардилар, қолганларини асҳобдан бойларининг уйларига юбориб овқатлантирардилар. Ансорлардан Убода ўғли Саъд анча бой эди. Дастурхонида саксон киши тановул қилган пайтлар бўларди.
Расули акрам садақа олмас эдилар. Ўзларига юборилган барча садақаларга қўл теккизмасдан софа асҳобига тарқатар, келган ҳадялардан ҳам уларга ҳисса ажратар эдилар.
Асҳобнинг бир қанчаси деҳқон ва тужжор эди. Улар Расули акрам билан фақат намоз вақтларидагина кўриша олишарди. Софа асҳоби эса доимо масжидда эдилар. Расули акрамнинг ёнларидан айрилмасдилар. Абу Ҳурайра ҳам булардан бири эдилар. Бу жой ўзига хос мактаб эди. Исломдаги илк муаллим мактаби шу тариқа вужудга келди. Бу мактабнинг дарсхонаси Масжиди Набий, ётоқхонаси софа, муаллими Расули акрам, ётиб дарс олувчи талабалари эса софа асҳоби эди. Улар ҳаётларини дин ва илмга бағишлашган эди. Кечалари ибодат қилишар ва мусулмончиликнинг бутун нозикликларигача ўрганишар эди. Расули акрам Мадинадан ташқарига бирор муаллим ёхуд воиз юбормоқчи бўлсалар, софа асҳоби ичидан бирисини танлаб йўллардилар.
Расули акрам ваъз ўқирдилар, ҳамма саҳобалари билан кўришардилар, уларнинг диний ва ижтимоий мушкулларини ҳал қилардилар. Мусулмонликдан олдин арабларнинг маданий ҳаётлари, илмий савиялари анча паст эди. Улар ҳар нарсани Ислом динидан кутишар, Расули акрамнинг мавъизаларидан ўрганишар эди. Шу боис Масжиди Набавий фақатгина ибодатгоҳ эмас, балки айни пайтда мусулмонлар йиғилишадиган жой, бир машваратгоҳ, адлия маҳкамаси мақомидаги дарсхона, бар маданият маркази вазифасини ҳам бажараётган эди.
Масжид иншооти тугади. Жамоат билан намоз ўқила бошланди. Намоз вақтлари Билол Ҳабаший Расули акрамнинг буйруқлари билан «Намозга, намозга!» (ассолата, ассолата) ёки «Жамоат билан намозга!» (ассолату жамиъатун) дея чақирардилар12.
Мадинанинг яқин мавзеларида яшайдиганлар масжидга эрта келиб, намоз вақтини кутишар, ишлари ҳам қолиб кетарди, узоқ маҳаллаларда яшайдиганлар намозга кеч келишарди. Бу ҳол жамоатга оғирлик қила бошлади. Жумани ва ҳар кунги намозларни ўз вақтида билдирадиган бир аломатга эҳтиёж сезилди.
Машварат қилинди. Ваҳий келмаган пайтларда Расули акрам асҳоблари билан кўпинча истишора (маслаҳат, кенгаш) қилардилар13.
Намоз вақтларини билдириш учун «қўнғироқ чалиниши» таклиф этилди. Расули акрам: «Христианлар шундай қиладилар», дея бу таклифни қабул этмадилар.
«Карнай чалиниши»ни ёқлаб чиққанларга ҳазрат Пайғамбар: «Бу яҳудийларнинг одати», дедилар.
«Баланд бир тепаликда олов ёқсак», дейилди. Аллоҳнинг элчиси: «Бу мажусийларники (оташпарастларники)дир», дея марҳамат қилдилар.
«Намоз вақти бир ерга байроқ ўрнатайлик. Халқ уни кўриб бир-бирига хабар беради», деганлари ҳам бўлди. Бироқ бу таклиф ҳам маъқул кўрилмади14.
