22 жумадул аввал 1446
Пайғамбаримизнинг вафотлари

"Саҳиҳи Бухорий"нинг мухтасари "Тажриди Сариҳ таржимаси" дейдики: "Энг машҳур ва мавсуқ ривоятларнинг хулосаси шудир: Расули акрам ҳижратнинг ўн биринчи йилида, сафар ойининг ўн тўққизинчи куни Маймунанинг хоналарида хасталандилар. Беш кундан сўнг ҳазрат Оишанинг хоналарига ўтказилдилар. Саккиз кун бу ерда хасталиклари давом этди. Рабиул-аввалнинг биринчи (душанба) куни қуёшнинг заволидан кейин, ботишидан олдин вафот этдилар. Чоршанба куни эса дафн қилиндилар" 28.

Расули акрам вафот этганлари кун пешиндан сўнг уйларида мотам бошланди. Ўлим хабари бирданига ҳар тарафга ёйилди. Асҳобни қаттиқ мутаассир қилди. Ҳам қизлари Фотиманинг, ҳам оилалари, ҳам бутун ақраболарнинг фарёд ва фиғони ҳаммани эсанкиратиб қўйди. Бу аччиқ хабарни эшитган Усома қўшини Мадинага қайтди. Бош қўмондонлик санжоғи Расули акрамнинг эшиклари олдига тикилди. Бу эса умумий таассурни яна бир бор орттирди.

Бир пайтлар Расули акрам Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлари кун Мадина қандайин тенгсиз шодлик билан катта байрам ҳавоси ичида яшнаган эди! Энди эса бунинг батамом тескариси ўлароқ, шаҳар катта мотамнинг ёқимсиз ҳавосидан қийналаётган эди.

Пайғамбар масжидида ўтирган асҳоб шошиб қолган, қаттиқ саросимага тушган эди. Ҳазрат Али тек қотгандилар, ҳазрат Усмоннинг тиллари тутилган эди29. Мўминлар йиғлар, ўйлар ва мотам тутар, аммо мунофиқлар ўзида йўқ шод эди. Бундай аҳволдан ниҳоятда жаҳлга минган ҳазрат Умар дарҳол қиличларини суғуриб:

- Йўқ! Муҳаммад ўлмаган, беҳуш бўлди. Кўп ўтмай ўзига келади. Муҳаммадни ким ўлди, деса, шу заҳотиёқ бўйнини сапчадек узиб ташлайман! - деди30.

Шундай нозик ва буҳронли бир онда ўзини дарҳол қўлган олган ёлғиз зот ҳазрат Абу Бакр бўлдилар. Расули акрамдан кейин энг буюк инсон бўлган ҳазрат Абу Бакр ҳеч саросимага тушмадилар. Ҳеч кимга бир оғиз сўз айтмасдан тўғри қизлари ҳазрат Оишанинг хоналарига бордилар. Расули акрам ётган Ҳужраи Саодатга кирдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларини очдилар. Йиғлаб икки кўзларининг ўртасидан ҳурмат билан ўпдилар.

- Онам ва отам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Аллоҳимнинг тақдир қилгани ўлимни тотибсиз! Аммо бундан кейин энди абадий ҳаётдасиз31, - дедилар ва яна:

- Ҳаёт эканлигингизда кўркам эдингиз, ўлимингиз ҳам кўркам! - дея такрор ўпдилар. Юзларини ёпдилар ва Ҳужраи Саодатдан чиқдилар. Оилаларига тасалли бериб, у ердан айрилдилар.

Умар ҳали ҳам ҳайқираётган эдилар. Абу Бакр у кишига: "Жим бўл, ё Умар!" дедилар ва Масжиди Набийга кирдилар. Тезда минбарга чиқдилар. Расули акрам каби Аллоҳга ҳамду сано айтиб:

- Эй инсонлар! Орангизда Муҳаммадга сиғинган киши бўлса, яхши билсинки, Муҳаммад ўлди. Аллоҳга ибодат қилганлар бўлса, яхши билсинки, Аллоҳ боқийдир, асло ўлмагайдир!32 - дедилар ва Қуръондан ушбу оятларни ўқидилар: "Муҳаммад бир пайғамбар, холос. Ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтгандир. Бас, агар у (яъни, Муҳаммад алайҳиссалом) вафот қилса ёки ўлдирилса, кетингизга (куфрга) қайтиб кетасизми?! Кимда-ким кетига қайтиб кетса, Аллоҳга бирон зиён етказа олмас, (балки фақат ўзига зарар қилади, холос). Аллоҳ эса (йўлларидан қайтмай) шукр қилгувчи бандаларни муносиб мукофотлайди"33.

Бу оят анча аввал, Уҳуд ғазоти асносида "Муҳаммад ўлди!" дея ёлғон хабар чиққан пайтда нозил бўлган эди. Лекин Мадинада бошга тушган бу мусибат туфайли ҳеч ким бу оятни эсига олмаган эди. Энди Абу Бакрнинг оғизларидан эшитиши билан ҳамма ўзига келди, уйқудан уйғонгандек уйғонди.

Ҳазрат Абу Бакр ўқиган оятлардан яна бири "(Эй Муҳаммад), ҳеч шак-шубҳасиз, сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар!" ояти каримаси эди34.

Абу Бакрнинг бу сўзларини ва ўқигани оятларни эшитган халқ тинчланди. Ҳазрат Умарнинг ҳам ҳушлари ўзларига келди. Аччиқ ҳақиқатни англаб етдилар. Энди ҳамма Расули акрамнинг вафот этганларига ишонди.

Изоҳлар

28. "Тажрид" таржимаси, 11-жилд, 6-бет.

29. "Қиссаси Анбиё", 3-жилд, 349-бет; "Тарихи дини Ислом", 4-жилд, 565-бет.

30. "Тажрид" таржимаси, 11-жилд, 31-бет (Ибн Исҳоқ).

31. "Ҳазрат Муҳаммад Мустафо", 451-бет.

33. Оли-Имрон сураси, 144-оят.

34. Зумар сураси, 30-оят:

18:19 / 17.11.2012
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (иккинчи мақола)
Саййидим Расулуллоҳ, агар Сиз билан бир замонда яшаганимда, Сизга ваҳий нозил бўла бошлаб, Исломга даъват қилганингизда, мен Сизнинг даъватингизга қулоқ солиш ўрнига Абу Лаҳабга эргашиб кетганимда, С...
17:47 / 31-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Мактуб: Расулуллоҳга дил изҳорим (биринчи мақола)
Сўзим аввалида айтсам: «Мен хатокор лойнинг шарафли ҳузурга гапиришга журъат қилганим учун ўтиниб кечирим сўрайман, узримни билдираман ва қўрқувдан ерга кириб кетар даражада хижолатдаман». Эй Ро...
23:11 / 22-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Бағишлов
Ё Расулуллоҳ! Ҳозир сизнинг Ҳиро ғоридан тушиб келиб, ваҳий залворидан титраб турганингизни хаёлимга келтирдим. Қани энди, мен сизни шу ҳолатда бағримла иситсам эди! Ҳозир сизни Абу Толиб ноҳи...
23:57 / 02-октабрь Батафсил...
Мақолалар
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрамиз?
Нима учун биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиб, у кишини севамиз? Чунки, Аллоҳ бизларни  зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга шу Зот туфайли олиб чиққандир. Зотан, Расулулло...
15:45 / 28.07.2023 Батафсил...