Ҳижратнинг иккинчи йили шаввол ойида Расули акрам бошчиликларида яҳудийларга қарши олиб борилган илк урушга Ислом тарихида «Бани Қайнуқоъ ғазоти» номи берилган180. Расули акрам билан тузилган аҳдномани яҳудийлардан биринчи бўлиб бузган Қайнуқоъ яҳудийлари бўлди181. Бани Қайнуқоъ ғазоти катта Бадр ғазоти билан Уҳуд ғазоти орасида содир бўлган эди.
Мусулмонларнинг Бадр жангида зафар қозонганлари яҳудийларга хуш ёқмади. Бу орада, асосан, яҳудийлар билан мунофиқлар мусулмонларга қарши яширинча иш олиб бордилар. Бадр жангидан олдин қурайшийлар мусулмонларга қарши мунофиқларни ташвиқ қилганларидек, яҳудийларни ҳам гижгижлай бошлаган эдилар. Яҳудийлар билан мусулмонлар ўртасидаги сиёсий вазият бузилди. Ҳатто Расули акрамнинг ҳаётлари ҳам хавф остида қолди182.
Бадр ғазваси тугаганига эндигина бир ой ўтган эди. Яҳудийларнинг энг жасури ҳисобланган Бани Қайнуқоъ аввал ансор билан тузилган фуқаролик сулҳини бузиб, урушишга қарор берди. Ўзларини биз қурайшийлар каби нўноқ эмасмиз, дея пеш қила бошладилар.
Бани Қайнуқоъ ғазвасига бир мусулмон билан бир яҳудий ўртасида чиққан жанжал сабаб бўлди. Мадиналик мусулмон аёл бир яҳудий заргарнинг дўконида ҳақоратланади. Аёлнинг шаънини ҳимоя қилмоқчи бўлган мусулмон яҳудийларнинг ҳужумига учрайди. Аёлни ҳақорат қилган яҳудий ҳам, уни ҳимоя қилган мусулмон ҳам ўладилар. Натижада мусулмонлар билан Бани Қайнуқоъ яҳудийларининг ораси бузилади.
Расули акрам яҳудийларнинг раиси билан кўришдилар. Уларга:
— Аллоҳдан қўрқинглар! Акс ҳолда мушриклар Бадрда дуч келган ҳалокатга сизлар ҳам дучор бўласизлар! − дея огоҳлантирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга таҳдид этарканлар, айни пайтда сулҳни бузишни ҳам хоҳламас эдилар. Шунинг учун уларга сулҳни янгилашни таклиф этдилар. Яҳудийлар Пайғамбаримизнинг таклифларига қулоқ солмаганлари етмагандай, журъат қилиб:
— Эй Муҳаммад! Сен бизни уруш нималигини билмайдиган қурайшийлардан деб ўйлаяпсанми? Биз билан бир бор урушиб кўрсанг, ўшанда урушнинг мазасини билиб оласан! − дейишгача бордилар.
Сулҳни бузган яҳудийлар мусулмонларга қарши урушни бошлаб юбордилар. Расули акрам ҳам ночор урушга қўшилдилар183.
Яҳудийлар қалъаларига беркиниб, ўзларини ҳимоя қила бошладилар. Бошқа яҳудий қабилаларидан ёрдам келишига умид қилишарди. Мусулмонлар улар яшайдиган маҳаллани ўраб олдилар. Қамал ўн беш кун давом этди.
Бани Қайнуқоъ кутган ёрдам келмади. Омонлик сўраб, таслимга қарор берди. Сўзларида турмай сулҳни бузганликлари учун Расули акрамнинг жазоларига бўйин эгдилар.
Ўша замоннинг урф-одатига кўра, таслим бўлганлар ўлдирилар эди, лекин Қайнуқоъ яҳудийлари Ҳазраж қабиласининг ҳимоясида эканлиги ҳамда мунофиқларнинг бошлиғи Убай ўғли Абдуллоҳ Ҳазражнинг обрўли кишиларидан бўлгани учун у яҳудийларнинг кечирилишини Расули акрамдан илтимос қилди. Шу зайл етти юз кишидан иборат яҳудийларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Мадинадан чиқиб кетишлари таъминланди. Сурияга сургун қилинди. Қўлга киритилган ўлжа молларнинг бешдан бири Байтулмолга айрилди. Қолгани ғозийларга тақсимланди. Бўшаган ерлар ери йўқ мусулмонларга бўлиб берилди.
Бани Қайнуқоъ ҳодисасидан сўнгра Расули акрам бундан кейин яҳудий котибини ишлатмасликка қарор бердилар. Нажжор ўғилларидан Зайд ибн Собитни ёнларига котиб қилиб олдилар. Зайдга Сурия, Ироқ ва Мисрнинг расмий тили бўлган оромийчани ўрганишни тайинладилар184.
Мадина яҳудийларидан фуқаролик шартномасини илк бузган Бани Қайнуқоъ қабиласи эди, Мадинадан дастлаб сургун қилинган ҳам Бани Қайнуқоъ бўлди.
Изоҳлар
180. Ибн Ҳишом.
181. «Агар (ўрталарингизда аҳд-паймон) бўлган бирон қавм тарафидан хиёнатни сезсангиз, уларга (қилган аҳд-паймонларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни ўрталарингиздаги аҳд-паймон тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткорларни севмас» (Анфол сураси, 58-оят).
182. «Асри Саодат», 1-жилд, 389-бет.
183. Расули акрам билан яҳудийлар орасида тузилган аҳдномани биринчи бўлиб бузганлар, Бадр ва Уҳуд муҳорабасида мусулмонларга қарши урушганлар Бани Қайнуқоъ эди (Ибн Ҳишом).
184. «Аллоҳнинг қули ва Расули Муҳаммад», 115-бет.