Машварат мажлиси бир қарорга келмасдан тарқалди. Ҳамма нохуш кайфиятда эди. Иттифоқо, ансордан Зайд ўғли Абдуллоҳ бир туш кўрди ва дарҳол тушини ҳазрат Пайғамбарга келиб айтди. Шунда Расули акрам:
— Иншааллоҳ, ҳақ рўёдир. Кўрганингни Билолга ўргат. Азонни у ўқисин. Чунки Билолнинг овози сеникидан баландроқдир, − дедилар15.
Билол Ҳабаший Мадинанинг энг баланд бир ерига чиқдилар. Зайд ўғли Абдуллоҳдан ўрганган азонни баланд ва ёқимли овозда айтдилар. Азон Мадинанинг ҳамма томонига эшитилди. Шундай қилиб, Расули акрамнинг илк муаззинлари Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу бўлдилар.
Ҳазрат Умар ҳам айни тушни кўрганлар, Билолнинг азонларини эшитишлари биланоқ югуриб келиб, Расули акрамга бу ҳақда билдирган эдилар. Ҳолбуки, ўша пайтда илоҳий ваҳий ҳам келган эди16.
«Азони Муҳаммадий» вожиб даражасида, қувватли бир суннатдир17. Азоннинг машруъ бўлиши фақат туш билангина эмас, балки ҳам Пайғамбар суннатлари18, ҳам илоҳий ваҳий билан собитдир19.
Мадинада кунда беш марта азон чақирилиши қалбларга ҳаяжон солди. Айни пайтда мусулмонларнинг ишончларини янада орттирди.
Маккаликлар мусулмонларни ҳам, Расули акрамни ҳам Маккадан чиқишга мажбур этганликлари етмаганидай, уларнинг Мадинада ҳам тинч ҳаёт кечиришларини хоҳлашмасди. Чунки мусулмончиликнинг Мадинада ривож топиши маккаликларнинг манфаатларига ҳеч мос келмас эди. Айниқса, Мадинадаги яҳудийлар ва мунофиқлар мусулмонларнинг Мадинага келишларидан ҳеч рози бўлишмаган. Шу сабабдан маккаликлар яҳудий қабилаларни ҳам, мунофиқларни ҳам яширин тарзда мусулмонларга қарши гижгижлай бошладилар. Мадина атрофидаги бутпараст араб қабилалари билан тил бириктириб, Мадина устига юриш қилишга тайёргарлик кўришга киришдилар.
Ҳатто мунофиқларнинг раиси Абдуллоҳга ва мадиналик мушрикларга мактуб ёзиб: «Сиз Муҳаммадни мамлакатингизда ҳимоя этдингиз. Тўйдирдингиз. Уни ё ўлдирасиз, ё ўзлариникига (маккаликларга) топширасиз! Ва ёхуд мамлакатингиздан чиқариб юборасиз! Шундай қилмасангиз, бутун куч-қувватимизни тўплаб устингизга бостириб борамиз. Аскарларингизни ўлдирамиз. Хотинларингизни тортиб олиб, тажовуз этамиз!» дея таҳдид ҳам қилишди20.
Уларни қўрқитиш мақсадида Жобир ўғли Курз қўмондонлигидаги бир кичик аскарий гуруҳ ҳам юборилиб, Мадинадаги ҳайвонларни талаб олиб келишди21.
Маккаликлар мақсадларини амалга ошириш учун пул тўплай бошладилар. Абу Суфён бошчилигида Мадина йўли билан Сурияга катта бир тижорат карвони ҳам юборилди.
Кўриниб турибдики, Мадина даврининг дастлабки пайтлари Расули акрам учун ҳам жуда нозик ва тахликали ўтди. Мусулмонлар кечалари Мадина кўчаларида навбатчилик қилишарди. Имом Бухорийнинг ривоятига кўра, маккаликларнинг Мадинадаги мусулмонларга қарши босқин қилиш эҳтимоли борлигидан Расули акрам ҳам хотиржам ухлай олмасдилар. Ҳатто душманнинг вазиятини билиш учун Мадина ташқарисига аскарий гуруҳлар (тафтишчилар) ҳам юбориб турганлар.
Пайғамбаримизнинг холаларининг ўғли Абдуллоҳ бошчилигидаги аскарий гуруҳ Тоифдан қайтаётган маккаликларнинг карвонига Батни Нахла деган жойда, карвондагиларни жосус деб ўйлаб, ҳужум қилди. Бундан маккаликлар ғалаёнга келди. Ўзи Мадинага босқин уюштиришга баҳона керак эди. Батни Нахла ҳодисаси Маккада Бадр жанги учун аскар тўпланишига сабаб бўлди.
Ўша пайтда Шомдан қайтаётган карвоннинг бошлиғи Абу Суфён ҳам тезда Маккага хабар юбориб, карвонга мусулмонларнинг ҳужум қилиб қолиш эҳтимоли бор, деб ўйлаб ҳимояга кўмак сўраган эди. Абу Суфённинг маккаликлардан мадад сўраши ғаразкор тарихчиларга баҳона бўлди. Улар Бадр жангининг сабабини батамом нотўғри тушунтирдилар, яъни Абу Суфённинг карвони масаласи билан боғлаб кўрсатишди.
Абу Жаҳл қўмондонлигида тўпланган маккаликлар катта бир қўшин билан Мадинага қараб юриш қилдилар. Катта Бадр ғазоти ана шу тариқа бошланди.
Макка даврининг аввалида Расули акрам маккалик мушрикларнинг бутун ёмонликларига буюк бир сабр ва таҳаммул (чидам, бардош) кўрсатганлар. Бироқ Мадина даврида тахлика кучайди. Бундан сўнг сабр сиёсати билан сулҳни яшатмоқлик мумкин бўлмай қолди. Шу важҳдан мусулмонлар Мадина даврининг иккинчи йилидан бошлаб мудофаа қуролини қўлга олдилар. Аллоҳ таолонинг ёрдамини тилаб мушрикларга қарши жангга киришдилар ва уларнинг барча ниятларини чиппакка чиқардилар. Мусулмонликнинг илк бош шаҳри Мадинани маккаликларнинг даҳшатли ҳамлаларидан асраб қолдилар.
Ҳижратнинг иккинчи санаси сафар ойида мудофаа чегарасидан чиқмаслик шарти билан жиҳодга рухсат берилди22.
Ҳижратнинг иккинчи йили воқеалари орасида иккитаси катта аҳамият касб этади. Булардан бири − мусулмонларга ўзларини ҳимоя қилишлари учун урушишларига рухсат берилиши; иккинчиси қибланинг ўзгариши эди.
Расули акрам Маккада Каъбага қараб намоз ўқир эдилар. Ҳолбуки, у пайтларда Каъба мушрикларнинг қибласи бўлган. Бироқ ҳазрат Пайғамбар Каъбада ибодатларини «Мақоми Иброҳим» дейилган жойда қилардилар. Мақоми Иброҳим Қуддусга қараган эди. Бу ерда намоз ўқирканлар, Расули акрамнинг юзлари ҳам Каъбага, ҳам Қуддусга йўналарди. Чунки Каъба Қуддус билан Пайғамбаримиз ўрталарида қоларди. Ҳижратдан уч йил олдин Маккада Қуддусга қараб намоз ўқила бошланди. Мадинадаги илк мусулмонлар ҳам намозларини Қуддусга қараб ўқишди. Ҳатто Мадина даврининг бошларида қурилган Қубо масжиди ва «Пайғамбар масжиди» дейилгувчи масжиднинг қиблалари ҳам Қуддусга томон қараган эди. Қуддус мусулмонлар учун ҳижратдан кейин ҳам ўн олти ойу яна бир неча кун қибла бўлиб турди. Қуддус айни пайтда ҳам яҳудийларнинг, ҳам христианларнинг, яъни аҳли китобнинг қибласи эди. Шу тариқа мусулмонлар билан аҳли китоб ўртасида «қибла бирлиги» ҳосил бўлиб қолган эди.
Аммо Расули акрам Қуддусга қараб намоз ўқирканлар, Каъбанинг орқада қолаётганидан хафа бўлар эдилар. Кунлик намозларини ҳазрат Иброҳим билан Исмоилнинг бинолари жойлашган Каъбага қараб ўқишни истардилар. Қолаверса, Каъба ёлғиз бутпарастларнинг ибодатгоҳи вазифасидан чиққан, чунки мусулмонлик Мадинадаги бутпарастлар орасида ҳам ёйилган эди. Бундан ташқари, маккалик бутпарастларнинг анча қисми Ислом динини қабул қилиб, Мадинага кўчиб келишган эди.
Ҳижратнинг иккинчи йили ражаб ойининг ўрталарида бир душанба куни эди23. Расули акрам Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида илоҳий ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди24. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди. Эркаклар аёлларнинг жойларига ўтдилар, аёллар эркаклар ўтирган жойни эгалладилар25.
Янги қиблага томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида «Масжидул-Қиблатайн» деган ном олди.
Илоҳий ваҳий тушгач, Мадинадаги ва унга қўшни ерлардаги барча масжидларнинг қиблалари ўзгартирилди.
Қибланинг ўзгариши муҳожирларнинг беш вақт намозни ўқиётганларида, бир жиҳатдан, эски ватанлари Маккани эсга олишларига сабаб бўлса, иккинчи жиҳатдан, қалбларида маккалик мушриклардан устун келиш орзуини ҳам қувватлантирди. Айни пайтда аҳли китоб билан мусулмонлар ўртасидаги "қибла бирлиги" ҳам бузилди.
Бироқ қибланинг ўзгариши воқеасини Ислом душманлари ғаламислик билан кутиб олдилар; мунофиқлар, яҳудийлар ва мушриклар ўртасида турли хил мишмишларга йўл очилди. Бу бемаъни ва бўлмағур гапларга жавоб ўлароқ тушган ояти карима мусулмончиликнинг Маккага ҳам киришига ва бутун дунёга ёйилажагига, Каъбанинг бутун инсоният учун қибла бўла олажагига ишорат бўлди26.
Ҳижратнинг иккинчи йилидан ўн биринчи йилига қадар ўн йил давом этган Мадина даврида Расули акрам Ислом душманларига қарши катта-кичик бир неча урушлар олиб бордилар.
Маккаликларнинг Мадинага қилган ҳужумлари уч марта такрорланиб, Расули акрамнинг шахсан ўзлари мудофаага бошчилик қилганлари Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ғазотларига сабаб бўлган эди. Ҳижратнинг олтинчи йилида «Ҳудайбия сулҳи»ни тузган Пайғамбаримиз алайҳиссалом душманларнинг энг қўрқинчлиси бўлган маккаликларга мусулмонликнинг сиёсий борлиғини танитдилар (628 й.). Еттинчи йили эса яҳудийлардан Ҳайбар қалъаси олинди (629 й.).
Ҳижратнинг илк санасида Расули акрам мадиналик мусулмонлар билан яҳудийлар ўртасида «ватандошлик аҳдлашуви»ни тузган эдилар. Лекин яҳудийлар бу аҳдлашувга ҳурмат кўрсатмадилар; аҳдларини буздилар (Бани Қайнуқоъ қабиласи). Ҳатто Пайғамбаримизга суиқасд уюштирмоқчи бўлдилар (Бани Назир қабиласи). Сулҳ шартига зид ўлароқ, мусулмонларнинг душманлари билан ҳамкорлик қилдилар. Ҳандақ ғазотида ватанга хиёнат этдилар (Бани Қурайза қабиласи).
Шу сабаблар туфайли Бани Қайнуқоъ ва Бани Назир Мадинадан чиқарилган, Бани Қурайза эса жазолантирилган эди. Мадинадан чиқарилганлар Ҳайбар яҳудийлари билан бирлашдилар. Ҳайбар мусулмонларга қарши иғво-фасод ўчоғига айланди. Ҳайбарнинг олиниши билан Расули акрам даврларига оид бўлган «яҳудий масаласи» ўртадан кўтарилди.
Ҳудайбия сулҳидан кейин Мадинага мумассил (вакил) ҳайъатлар кела бошлади. Расули акрам ҳам буюк давлатларга, қўшни ҳикматларга, араб бекликларига элчилар юбориб, мусулмонликни ёйишга ғайрат кўрсатдилар. Ҳатто Византия императорига юборган мактубларида ушбу оятни ҳам илова қилиб, аҳли китобдан бўлган христианларни Ягона Тангри эътиқодига бирлашишга чақирган эдилар: «Айтинг: «Эй аҳли китоб! Бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз − ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик. Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга Худо қилиб олмайлик.− Агар улар бу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар: «Гувоҳ бўлинглар, биз мусулмонлармиз!» деб айтинглар» (Оли Имрон сураси, 64-оят)27.
Ҳудайбия битими маккаликлар томонидан қасддан бузилгач, ҳижратнинг саккизинчи йилида бутпарастликнинг маркази бўлмиш Макка олинди (м. 630 й. январь). Каъба бутлардан тозаланди. Ҳазрат Иброҳим даврларида бўлгани каби қайтадан тавҳид (Якка Тангри) ишончининг обидаси ҳолига келтирилди.
Йигирма йилдан бери (м. 610-630) Расули акрамга ва мусулмонларга ҳар турли ёмонлик кўрсатишдан тийилмаган маккалик мушриклар афв этилди. Жаҳон тарихида мисли кўрилмаган бу оламшумул буюк инсонийликни намоён этиш билан Расули акрам Аллоҳнинг ҳақиқий элчиси эканликларини яна бир бор исбот қилдилар.
Ҳижратнинг тўққизинчи йили Сурия воҳасида Табук сафарига чиққан ҳазрат Пайғамбар мусулмонликнинг қудрат-салоҳиятини Византияга қадар танитдилар.
Ҳижратнинг саккизинчи, тўққизинчи ва ўнинчи йилларида Арабистоннинг ҳар тарафидан араб қабилаларининг мумассиллари Мадинага оқар, гуруҳ-гуруҳ бўлиб Пайғамбаримизни кўришга келар эди28.
Бу ҳайъатлар Расули акрам ҳузурларида мусулмон бўлиш ё мусулмон бўлганликларини билдириш ёхуд ўзларига Қуръон ўргатувчи, мусулмончиликни тушунтириб берувчи бир муаллим ёки воиз берилишини сўраш учун Мадинага келар эдилар.
Тўққизинчи ва ўнинчи йилларида мусулмончилик батамом ёйилди. Араб ярим ороли бутпарастликдан қутулди.
Расули акрам даврларида Ислом дини ярим оролдан ташқарига ёйилмаган, бироқ шон ва шарафи ҳамма томонга овоза бўлган эди. Уч қитъага ва дунёнинг бутун ўлкаларига ёйилиш иши кейинги даврларга қолган, хусусан, мусулмонликни ёйиш ва ҳимоя қилиш шарафи мусулмон турклари насибасига тушган эди.
Ҳижратнинг ўнинчи йили қурбон ойида Расули акрам Мадинадан чиқдилар. Маккага бордилар. Исломий ҳаж нуқтаи назаридан Каъбани илк ва сўнгги бор зиёрат қилдилар. Чунки исломий ҳаж бир йил олдин − ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинган, Пайғамбаримизнинг бу ҳажлари эса «Вадоъ ҳажи» бўлган эди.
Бу ҳажда Расули акрам Арофат тоғида, туя устида 124 минг мусулмон ҳожиларга хитоб қилдилар.
Эскидан қолган бутун ёмонликларни: қон даъволарини, фоизчиликни, қиморни, фаҳшни, ҳар турли ҳақсизликларни бекор қилдилар. Арабистонда мол, жон, номус хавфсизлигини таъминладилар. Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини яна бир бор эслатдилар. Эркакларнинг хотинлар устидаги ва хотинларнинг эркаклар устидаги ўзаро ҳақларидан, вазифаларидан баҳс этдилар. Барча мусулмонларнинг биродар эканликларини тушунтирдилар. Мол, жон ва номуснинг муқаддаслиги ва буларга тажовуз қилишнинг ҳаромлигини айтдилар.«Аллоҳнинг китобини (Қуръонни) сизларга омонат қолдиряпман. Унга маҳкам ёпишсаларингиз, йўлларингиздан ҳеч вақт адашмайсизлар», дея марҳамат қилдилар. Қуръондаги сўнгги оят ҳам Вадоъ ҳажида нозил бўлди29. Расули акрам сўнгги оят келганидан саксон бир кун ўтиб вафот этдилар.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Расули акрам Вадоъ ҳажида, Арофатда, туя устида Ислом инқилобининг энг буюк хутбасини (нутқини) ўқирканлар, маданий дунё у пайтлар ҳали-ҳануз ўрта асрчиликда, «феодализм ва черков» даври ҳаётини яшаётган эди. Бундан 14 аср олдинги бу муборак нутқлари билан Аллоҳнинг охирги элчиси фақат еттинчи асрнинг мусулмон арабларигагина эмас, балки бутун инсониятга хитоб қилган эдилар (ҳижрий 9 йил 10-зулҳижжа, жума/м. 632 й. 8 март).
Расули акрам Вадоъ ҳажидан кейин Мадинага қайтаётганларида йўлда хасталандилар (9 й.11-сафар). Хасталиклари ўн уч кун давом этди. Ўн етти вақт намозга (масжидга) чиқолмадилар. Абу Бакрни Мадина масжидида имомлик қилиш учун вакил этиб тайинладилар (632 й. 27 май).
Ҳижратнинг ўн биринчи йилида, раббиул-аввалнинг биринчи душанба куни, пешиндан сўнг завжалари Оиша онамизнинг хоналарида муборак руҳларини Аллоҳга топширдилар (632 й. 27 май).
Жанозалари сешанба куни тайёрланди. Намозлари ярим тунгача чўзилди. У Зот ётган ётоқларининг ўрнига сешанбани чоршанбага боғлаган ярим кечада дафн этилдилар. Мадина масжидига туташган қабрларига «Ҳужраи Саодат» деб ном берилди.
Расули акрамнинг ўн йилга яқин Мадина ҳаётлари фақат «ҳарб ва жиҳод» давригина эмас, балки Мадина даври, айни пайтда, Ислом умматининг диний, сиёсий, ҳарбий, ижтимоий ва қонуний томонлардан камол топувчи палласини − бутун маданий ҳаётини қамраб олган энг муҳим паллани ташкил этди. Фақат бу палланинг ҳам бутун асослари илоҳий ваҳийга суянгани учун пировард натижада яна диний моҳият касб этади.
Изоҳлар
1. Бухорий.2. Ибн Ҳишом.
3. Ансордан Рабиъ ўғли Саъд муҳожир қардоши Авф ўғли Абдураҳмонга: «Мен ансорнинг моли энг кўп бўлган бойлариданман. Молимнинг ярмини сенга айирдим. Икки завжамдан хоҳлаганингни сенга берай. Сен никоҳлаб ол!» дея таклиф қилди. Лекин Абдураҳмон: «Аллоҳ завжангни ҳам, молингни ҳам ўзингга муборак қилсин. Менинг буларга эҳтиёжим йўқ. Сен менга бозорни кўрсат!» деб жавоб берди. Пировардида тижорат орқасидан бойиб кетди («Тадриж» таржимаси, 1-жилд, 406-бет).
4. Ҳашр сурасининг 9-ояти:
«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса − ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлса-да, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» оятида ана шу масалага ҳам ишорат қилинади.
5. «Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Аллоҳ йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар − ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар. (Яъни тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларига меросхўрдирлар.)» (Анфол сураси, 72-оят.)
6. «Мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, оға-инилардир» (Ҳужурот сураси, 10-оят).
7. «Аллоҳнинг китобида қон-қариндошлар бир-бирларига (меросхўр бўлишга) ҳақдорроқдирлар» (Анфол сураси, 75-оят).
8. Тоҳир Ўлгун Мавлавий. «Мусулмонликда ибодатнинг тарихи», 6-бет.
9. Расули акрам завжалари ҳазрат Оишанинг хоналарида вафот этганлари учун ўша ерга дафн этилдилар. Бу жой Расули акрамнинг «Ҳужраи саодат» дейилувчи қабрлари бўлди.
10. Масжиди Набавийда илк минбарни ансордан бир хотиннинг дурадгор қули ясаган эди.
11. Масжиди Набий Ислом тарихида етти бор таъмирланди ва кенгайтирилди ёхуд қайтадан қурилди. 1) Ҳазрат Умар даврида; 2) Ҳазрат Усмон замонида; 3) Шом умавийларидан Биринчи Валид халифалигида; 4) Ироқ аббосийларидан Маҳдий даврида; 5) Миср-Турк мамлуклари замонида; 6) Черкес мамлуклари асрида; 7) Усмонли подшоҳлардан Султон Абдулмажиднинг халифалиги даврида. Бунда бир миллион лирага яқин бир пул сарфланиб, Масжиди Набий ва Ҳужраи саодат қайтадан қурилди. Масжиднинг «Боби Раҳмат»,«Боби Жибрийл», «Боби Нисо» каби уч эшиги бор эди. Абдулмажид даврида «Боби Тавассул» номи билан яна бир янги эшик очилди. (Тавассул − Аллоҳнинг даргоҳига яқинлаштиргувчи амал қилмоқ; ишонтирмоқ; мурожаат қилмоқ. Тарж.) «Меҳроби Набий», «Меҳроби Усмоний», «Меҳроби Сулаймон», «Меҳроби таҳажжуд» номли тўрт меҳроби бор эди. Буларга «Меҳроби нисо» дейилувчи бешинчи бир меҳроб қўшимча қилинди. Тўрт томонида беш минораси, 242 қуббаси, 423 устуни бор эди. Буларнинг ўрнига 327 мармар устун қўйилди («Маноқиби Ислом», 2-жилд, 68-бет; «Тарихи дини Ислом», 4-жилд, 28-бет).
12. Имом Бухорий.
13.«Ва ишларингизда уларга маслаҳат қилинг!» (Оли Имрон сураси, 159-оят.)
14. «Сунани Абу Довуд».
15. «Сунани Абу Довуд».
16. Расули акрам Умарга:
«Бу айтганинг иш учун ваҳий илгари келди», деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд).
17. Ҳожи Меҳмед Зиҳний Афанди. «Китобус-солат», 47-бет.
18. Суннат «Суннати ҳуда» ва «Суннати завоид» номи билан иккига бўлинади. Суннати ҳуда − Пайғамбаримиз ибодат ўлароқ қилган ишлардир. Динни мукаммаллаштирувчидир. Буларни тарк этган киши лавмга мустаҳиқ бўлади. Жамоат намозини адо этиш, азон ва қомат кабилардир. Суннати завоид эса Пайғамбаримизнинг одат сифатидаги ишларидир. Буларни тарк этган лавмга мустаҳиқ бўлмас. Ейиш, ухлаш ва кийим кийишдаги хусусий ҳоллари каби (Буюк Ҳайдар Афанди. «Усули фиқҳ», 424-бет; Ҳ. Меҳмед Зиҳний. «Китабут-таҳорат», 8-бет).
19. Имом Бухорий азоннинг насси илоҳий ила собит бўлганига ишорат этгандир.
«Сизлар қачон намозга чақирсангиз (азон айтсангиз), улар ўша (намозни) масхара ўйин қилиб оладилар» (Моида сураси, 58-оят).
«Эй мўминлар, қачон жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» (Жума сураси, 9-оят.)
20. Абу Довуд, 2-жилд, 67-бет.
21.«Тажрид» таржимаси, 10 жилд, 143-бет.
22. «Ҳужумга учраётган зотларга мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилиш) изни берилди. Аллоҳ уларни ғолиб қилишга қодирдир» (Ҳаж сураси, 39-оят).
«Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди» (Бақара сураси, 190-оят).
«Тажрид»да ёзилишича, уруш ҳақида илк нозил бўлган Ҳаж сурасининг 39-ояти ва Бақара сурасининг 190-оятининг ҳар иккисида ҳам мусулмонларга тажовузкорлик қилганларга қарши урушишга изн берилмоқда, аммо урушда ҳаддан ошмаслик амр бўлмоқдадир.
23. Ибн Асирга кўра, қибланинг ўзгариши ҳижратдан ўн саккиз ой кейин, Шаъбон ойининг ўн бешинчи сешанба куни эди.
24. «Гоҳо юзингиз самода кезганини кўрамиз. Бас, албатта, Биз сизни ўзингиз рози бўлган қиблага бурамиз. Юзингизни Масжидул-ҳаром (Макка) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни унинг тарафига бурингиз!» (Бақара сураси, 144-оят.)
25. Тоҳир Ўлгун Мавлавий. «Мусулмонликда ибодатнинг тарихи», 80-бет.
26. «Одамлардан ақлсизлари: «Улар (мусулмонлар)ни илгари қараган қиблаларидан қандай нарса юз ўгиртирди?» дейдилар. Айтинг: «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳақ йўлга ҳидоят қилади» (Бақара сураси, 142-оят).
27. «Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй аҳли китоб (яъни яҳудий ва насронийлар), бизга ҳам, сизга ҳам баб-баробар бўлган бир сўзга келингиз − ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва бир-бировларимизни Аллоҳдан ўзга Худо қилиб олмайлик». Агар улар (яъни аҳли китоблар) ушбу даъватдан юз ўгирсалар, у ҳолда сизлар (эй мўминлар): «Гувоҳ бўлинглар, биз, мусулмонлар , ягона Аллоҳга итоат қилгувчилармиз», деб айтингиз!»(Оли Имрон сураси, 64-оят.)
28. «(Эй Муҳаммад), қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса ва одамлар тўп-тўп бўлишиб Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз, дарҳол Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У Зотни ҳар қандай «шерик»лардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир» (Наср сураси, 1-3-оятлар).
Бу сура иртиҳоли Набийнинг (Пайғамбаримиз вафотларининг) яқинлашганига ишорат ҳисобланган, Қуръондаги энг сўнг нозил бўлган сура ўлароқ қабул қилингандир («Қуръон тили», 8-жилд, 6234-бет).
29. Арафа куни Расули акрам туяларининг устида эканликларида нозил бўлган Моида сурасининг 3-ояти:
«Бугун энди кофир бўлган кимсаларнинг сизларни динингиздан (чиқаришдан) умидлари узилди. Бас, улардан қўрқмангиз. Мендан қўрқингиз! Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим!»
Ушбу оят аҳком оятларидан энг сўнг нозил бўлганидир. Орадан бир кун ўтиб ҳайитнинг илк куни нозил бўлган Бақара сурасининг 281-ояти эса энг охирида келган оят бўлди. Яъни:
«Ва барчангиз Аллоҳга қайтариладиган кундан қўрқингиз!»
Аммо Наср сурасини ҳайитнинг иккинчи куни нозил бўлган, деб ривоят қилувчилар ҳам бор.